Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:31

Ўзбек махфий хизмати Латвияда қолдирган излар


МХХ раиси Рустам Иноятов, унинг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаев (ч) ва Интерпол раҳбари Юрий Савинков. (Рассом Мартинш Упитис)
МХХ раиси Рустам Иноятов, унинг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаев (ч) ва Интерпол раҳбари Юрий Савинков. (Рассом Мартинш Упитис)

СССР қулаганидан кейин Россия билан Латвия ўртасидаги газ савдосида воситачилик қилиш орқали миллионерга айланган латвиялик собиқ КГБ зобити Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тепасидаги амалдорларига Болтиқбўйи республикасида қўним топишига кўмаклашаётган кўринади.

Инга Спринге, Санита Йемберга

Латвия пойтахти Рига яқинидаги Суниси қишлоғидаги қарағайзорлар орасида ҳайбати билан ажралиб турувчи ҳашаматли маҳалла бор. Бу маҳаллага элтувчи кўча бошига қўйилган қоровул постига “Кириш тақиқланган”, деган ёзув осилган.

Бу маҳаллада Латвиядаги ўзбекларнинг энг йирик жамоаси яшайди.

Ўзбеклар жамоаси яшайдиган маҳалла бошига “Кириш тақиқланган” ёзув осилган қоровулхона ўрнатилган
Ўзбеклар жамоаси яшайдиган маҳалла бошига “Кириш тақиқланган” ёзув осилган қоровулхона ўрнатилган

Жамоанинг норасмий раиси тадбиркор Рустамжон Нурматовдир. У Латвияда ўн йилдан ошиқ вақтдан бери яшайди, юк транзити ва кўчмас мулк бизнеси билан шуғулланади. Нурматов Риганинг Калнцием мавзесидаги “Māja” (“Уй”) номли ресторан эгаси ҳамдир.

"Re:Baltica" мухбири Нурматов билан унинг ресторанида учрашди. Мухбирнинг саволлари кўп эди. Лекин жавоблар ўрнига у ўзбек миллий таоми палов билан меҳмон қилинди.

Ўзбекистон ҳақида ҳам, Суниси маҳалласидаги қўшнилар ҳақида ҳам “ҳеч нарса айта олмайман, ҳеч нарса билмайман”, деди у.

МХХ зобити, Интерполнинг Ўзбекистондаги собиқ раҳбари Юрий Савинков. (Рассом Мартинш Упитис)
МХХ зобити, Интерполнинг Ўзбекистондаги собиқ раҳбари Юрий Савинков. (Рассом Мартинш Упитис)

Суниси маҳалласидаги қўшнилардан бири Юрий Савинковдир. Ўзбекистондаги Интерпол бюросининг собиқ раҳбари Савинков бу мамлакат Миллий хавфсизлик хизмати тизимларига доир ҳамдир. Латвия ер кадастри маълумотларига кўра, Сунисида унга қарашли яшаш майдони 182,6 квадрат метрга тенг уйи бор.

Лекин Савинков ҳали Интерпол раҳбари лавозимидалиги пайтида “Baltic Express Trade” номли ширкатнинг хўжайини ҳам бўлган. Латвия бизнес реестрига кўра, транспорт хизматларини кўрсатишга ихтисослашиши лозим бўлган бу ширкат 2015 йилнинг баҳор ойларида ёпилгунига қадар ҳеч қандай фаолият кўрсатмаган.

Орадан бир неча ой ўтиб, Ўзбекистон уни халқаро қидирувга беради ва 2015 йил августида 56 яшар Юрий Николаевич Савинков Москвада ҳибсга олиниб, Тошкентга экстрадиция қилинади. Озодликка маълум бўлишича, ҳозирда у талон-торож, ноқонуний бизнес, катта миқдордаги валюта маблағларини мамлакатдан олиб чиққанлик ва коррупцияда айбланиб, Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.

Овик Мкртчян (Рассом Мартинш Упитис)
Овик Мкртчян (Рассом Мартинш Упитис)

Савинковнинг Латвиядаги фирмаси фаолият қилмаган бўлса-да, унинг бизнес ҳамкори бўлган. Ўзбекистон фуқароси Овик Мкртчянга тегишли “Baltic Car Logistics” ширкати автомобилларни ташувчи вагонларни ижарага бериш билан шуғулланган экспедиторлик агентлиги бўлган. Ҳужжатларга кўра, унинг асосий бизнес фаолияти Марказий Осиё мамлакатларига доирдир. 2014 йилда ширкат бисотидаги пул айланмаси 10 миллион еврога етмаган. Соф даромад 270 минг еврони ташкил қилган.

Латвия ер кадастридаги ҳужжатларга кўра, Мкртчян Ригада 1 миллион еврога тенг ер сотиб олган. Суниси маҳалласида ҳам ҳашаматли уйи бор. Мкртчян Латвиянинг мунозарали “олтин виза” дастури орқали бу мамлакатда яшаш ҳуқуқини олган. Мазкур дастур Латвияда кўчмас мулк сотиб олиш ёки банкка маълум миқдорда омонат қўйиш эвазига Европа Иттифоқида яшаш ҳуқуқи берилишини назарда тутади.

Мкртчяннинг Россиядаги “Volga-Credit Bank” банкида етти фоизлик улуши бўлган. Мазкур банк 2014 йил декабрида лицензиясидан маҳрум этилган ва 2015 йил бошларида унга қарши қаллоблик айбловлари илгари сурилган. Россия терговчиларига кўра, банк орқали 3 миллиард рубль (бугунги курс бўйича қарийб 46 миллион АҚШ доллари) ўмарилган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз интервьюларидан бирида Ўзбекистон махфий хизматлари, транспорт бизнеси, пахта саноати ва пул ювиш ўртасида боғлиқлик борлигини иддао қилган.

Туркияда чиқадиган “Hurriyet Daily News” газетасига 2013 йил охирларида берган интервьюсида Каримова “Gorefield International” номли ширкат Ўзбекистон махфий хизматлари пул ювиш учун ишлатадиган тузилмалардан бири бўлганини таъкидлайди.

Бу ном Мкртчянга қарашли “Baltic Car Logistics”нинг аввалги номи “Gorefield Baltic Logistics”га ўхшашдир. Иккала ширкат ҳам молиявий жиҳатдан бир-бирига боғлиқдир.

Ширкатнинг 2014 йилги ҳисоботига кўра, Мкртчяннинг Латвиядаги компанияси Британияда рўйхатга олинган “Gorefield International Inc. Ltd.” ширкатидан 6,5 миллион еврога тенг кредит олади.

"Re:Baltica" Мкртчяннинг Рига марказидаги офисига изоҳ сўраб мурожаат қилди. Лекин бу мурожаатлар жавобсиз қолди.

Мкртчяннинг бизнес ҳамкори Савинков Латвияда мулки ва бизнес манфаатлари бўлган Ўзбекистон куч ишлатар идораларига алоқадор шахслардан биридир холос. Уларнинг изига тушиш анча мушкулдир, чунки барча олди-бердилар воситачи тузилмалар орқали амалга оширилади.

Собиқ КГБ зобити Юрис Савицкис. Латвия ТВсидан олинган расм
Собиқ КГБ зобити Юрис Савицкис. Латвия ТВсидан олинган расм

Афтидан уларга собиқ СССР даврида Давлат хавфсизлик қўмитаси – КГБ зобити бўлган Юрис Савицкис Лавтияда эҳтиёт бошпана топишида ёрдам кўрсатган. СССР қулаганидан кейин Савицкис Россиянинг Латвияга газ сотиши билан боғлиқ жараёнда воситачилик қилиш орқали миллионерга айланган.

Латвия бизнес реестридаги маълумотларга кўра, 2014 йил охирларида Савицкис Болтиқ денгизи соҳилидаги Юрмала курорт шаҳарчасида “Latuzvis” номли ширкатни ташкил қилади. Янги ширкат низом капитали сифатида у қиймати 1,8 миллион еврога тенг ер майдонини кўрсатади. Ширкатнинг 85 фоизлик улуши Қибрисда рўйхатга олинган “Nestol Holding CY Ltd.” фирмасига тегишли. Қибрис фирмасининг асл эгалари номаълумдир.

Савицкис ўз ҳамкорлари шахсларини очиқлашдан бош тортди, лекин улар ўзбекистонлик эканини эътироф этди.

РУстам Иноятовни Латвияда сўнгги марта 2014 йилда Юрмаладаги "Новая волна" қўшиқ фестивалида кўришган. (Рассом Мартинш Упитис)
РУстам Иноятовни Латвияда сўнгги марта 2014 йилда Юрмаладаги "Новая волна" қўшиқ фестивалида кўришган. (Рассом Мартинш Упитис)

Шу билан бирга Савицкис Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовни шахсан танишини ҳам тан олади, лекин у билан охирги марта қачон учрашганини очиқламайди. Иноятовни Латвияда охирги марта 2014 йилда Юрмалада ўтказилган россиялик поп-қўшиқчиларнинг “Новая волна” (“Янги тўлқин”) қўшиқ фестивалида кўришган. Ёши ва шуҳрати ўтиб бораётган рус қўшиқчиларининг базми-жамшиди бўлган “Новая волна” собиқ СССР республикаларининг бадавлат кишилари учрашадиган маросим вазифасини ҳам бажаради.

Савицкис "Re:Baltica" сўровига жавобан бир неча йил аввал Иноятовнинг ўша пайтдаги ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаев билан Латвияда ҳамкорликда бизнес қилиш имкониятларини муҳокама қилганини тасдиқлади. Генерал Ҳаёт Шарифхўжаев 2015 йилнинг майида лавозимидан олиниб, унвонларидан маҳрум этилган. У билан бирга кўплаб МХХ зобитлари ишдан четлатилиб, қамоққа олинган. Жумладан, туғишган укаси полковник Жавдат Шарифхўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция, таъмагирлик ва ўта катта миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, 16 йиллик қамоққа маҳкум этилди.

"Re:Baltica" манбаларига кўра, 2013 йилда Савицкиснинг таклифига кўра, Шарифхўжаев бир неча одам ҳамроҳлигида Ригага келади. Савицкис улар билан учрашганини тасдиқлади, лекин уларга мезбонлик қилгани ва бошқа тафсилотларни эслай олмаслигини иддао қилди.

“Latuzvis” ширкатини ташкил этишдан ташқари, Савицкис Юрмалада жойлашган “Amber Spa Hotel” номли санаторий-курорт мажмуаси номига 1,8 миллион евролик қарз олади. Латвия бизнес реестрига кўра, кредит учун гаров сифатидан ширкат бисотидаги мулк қўйилади. Санаторий-курорт мажмуаси Латвияда рўйхатга олинган “Grateka” ва “LT Services” ширкатларига қонунан расмийлаштирилган бўлса-да, амалда бу икки ширкатни Қибрисда рўйхатга олинган “Vontel Trading Ltd.” оффшор фирмаси назорат қилади.

Қибрис бизнес реестридан олинган ҳужжатларда эса, бу оффшор фирманинг расмий хўжайинлари Ўзбекистон фуқаролари: Абдурайимов Боходир, Алимов Алишер, Қосимов Амир-Саид ва Газиев Атабекдир. Бу ўзбекистонликлар Ригадан бир соатлик йўл нарироқдаги Умурга туманидаги “Lauvaskalni” меҳмонхонасининг хўжайинлари ҳамдир.

Юрмаладаги “Amber Spa Hotel” ва Умургадаги “Lauvaskalni” меҳмонхонаси ҳам ўзбекларга қарашли
Юрмаладаги “Amber Spa Hotel” ва Умургадаги “Lauvaskalni” меҳмонхонаси ҳам ўзбекларга қарашли

Латвиянинг санаторий-курорт мажмуаси ҳақдори “LT Services” ширкати бошқарув кенгаши аъзоларидан бири Артур Адиловдир. Шарифхўжаевнинг шу исмдаги қариндоши борлиги маълум, лекин бу айнан ўша одам эканини "Re:Baltica" мустақил манбалардан тасдиқлай олмади. "Re:Baltica" Адиловдан изоҳ сўраб, санаторий-курорт мажмуасига қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.

Савицкис Шарифхўжаевнинг “Amber Spa Hotel” санаторий-курорт мажмуасига алоқаси йўқ, дея иддао қилди, лекин бунга оид бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортди.

"Re:Baltica" Латвия хавфсизлик хизматига Иноятов ва Шарифхўжаевнинг мамлакатдаги бизнес фаолиятидан хабарингиз борми, деган савол билан мурожаат қилди. Хавфсизлик хизмати матбуот вакили бу саволга “ҳа”, деб жавоб берди, лекин бошқа тафсилотларни очиқламади.

Ушбу материал “Re:Baltica” журналистик тергов маркази ва Озодлик журналистлари ҳамкорлигида тайёрланди.

Муҳаррирлар Санита Йемберга (Re:Baltica) ва Жоди МакФилипс (OCCRP)

------

МУҲАРРИРДАН: Ушбу мақола 2016 йилнинг 21 июль куни ўзгартирилди ва Овик Мкртчян тўғрисидаги ОЕР/ОР асослаб беролмаган баёнотлар олиб ташланди. ОЕР/ОР бу маълумот бу мақоланинг илк версиясига киритилганидан афсусда.

XS
SM
MD
LG