Линклар

Шошилинч хабар
03 апрел 2020, Тошкент вақти: 06:23

Азимжон Асқаров: Қирғизистонликлар халқ ва қонун олдида айбсизлигимни билишини хоҳлайман


Кўплаб халқаро ташкилотлар, АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарлари Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни озод этишга чақириб келади.

19 февралда 2010 йилги Ўш қирғинида тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳалқаро ташкилотлар ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларига очиқ хат йўллади.

Ҳуқуқ фаоли ўз мактубида қўлга олинганидан бошлаб тергов, суд жараёнларининг бориши тўғрисида батафсил айтиб берган. Азимжон Асқаров мактубида ўзининг айбдор эмаслигини, қирғиз ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро мажбуриятларини бажармаётганини ёзган.

Асқаров ўзининг умрбод қамалишини ўша даврда ҳукумат тепасида бўлганлар буйруғи деб ҳисоблайди. У 2010 йилда Қирғизистонни бошқарган Муваққат ҳукуматни “суд ишларига аралашган”ликда айблаб, “жиноят иши фақат мени айблашга қаратилган” эди, деган фикрини билдиради.

Шунингдек, у “суд милиционерлар ўлимида ҳақиқий айбдорни аниқлаш учун эмас, мени миллатлараро низони қўзғаганликда айблаш мақсадида ўтказилди” деб ёзган. Унга кўра, суд жараёнларида воқеа жойидан олинган далил ва ҳужжатларга эътибор қаратилмаган.

Ҳуқуқ фаоли, қўлга олинганида қийноқларга солингани, уни қийноққа солганларга нисбатан чора кўрилмаганига ҳам тўхталади. Жумладан, ҳуқуқ фаолининг мурожаатида қуйидаги сўзлар бор:

“Агарда судлар ҳуқуқ ва дахлсизликка эга бўлганларида, мени умрбод қамоққа ҳукм қилишни буюрган Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбаева буйруғини бажармас эди. Унинг суд тизимига аралашуви 100 фоиз исботланган, лекин негадир 10 йил ўтса ҳам судлар менинг жиноят ишим бўйича Р. Отунбаева белгилаб берган рамкадан чиқа олишмаяпти”.

Ҳуқуқ фаоли мурожатини “Қирғизистон халқи менинг Ҳудо, халқ, қонун олдида айбсиз эканимни билишини истайман”, дея якунлаган.

2020 йилнинг январь ойида Азимжон Асқаровни қамоқхонага бориб кўриб келган турмуш ўртоғи Хадича Асқарова, Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаолининг соғлигидан ташвиш билдирди:

“Анча мазаси йўқ. Шамоллабди шекилли тўхтамай йўталаяпти. Сал нарироқда туриб гапирсам қулоғи эшитмаяпти. Бирон нарсани кўрдингизми деб сўрасам ҳам, “Мен кўзойнаксиз кўролмайман”, деяпти. Тез-тез қон босими тушиб кетар экан, 60 -70га тушиб қолаяпти экан. Совқотади, мен белларига, оёқларига иссиқ белбоғ ва пайпоқ тўқиб берганман, қишин-ёзин ўшаларни тутиб юради”.

Ўн йилдан бери кўплаб халқаро ташкилотлар, АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарлари Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни озод этишга чақириб келади. Уларнинг баёнотларида айтилишича, Асқаровнинг айбсиз эканлигига ишонилади.

Ўтган йилнинг 2 декабрида Қирғизистон Олий суди жалолободлик ҳуқуқ фаоли Асқаровнинг кассация аризасини кўриб чиқиб, “Оммавий тартибсизликни уюштириш” айблови асосида жазо муддатини қисқартириб, “Миллий нафрат асосида одам ўлдириш” айбловини “Одам ўлдириш”, айбловига алмаштирган.

Асқаровнинг иши жорий йил 25 февралда Олий судда қайта кўрилиши режалаштирилган.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришларсиз қолдирган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG