Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 19:59

"Амирсой"га ёндош автотураргоҳ қурувчилари иш ташлади. Улар маошлари берилмаганидан норози


Бўстонлиқ туманида қурувчилари ойлик берилмагани учун 9 апрелдан бери ишга чиқмаётган қурилиш объекти. 2021 йил, 13 апрель

Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ёнида қурилаётган автотураргоҳ қурувчилари март ойи учун иш ҳақи тўланишини талаб қилиб, 9 апрелдан буён ишга чиқмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган қурувчиларнинг айтишича, 40 дан ортиқ ишчининг бир қисми ишни ташлаб, ўз вилоятларига кетиб қолган, қолганлар иш ҳақи берилмагунча ишга чиқмоқчи эмас.

Ишчиларнинг бевосита раҳбари 13 апрель куни Озодликка “иш ҳақи бугун берилади” деди. Бироқ 14 апрель, эрталаб ишчиларнинг айтишича, маошлар берилмади.

Glavgidrospetsstroy директорининг қурилиш бўйича 1- ўринбосари 14 апрель куни Озодликка "ойлик бир-икки кун ичида берилишини"айтди.

Glavgidrospetsstroy МЧЖнинг (“Гидромахсусқурилиш” АЖ билан адаштирмаслик керак) ҳаво очиқ бўлган кунларда ҳафтасига 7 кун 9-10 соатдан ишлаганини айтган ишчилари 9 апрель, жумадан бери ишга чиқмаяпти. Агар одатда ишланадиган шанба-якшанба ҳам қўшилса, ишчилар бекор турганига 14 апрелда 6 кун бўлди.

Асосан вилоятлардан келган ишчилар ишлаётган объект, уларнинг айтишича, “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг ёнида, у билан бир девор жойлашган. Ишчилар аввалига “стоянка”, кейин “6 қаватли бинонинг стоянка бўладиган биринчи қавати” деб атаган бу қурилиш объектининг 2019 йил декабрида фойдаланишга топширилган курортга алоқаси бор-йўқлиги номаълум.

Ишчиларнинг айтишича, 6 кундан буён улар иш берувчиларидан ҳақларини талаб қиляпти. Улар жўнатган видеолардан бирида ишчиларнинг иш бошқарувчилардан бири билан тортишуви акс этган.

12 апрелда суратга олингани айтилган қарийб 3 дақиқали видеода ишчилардан бири бошлиққа “айримларимизнинг уйимизда бола-чақаларимиз қолган. Уларнинг уйида уни йўқ, буғдойи йўқ. 10 кундан бери бугун-эрта деб вақтни ўтказяпсизлар. Ҳали бир сўм пул олганимиз йўқ”, дейди.

Бустонлиқда кўпқаватли уй қурилишида ишлаётган қурувчилар маош талаб қилиб, ишга чиқмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00

Яна бир видеода ишчилар билан ИИБ ходими мулоқот қилаётгани акс этган. Ишчилардан бири бу видеони изоҳлар экан, бундай деди:

“Ойлигимизни ололмаганимиз учун кимга мурожаат қилишни билмай, Бўстонлиқ туман ИИБга 10 апрелда мурожаат қилувдик. 12 апрель, кечга яқин ИИБ ходимлари келди. Видеога шу воқеа тушган. Мелисалар келдию барибир масала ҳал бўлмади”.

Бустонлиқда кўпқаватли уй қурилишида ишлаётган қурувчилар маош талаб қилиб, ишга чиқмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00

Озодлик ишчилар билан боғланди. Улардан бири 26 ёшда, 2020 йилнинг кузида уйланган, Сурхондарё вилоятидан. (Бу ишчи ҳамда Озодлик саволларига жавоб берган бошқа ишчилар исмлари айтилишини истамади)

“Бу қурилишда 2 март куни иш бошлаганман. Уйда бир сўм ҳам пул қолмаган. Менинг пул жўнатишимни кутиб ётишибди. Март учун ойликни, мана 13 кундирки, беришмаяпти. Ҳали-бери берилмайди, хоҳлаган жойларингга мурожаат қилишларинг мумкин, дейишди. Шунинг учун ИИБга мурожаат қилдик. Улар ёрдам беролмаймиз, дейишди”, - деди сурхондарёлик ишчи.

Унинг айтишича, қурилишда 40 дан зиёд киши ишлаётган эди. Бироқ иш ҳақи берилмагани учун уларнинг 10 га яқини ишни ташлаб кетиб қолган, қолганлар ишга чиқмай ўтирибди.

Озодлик гаплашган яна бир ишчининг (у ҳам сурхондарёлик, ёши 31 да, уйланган, икки фарзанди бор) ишчиларга соатига 14-15 минг сўмдан иш ҳақи ваъда қилинган. “Камида 4,5 миллион сўмдан иш ҳақи олишимиз керак”,- деди ишчи.

Биринчи қурувчининг айтишича, ишчилар қурилиш вагонларида - битта вагонда 8 кишидан яшайди. Қурилиш раҳбарияти уларга уч маҳал овқат беради.

“5-6 кундан бери ишламай ётибмиз. 15 кун шундай ётсак, бошлиқлар ойлик беришдан ҳам қутулади. Чунки тунов куни “ишламаган кунларинг учун жой пули, овқат пулини босиб қоламиз”, деб огоҳлантиришди”, - деди ишчи.

Беш кундан буён маошини талаб қилиб, ишга чиқмаётган ишчилар билан ўтказилган суҳбатлардан улар бевосита раҳбари, иш бошқарувчи Шарифдан (фамилиясини билишмайди, Glavgidrospetsstroy МЧЖ раҳбарияти рўйхатида у материаллар бўйича бухгалтер Шарипов Шариф эканлиги ёзилган) бошқа ҳеч бир раҳбарни танимаслиги маълум бўлди. (Видеода кўринган бошлиқнинг исми Саидмурод эканлигини, унинг ойликка алоқаси йўқлигини ишчилар айтди)

Ишчилар "иш бошқарувчи Шариф ака" билан ёзишмаларидан парчани ҳам Озодликка тақдим қилди. Унда ишчилар бошлиқни "ойликни берсангиз, бердингиз, акс ҳолда арз қиламиз", деб огоҳлантирган. Бошқарувчи эса, ҳозирдан арз қилаверинглар, деб жавоб берган.

Иш бошқарувчи билан ишчилар ёзишмасидан парча.
Иш бошқарувчи билан ишчилар ёзишмасидан парча.

Иш бошқарувчи Шариф Озодлик билан суҳбатда ойликлар кечикаётганини тан олди. Бошқарувчи иш ҳақи тўланиш муддати тўғрисида ҳам, маош кечикаётгани тўғрисида ҳам икки хил гап айтди.

Аввалига ойлик 10 апрелгача тўланиши керак эди, 3 кунга кечикди, деган бошқарувчи, бироздан кейин 15 апрелгача тўланиши керак, деди.

Ойликнинг кечикишини аввалига “ишхонамизда запас пул йўқ эди, пул тушди, бугун берамиз”, деб тушунтирган эди, бироздан сўнг “акт виполнения қилиб, ишни топширолмаганимиз учун ойликлар сал кечикди, ҳужжатларни тўғриладик, мана бугун ойликларни берамиз”, - деди.

Ишчилар ва ойлик масаласида Озодлик Glavgidrospetsstroy МЧЖ директорининг қурилиш бўйича 1- ўринбосари Саидумар Субҳонқулов билан гаплашди. Ойлик кечикаётганини тан олган ўринбосар айбни ишчиларнинг ўзига ағдаришга уринди. "Соатбай ҳақ тўлашимизни талаб қилишяпти, ким олган уларни ишга, хайронман", - деди.

Саидумар Субҳонқуловнинг айтишича, ишчиларнинг 6 кундан бери ишсиз ўтиргани қурилаётган автотураргоҳдаги ишлар "унинг ёнида йўл бузилаётгани билан боғлиқ". Ўринбосарнинг айтишича, объектнинг янги лойиҳаси устида иш кетяпти.

Қурилаётган автотураргоҳнинг буюртмачиси ким, деган саволга Glavgidrospetsstroy МЧЖ вакили жавоб беришни истамади. Саидумар Субҳонқулов ишчиларга ойлик "бир-икки кун ичида тўланиши"ни айтди.

Маошларнинг вақтида берилмаслиги Ўзбекистонда ҳам давлат, ҳам хусусий сектор корхоналарида сурункали муаммога айланган.

Озодлик бундан аввал Сардобада тошқиндан вайрон бўлган уйларни тиклашга жалб қилинган қатор қурилиш ширкатлари ишчилари ойлаб маошини олмагани, шунингдек, “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланаётгани ҳақида ёзган эди.

Маошларнинг вақтида берилмаслиги ўтган йил октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида меҳнат қилаётган ишчиларнинг оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG