Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 22:23

Пандемия? Маошлар кечикмоқда. Тошкент, Фарғона ва Андижонда ишчилар иш ташлади


Йил бошидан бери турли йирик ташкилотлар ишчилари ойлик маоши, иш қисқаргани ёки маошлар кечикаётганидан норози бўлиб, иш ташлаётгани кузатилмоқда.

10 март куни Тошкентда “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси ишчилари ойлик маош берилмаётганидан норози бўлиб, иш ташлади.

6 март куни UzAuto Motors ишчилари ойлик маошлари кескин қисқартириб юборилганидан норози бўлиб, иш ташлади.

Қашқадарёда пандемия давридаги фаолияти учун белгиланган иш ҳақи берилмаганидан норози Шаҳрисабз Тез ёрдам тиббий станцияси ишчилари видеомурожаат чиқарди.

Бу сўнгги ойларда, ойлик маошлари қисқартирилган ёки бир неча ойлаб берилмаётганидан Озодликка келаётган ўнлаб шикоятдан баъзиларидир.

Вазиятни кузатаётган иқтисодий таҳлилчиларга кўра, бу бир йилдан бери пандемия чекловлари ва коррупцияси остида қолган иқтисодиётнинг оғир аҳволидан даракдир.

Кўприкқурилиш трестида иш ташлаш

“Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси ишчилари 2021 йил бошидан бери ойлик маошлари вақтида берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

Корхона ишчиларига кўра, Тошкент шаҳри, Сергели туманида ишлаётган 60 га яқин ишчи маош берилмаганига норозилик тариқасида 10 март куни ишга чиқмаган.

“Кўпчилик ишчилар вилоятлардан келган. 15 кун ишлаймиз, кейин 15 кун уйда бўламиз. Ойлигимиз 1 миллион 700 ёки 1 миллион 800 минг сўм атрофида чиқади. Янги йилдан бери 1 тийин пул олмаган эдик. Ўша куни роса тўпалон бўлиб кетди”, деди ишчилардан бири Озодлик билан мулоқотда.

Унинг йтишича, воқеа жойига Сергели тумани ИИБдан махсус отряд келган ва ишчиларни 2 та автобусга чиқариб, унитар корхона базаларидан бирига олиб борган.

“У ерда биз билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарлари, янги очилган Янгиҳаёт тумани ҳокими келди, ҳаммаёқда ички ишлар ходимлари. Ойликларингизни берамиз, деб ваъдаларни бериб тарқатишди. Кейин фақат январь ойлигини тушириб беришди, холос. Февраль ва март бошида оладиган ойликни ҳалиям олганимиз йўқ”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ишчи.

Корхона ишчилари Озодликка йўлаган видеода, норози ишчиларнинг корхона раҳбарлари ва туман идоралари вакиллари билан кескин норозилик кайфиятида ўтган тортишувлари акс этган.

“Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси ишчилари норозилиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:08 0:00

Озодлик, “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонасига мурожаат қилди. Корхона маъмуриятининг ўзини таништирмаган мулозими, ишчилар шикоятини асоссиз, деб рад этди:

“Бу ишчиларнинг 2020 йилги маошлари тўлиқ берилган. Фақат январь ойидан қарздорлик бор эди, ўша куннинг ўзида тўлаб берилди. Март ойи ҳали тугамади. Февраль ойи маоши қарздорлик ҳисобланмайди, чунки жамоа келишувига асосан, ойлик иш ҳақини тўлаш муддати ҳисобот ойидан кейинги ойнинг якунигача, деб белгиланган. Февраль ойи учун ойлик маош март ойи охиригача берилади”.

Аммо бу мулозим, январь ойи учун қарздорлик “молиявий қийинчилик натижасида юзага келган”ини тан олди, бошқа изоҳ бермади. У трестнинг матбуот билан алоқаларга масъул вакили телефонини тақдим қилди, аммо бу масъул билан боғланишнинг имкони бўлмади.

“Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси мамлакатдаги йирик ва бой ташкилот ҳисобланган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашлидир.

Ишчилар арзига кўра, ҳатто шундай йирик ташкилотда ҳам, ўтган йил давомида маош кечиктириб берилган ҳолатлар бўлган. Ишчилар, раҳбарият сабаб қилиб келтирган “молиявий қийинчилик" корхонада авж олган коррупциянинг натижаси, деб даъво қилмоқда.

UzAutoMotors ширкатида иш ташлаш

Ишчилари маош қисқаргани ва кечикканидан норози бўлиб иш ташлаган яна бир йирик корхона - UzAuto Motors акциядорлик жамиятидир.

Бу ташкилотнинг 200 га яқин ишчиси ойлик маошлари кескин қисқартириб юборилганидан норози бўлиб, 6 март куни иш ташлагани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Автомобиль заводи ишчиларининг иш ташлаши акс этган видео ҳам тармоқларда тарқалди. Бу видеода ҳам норози ишчилар ва улар билан учрашган раҳбарлар орасидаги ўта таранг кайфият акс этган.

Иш ташлаш бўлган куни тушдан сўнг UzAuto Motors АЖ ҳолатга муносабат билдириб, иш ҳақидан қарздорлик йўқлигини таъкидлади.

Расмий баёнотда, норози бўлган бир неча ишчининг ойлиги “кредит тўловлари ҳамда суд қарорига асосан мажбурий ундирув амалга оширилган”и учун қисқариб кетгани айтилган.Аммо, завод ишчиларига кўра, аслида уларнинг ойлиги мунтазам равишда қисқариб келмоқда ва бу борадаги шикоятларини, тез-тез алмаштирилаётган компания раҳбарлари, турли важлар билан қондирмаётир.

Ишчилар компания раҳбарлари билан, 6 март кунги иш ташлашдан сўнг ўтган йиғилишдан ёзиб олинган аудиоёзувни тақдим қилди.

Ушбу ёзувда, UzAuto Motors АЖнинг Асакадаги завод мулозимларидан бири пандемия даврида завод даромади пастлагани, ишчилар ўтган йили ишламасдан карантинда ўтирганини эслатаркан, бу ҳолат уларнинг меҳнат ҳаққида акс этаётганини айтади.

“2 йилдан бери байрам премияларини (мукофот пули - таҳр.) олмаяпмиз болалар, тўғрими? Шунинг учун кўплаб норозичиликлар ҳам бўляпти. Лекин, ишламасдан премия олишимиз тўғрими?!” “Мана ўтган йили пандемия бўлди, ишлаб чиқаришимиз тушди. Март - апрель - май ойларида ишсиз ётдинглар, тўғрими?” “Энди 3-4 ой қийинчилик бўлади, қийинчиликдан бирга ўтайлик. Рўзғорга ёрдам керак бўлса, келиб менга айтинглар, ёрдам бераман. Фақат менга айтмасдан, кўчага чиқиб айтиб юборсангизлар, кейин мен ҳафа бўлиб қоламан”, дейди аудиоовоздаги мулозим завод ишчиларига юзланиб.

(Озодликда бу раҳбар шахсига оид маълумотлар бор, аммо бу раҳбарнинг ўзи билан боғланиш имкони бўлмагани боис, маълумотлар ҳозирча ошкор қилинмаётир.)

Заводнинг Озодлик билан мулоқотда бўлган бир неча ишчисига кўра, сўнгги ойларда ишчиларнинг ойлик маоши кескин қисқариб бормоқда.

“Оддий ишчининг ойлиги ўртача 2 миллион 200 мингдан бошланади, ҳайдовчилар 2 миллион 600 минг сўмгача маош олади. Охирги 3 ой ичида 700 минг - 800 минг сўмдан ойлик оляпти ишчилар. 6 март куни шундан норози бўлиб иш ташлаш қилгандик. Мошларни қайта кўриб чиқамиз, ҳал қиламиз, деб тарқатишди. Мана энди, ойликнинг бори шу, ким ташқарига маълумот чиқарса, ишдан бўшайди, деб қўрқитишга ўтишди. Аслида улар айтганидек, пандемия ҳам заводнинг ишига таъсир қилди. Лекин, коррупция пандемиядан ўн карра ёмон таъсир қилади, ҳар доим таъсир қилиб келган”, деди шахсини очиқламаслик шарти билан гаплашган ишчи.

Ойлик маош кечикаётган ташкилотлар кўпаймоқда

Сўнгги ойларда Ўзбекистондаги турли давлат ва жамоат ташкилотлари ишчиларидан ойлик маошлари қисқараётгани ёки бир неча ойлаб берилмаётгани ҳақида Озодликка келаётган шикоятлар сони ошмоқда.

Қашқадарёда Шаҳрисабз Тез ёрдам тиббий станциясининг 60 га яқин ходими пандемия давридаги фаолияти учун белгиланган қўшимча иш ҳақини ололмаётир.

Станция ходимлари арзича, гап ишчиларга 2020 йилнинг 16 мартидан - 20 августигача президент қарори билан белгиланган ойликка қўшимча тўлов - тақрибан 500 миллион сўмга яқин сумма ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, шу йилнинг 11 мартида Озодлик, Бухородаги миллиардлаб сўм даромад кўрадиган “Нефтгазқурилиштаъмир”нинг юзлаб ишчиси тўрт ойдан буён маош ололмаётгани ҳақида ёзди.

Январь ойида эса, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлимининг юзлаб ишчиси, заводда иш ҳажми камайгани боис, ишчилар ойлиги қисқартирилишидан норози бўлиб, норозилик акцияси ўтказган эди.

"Давлат ғазнасини тўлдиришда жиддий муаммо бор"

Ўзбекистонлик иқтисодчи Тошбек фикрича, йирик корхоналар ишчиларининг маошлари кечикаётгани давлат бюджетининг тўлдирилиши ва назоратида жуда жиддий муаммолар борлигидан далолатдир:

"Аксар давлат ташкилотлари ишчи ходимларининг иш хақи билан вужудга келаётган вазият ва бундан ташқари, тадбиркорларнинг солиқ йиғими ошиши, солиқ идора органлари томонидан кескин босимга дуч келиши - булар давлат ғазнаси тўлиши ва харажатларнинг назорат қилинишида жиддий бир муаммолар борлигидан ишорат бераяпти. Зеро “сайлов йили”да харажатлар ортишига ишонадиган бўлсак, афсуски бундай аянчли холат яқин йилларда фақат оғирлашишини тахмин қилишимиз мумкин".

Иқтисодчи, 2020 йилда Ўзбекистон хукумат томонидан олинган ташқи қарз олиш ҳажми ошиб кетгани ва йил якунига келиб, 5,1 млрд АҚШ долларни ташкил қилганига эътиборни тортади.

Унинг фикрича, ташқи қарз ва бюджетдаги тақчиллик яна аҳоли ва хусусий бизнес зиммасига тушишини кутиш мумкин:

"Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотнининг 40% тўғри келади. 2021 йилга келиб эса умумий қарздорлик ялпи ички махсулотнинг 44,9% етиб, 28,4 млрд. долларга ўсиши прогноз қилинмоқда. 2020 йил иқтисодий турғунлик ҳолатида бўлган Ўзбекистонда, ҳукумат иқтсодиётнинг салбий оқибатларини юмшатиш учун асосий харажатларни яна аҳоли ва қисқариб бораётган хусусий бизнес эгаларига юклашидан хавотир бор".

XS
SM
MD
LG