Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

"АҚШ Украинанинг ёнида туради". Вашингтон Киевга қўшимча ҳарбий ёрдамни кўриб чиқмоқда


АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Украина президенти Владимир Зеленский - Киев, 6 май, 2021
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Украина президенти Владимир Зеленский - Киев, 6 май, 2021

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, Вашингтон Украинага қўшимча ҳарбий кўмак кўрсатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ расмий Киев чегара яқинида Россия кўп сонли қўшин ва ҳарбий техника тўплаши ортидан АҚШдан мудофаа учун ёрдам сўраган эди.

Хусусан, Украина АҚШдан ҳаво ҳужумларига қарши мудофаа тизимлари ва снайперларга қарши технологиялар, шунингдек, Patriot ракеталарини сўраган.

“Украинага бугунга қадар кўрсатган жуда муҳим ёрдамимиз, жумладан, техникадан ташқари яна қандай қўшимча кўмак фойдали бўлиши кўриб чиқилмоқда”, – деди Блинкен 6 май куни Украина пойтахтида Озодликка берган интервьюсида.

Давлат котиби сафар давомида мамлакатнинг юқори лавозимли раҳбарлари, шу жумладан, президент Володимир Зеленский билан учрашди.

Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқидаги икки вилоятда айирмачиларни дастаклай бошлаганидан бери АҚШ Украинага қарийб 5 миллиард долларлик молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатди.

Блинкеннинг Киевга илк сафаридан аввалроқ Россия 100 мингдан зиёд қўшинини Украина билан чегарадош ҳудудда тўплади. Вашингтон Кремлнинг бу ҳаракатини қўрқитишга уриниш деб атади.

Россия қўшин ва техниканинг бир қисмини ҳудуддан олиб чиқиб кетди, аммо қолгани ҳали ҳам чегара яқинида қолмоқда. Блинкен бу ҳолат Украинага жиддий таҳдид эканини айтди.

“Россия қисқа вақт ичида яна тажовузкор ҳаракатлар қилишга қодир, шунинг учун биз бу борада ҳушёр-сергак турибмиз... Шунингдек, Украинага ўзини мудофаа этиши учун ёрдам қўлини чўзяпмиз”, – деди Блинкен.

Украина Кремль тажовузлари олдини олиш учун АҚШни Россия банкларини SWIFT халқаро тизимидан чиқариб ташлашга чорлаб келади.

Таҳлилчиларга кўра, молия институтлари ўртасида хавфсиз ва тезкор алоқани таъминлайдиган SWIFT тизимидан Россияни четлатиш мамлакат иқтисодиётига жиддий зарба бўлади.

Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ Кремлнинг Украинага қарши агрессиясини тўхтатиш учун “ҳар қандай оқилона вариантни кўриб чиқади”. Аммо давлат котиби Россияни SWIFT тизимидан четлатиш масаласида очиқ изоҳ беришдан бош тортди.

Блинкен Байден маъмуриятининг АҚШ Россия билан эскалация келтириб чиқаришни истамаслиги ҳақидаги қарашини такрор ёдга олди.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, АҚШ “таъсир доираси” тушунчасини қабул қилмайди ва Кремлнинг Вашингтон ёки унинг ҳамкорлари манфаатларига таҳдид соладиган ҳар қандай тажовузига жавоб қайтаради.

Ўтган ой АҚШ ва Европа Иттифоқи Кремль танқидчиси Алексей Навальний ҳибсга олингани ортидан Россия расмийларига қарши мувофиқлаштирилган санкцияларни эълон қилди.

Аввалроқ Навальний асабни фалажловчи модда билан заҳарланиши ва Қўшма Штатлар давлат идоралари тармоқларига қилинган ҳакерлик ҳужуми важидан бир қатор россиялик шахс ва ширкатларга қарши жазо чоралари жорий этилган эди.

Ушбу можаролар Россия ва Ғарб ўртасидаги шусиз ҳам танг бўлган алоқаларни янада совитди.

Россия Навальний қамоққа олинганидан кейин ҳам мухолифатчи ва унинг тарафдорларига босим ўтказишда давом этмоқда. Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Кремлнинг юқори мартабали мулозимлари орасида чуқур илдиз отган коррупцияга оид журналистик суриштирувларни ўтказиб келади.

Блинкен Россиянинг мустақил оммавий ахборот воситалари, жумладан, Озодлик радиосига ўтказаётган босимини ҳам қоралади ва бу ҳолат Кремлнинг ожизлигидан далолат беришини айтди.

“Менимча, матбуот эркинлигини инкор этадиган мамлакатлар ўзига ёки бошқарув тизимига у қадар ишонмайди. Халқни хабардор қилиш ва айбдор раҳбарларни жавобгарликка тортишнинг нимаси қўрқинчли?” – дейди АҚШ давлат котиби.

XS
SM
MD
LG