Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2021, Тошкент вақти: 14:19

АҚШ давлат котиби Блинкен Украинага хизмат сафари билан боради


АҚШ давлат котиби Антони Блинкен.

5 май куни АҚШ давлат котиби Антони Блинкен Украинага хизмат сафари билан боради. Ташриф давомида Блинкен АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашини изҳор қилади. Бир ой олдин Россия Украина билан чегарадош ҳудуд ва Қримда ҳарбий техника ва қўшин тўплаб, сўнг уларни олиб чиқиб кетган эди.

Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс баёнот эълон қилиб, Блинкен ташрифи АҚШнинг Украина “суверенитети ва Россиянинг давом этаётган тажовузи шароитида мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига” бўлган қўллови рамзи эканини айтди.

Россия Украинанинг шимолий ва шарқий чегараларида ҳамда Москва 2014 йилда аннексия қилиб олган Қримда ҳарбий тўплагани Киев, Брюссель ва Вашингтонда вазиятнинг жиддий ёмонлашувидан хавотир келтириб чиқарган эди.

23 апрель куни Москва ўз кучларини олиб чиқа бошлаганини эълон қилди. Ўтган ҳафтада Россия армияси ўз қўшинлари доимий базаларига қайтганини билдирди.

АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Филип Рикер ўтган ҳафта ўтказилган матбуот брифингида АҚШ вазиятни кузатишда давом этишини айтган эди.

“Россия ҳукумати билан мулоқотимиз давомида улар вазиятни ёмонлаштиришдан ўзларини тийишлари, Украина ва унинг атрофида тажовузкор ҳаракатни тўхтатишлари кераклигини аниқ айтдик", - деди Рикер.

Блинкен Украинада президент Володимир Зеленский билан учрашади. Котиб Украинани коррупцияга қарши чора кўришга ундайди. Коррупцияга қарши кураш Киевнинг Ғарбдаги ҳамкорлари қўяётган асосий талаблардан биридир.

Жорий ҳафтада Украина ҳукумати «Нафтогаз» давлат нефть-газ компаниясининг бошқарув кенгашини алмаштирди. Бу эса мамлакатнинг энергетика соҳасидаги коррупция билан боғлиқ хавотирларни яна юзага чиқарди.

Прайс ҳурматга сазовор бўлган мутахассислар ишдан бўшатилгани «адолатли ва шаффоф корпоратив бошқарув амалиётига эътиборсизликни акс эттиради ва Украинанинг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган узоқ йиллик саъй-ҳаракатларини мураккаблаштиради», деди.

28 апрель куни Украина ҳукумати «Нафтогаз» компаниясини 2014 йилдан бери бошқариб келган Андрий Коболевни ишдан бўшатди. Киев бу қарорни компаниянинг ўтган йилги фаолияти «қониқарсиз» бўлгани билан изоҳлади. «Нафтогаз» ўтган йилда 700 миллион долларга яқин зарар кўрган.

Кузатув кенгаши 30 апрель куни барча аъзолари 14 майдан бошлаб истеъфога чиқиши ҳақида баёнот тарқатди.

Блинкен Киевга Лондондан боради. Англия пойтахтида у саноатлашган демократик давлатларнинг «Катта еттилиги» саммитида қатнашди.

Блинкен сафари президент Жо Байден Россия билан муносабатларни яхшилаш умидида президент Владимир Путин билан саммит ўтказишга ҳозирланаётган бир пайтга тўғри келди.

4 май куни Байден саммитни июнь ойида Европага режалаштирилган сафари давомида ўтказишга умид қилаётганини айтди.

Апрель ойида Байден Россия билан юзага келган келишмовчиликларни муҳокама қилиш учун Путинни учрашув ўтказишга чақирди. Вашингтон ва Москва муносабатлари Украинага ҳарбий таҳдидлар, АҚШ ҳукумати компьютер тармоғига қилинган киберҳужум, Россиянинг АҚШ сайловларига аралашуви ва қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга тазйиқлар каби масалалар туфайли совиб кетган.

Байден Россиянинг хатти ҳаракатларидан шикоятлар туфайли мамлакатга қарши санкция жорий қилди ва россиялик дипломатларни бадарға қилди.

XS
SM
MD
LG