Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 07:54

Би-би-си: Навальнийнинг “Путин саройи” ҳақидаги кўп хулосалари ҳужжатлар билан тасдиқланди


Навальнийнинг “Путиннинг кошонаси” номли тадқиқот-фильми интернет тармоғида 19 январь куни пайдо бўлди.

Геленжик яқинидаги “Путин саройи” ўлароқ машҳур сарой мажмуасининг биринчи соҳиби Россия президентининг эски таниши ва “Озеро” кооперативи собиқ аъзоси Николай Шамалов бўлган.

Бироқ лойиҳага дахлдор одамлар уни шунчаки расмий мулкдор деб атаганлар, деярли қуриб битказилган миллиардлаб рубль қийматли ушбу қароргоҳ сотувидан унга атиги 4,9 млн теккан.

Би-би-си рус хизмати ўз ихтиёридаги туркум ички ҳужжатларда шундай маълумотлар мавжудлиги ҳақида хабар қилган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, ҳужжатлар “давлатнинг сарой қурилишидаги муҳим роли”ни кўрсатиб, умуман, Алексей Навальнийнинг январда эълон қилинган суриштирувидаги кўп хулосаларни тасдиқлайди. Мухолифатчи ушбу саройнинг Россия президенти Владимир Путин учун қурилганини даъво қилганди.

Навальнийнинг “Путин саройи” номли тадқиқот-фильми интернет тармоғида 19 январь куни пайдо бўлди. Апрель ойига келиб Youtube’да у 115 миллион мартадан ортиқ томоша қилинди.

Фильмда Россия президентининг Геленжик яқинидаги 68 гектар майдонни эгаллаган қароргоҳи 2010 йилда қурилгани, унинг қиймати бир миллиард доллардан зиёдлиги, мажмуа ҳудудида ерости муз саройи, аквадискотека, концерт зали, черков, “чойхўрлик уйига ўтиш учун” 80 метрли кўприк ҳамда саройдан денгиз соҳилига элтувчи лаҳм (ерости йўлаги) мавжудлиги таъкидланган.

Навальний жамоаси маълумотига кўра, сарой қурилиши офшор ширкат ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, унга Путинга яқин тадбиркорлар “хайрия” пулларини ўтказиб турганлар.

Владимир Путин тадқиқотга изоҳ бераркан, сарой ҳеч қачон унинг номида бўлмаганини ва яқин қариндошларига тегишли бўлмаганини айтди. Навальний жамоаси эса бунга жавобан, саройнинг расмий мулкдори бўлмиш президентнинг қудаси Николай Шамалов ҳам, қурилиш бошқарувчиси ва Путиннинг амакивачча жияни Михаил Шеломов ҳам амалдаги Оила кодексига кўра ростдан ҳам яқин қариндош ҳисобланмаслигини урғулади.

Кейинроқ ўзини сарой мажмуасининг соҳиби деб Путиннинг эски таниши, тадбиркор Аркадий Ротенберг даъво қилиб чиқди. У бу жойда апарт-отел қураётганини айтди. “Россия-1” каналининг “кошона” ҳақидаги лавҳасида у ерда қурилиш ёки таъмирлаш ишлари бажарилаётгани кўринади.

XS
SM
MD
LG