Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:32

“Путиннинг иккинчи саройи”. Қримдаги муз саройли чорбоғ ҳам Россия президентига тегишлими?


Хоккей ўйнаётган Путин. 2020 йил, 21 декабрь.
Хоккей ўйнаётган Путин. 2020 йил, 21 декабрь.

Алексей Навальний “Путиннинг саройи” деб атаган Геленжикдаги “объект” Россия президентига оидлиги айтилаётган ягона улкан қароргоҳ эмас.

2014 йилда Украинадан тортиб олинган Қримдаги Олива қишлоғида жойлашган ҳукумат чорбоғининг Геленжикдаги сарой билан ўхшашлиги кўп: бу ерда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган, бутун атроф Федерал қўриқлаш хизмати назоратида, сирли хўжайин ташрифи олдидан ҳудуд бегона шахслардан тозаланади, энг асосийси, ёпиқ ҳудудда муз саройи мавжуд.

Муқаддам совет, кейинчалик украин давлат раҳбарлари фойдаланган ушбу ҳукумат чорбоғини Путинники дейишмоқда.

Ўтган йили Қримдаги шу ва бошқа давлат чорбоғлари ҳақида батафсил репортаж тайёрлаган “Проект” нашри журналисти Екатерина Резникова “Настояшчее время” билан суҳбатда нега маҳаллий аҳоли ўзини Путиннинг қўшниси деб ҳисоблашини, рус амалдорлари ва куч ишлатар тузилмаларига қарашли чорбоғлар қримликларга нега халал бераётгани ва ҳукумат дачасидаги муз саройи яриморол учун нега ноодатий ҳолат саналиши тўғрисида сўзлаб берди.

— Қримда “Путин учун сарой” қурилаётганидан қачон ва қандай хабар топдингиз?

— Президент учун давлат қароргоҳи бу ерда аввалдан бор эди, ундан Украина даврида ҳам фойдаланишган, шу боис “қурилаётгани” деган сўз бироз ноўрин.

Бу ерда кенг кўламли нимадир бўлаётганини трасса ёқалаб баландлиги олти метр девор пайдо бўла бошлаганидан кейин билдик. Гап шундаки, Путиннинг дачаси бирмунча ичкарида, трассадан узоқроқ. Шу боис девор пайдо бўлганида қримликлар унчалик аҳамият беришмади.

Бу катта девор тошдан тикланган, трассадан кўринмайди. У ажойиб денгизбўйи манзарасини тўсиб қўйган бўлса-да, маҳаллий аҳолини қаттиқ ғазаблантиргани йўқ. Аммо баланд девор ФСБ дачалари теварагида ҳам пайдо бўла бошлагач, бу девор ортида аллақандай улкан ишлар бўлаётганини тушундик. Биз билганимиздан кейин, бошқалар ҳам хабар топишди — Қрим унчалик катта эмас.

— Яъни бу ишлар 2014 йилда Қрим босиб олинганидан кейиноқ эмас, яқин ўтган йилларда бўлган?

— Қурилиш, чамаси 2016-2017 йилларда бошланган, девор эса кейинроқ тикланган. Режа шунақа бўлган шекилли.

— "Қрим.Реалии" нашри журналистлари чорбоғ атрофидаги ҳудудда мобил алоқа сигналлари “бўғилиши”ни айтишди, ҳатто дрон ҳам учириб бўлмас экан. Бунақа шароитда қандай қилиб репортаж учун маълумот йиғдингиз?

— Ҳа, у ер парвоз тақиқланган ҳудуд. Дронни ўзим учира олмайман, уни бошқарадиган операторни эса топа олмадим.

Мобил алоқага келсак, Кастрополь қишлоғи атрофида муаммо бор, Форос ҳудудида ҳам етарли, Оливада эса баландроқда узуқ-юлуқ ишлайди.

Мобил алоқа йўқлигига бу ердаги дача сабабми ёки Қрим Россияга ўтганидан сўнг украин операторлари бу ерларни тарк этгани ва Россия операторлари ҳали келмаганими, аниқ эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам туб аҳоли қўнғироқ қилиш қийинлигидан зорланади ва буни теварак-атрофда пайдо бўлган алоқа устунлари билан боғлашмоқда — дронларнинг сигналларини “бўғаётган” ҳам ўша устунлар.

— Билишимча, аҳоли бу ерда Путинники деб тахмин қилинаётган қароргоҳ жойлашганини тушунади. Улар буни қандай қабул қилишмоқда?

— Маҳаллий аҳоли тушунади, албатта. Улар орасида давлатнинг биринчи шахслари дам олишини таъминлаш билан шуғулланган ДХҚ (КГБ)нинг бешинчи бўлими собиқ ходимлари анчагина.

Бу одамлардан айримлари Оливада, дачалар пайдо бўлишидан олдин ҳам яшаган, кимлардир Совет Иттифоқи даврида бу ерда қароргоҳлар қурилиши муносабати билан кўчиб келган, мана шу давлат дачаларида ишлаган, сўнгра Қримда ўтроқ яшаб қолган. Яъни, бу одамлар чорбоғларга ҳамиша хотиржам қараганлар, чунки бу улар ҳаётининг бир қисми эди: кимдир бу дачаларда ошпаз, кимдир боғбон, яна кимлардир оқсоч бўлиб ишлаган.

Бироқ, маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, советлар даврида бу ерларда тартиб-қоидалар анчайин демократик бўлган экан. Масалан, Хрушчевнинг қишлоқ дўконига кириб туришини, Брежневнинг Ялта кўчаларида ёлғиз чўмилиш иштонида юрганини кўрганлар бор.

— Ҳозир тартиблар қаттиқми?

— Ҳа, дастлаб Украина, кейин мана, Россия келгач тош деворларни қуриб ташлашган. Аммо-лекин Юшченкони дачада истиқомат қилган энг демократ раҳбарлардан бири, дейишади. Чунончи, у ҳар гал, таътили тугагач қайтиш олдидан хизматкорлар учун қойилмақом зиёфат уюштирар ва барчага раҳмат айтиб чиқаркан.

— Репортажни тайёрлаш чоғида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан бирон муаммо чиқдими?

— Йўқ, шахсан менда улар билан бирон муаммо бўлгани йўқ. Аммо ҳар беш қадамда камера “тикилиб турган” деворларга, 180 даражага айланиб, бутун периметрни тасвирга олувчи пуфаксимон камералар ўрнатилган дарвозага яқин борган чоғларимда кўнглим озгани рост.

Умуман, ҳамиша ўзимга қадалган кўзларни ҳис қилиб юрдим. Масалан, Ифигения қоясига чиқиб деворни, денгиз манзарасини тепадан суратга оларканман, ўзимни оддий саёҳдек кўрсатиш учун бошқа томонларни ҳам туширганимга қарамай, қоровулхонадан бир киши чиқиб мени кузата бошлади.

Периметр ичида ишлайдиган хизматчилар менга, бу катта девор ягона девор эмаслигини, ичкарида яна битта тўсиқ борлигини ва бу икки девор орасида доим қўриқчи отрядлар юришини, махсус ходимлар дурбин орқали денгизни ва тоғларни ҳамиша кузатиб туришини айтишган.

Яна шу ерликларнинг ҳикоя қилишича, яқин-атрофда шубҳали автомобиль кўрингудек бўлса, махсус дронлар ҳавога кўтариларкан.

— Муз саройи қурилиши ҳақида нималар дея оласиз? Қрим учун бу қанчалик ғайриодатий?

— Бугунги кунда Қримда профессионал спортчилар, жумладан, болалар шуғулланиши мумкин бўлган биронта ҳам яхмалак йўқ.

Ялтада, Симферополда, Севастополда болалар савдо марказларидаги яхмалакларда машқ қилишади. Аммо улар олимпия талабларига тўғри келмайди, чунки ҳақиқий хоккей майдони эмас. Машғулотлар мана шундай шароитда ўтказиляпти.

Ўзингиз биласиз, Россияда хоккей обрўли спорт саналади. Умуман, Россияда президент қизиқадиган ҳамма нарса тез ривожланади. Ельцин теннис ўйнарди — ҳамма теннис ўйнайдиган бўлди, Путин дзюдо билан хоккейга қизиққани учун ҳамма ҳозир шу спорт турларига ишқибоз бўлиб қолган.

Шунга қарамай Қримда, ўтган етти йил давомида халқаро талабларга мувофиқ бўлган биронта ҳам яхмалак қуришмади барибир. Лекин, президент учун унинг дачасида қандай ажойиб яхмалак қилиб беришган.

— Қароргоҳни нега Путин номи билан боғлашади? Унда муз саройи борлиги учунми? Ёки бу ер чиндан Россия президентига оидлигини исботлайдиган бошқа далил ҳам борми?

— Биринчидан, қурилиш майдонининг ўзида гапиришяпти бу ҳақда. Қароргоҳ соҳибини улар шоҳ, биринчи шахс ёки бош буюртмачи деб аташади.

Иккинчидан, Путин ростдан ҳам у ерга борган, биринчи ва иккинчи периметр ўртасида ишлайдиган қўриқчилар бу ҳақда гапиришган.

Коронавирус бошланганидан бери Путин Қримга келмай қўйибди. Карантин даврини у Бочаров Ручейдаги қароргоҳида ўтказишни маъқул кўрди.

Дарвоқе, “Проект”нинг аниқлашича, гўё Путин шундай оғир дамларда Москвани тарк этмагандек таассурот уйғотиш мақсадида қароргоҳда унга Ново-Огарёводаги кабинетининг айнан нусхасини қуриб беришган.

XS
SM
MD
LG