Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 19:11

Британияда Муҳаммад пайғамбар карикатурасини кўрсатган ўқитувчи ишдан четлатилди


Британиялик ёш мусулмонлар "Исломий давлат" экстремистик ташкилотига қарши акцияда

Британиянинг ғарбий Йоркшир графлигида ўқувчиларга Муҳаммад пайғамбар акс этган «номақбул» расмни кўрсатган ўқитувчи ишидан вақтинча четлатилди, дея хабар бермоқда BBC News.

Душанба куни Батли шаҳридаги гимназия ўқитувчиси дарс пайтида Ислом пайғамбари тасвирланган расмни ўқувчиларга кўрсатган.

Натижада пайшанба куни ўнлаб одам мактаб олдида норозилик намойишига чиққан. Улар ўқитувчи ишдан бўшатилишни талаб қилганлар.

Британия таълим департаменти эса ўқитувчиларни «қўрқитишга» тоқат қилинмаслигини билдирди.

Гимназия директори кечирим сўради ҳамда исми ошкор этилмаётган ўқитувчи «самимий узр сўрагани» ва тергов ўтказилгунча, ишидан четлатилганлигини билдирди.

Полиция маълумотларига кўра, намойиш тинч ўтган.

2015 йилги ҳисоботига кўра, Батли гимназиясида 689 нафар ўқувчи бўлиб, уларнинг деярли тўртдан уч қисми озчилик миллатларга мансубдир.

Ўтган йил октябрида дарс вақтида ўқувчиларга Муҳаммад пайғамбар карикатурасини намойиш қилган Париж четидаги мактаб ўқитувчиси Самюэль Пати асли чеченистонлик ўсмир томонидан бошидан жудо қилинганди.

Мусулмонлар пайғамбар қиёфасини тасвирлашни унга нисбатан ҳақорат ва шаккоклик сифатида кўрадилар.

XS
SM
MD
LG