Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2021, Тошкент вақти: 11:17

Европарламент: ЕИ Россия Давлат Думасига сайловни тан олмасликка тайёр туриши керак


Ростов - Дон минтақасидаги сайлов участкаларидан бири. Россия, 17 сентябрь, 2021

Европа парламенти 15 сентябрь куни Еврокомиссия ва Европа Кенгаши учун Россия билан муносабатларга оид тавсияларни маъқуллади. Тавсиялар Россия ҳукуматига нисбатан кескин танқидий мазмунда бўлиб, унда санкцияларни кучайтириш ва Давлат Думасига сайловнинг легитимлигини тан олишни рад этишга чақириқлар бор.

Ҳужжат тавсиявий аҳамиятга эга – Европа иттифоқи ижроия тузилмалари унга амал қилишга мажбур эмас.

Тавсиялар бўйича овоз бериш натижалари пайшанба куни маълум бўлди. Европарламент депутатларидан 494 нафари ҳужжатни ёқлаб, 103 нафари эса унга қарши овоз берди. 72 нафар депутат бетараф қолди.

Ҳужжатда Европарламент депутатлари наздида Россия ҳукумати йўл қўяётган инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилишига оид қатор ҳолатлар санаб ўтилган. Қримнинг босиб олиниши, Россиянинг ЕИ мамлакатларидаги пропагандаси ва сохта ахборот тарқатиш фаолияти, “хорижий агентлар” ҳақидаги қонунчилик, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамалиши, сиёсий ва фуқаровий фаолларга қарши қатағонлар, Чехия ҳудудида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатлари шулар жумласидандир.

“Европанинг ажралмас қисми”

Россия ҳужжатда “Европа қитъасининг ажралмас қисми” деб аталган ва унинг ЕИ билан тарихий, иқтисодий, маданий ва инсоний алоқаларга ҳамда демократик давлат ўлароқ ривожланиш салоҳиятига эгалиги таъкидланган.

Европарламент “Россия халқи ҳамда жамиятни ортга силтовчи авторитар клептократия бўлмиш президент Путин режими” ўртасидаги тафовутни қайд этган. Урғуланишича, таклиф қилинган чоралар Россия ҳукуматига қарши қаратилган, Россия халқига эмас. Бинобарин, мазкур стратегия ҳам Кремлни хатти-ҳаракатлардан тийишга, ҳам Россия фуқаролари билан мулоқот олиб боришга асосланмоғи лозим.

Ҳужжат муаллифларига кўра, ЕИ стратегияси эркинлик ва демократияни қўллаб-қувватлашга, шунингдек ЕИ ва унинг қўшнилари хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилиши керак. Россия ҳукумати билан фақат ўзаро манфаатли масалалардагина мулоқот қилиш мумкин. Шунинг билан бирга ЕИ инсон ҳуқуқлари каби муҳим қадриятларни қурбон қилмаслиги лозим.

Ҳужжатда ЕИ Россияни SWIFT тизимидан узиб қўйишга чақиришга тайёр туриши лозимлиги айтилади. Шунингдек, Европа мамлакатлари яна бир карра “Шимолий оқим-2” газ қувуридан фойдаланишдан воз кечишга чақирилган. Ҳужжатда яна, Россияни пул ювиш эҳтимоли катта мамлакатлар рўйхатига тиркаш имкониятини кўриб чиқиш ҳамда “инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки демократик кучларга нисбатан тизимли қатағонлар учун” Россиянинг юқори мартабали мулозимлари, олигархлар ва Путиннинг яқин аъёнларига қарши санкциялар тайёрлашга чорловлар ҳам ўрин олган.

Шу билан бирга, Россия фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, россиялик талабаларнинг ЕИда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, россияликларнинг виза олишини қулайлаштириш, россиялик сиёсий қочқинларга сиёсий дастак бериш таклиф қилинган. Булардан ташқари, рус тилида кўрсатувлар узатувчи “Эркин Россия телевидениеси”ни яратиш таклифи ҳам билдирилган.

Европарламент, шунингдек, Борис Немцовнинг ўлдирилиши ва мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши бўйича тергов ўтказишга чақиришни тавсия қилган.

Россия Давлат Думасига сайлов сохталаштирилгани ва ушбу жараёнда демократик тамойиллар бузилишига йўл қўйилганлиги эътироф этилган тақдирда ЕИ бу сайловнинг легитимлигини тан олмасликка шай бўлмоғи лозим. Қолаверса, ҳужжатда Путиннинг ҳозирги ваколат муддати тугайдиган 2024 йил 7 майдан кейин президентлик лавозимида қолишга уринишини қоралашга даъват этилган.

Европарламент биринчи марта Россия ҳукуматига нисбатан қатъий чоралар кўришга чақириқлар билан чиқаётгани йўқ. Аммо амалда ЕИга аъзо давлатлар ва Евроиттифоқнинг ўзи Россияга нисбатан бирмунча юмшоқ сиёсат юритади.

Россия Давлат Думасига сайлов 17-19 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда 14 партия иштирок этмоқда. Айни чоғда Алексей Навальнийнинг ўнлаб тарафдорлари ва бошқа мустақил номзодлар сайловга қўйилмади.

XS
SM
MD
LG