Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2022, Тошкент вақти: 10:41

Ўзбекистон хабарлари

Жалақудуқда 50 кишига ажратилган субсидия талон-торож қилинди

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида 50 нафар фуқарога ажратилган субсидия талон-торож қилинганлиги фош этилгани ҳақида Бош прокуратура 10 март куни хабар қилди.

“Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлим томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Х.b.” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари ва Жалақудуқ туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази масъул шахслари олдиндан тил бириктириб, тумандаги 50 нафар кам таъминланган ва ишсиз фуқаролар номига субсидия маблағларини ажратиш орқали “Х.b.” кооперативига 111,5 млн сўм ўтказишиб, амалда фуқароларга ҳеч қандай маҳсулот етказмасдан ёки хизмат кўрсатмасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган”,-дейилади расмий билдирувда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати ишчи гуруҳи автоҳалокатга учраган ватандошларга кўмак кўрсатиш учун Қозоғистонда жўнаб кетди

Воқеа жойида ишлаётган қутқарувчилар. "Газета уз"дан олинган фотосурат.

Ўзбекистон Бош вазирининг топшириғига асосан ҳукумат расмийларидан иборат ишчи гуруҳ Қозоғистонда автоҳалокатга учраган ўзбекистонликларга кўмак кўрсатиш учун Жамбул вилоятига жўнаб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 13 май куни билдиришича, ишчи гуруҳ Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари масъул ходимларидан иборат. Гуруҳ “Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш, уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида” ташкил этилган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жулайин туманида 12 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:50 ларда Ўзбекистонга қарашли автобус аварияга учрагани хабар қилинган эди. Авария оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир йўловчи воқеа жойида жон берган, 33 киши тиббий ёрдам учун касалхонага мурожаат қилган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида экани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотга кўра, автобус ҳайдовчиси об-ҳаво шароити ёмонлашгани (ёмғир ва дўл) туфайли рулни бошқаролмай қолиб, йўлда кетаётган трактор прицепига бориб урилган ва ағдарилиб кетган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса автобус ичида 53 нафар йўловчи бўлгани, улардан 47 нафари ўзбекистонлик эканини тасдиқлади. Вазирликнинг маълум қилишича, ҳалок бўлган икки киши Ўзбекистон фуқаросидир.

“Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистон дунё Афғонистонга эътиборни сусайтирганидан ташвиш билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбедаги анжуманда. Ташқи ишлар вазириги матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбеда 13 май куни ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида халқаро ҳамжамият Афғонистондаги вазиятга эътиборни сусайтирганидан афсус билдирди.

Унга кўра, Афғонистонда вазият иқтисодий инқироз ва оғир гуманитар муаммолар ортидан мураккаблигича қолмоқда. Бу эса минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солади.

“Халқаро ҳамжамият бу мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиши ва Афғонистондаги ўта оғир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги ҳамкорликни давом эттириш учун конкрет чора-тадбирларни тадбиқ этиши лозим деб ҳисоблаймиз”,-деди Норов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Рамазон ойида Афғонистонга 58 вагондан иборат 4 минг тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечакдан иборат бўлди.

Норов ўз сўзи давомида жорий йилнинг июль ойи охирларида Тошкентда Афғонистон масаласида халқаро анжуман ўтказилишини билдирди.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулга қирганидан сўнг жаҳонда тан олинган Афғонистон ҳукумати қулатилган эди. Бунинг оқибатида халқаро ҳамжамият Толибон тузган ҳукуматни тан олган эмас. Халқаро донорлар Афғонистонга бериладиган моддий кўмакларни музлатиб қўйган.

Ўзбекистон ҳам Толибон ҳукуматини тан олган эмас, бироқ у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаган.

Бойсунда юз берган 6 балли зилзила Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида сезилди

Ўзбекистонда 12 май куни соат 15:27 да зилзила бўлгани қайд этилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг марказининг билдиришича, зилзила эпицентри Тошкентдан 411 километр жанубий-ғарбда - Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган.

Эпицентрда зилзила кучи 6 баллни, Сурхандарё вилоятида 4−5 баллни ташкил этди.

Зилзила Қашқадарё вилоятида 4 балл, Самарқанд вилоятида 3−4 балл, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида 3 балл, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 2−3 балл, Фарғона вилоятида 2 балл кучланишда сезилган.

Талафотлар ҳақида маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиёев Фарғонага йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни Фарғона вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда маълум қилган президент матбуот хизматига кўра, Фарғонага сафар “ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида” амалга оширилмоқда.

Хабарномада Фарғонага ташриф чоғида “борилиши режалаштирилган жойлар кўп ва хилма-хил”лиги айтилган. Жумладан, Мирзиёев икки кун давомида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, тўқимачилик тармоқларидаги корхоналар фаолияти билан танишиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирмоқчи.

Сариосиёда сел оқизиб кетган икки кишининг жасади топилди

Тўпаланг дарёси ўзанидаги қидирув ишлари. ФВВ фотоси.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида сел оқизиб кетган икки кишининг жасади топилгани тўғрисида 11 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 10 май куни соат 16 лар атрофида Сариосиё туманидаги Боғистон МФЙ таркибига киритилган Зохона қишлоғида кучли жала оқибатида сел юрган.

Сел Nexia автомашинасини ва унда кетаётган икки кишини ҳам оқизиб кетган. Улар Узун туманидаги Истиқлол маҳалласининг яшовчилари бўлган.

Қидирув -қутқарув ишлари натижасида Тўпаланг дарёси ўзанидан автомобил ва бир кишининг жасади топилган. Иккинчи кишининг жасади эса беш километр наридан топилган.

Расман: Ўзбекистонда Россия иштирокидаги ширкатлар сони кескин кўпайди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Апрель ойида Россия иштирокида 103 та ширкат ташкил этилди. Бу январдагидан камида тўрт баробарга, мартдагидан эса деярли икки баробарга кўпдир.

Давлат статистика қўмитасининг янги ҳисоботида қайд этилишича, 2022 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда хориж давлатлари иштирокидаги жами 798 та фирма рўйхатга олинди.

Ўзбекистонда 210 та компания ташкил этган Россия биринчи, 128 та ширкатга асос солган Туркия иккинчи, 74 та корхона тузган Хитой учинчи ўринни эгаллади.

Ҳисоботдан англашилишича, Москва Украинага уруш очгани ортидан Ўзбекистонда ташкил этилаётган Россия ширкатлари сони кескин ошган. Масалан, Ўзбекистонда январда 23 та, февралда 28 та, мартда 56 та рус ширкати рўйхатга олинган. Апрель ойида эса уларнинг сони 103 тага етган.

“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00

Бундан ташқари апрелда Ўзбекистонда ахборотлаштириш ва коммуникациялар соҳасида хорижий капитал иштирокида 45 та ширкат ташкил этилди. Статистика қўмитасининг таъкидлашича, январь, февраль ва март ойларида жами 40 тагина шундай ширкат ташкил этилган эди.

Ўзбекистонда IT ширкатлар сонининг кескин кўтарилгани ҳам Россия Украинага уруш очгани ортидан Москвага жорий этилган санкциялар билан боғлиқ. Санкциялар оқибатида ўнлаб IT ширкатлар ва мутахассислар ўз офисларини Марказий Осиё минтақасига, хусусан, Тошкентга кўчираётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Интернет тезлиги паст Ўзбекистон Россиядан қочаётган "IT"чилар учун қанчалик жозибадор?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00

Ангрен шаҳри ҳокими Нуриддин Абдураҳимов оламдан ўтди

Нуриддин Абдураҳимов (Тошкент вилояти ҳокимлиги фотоси)

Ангрен шаҳри ҳокими Нуриддин Абдураҳимов 11 май тонгида вафот этди. Бу ҳақда маълум қилган Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мулозимнинг бевақт ўлимига бетоблик сабаб бўлганини билдирган.“Дарё” нашри эса унинг вафотига юрак хуружи сабаб бўлганини ёзган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кечаги хабарномасида 9 май куни шаҳар ҳокими Ангрендаги янги масжидга илк ғишт қўйиш маросимида иштирок этгани қайд этилганди.

1978 йили Пискент туманида туғилган Н. Абдураҳимов Ангрен шаҳрига шу йил январь ойи охирида ҳоким этиб тайинланган эди. Мазкур лавозимга тайинлангунича у Президент администрациясида масъул ходим сифатида фаолият юритиб келган.

Озодлик ўтган йили Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов (51 ёш) ва Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова (56 ёш) вафот этгани ҳақида хабар қилган.

Таниқли кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов вафот этди

Ўзбекистонлик таниқли кинопублицист, “Бирлик” халқ ҳаракати намояндаларидан бири Абдулазиз Маҳмудов 8 май куни саратон хасталиги туфайли 72 ёшида вафот этди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Маҳмудовнинг жанозаси 9 май куни Тошкентнинг Қўйлиқ ота масжидида ўқилди ва шу ерда тупроққа қўйилди.

Замонасоз касбдошларидан фарқли равишда ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида тил ва давлат мустақиллиги учун юзага келган тўлқинни кинотасмаларга муҳрлаган Абдулазиз Маҳмудов умрининг сўнгига қадар демократик ҳаракатларда фаол қатнашди.

1989 йилнинг ёзида Фарғонада месхети турклари билан маҳаллий аҳоли ўртасидаги этник можароларни кино ленталарга муҳрлаган.

У ҳукумат таъқибидаги шахслар фаолиятини ёритган. Мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партиялари фаолияти ҳақида фильмлар яратган.

У Горький номидаги Туркман университети ҳамда Москвадаги сценаристлар ва режиссёрлар Олий курсида таҳсил олган.

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп суратга олган.

Ўзбек чегарачилари отиб ўлдирган уч қирғизистонлик бир оиладан бўлган

Ўзбекистон чегарачилари отган уч қирғизистонликнинг дафн маросими пайтида олинган сурат. Тепақўрғон қишлоғи, 2022 йилнинг 6 майи.

Ўзбек чегарачилари ўқидан ҳалок бўлган уч қирғизистонлик бир оила аъзолари бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизматига 6 май куни Жалолобод вилоят Олабуқа туманидаги Актам қишлоқ ҳукумати раиси Мирлан Қамчибеков маълум қилди. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар 48 ёшдаги ота ва унинг 24 ҳамда 22 ёшдаги ўғилларидир.

“Сўнгги беш йилда мазкур чегара ҳудудида ўқ отилмаган эди. Ҳозир ўзбек ва қирғиз чегарачилари музокара ўтказмоқда. Аскарлар ҳодиса содир этилган ҳудудни ўраб олган”, -деб таъкидлади Мирлан Қамчибеков.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳам 6 май куни ҳодиса юзасидан расмий маълумот тарқатди.

“2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган”,-дейилади Ўзбекистон томони тарқатган расмий баёнотда.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан 6 май куни Жиноят Кодексининг 223-моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон чегара хизмати 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросига қарши қурол ишлатгани ҳақида хабар берганди. Қирғиз томони расмий баёнотида ўзбек чегарачилари яралаган фуқаролар Олабуқа туман касалхонасига етказилгани ва ўша ерда ҳушига келмасдан вафот этгани таъкидланган.

Қирғизистон Чегара хизмати тергов тадбирлари бошланганини қўшимча қилган, бироқ ҳодисага оид бошқа тафсилотни очиқлаган эмасди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, 2017 йилги шартнома билан ратификация қилинган. Яна 10 фоиз бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз чегара масаласи эса ҳал этилмаган эди.

Бироқ ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси масаласи 100 фоиз ҳал этилган”ини айтган.

ММА жангчиси Элбек Раҳимов ўлимида айбланганлар устидан ҳукм ўқилди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоят судида 5 май куни спорт устаси Элбек Раҳимов ўлимида гумонланган 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм эълон қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

“Судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимлари”, дейилган хабарномада.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97, 109, 111, 127, 137, 169, 277, 28,137, 28,211, 28,277, 210, 230-1, 241-1 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ички ишлар органларининг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, марҳум спортчининг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 800 000 сўм миқдорида моддий зарар ва 150 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

ММА жангчиси Элбек Раҳимов ўтган йил ёзида бир тўда ёшлар томонидан калтакланиб ўлдирилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Фарғона вилоятида 2 яшар қизалоғини 14 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Данғара туманида 2020 йилда туғилган қизчасини 14 минг АҚШ доллари эвазига сотишга уринган аёл ушланган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, шу йил 28 март куни Данғара тумани ИИБга келиб тушган ариза асосида маҳаллий ҳуқуқ-тартиботчилар тезкор тадбир ўтказиб, фарзандини пулламоқчи бўлган аёлни ашёвий далиллар билан қўлга олишган. Ҳодиса юзасидан ҳужжатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман ИИБ тергов бўлимига тақдим этилган.

Аёлга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми “а” банди (Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олингани, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани айтилмоқда.

Москва вилоятидаги ёнғин чоғида кўп қаватли уй лифтида бўлган икки ўзбекистонлик вафот этди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Москва вилояти Митишчи шаҳрида ёнғин хавфсизлигига риоя қилинмагани оқибатида 3 май куни уч киши нобуд бўлди.

112 Телеграм-канали маълумотига кўра, ёнғин чиқишига 4-қаватдаги хонадон эгаси бўлган 58 ёшли Евгений Филатовнинг сигарет қолдиғини ўчирмасдан ухлаб қолгани сабаб бўлган. Уйга ўт кетиши ортидан уйғонган Филатов ўзини деразадан пастга ташлаган. У олинган жароҳатлар туфайли касалхонада жон берган.

Ёнғин чоғида кўп қаватли уй лифтида бўлган ўзбекистонлик икки киши (46 ва 35 ёшли) нафаслари бўғилиши натижасида нобуд бўлганлар.

Ёнғин пайтида мазкур уйда яшаганлардан яна 15 нафари тиббий ёрдам учун врачларга мурожаат қилгани айтилмоқда.

Зоолог олим: Термитлар Ўзбекистондаги кўплаб тарихий ёдгорликларни емирмоқда

Зоология институти директори термитлар энг кўп ёғоч ўймакорлиги намуналарига зарар етказаётганини урғулаган

Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги “Ичан-Қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуасидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига зараркунанда ҳашаротлар жиддий даражада зарар етказмоқда. Бу ҳақда Зоология институти директори, биология фанлари доктори Бахтиёр Холматов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Зоолог олимга кўра, “Ичан-Қалъа” мажмуасига кирувчи Жума масжид музейи, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Муҳаммад Иноқ ва бошқалар термитлардан кучли зарарланган.

Б. Холматов Сурхондарёдаги Ҳаким Ат-Термизий, Қашқадарёдаги Ҳазрати Имом масжиди, Навоийдаги Имом Ҳасан-Ҳусайн зиёратгоҳи ва Қорақалпоғистондаги Миздақхон мажмуаси тарихий обидаларида термитларнинг зарарли фаолияти қайд этилганини айтиб, Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Самарқанд зараркунанда ҳашаротлардан кўп зарарланган ҳудудлар бўлиб ҳисобланишини қўшимча қилган.

АҚШ, Қозоғистон, Британия ва Ирландияда бу йил “Ўлмас полк” акцияси тақиқланди

"Ўлмас полк" ва Ғалаба байрами тадбирлари коронавирус пандемиясидан аввал Ўзбекистонда ҳам ўтказиб келинган

АҚШ, Буюк Британия, Ирландия ва Қозоғистон расмийлари 2022 йилда “Ўлмас полк” акцияси ўтказилишини тақиқлашди. Бу ҳақда “Россия ўлмас полки” ҳаракати марказий штабининг ҳамраиси Сергей Макаров маълум қилди.

Юриш ўзини “Днестрбўйи Молдавия Республикаси” ва “Донецк Халқ Республикаси” деб атаб олган сепаратистик ҳудудларда ҳам ўтказилмайди, бироқ, Макаровга кўра, етарлича хавфсизлик чоралари кўрилган тақдирда “Ўлмас полк” Мариуполда ўтказилиши мумкин.

Петербургда ўтказилажак “Ўлмас полк” юришида акция иштирокчилари Z ҳарфи акс этган узун баннерни кўтариб ўтадилар, шунингдек, ташкилотчилар тадбирга Украинада ҳалок бўлган ҳарбийлар фотосуратларини ҳам олиб келишни таклиф қилганлар. Пензада юришда иштирок этиш учун келган талабаларни фалеристика фанидан сўрамай синовдан ўтказиб қўйиш ваъда қилинган.

Андижоннинг Хонободида 4 балли зилзила содир бўлди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 28 апрель куни Тошкент вақти билан соат 03:28 да Ўзбекистон ҳудудида ер силкинган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 327 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи зилзила маркази бўлмиш Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида 4 баллга тенг бўлган.

Зилзила кучи Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида 3 баллни, Жалақудуқ ва Хўжаобод туманларида эса 2 баллни ташкил этган.

Хабарномада ер силкиниши оқибатида аҳоли ёки биноларга бирор талафот етган-етмагани очиқланган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG