Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 03:06

Халқаро хабарлар

Жо Байденнинг ўғли Хантер иши терговда эканини билдирди

Жо Байденнинг ўғли Хантер.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер 9 декабрь куни солиқ билан боғлиқ иш доирасида тергов қилинаётганини билдирди.

“Федерал прокурорлар менинг солиқларимни текширмоқда. Мен бу ишга жуда жиддий ёндашмоқдаман. Лекин аминманки, бу ишнинг холис ва профессионал таҳлил қилиниши ортидан мен қонун доирасида, жумладан, солиқ бўйича профессионал маслаҳатчилар кўмагида ўз мажбуриятимни бажарганим англашилади”,-деди Хантер Байден.

АҚШ прокуратураси томонидан Делавэрда Жо Байденнинг ўғлига нисбатан тергов олиб борилаётгани тўғрисидаги маълумот сайланган президент учун жуда ноқулай бир вазиятда эълон қилинди. Чунки Байден ўз командасида ким бош прокурор бўлишини эълон қилиши кутилмоқда. Кейинроқ Хантернинг ишини Байден тайинлаган прокурор давом эттиради.

Айни тергов демократ Байден президентлиги даврида республикачиларга сиёсий жараёнларда қўл келиши мумкин.

Президент Дональд Трамп сайловолди тарғиботи пайтида Хантерни Украина ва Хитой билан боғлиқ бизнеси масаласида танқид қилган эди. Трампга кўра, Хантер отаси президент Барак Обама даврида вице-президент бўлиб турганида Украина ва Хитой билан бизнес алоқа ўрнатган.

CNN ва AРнинг билдиришича, Адлия вазирлиги Хантер ва унинг ҳамкорлари солиқ ва пул ювиш тўғрисидаги қонунларни бузгани ёки бузмаганини ўрганмоқда.

Кун янгиликлари

Путинни оламшумул шахс сифатида кўрувчи россияликлар сони озайди

Сталин, Путин ва Ленин суратлари туширилган сувенир кружкалар.

Сўнгги тўрт йилда Россия президенти Владимир Путинни оламшумул шахс сифатида кўрувчи россияликлар сони кескин озайди.

Ижтимоий фикрни ўрганувчи Москвадаги “Левада” марказининг сўнгги сўров натижаларига таянган ҳолда хабар беришича, респондентларнинг 15 фоизигина Путинни оламшумул шахс сифатида эътироф этган. Бундан тўрт йил аввал бу кўрсаткич 34 фоиз эди.

Айни пайтда россияликларнинг 39 фоизи репрессиялар ва қатлиомлар ташкилотчиси сифатида шуҳрат қозонган СССРнинг собиқ раҳбари Иосиф Сталинни тарихдаги энг буюк сиёсатчи сифатида тан олади.

Сталиндан кейинги иккинчи ўринни 1917 йилги давлат тўнтариши оқибатида ҳокимиятга келган коммунистлар доҳийси Владимир Ленин эгаллаган. Уни сўралганларнинг 32 фоизи буюк шахс сифатида билади.

Европа Иттифоқи Беларусга қарши янги санкцияларни қабул қилди

Испанияда Лукашенкога қарши ўтган норозилик акцияси. 2021 йил 29 май.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Беларусь президенти Александр Лукашенко, унинг яқин одамлари ва юқори даражали мансабдорларига нисбатан санкцияларни жорий этди. Санкция жорий этилганлар рўйхатига киритилганлар орасида Лукашенконинг оила аъзолари ҳам бор.

Янги санкциялар рўйхатига Беларусь мансабдорларидан 78 киши ва саккизта давлат идораси киритилди. Бу рўйхат Европа Иттифоқи махсус журналида эълон қилинади. Рўйхат асосан қонун чиқарувчилар, прокурорлар, судлар ва бошқа давлат амалдорларидан иборат.

Санкиця рўйхатига киритлган шахсларнинг хориждаги банк ҳисоб рақамлари музлатилади ва уларга виза бериш тўхтатилади.

Германияда университет илмий ходими Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб қўлга олинди

Германия Олий суди биноси.

Германия федерал прокуратураси 21 июнь куни мамлакатдаги университетларда ишловчи илмий ходимлардан бири Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилди.

Расман билдирилишича, Илнур Н., 2020 йилнинг октябридан бошлаб Москва махсус хизматларига муайян миқдордаги пул эвазига немис университетидаги махфий маълумотларни етказиб турган. Уни қўлга олиш амалиёти 18 июнь куни ўтказилган.

Қўлга олинган шахснинг тўлиқ исми ва у ишлаган университет номи ошкор этилмаяпти. Прокуратура баёнотида таъкидланишича, у илмий-техника сохасига алоқадор бўлган кафедрада илмий ходим бўлган.

Федерал суд жосусликда гумонланиб ушланган шахсга тергов тугагунига қадар қамоқ эҳтиёт чорасини белгилади.

Янги Зеландия оғир атлетикачиси олимпиадада иштирок этадиган илк трансгендер бўлади

43 ёшли Хаббард жаҳонда ўз вазн тоифасидаги энг кучли спортичлардан бири ҳисобланади.

Янги зеландиялик оғир атлетикачи Лорел Хаббард олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган илк трансгендер бўлди.

Хаббард 23 июндан 8 июлгача ўтадиган Токио олимпиадасида Янги Зеландия терма жамоаси сафида аёллар ўртасида ўтадиган оғир атлетика бўйича мусобақаларнинг 87 кило вазн тоифасида иштирок этади.

Танқидчилар Хаббард аёллар ўртасидаги мусобақада адолатсиз равишда куч имтиёзига эга бўлади, деган нуқтаи назарни билдирмоқда.

43 ёшли Хаббард жаҳонда ўз вазн тоифасидаги энг кучли спортичлардан бири ҳисобланади. У ўз жинсини алиштиргунига қадар, яъни 2013 йилгача эркаклар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этган.

2015 йилда Халқаро олимпия қўмитаси трансгендер спортчиларга аёллар тоифасида иштирок этишга рухсат берган эди. Мазкур қарор ортидан Лорел Хаббард олимпиадада иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Қатар футбол бўйича 2022 йил жаҳон чемпионатига коронавирусга қарши эмланмаганларни киритмайди

Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябрида бошланади.

Қатар ҳукумати мамлакатда 2022 йилда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига коронавирусга қарши тўлиқ эмланган хориж фуқаролари киритилишини маълум қилди.

Бош вазир шайх Ҳолид бин Халифа бин Абдулазиз ал Тани 20 июнь куни матбуотга берган интервьюсида жаҳон чемпионатини томоша қилиш иштиёқида бўлган ўз фуқароларини эмлаш учун бир миллион доза вакцина сотиб олишини айтди.

“Қатарда 2022 йилда ўтадиган жаҳон чемпионати бошлангунига қадар кўп мамлакатлар ўз фуқароларини коронавирусга қарши тўлиқ эмлаб бўлади. Бироқ айрим давлатлар бу ишни амалга ошира олмай қолиши эҳтимол. Шунинг учун чемпионатга коронавирусга қарши тўлиқ эмаланмаган шахсларни киритмайди”,-деди Бош вазир.

Қатарда ўтказиладиган футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябрида бошланади.

Эронда АЭС фаолияти авария ҳолатида тўхтатилди

Эрондаги Бушеҳир АЭС.

Эрондаги Бушеҳир атом электр станцияси авария ҳолатида тўхтатилгани тўғрисида мамлакат атом энергияси агентлиги маълум қилди. Расман билдирилишича, АЭС иши “техник носозликлар ортидан вақтинча тўхтатилган”.

Агентлик яқин кунларда техник носозлик бартараф этилиши ва АЭС яна қайтадан миллий электр тармоғига уланишини таъкидлади.

Давалт энергетика ширкати расмийси Тованир Ғуломали Раҳшанимар АЭС фаолиятини қайта тиклаш учун камида 3-4 кун керак бўлишини, бу давр ичида мамлакатда энергия таъминотида узилишлар кузатилиши мумкинлигини айтди.

Бушеҳир АЭС 2011 йилда ишга туширилган эди. Ўшандан бери илк маротаба мазкур АЭСда авария бўлгани расман билдирилди.

АҚШ Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ равишда Россияга қарши янги санкцияларни ҳозирламоқда

Жо Байден маъмурияти мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши важидан Россияга қарши янги санкциялар туркумини тайёрламоқда. Бу ҳақда CNN телеканалига АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилган.

“Янги санкциялар туркуми тайёрланмоқда. Россиянинг зарарли фаолиятига жавоб бериш ҳақида гап бораркан, биз SolarWinds [АҚШ ширкатига ҳакерлик ҳужуми], сайловларга аралашув, Навальний масалаларида ўз муносабатимизни юмшатмоқчи эмаслигимизни кўрсатиб келяпмиз”, деган у.

Салливанга кўра, янги санкциялар АҚШ ҳукумати улар тўғри одамларга қарши йўналтирилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг жорий қилинади.

Президент маслаҳатчининг айтишича, ушбу санкциялардан кейин АҚШ кимёвий ҳужум қуроли қўлланишига доир яна бир санкциялар туркумини ишлаб чиқмоқчи.

Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида августида беҳуш ҳолда, заҳарланиш аломатлари билан Омск касалхонасига ётқизилган ва кўп ўтмай даволаниш учун Германияга жўнатилган эди.

Немис ҳарбий лабораторияси экспертлари мухолифатчи организмида “Новичок” гуруҳига мансуб жанговар заҳарловчи модда асоратини топганлар. Россия ҳукумати нафақат Навальнийнинг заҳарланишига алоқаси борлигини, ҳатто унинг заҳарланганини ҳам инкор этган.

The Insider, Bellingcat, CNN ва Der Spiegel томонидан ўтказилган тадқиқотда Навальнийнинг заҳарланишини ортида ФХХнинг Криминалистика институтига алоқадор 8 нафар тезкор ходим турган бўлиши мумкин, деган хулосага келинган.

Шу йилнинг 17 январида Навальний Германиядан Россияга қайтгани заҳоти Шереметево аэропортида қўлга олинган. 2 февраль куни суд уни “Ив Роше” иши бўйича синов муддатини бир неча марта бузган, деган айб билан, шартли қамоқ муддатини ҳақиқийси билан алмаштиришган.

Март ойи бошларида АҚШ Навальний иши юзасидан Россия, Германия ва Швейцариядаги 14 та ташкилотга қарши санкциялар жорий қилган эди. Ундан олдинроқ АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг етти нафар мансабдорига нисбатан санкциялар қўллаган.

Хитой Тожикистонга 300 минг доза вакцина совға қилди

Хитой Тожикистонга коронавирусга қарши Sinovac Research & Development Co. Ltd ширкати томонидан ишлаб чиқарилган вакцинадан 300 минг доза совға қилди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Пекиндан келган махсус чартер рейсини Душанбе аэропортида 20 июнь оқшомида тожикистонлик юқори лавозимли амалдорлар ва Хитой элчиси кутиб олган. Икки мамлакат ўртасида мунтазам рейслар ҳали тикланган эмас.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, Хитой томонидан текинга берилган CoronaVac препаратлари махсус омборларда сақланиб, ундан аввал тасдиқланган режа асосида фойдаланилади.

Шу йил март ойида ЖССТнинг COVAX дастури доирасида Тожикистонга AstraZeneca вакцинасидан 192 минг доза келтирилганди. 23 мартдан мамлакатда коронавирусга қарши оммавий эмлов жараёни бошланган бўлиб, шу кунгача 80 мингдан зиёд киши эмланган.

ССВ маълумотига кўра, пандемия бошидан бери Тожикистонда коронавирус инфекцияси 13 минг 308 кишида қайд этилган, улардан 90 киши қурбон бўлган.

АҚШ ва Россия ўз элчиларини Москва ва Вашингтонга қайтармоқда

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов 20 июнь куни Москвадан Нью-Йоркка учиб кетди. У Қўшма Штатларга уч ойлик танаффусдан сўнг қайтмоқда.

Антонов АҚШ президенти Жо Байден март ойида ABC телеканали мухбирига берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путинни “қотил” деб ҳисоблашини айтгани ортидан Москвага чақириб олинганди.

Апрель ойида Россия расмийларининг қатъий тавсияларидан сўнг АҚШ элчиси Жон Салливан Москвани тарк этганди. Вашингтон расмийлари ўшанда элчи Россияга бир неча ҳафтадан сўнг қайтишини билдирганлар.

Элчиларни ортга қайтаришга оид келишувга Байден ва Путин 16 июнь куни Женевада ўтган саммит чоғида эришганлар.

Антонов Вашингтондаги Россия элчихонасида душанбадан иш бошлаши керак. АҚШ элчиси эса Москвага кейинги ҳафта қайтади.

Қурғоқчилик таҳдиди: Қозоғистон экинларни суғориш учун Тожикистондан қўшимча сув олмоқда

Қайроққум сув омбори

Қозоғистон жанубий минтақаларида ўткир сув танқислиги кузатилаётган бир пайтда Тожикистондаги Қайроққум сув омборидан қўшимча 315 миллион куб метр сув олишни режаламоқда. Мамлакат жанубидаги фермерлар Сирдарё ҳавзасида сув етишмаслиги туфайли шолини суғоришни камайтиришга мажбур бўлишган.

Қозоғистон экология, геология ва табиий бойликлар вазири ўринбосари Серик Хўжаниёзов “Баҳри Точик” резервуари (Қайроққум сув омбори)дан жорий йилнинг июнь — август даврида Қозоғистонга қўшимча сув ташланишини маълум қилган. Унга кўра, 315 миллион куб метр миқдордаги бу сув шоликор майдонларни суғоришга сарфланади.

Хўжаниёзовнинг айтишича, Қозоғистон сув эвазига Тожикистонга техника ва ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб беради.

Тожикистон Энергетика ва сув захиралари вазирлиги “Озодлик”нинг тожик хизматига вазир Далер Жума ҳамда Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев бу масалада 31 май куни келишувга эришганини тасдиқлаган.

Қайроққум сув омборидан Ўзбекистонга ҳам қўшимча сув берилиши бўйича келишув бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга сўнгги расмий ташрифи чоғида Қайроққум ГЭСида бўлган эди. Аввалроқ у мамлакат аҳолисини 2021 йилда Ўзбекистон экин майдонларини суғоришда жиддий сув танқислигига дуч келишидан огоҳлантирган. “Суғориш учун сув ҳажми 60 фоизгача камаяди”, деган Мирзиёев.

Тожикистон ҳукумати жорий йилда Сирдарё ҳавзасида сув камлиги билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келганини билдирган. Тожикистон Фанлар академияси Музликларни ўрганиш маркази директори Абдулҳамид Қаюмов тоғларда қор жуда кам ёққанлиги сабабли дарёларда сув янада камайиб кетишидан огоҳлантирмоқда.

“Ҳозирда Варзоб дарёси юқорисида сув сатҳи 30 сантиметргача пасайган — бу ҳалокатли даражада паст кўрсаткич”, деган у.

Қайроққум ГЭСи сув омбори Тожикистон ҳудудидаги энг йирик сув омборларидан бири саналади. Унинг узунлиги 65 километр ва эни 8 дан 20 километргача, сув сиғими эса 3 миллиард 413 миллион куб метрни ташкил қилади.

Арманистон: Пашинян муддатидан олдинги парламент сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди

Никол Пашинян

Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ўз етакчилигидаги “Фуқаролик шартномаси” партияси 20 июнь куни ўтказилган муддатидан олдинги парламент сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди.

Мамлакат сайлов комиссияси барча бюллетенлар санаб чиқилганидан кейин парламент сайловида “Фуқаролик шартномаси” партияси 53,92 фоиз овоз олганини эълон қилди. Бу партиянинг бир ўзи ҳукуматни шакллантиришига 0,08 фоиз овоз етмай қолгани айтилмоқда.

Иқтидордаги партиянинг асосий рақиби — собиқ президент Роберт Кочаряннинг “Айастан” (“Арманистон”) блоки, МСК маълумотларига кўра, 21,04 фоиз овоз билан иккинчи ўринда бормоқда.

Учинчи ўринни собиқ президент Серж Саргсяннинг “Шарафим бор” мухолифат блоки (етакчиси Артур Ванецян) 5,23 фоиз овоз билан эгаллаб турибди.

Арманистон қонунчилигига кўра, Миллий йиғилиш (парламент)да ўз вакилларига эга бўлиш учун партиялар камида 7 фоиз овоз олиши керак.

МСК қайдича, мухолифатдаги партиялардан яна бири — “Гуллаётган Арманистон” 3,96 фоиз овоз олган.

Никол Пашинян “биз Арманистон халқи “Фуқаролик шартномаси”га ва менга мамлакатни бошқариш ваколатини берди, деб хулоса қила оламиз”, дея баёнот берган.

Пашинян ўз ғалабасини унга бошқарувнинг бирмунча қатъий усулларига ўтиш ва мамлакатда “қонун диктатураси”ни ўрнатиш имконини берувчи “пўлат инқилоби” деб атаган.

“Айастан” блоки мағлубиятини тан олишдан бош тортиб, сайловнинг илк натижалари “ишончли эмас”лигини иддао қилмоқда.

Блок иддаосича, 20 июнь кунги овоз бериш чоғида юзлаб қоидабузарликлар ҳақида хабарлар олинган бўлиб, бу “сайлов натижалари олдиндан тузилган режа асосида, келишилган тарзда сохталаштирилганидан далолат беради”.

“Айастан” блоки “барча баҳсли масалаларга ойдинлик киритилиб, шубҳалар тарқамагунча” сайлов натижаларини тан олмоқчи эмас.

Вашингтон АҚШ Украинага бериладиган тезкор ҳарбий ёрдам тўхтатилганини инкор қилди

Қўшма Штатлар Украинага бериладиган тезкор ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйди. Мазкур қарор АҚШ президенти Жо Байденнинг Россия президенти Владимир Путин билан 16 июнь куни Женевада ўтган учрашуви арафасида қабул қилигани ҳақида Politico журнали хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Пентагон 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдамга қўшимча тарзда яна 100 миллион долларлик ҳарбий техника ва қуролни Украинага жўнатишни режалаштирган эди. Пентагон кейинроқ бу қарорни ўзгартирган. Оқ Уй маъмурияти Politico журнали эълон қилган маълумотни “ҳақиқатга зид” деб баҳолади.

Украина мудофаа вазири Андрей Таран “Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдамни музлатиб қўйгани тўғрисида”ги хабарларни “Россия ҳукумати томонидан уюштирилган провокация” деб атади. АҚШ президенти матбуот котиби Жен Псаки ҳам бу хабарлар асоссиз эканини таъкидлади.

Австралияда Covid-19га қарши янги типдаги вакцина синовлари бошланди

Австралиянинг Мельбурн шаҳрида автомобилларга коронавирусга қарши тест топшириш маркази манзилини кўрсатувчи мана шундай белгилар ўрнатилган.

Австралияда Covid-19га қарши Nucleus Network ширкати томонидан ишлаб чиқарилган янги типдаги вакцинанинг клиник синовлари бошланди. Мутахассислар мазкур вакцина AstraZeneca ва Pfizer вакциналарига нисбатан самаралироқ бўлишини маълум қилди.

Nucleus Network ширкатининг тиббиёт бўйича директори Пол Гриффинга кўра, янги вакцина коронавирусга юқишини бир неча баробарга қисқартиради. Вакцина икки йилдан сўнг фойдаланишга чиқарилиши билдирилмоқда.

Айни пайтда Австралияда COVID-19га қарши AstraZeneca ва Pfizer вакциналаридан фойдаланишга рухсат берилган.

Австралия ҳукумати ўзининг 25 миллион фуқароси 2021 йилнинг охиригача тўлиқ эмланиб бўлишини билдирмоқда. Айни пайтда Австралияда 30 минг киши коронавирусга чалинган, улардан 900 нафари вафот этган.

Эроннинг янги президентини биринчи бўлиб Путин ва Эрдўғон табриклади

Эронда 18 июнда ўтган президентлик сайловида 4 номзод орасидан Иброҳим Раисий ғалаба қозонди.

Эроннинг янги сайланган президенти Иброҳим Раисийни биринчилардан бўлиб Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон табриклади.

Эрдўғон Анқара ва Теҳрон муносабатларини олий даражада ривожлантириш мақсадида Эронга мамнуният билан сафар қилишга тайёр эканини билдирди.

Путин эса ўз табригида Мосвка ва Теҳрон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масаласига эътибор қаратди.

Эронда 18 июнда ўтган президентлик сайловида 4 номзод иштирок этди. Унда Иброҳим Раисий ғалаба қозонди.

60 ёшли Раисий ўта консерватив позициядаги шахс ҳисобланади. У 1988 йилда минглаган сиёсий маҳбусларни ўлим жазосига ҳукм қилган суд жараёнларига раислик қилган. Ҳуқуқ фаоллари Раисийни инсониятга қарши жиноятларда айблаб келади.

Туркманистонда газдан қарзи борларга давлат нархида озиқ-овқат олиш имкони берилмаяпти  

Лебапда газдан қарзи бор минглаб одамга ун, сарёғ ва шакарни имтиёзли нархларда сотиб олиш имконияти берилмаяпти.

Туркманистон шарқидаги Лебап вилояти аҳолиси газ бўйича қарзи учун давлат нархида озиқ-овқат олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Озодлик радиоси туркман хизмати хабарига кўра, Лебапда газдан қарзи бор минглаб одамга ун, сарёғ ва шакарни имтиёзли нархларда сотиб олиш имконияти берилмаяпти.

Ҳозирда Туркманистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида газ учун қарзларни тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда.

Газ учун тўловлар нақд пул билан тўланиши керак. Сўнгги йилларда чуқур иқтисодий инқирозга учраган мамлакатда нақд пул етишмовчилиги юзага келган.

Озодлик радиоси Тукрманистонда нон қимматлагани ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллашгани ортидан одамлар ярим кечадан бошлаб магазинлар олдида навбатга тураётгани ҳақида ёзган эди.

Аммо полициянинг қатъий назорати остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари навбатда турганларнинг барчасига етмай қолмоқда.

Ун етишмовчилиги оқибатида, давлат дўконларида аввал 2 манатдан сотилган нон икки ярим баробарга қимматлади ва 5 манатдан сотилмоқда (1 доллар 3,5 манат). Маҳаллий уннинг нархи эса 7 манатдан 9 манатга қимматлади.

Москвада коронавирус сабабли чекловлар кучайтирилди

Россияда коронавирус билан боғлиқ кунлик холатлар 9 мингдан ошар экан, Москва шаҳар маъмурияти янги чекловлар жорий этган.

Москвада эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани сабабли ресторан, фудкорт ва барларнинг ишлаш соати қисқартирилган.

Шаҳарнинг катта боғлари ва табиат ҳудудларида аттракционлар, болалар ва спорт майдончалари, бошқа объектлар ёпилди.

Минг кишидан ортиқ концерт томошалари ҳам бекор қилинди.

Россияда 18 июнь куни коронавирус билан боғлиқ 9056 та холат қайд этилди.

Аввалги максимал кўрсаткич 24 декабрда бўлган - 8 203 та ҳолат.

Москва ҳокими Сергей Собяниннинг таъкидлашича, пойтахтдаги янги ҳолатларнинг деярли 90 фоизида аниқланган коронавируснинг янги ҳинд штамми туфайли шаҳарда вазият кескин ёмонлашган.

Россияда бортида парашютчилар бўлган учоқ қулаб тушди, ўлганлар бор

Россиянинг Кемерово вилоятида L-410 русумли учоқ қулаб тушган. Ўлганлар ва яраланганлар бор, дея хабар берди Сибирь авиация қидирув-қутқариш маркази.

Икки двигателли учоқ бортида 17 нафар парашютчи ва икки нафар учувчи бўлган. Учоқ осмонга кўтарилганида мотори ишламай қолган.

Фавқулодда қўниш пайти ўрмонда дарахтлар билан тўқнашган.

Воқеа жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда.

Россия ТИВ АҚШ билан маҳбус алмашиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди

Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакиласи Мария Захарова RTVI телеканалига берган суҳбатида Москва ва Вашингтон ўртасида маҳбус алмашиш имкониятига оид масала устида иш бошланганини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байден билан учрашувдан кейин 16 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат АҚШда қамалган россияликлар ҳамда Россияда қамоқ жазосини ўтаётган америкаликлар бўйича муайян муроса йўлини топиши мумкинлигини билдирганди.

Мария Захарова RTVI телеканалига берган интервьюсида маҳбус алмашиш эҳтимолига оид масаланинг кўриб чиқилиши оммавий майдонда муҳокама қилинмаслиги кераклигини қайд этган.

“Биз очиқликни ташвиқ қилувчи муассасамиз, бироқ жимлик сақланиши лозим бўлган пайтлар ҳам бор”, дея таъкидлаган Россия ТИВ вакиласи.

Олмаота расмийлари июль охиригача аҳолининг учдан бири жамоавий иммунитетга эга бўлишига умид қилмоқда

Коронавирусга қарши эмлов учун навбат кутаётган кишилар, Олмаота, 2021 йил апрели

Олмаота бош санитар врачи Жандарбек Бекшин июль ойи охирларида Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрида ковидга қарши жамоавий иммунитет 30 фоизга етишини башорат қилди.

“Иммунитет ҳосил қилган қатлам кун сайин ўсиб бормоқда. Бугунги кунда, расмий қайдларга кўра, жамоавий иммунитет 23 фоизга етган”, дея маълум қилган Бекшин 17 июнь куни ўтказилган брифинг чоғида.

Мулозим касаллик симптомсиз кечган ва тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаган кишиларни ҳам ҳисобга олганда бу рақам янада каттароқ бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.

“Ўйлайманки, июль ойи охирларига бориб жамоавий иммунитет 30 фоизни ташкил этади”, деган Бекшин.

16 июнь ҳолатига Олмаотада 357 минг 299 киши эмланган. Ой бошида бош санитар врач шаҳарда жамоавий иммунитет 21 фоиз бўлганини айтганди. Май ойида эса Бекшин бу кўрсаткични 20-25 фоиз деб баҳолаган. 2020 йилнинг декабрь ойи охирларида у шаҳар аҳолисининг 55-56 фоизида коронавирус инфекциясига қарши жамоавий иммунитет шаклланганини маълум қилган. Ўшанда беш минг киши кўрикдан ўтказилган.

Брифингда Бекшин йил охиригача Олмаотада 1 миллион 90 минг нафар кишини эмлаш режаланаётганини айтган. Унга кўра, коронавирус билан оғриб тузалган фуқаролар, ҳомиладор ва бола эмизадиган аёллар, эмланишига тиббиёт рухсат бермайдиган ва сурункали хасталиги бор кишилар бу ҳисобга кирмайди.

Бош санитар врачнинг билдиришича, айни пайтда шаҳарда кунига етти минг нафаргача одам эмланмоқда.

Олмаота 19 июндан бошлаб коронавирус тарқалиши суръати бўйича “яшил” ҳудудга киритилади. Шу муносабат билан шаҳарда карантин чекловлари юмшатилмоқда. Хусусан, 21 июндан ҳар икки темир йўл вокзалида (Олмаота-1, Олмаота-2) Ashyq тизими жорий этилади. Бундан ташқари, супермаркетлар, барча турдаги дўконлар ва бозорлар чекловсиз ишлаши мумкин бўлади.

Россияда Давлат Думасига сайлов жорий йилнинг 19 сентябрига белгиланди

Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Давлат Думасига сайловни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, сайлов 2021 йилнинг 19 сентябрида ўтказилади.

Сайловларни белгилашга оид қарор у қабул қилинганидан сўнг беш кун ичида ҳуқуқий маълумотлар порталида ёки “Российская газета” нашрида эълон қилиниши керак.

Энди Россия Марказий сайлов комиссияси овоз бериш тартибини қабул қилиши, сиёсий партиялар эса қурултойлар ўтказиб, ўз номзодлари ва дастурларини тасдиқлаши лозим. Россияда сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга 30 дан зиёд сиёсий партия мавжуд. Улардан 14 таси парламент имтиёзига эга, яъни парламент сайловида сайловчилар имзосини йиғмасдан иштирок эта олади.

Давлат Думасига сайлов билан бир вақтда Россия Федерациясининг тўққиз субъекти раҳбарлари лавозимларига ва 39 та минтақавий парламентга тўғридан-тўғри сайловлар бўлиб ўтади.

Май ойи охирида Давлат Думаси экстремистик ташкилотлар фаолиятига алоқадор кишиларнинг сайловларда қатнашишини тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. 9 июнь куни эса Москва шаҳри суди Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди, Навальний штаблари ҳамда Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондини экстремистик ташкилотлар деб топиб, Россияда уларнинг фаолиятини тақиқлади.

Эндиликда Навальний тарафдорлари ва ҳатто ФБК ёки штабларда ишламаган кишилар ҳам, уларнинг хатти-ҳаракатлари “экстремистик ташкилотни дастаклаш” деб баҳоланган тақдирда, ҳар қандай даражадаги сайловларда ўз номзодларини қўя олишмайди.

Ушбу қонунлар қабул қилиниши ортидан Навальнийнинг сафдоши, Давлат Думасига сайловларда қатнашишга ҳозирланаётган Любовь Соболь ўз сайловолди кампаниясини тўхтатди. У мазкур қарорини айни вазиятда ўз волонтёрлари, ходимлари ва пул эҳсон қилувчилар хавфсизлигини таъминлай олмаслиги, давлат уларни таъқиб остига олиши мумкинлиги билан изоҳлаган.

Берлинда сквоттерлар тошбўрони чоғида 60 нафар полициячи жароҳатланди

Копенҳагендаги Христиания сквотти Европадаги энг машҳур сквоттлардан бири бўлиб ҳисобланади

Германия пойтахти Берлиндаги Фридрихсхайн мавзесида бинолардан бирини эгаллаб олган сквоттерлар тошбўронидан 60 нафар полициячи жабрланган. Сквоттер деганда бирор бинони ноқонуний эгаллаб олган шахс тушунилади.

Би-би-си хабарига кўра, Фридрихсхайндаги тартибсизликлар расмийлар сквоттга ёнғин хавфсизлиги инспекциясини йўллагани ортидан бошланган. Бинода яшовчилар уларни ўзларини кўчириш учун келган одамлар деб ўйлаб, ҳодиса жойига келган нозир ва полициячиларни тошбўрон қила бошлаган.

Расмий маълумотларга кўра, тартибсизликларда камида 300 киши қатнашган. Вазиятни ҳал қилиш йўли ҳали топилмагани айтилмоқда.

Бинони бўшатиш бўйича олдинги уриниш 2016 йили содир бўлганди. Ўшанда 120 нафардан зиёд полициячи тан жароҳати олган. Ўша пайтда тартиб посбонлари чекинишга мажбур бўлишганди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида ГФР ва ГДР бирлашганидан кейин Шарқий Берлиндаги кўплаб мавзеларда таназзулга юз тутган, ташлаб кетилган уйлар эса ноқонуний эгаллаб олинганди.

Би-би-сининг ёзишича, эски уйлар ўрнига янгиси қурилишини ҳамда коммунал хизматлар нархи кўтарилишини истамаган маҳаллий аҳолининг кўпчилиги сквоттерларни дастакламоқда.

Россияда хориж сайтларига оид қонун қабул қилинди

Давлат думаси 17 июнь куни россиялик фойдаланувчилари мажуд бўлган хориж сайтларини Россия ҳудудида ваколатхоналар очишга мажбурловчи қонунни қабул қилди.

Қонунга асосан, Россияда ваколатхона очмаган хоризжий сайтлар мамлакат ҳудудидаги қидирув тизимидан ўчирилади, блок қилинади ва уларга пул ўтказиш таъқиқланади.

Қонунда белгиланишича, кунига 500 минг россиялик фойдаланувчига эга бўлган сайтлар мамлакат ҳудудида ваколатхона очиши лозим. Лекин хорижий сайтлардан қай биридан кунига 500 минг россиялик фойдаланиши қандай усулда аниқланиши тўғрисида қонунда бирор кўрсатма берилмаган.

Мазкур қонун талабини бажармаган хорижий сайтларга бир неча юз миллион рубллик жарималар солинади.

АҚШда илк маротаба 19 июнь - Қуллик тугатилган кун сифатида расман нишонланади

АҚШ Конгресси жойлашган Капитолий биноси.

АҚШ Конгресси кўпчилик овоз билан 19 июнни Қўшма Штатларда қуллиқ тугатилган кун сифатида нишонлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

1865 йилнинг 19 июнида энг сўнгги афроамерикалик қулликдан озод қилинган. АҚШнинг кўпчилик штатларида 19 июнь расман нишонланади. Лекин Конгресс қабул қилган қонун ортидан бу кун федерал байрам сифатида тан олинади ва АҚШнинг барча штатларида нишонланиши мажбурий бўлади.

Конгресс сўнгги 28 йил ичида биринчи марта федерал байрам тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бундан аввал 1983 йилда Конгресс Кичик Мартин Лютер Кинг кунини нишонлаш тўғрисидаги қонунни тасдиқлаганди.

Конгрессменларнинг айтишларича, 19 июнь тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ортидан афроамерикаликларнинг тарихи ва маданиятига эътибор кучаяди, 1861-65 йиллардаги фуқаролар уруши даврида қулликка қарши курашган барча америкаликларнинг хотираси ёдга олинади.

Конгрессменлардан 415 нафари қоннуни қўллаб, 14 нафари қарши овоз берди. Сенат мазкур қонунни 15 июнь куни қабул қилганди.

Қонун президент Жо Байден томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.

Қозоғистон пойтахтида коронавирусга чалинганлар сони кўпайди

Нур-Султондаги коронавирусга қарши эмлаш маркази.

Қозоғистонда 16 июнь куни 1 145 кишида коронавирус аниқланди, улардан 343 киши пойтах Нур-Султонда яшайди. Бу COVID-19га янги чалинганлар сони бўйича республикадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Нур-Султонда коронавирусга чалинганлар сони ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 7 фоизга ўсди.

Қозоғистон ҳукумати коронавирус ва ковиднамо зотилжам бўйича алоҳида -алоҳида статистика юритмоқда. Расман билдирилишича, 2020 йилнинг мартидан то шу кунгача Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 405 минг кишига, ковиднамо зотилжамга чалинганлар 56 минг кишига етди.

Расман COVID-19дан 4203 киши, ковиднамо зотилжамдан 3420, коронавируснинг салбий таъсири оқибатида 2 минг киши вафот этган.

Хитой ўзининг коинот станциясига илк фазогирларни жўнатди

Парвоз 17 июнь куни Гоби чўлидаги космодромдан амалга оширилди.

Хитой уч фазогирдан иборат илк коинот кемасини орбитадаги ярми қуриб битказилган станциясига учирди.

“Шэньчжоу-12” коинот кемасини фазога “Чанчжэн-2F ракетаси” олиб чиқди. Парвоз 17 июнь куни Гоби чўлидаги космодромдан амалга оширилди.

56 ёшли Не Хайшэн, 54 ёшли Лю Бомин ва 45 ёшли Тан Хунбо “Тяньгун” (“Осмондаги қаср”) деб номланган станцияда уч ой ишлашади. Уч фазогир орасида фақат Хунбо бундан аввал коинотга парвоз қилган эмас.

“Тяньгун” коинот станциясининг асосий қисмлари жорий йилнинг апрель ойида космосга олиб чиқилган эди. Айни пайтда станцияда фазогирлар яшайдиган хона, станция фаолиятини таъминловчи асбоб-ускуналар ва бошқарув тизими мавжуд.

Кейинги икки йил давомида станцияда икки лаборатория барпо этилиши режалаштирилган. Шундан сўнг Хитой станциясининг оғирлиги юз тоннани ташкил қилади.

Агар Хитой бу лойиҳани тўлиқ амалга ошира олса, бу “Мир” ва Халқаро коинот станциясидан кейин фазода доимий фаолият юритувчи учинчи станцияга айланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG