Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 01:01

Исроил ва “Ҳамас”: Ғазода ким уруш жиноятлари содир этмоқда?


Фаластинликлар Ғазодаги Исроил ҳаво зарбалари нишони бўлган жойни кўздан кечирмоқда - Ғазо бўлгаси, 20 май, 2021

Исроил ва “Ҳамас” жангари гуруҳи ўртасидаги тўртинчи уруш бошланганидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтар экан, ҳар икки томон ҳарбий жиноятларга қўл ургани ҳақидаги айбловларга нишон бўлмоқда. Исроилнинг таъкидлашича, “Ҳамаc” фаластинлик тинч аҳолидан жонли қалқон ўлароқ фойдаланмоқда. Яҳудий давлати танқидчилари эса мамлакат номутаносиб куч ишлатаётганини айтмоқда.

Ким ҳақ? Associated Press агентлигининг ёзишича, бу борада узил-кесил ҳукм чиқариш қийин, айниқса, ҳали жанг тумани тарқамаган бир паллада.

“Ҳамас” ва бошқа фаластинлик гуруҳлар Исроилга қарата юзлаб ракета отгани факт. Халқаро қонунлар тинч аҳолини нишонга олиш ёки фуқаролар яшайдиган ҳудудларда куч ишлатишни тақиқлайди. Тель-Авивдаги кўп қаватли уйларга ракеталар отилгани халқаро меъёрларга зид экани шубҳасиз.

Аммо 2 миллион одам зич яшайдиган Ғазода вазият анча мураккаб. Аҳоли гавжум шаҳарларда яшайди. Тангу тор шароитда эса шиддатли зарбалардан қочиб қутуладиган жой топиш амримаҳол. 2007 йилда “Ҳамас” ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин Исроил ва Миср томонидан жорий қилинган қамал туфайли ҳудудни тарк этиш имконсиз бўлиб қолмоқда.

“Ҳамас” халқ ҳаракати сифатида Фаластин жамиятига чуқур сингиб кетган. Гуруҳ ўз махфий қуролли қанотидан ташқари сиёсий ва хайрия ташкилотларини юритади. Исроил ва Ғарб давлатлари уни террорчи ташкилот деб ҳисобласа-да, ўн минглаб давлат хизматчилари ва полиция ходимлари Ғазони идора этаётган гуруҳ учун ишлайди. Шундай экан, “Ҳамас”га алоқадор ҳар бир шахсни жангари деб бўлмайди. Қолаверса, ҳудудда гуруҳнинг мухолифлари ҳам талайгина.

Жорий йил бошида Халқаро жиноят суди 2014 йилда рўй берган сўнгги уруш давомида Исроил ва фаластинлик жангарилар томонидан содир этилгани тахмин қилинаётган ҳарбий жиноятлар бўйича тергов бошлади. Иккала томон бу сафарги урушда ҳам айни тактикани қўллаётганга ўхшайди.

“Ассошиэйтед Пресс” агентлиги чоп этган қуйидаги мақолада ҳам тўқнашувлар давомида халқаро қонунчилик бузилаётгани ёки йўқлиги масаласи муҳокама этилган.

Шаҳардаги уруш

Фаластинлик жангчилар турар-жой мажмуаларида туриб фаолият юритаётгани, мактаб, масжид ва уйларга яқин жойларда туннеллар, ракета отувчилар ва қўмондонлик инфратузилмасига эга экани шубҳасиз.

Терговчилар жангарилар уруш пайтида тинч аҳолига бериладиган ҳимоядан фойдаланиш учун ҳарбий техникани қасддан тинч аҳолига яқин жойларга жойлаштирганини исботлаши керак бўлади.

“Агар Франция Швейцарияга бостириб кирса, швейцарияликларга Женевани ҳимоя қилиш тақиқланмайди. Хусусан, Женевага швейцар аскарлари, артиллерия позициялари ва бошқа кучларни жойлаштириш мумкин бўлади”, – дейди Женевадаги Халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари академияси профессори Марко Сассоли.

Халқаро гуманитар ҳуқуқ тўқнашувлардаги барча томонларга тааллуқли экани важидан французлар ҳам Женевада жанг қилишлари мумкин бўлади. Аммо бу ерда мутаносиблик масаласи ўртага чиқади: юқоридаги муқоясани давом эттирсак, французларнинг Женевадаги ҳужуми провокацияга мутаносиб бўлгани ёки йўқлиги – муҳим масаладир.

Мутаносиблик

Исроил танқидчилари мамлакатни кўп ҳолларда номутаносиб куч ишлатишда айблайди. Уларнинг таъкидлашича, ядровий қуролга эга эканига ишониладиган минтақанинг энг қудратли армияси узоқ масофага учадиган ракеталардан бошқа қуроли йўқ бўлган жангари гуруҳга қарши уруш олиб бормоқда. Қолаверса, қуролли гуруҳ отган ракеталарнинг аксари ракеталарга қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилмоқда. Аввалги тўқнашувларидагидек ҳозирги можарода ҳам қурбонлар сонида йирик тафовут бор. Ғазода камида 200 киши ҳалок бўлди. Уларнинг деярли ярми – аёллар ва болалар. Исроилда эса 10 нафар одам ўлди. Уларнинг ҳам аксари тинч аҳоли вакиллари.

Исроил ракеталар туғдирадиган таҳдидни, шу жумладан, уларга алоқадор қўмондонлик инфратузилмасини йўқ қилишга ҳақли эканини таъкидламоқда. Исроил тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча чораларни кўраётгани, жумладан, баъзи зарбалар олдидан тинч аҳолини огоҳлантираётганини айтмоқда. Аммо профессор Сассолига кўра, ўтмишдаги можароларда Исроил “қонуний ҳарбий нишон” тушунчасини жуда кенг талқин қилган.

Халқаро қонунчиликда мутаносиблик индивидуал ҳужумларга ҳам татбиқ қилинади. Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, маълум бир ҳужум номутаносиб эканини исботлаш жуда қийин. Бунинг учун нима нишонга олингани, қандай ҳарбий устунликка эришилгани ва бундай устунлик фуқаролар ва уларнинг мулкига етказилган зарардан ошиб кетгани ёки йўқлигини аниқлаш керак бўлади. Бу эса амалда фақат ўта оғир ҳолатлар тергов қилинишини мумкинлигини англатади.

Шанба куни Исроил “Ассошиэйтед Пресс” ва “Ал-Жазира” агентликларининг Ғазодаги идоралари, ўнлаб хусусий квартира ва кичик корхона, шу жумладан, юридик фирма ҳамда тиббий лаборатория жойлашган 12 қаватли бинони бомбардимон қилди.

Ҳарбийлар ҳужумдан олдин аҳолини огоҳлантириб, бинодагиларни хавфсиз жойга кўчиришга чорлади ва натижада ҳеч ким жабр кўрмади.

Исроил томони даъвосига кўра, бинода “Ҳамас” гуруҳи объектлари, жумладан, қўмондонлик ва бошқарув маркази, разведка бўлими ва жанговар операцияларни мувофиқлаштириш учун ишлатиладиган бошқа инфратузилма бўлган. Аммо бу иддаони тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирилгани йўқ.

“Ассошиэйтед Пресс” президенти Гэри Прюитт ҳужумдан даҳшатга тушганини айтар экан, ҳужум бўйича мустақил тергов ўтказишга чорлади.

“Бизда бинода “Ҳамас” жойлашганини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ. Бундан ташқари, ҳаво ҳужумидан олдин бинода гуруҳ бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилмаганмиз. Бу ҳолатни қўлимиздан келганича мукаммал текширамиз”, – деди Г.Прюитт.

Профессор Сассолининг айтишича, медиа марказга ҳужум мутлақо ноқонуний ишдир, аммо ҳарбийлар нимани нишонга олганини билмасдан туриб бомбардимон қарори асосли ёки асоссиз эканини айтиб бўлмайди.

Тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишига олиб келган ҳужумлар мутаносибликка оид жиддий саволларни туғдиради.

Якшанба куни Исроил “Ҳамас”нинг ерости ҳарбий инфратузилмасини нишонга олаётганини иддао қилиб, Ғазодаги катта йўл бўйлаб оғир ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Зарбалар натижасида уч бино қулаб тушди, камида 42 киши, жумладан, 16 аёл ва 10 ёш бола ҳалок бўлди. Бир кун олдин гавжум қочқинлар лагерига берилган зарба натижасида 10 аёл ва норасида бола нобуд бўлган эди. Исроил оммавий ахборот воситаларига кўра, ушбу ҳужумда бинода учрашув ўтказаётган юқори мартабали “Ҳамас” амалдорлари нишонга олинган.

Яширин армия

“Ҳамас”нинг қуролли қаноти аъзолари камдан-кам ҳолларда ҳарбий форма киядилар ёки жамоат жойларида ўзларини ошкор этадилар. Тўқнашувлар бошланиши биланоқ улар гуруҳ сиёсий раҳбарияти билан бир қаторда яширин фаолият юрита бошлайди.

“Ҳамас” тарафдорларининг аксарияти жангларда қатнашмайди. Бу эса улар нишонга олинмаслиги керак деганидир. Халқаро қизил хоч қўмитаси жангчини узлуксиз жанговар функцияга эга бўлган вақтда жанговар фаолият юритаётган шахс ўлароқ таърифлайди. Ушбу таъриф кенг миқёсда қўлланади.

Шундай экан, мутахассисларнинг шарҳича, бирор бино ашаддий “Ҳамас” тарафдорларига тўла бўлса ҳам, улар жанговар операцияларда фаол иштирок этмас экан, уларни нишонга олиш легитим ҳисобланмайди.

Қуддус нега нотинч? Саволлар ва жавоблар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

XS
SM
MD
LG