Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 09:17

Халқаро хабарлар

Канар оролларида вулқон отилиши ортидан минглаб одам эвакуация қилинди

Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Канар архипелаги таркибидаги Ла-Пальма оролида вулқон отилиши оқибатида 19 сентябрь куни тўртта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди.

Испания Бош вазири Педро Санчес шошилинч равишда Ла-Пальма оролига бориб, маҳаллий ҳокимият билан учрашди.

Канар ороллари президенти Анхель Виктор Торрест вулқон отилган ҳудуддан беш мингга яқин киши хавфсиз жойга кўчирилганини маълум қилди.

Олимлар ўтган ҳафтада вулқон жойлашган ҳудудда 22 мингдан кўп ер силкиниши қайд этилганини билдирган.
Вулқон отилишига зилзила сабаб бўлгани айтилмоқда. Сўнгги марта мазкур вулқон 1971 йилда отилган эди.

Кун янгиликлари

Венгрияда коммунистларга қарши исённинг 65 йиллиги нишонланмоқда

Budapest Corvin köz 1956

АҚШ Давлат департаменти Венгрияда коммунистларга қарши халқ исёнининг 65 йиллиги муносабати билан баёнот эълон қилди. Баёнотда таъкидланишича, Венгрия расмий статистикаси 1956 йилнинг 23 октябридан 31 декабригача давом этган исён пайтида 2652 нафар қўзғолончи, 348 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 19 226 киши яраланганини қайд этган.

Давлат департаменти баёнотида: “Биз Будапешт ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўз озодлиги учун курашган эркак ва аёлларни хотирлаймиз. Уларнинг озодликка интилишлари 1989 йилда Венгриянинг демократик мамлакатга айланиши учун пойдевор бўлди”,-деб таъкидланади.

Давлат департаменти АҚШ бу санани “ҳамкори ва НАТОдаги иттифоқчиси Венгрия билан биргаликда нишонлаётгани”ни маълум қилган.

Мазкур исён Совет Иттифоқи армияси томонидан бостирилган эди. Исённи бостиришда иштирок этган Совет армияси аскарларидан 669 нафари ҳалок бўлган, 51 нафари бедарак кетган, 1251 нафари яраланган.

Афғонистондан қочган учувчилар Толибон уларнинг қариндошларига таҳдид қилаётганини айтмоқда

Иллюстратив сурат.

Толибон 15 августда Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олганидан сўнг Афғонистондан Тожикистонга қочган ҳарбий учувчилар жангарилар уларнинг қариндошларига таҳдид қилаётганини айтмоқдалар. Учувчиларга кўра, Толибон уларни Афғонистонга қайтишини талаб қилмоқда, акс ҳолда қариндошларини ўлдириш билан таҳдид қилаётир.

Учувчиларнинг айтишларича, улар АҚШда ўқиганлар ва Вашингтон уларни олиб чиқиб кетиш учун барча ҳужжатларни расмийлаштирган. Аммо Душанбе яқинидаги санаторийлардан бирида вақтинча сақланаётган икки афғон учувчи Толибон таҳдидлари тўғрисида Озодлик радиоси тожик хизматига гапириб берди.

Учувчилардан бирининг маълум қилишича, Афғонистонда унинг ўғли жангарилар томонидан калтакланган ва отаси мамлакатга қайтмаса, уни ўлдиришларини билдирганлар.

Иккинчи учувчи ҳам Толибон унинг оиласини қидириб топгани ҳамда учувчи Афғонистонга қайтмаса уларни жазолашга таҳдид қилинганини айтди.

Учувчиларга кўра, Толибон Тожикистондан вақтинча бошпана топган 143 нафар учувчи ва уларнинг оила аъзолари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга.

Толибон расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид жангарилар учувчилар оиласига таҳдид қилгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилди.

Қирғизистон президенти АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди

Президент Садир Жапаров 23 октябрда Бишкекда матбуот анжумани ўтказди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган анъанавий йиллик матбуот анжуманида мамлакатда АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

Жапаровнинг айтишича, АҚШ базаси ташкил этиладиган бўлса Қирғизстон Вашингтон ва Москва орасида “мушук-сичқон ўйинини ўйнаб қолади”.

Президент ўз сўзида Қирғизистоннинг Қант шаҳрида Россия ҳарбий ҳаво базаси мавжудлигини эслатиб ўтди.

“Бизга битта хориж авиабазасининг ўзи етарли. Биз иккита базани ўз ҳудудимизга жойлаштириб, катта давлатлар билан “мушук-сичқон” ўйнашни хоҳламаймиз”,- деди Жапаров.

Вашингтон 2001 йилнинг декабрида Бишкек яқинига ўз ҳарбий ҳаво базасини жойлаштирган эди. Қирғизистон парламенти 2014 йилда АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудини тарк этган.

Эрдўғон турк фаолини ҳимоя қилиб чиққан элчиларни мамлакатдан бадарға қилишга буйруқ берди

Туркия президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон мамлакат ташқи ишлар вазирлигига АҚШ, Канада, Франция, Финландия, Дания, Германия, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия ва Швеция элчиларини персона нон грата деб эълон қилиш топшириғини берган.

“Мен вазиримизга бу 10 нафар элчи персона нон грата деб эълон қилиниши учун зудлик билан чора кўришни буюрдим”, деган Эрдўған.

Бунга дипломатларнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Кавалани озод қилиш тўғрисидаги чақириқлари сабаб бўлгани айтилмоқда.

Элчилар бу чақириқлари ортидан Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.

Туркиялик тадбиркор, ҳуқуқ ҳимоячиси ва меценат Усмон Кавала 2017 йилда ҳибсга олинган.

У 2013 йилда Гези паркидаги дарахтларни кесишда айбланган. У бу иш бўйича оқланган, аммо кейинроқ 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланганди.

Россияда иккинчи кун COVID-19 юқтириш бўйича рекорд янгиланди

Россияда 23 октябрь эрталабки ҳолатга кўра, 37 678 та янги COVD-19 инфекцияси аниқланган.

Бу пандемия бошланганидан буён мамлакатда қайд этилган энг юқори кундалик ҳолатдир.

Бир кунда коронавирус билан касалланган 1075 киши вафот этди, бу ҳам пандемия бошланганидан буён рекорддир.

Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 8 205 983 тага этди ва тезкор штаб маълумотларига кўра, 229 528 киши вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва ва Москва вилоятида COVID-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли 28 октябрдан 7 ноябргача карантин эълон қилинган эди.

Шу кунларда озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча савдо марказлари, фитнес клублари, гўзаллик салонлари, кинотеатрлар ва бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ёпилган.

Тожикистонда КХШТ иштирокидаги ҳарбий машғулотларнинг навбатдагиси якунланди

48845191

Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар иштирокида Тожикистонда Афғонистон чегараси яқинида терроризмга қарши навбатдаги қўшма машғулотлар якунланди.

23 октябр куни ўтказилган машғулотда жангариларни Афғонистондан Тожикистонга транспорт воситалари устунлари олиб ўтадиган сценарий тақдим этилди.

Машғулотлар доирасида Тожикистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг Совет давридаги иккита "Аэро Л-39 Альбатрос" учоғи Афғонистон билан чегарадан тахминан 20 километр узоқликдаги Харб-Майдон полигонида ҳаво разведкаси ўтказди.

Улар жангарилар машиналарининг иккита сохта устунларини пайқашди ва координаталарини Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегарачилар отрядига етказишди.

Машғулотда, шунингдек, гранаталар ва автоматлардан фойдаланган ҳолда КХШТ махсус кучлари ҳам жалб қилинган.

Бу август ойида Толибон Афғонистон бўйлаб ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида ўтказилган КХШТ иштирокидаги учинчи ҳарбий машғулотдир.

КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдиновнинг айтишича, ноябр ойида Тожикистон-Афғонистон чегараси яқинида КХШТнинг тўртинчи машғулоти режалаштирилган.

Ҳаммаси бўлиб, КХШТ машғулотларида 4000 аскар ва 500 дан ортиқ ҳарбий техника иштирок этади.

Машғулотлар Тожикистон-Афғонистон чегараси яқинидаги Харб-Майдон ва Момирак полигонларида ўтказилмоқда. Уларга Россия Марказий ҳарбий округи қўмондони генерал -полковник Александр Лапин раҳбарлик қилмоқда.

Толибон Афғонистоннинг қўшни ҳудудлари ва Россияни, Афғонистоннинг кўп қисмини, жумладан, пойтахт Кобулни, шунингдек, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараларини кесиб ўтиш устидан назоратни қўлга киритгандан сўнг, уларга ҳеч қандай хавф туғдирмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Адвокатлар: Тельман Исмоилов озод этилган, у Черногорияда бошпана ҳам олган

Озарбайжонлик ва россиялик тадбиркор, Москвадаги "Черкизов" бозорининг собиқ эгаси Тельман Исмоилов Черногориядан сиёсий бошпана олган.

Бу ҳақда жума куни унинг адвокати журналистларга маълум қилди.

Адвокат Милос Вуксановичнинг сўзларига кўра, бошпана берилиши муносабати билан Исмоилов қамоқдан озод қилинган ва уни Россияга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқиш тўхтатилган.

Исмоиловга нима асосида бошпана берилгани номаълум. Черногория расмийлари ҳозирча адвокатнинг сўзларига изоҳ беришмаган.

Исмоиловнинг россиялик адвокати Марина Русакова ҳам Исмоилов Черногориядан бошпана олгани ва шунинг учун қамоқдан чиққанини Озодликка тасдиқлади.

Исмоилов 1 октябр куни Россиянинг илтимосига биноан Черногория пойтахти Подгорица шаҳрида ҳибсга олинган эди.

У Россияда икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришни уюштирганликда айбланмоқда.

Ҳолливуд актёри Алек Болдуин фильм олиш пайти тасодифан тасвирчини отиб қўйди

Ҳолливуд актёри Алек Болдуин АҚШнинг Ню Мексико штатида фильмни суратга олиш пайтида тасвирчи ва режиссёрни тасодифан отиб қўйган.

Оқибатда украиналик оператор Галина Хатчинс ҳалок бўлган, режиссёр Жоел Соуса яраланган.

Бу ҳақда The Hollywood Reporter хабар берди.

Филмни суратга олиш ишларини олиб борувчи ширкат вакилининг нашрга айтишича, воқеа Болдуин ичида бўш патронлар бўлган қуролдан ўқ узиладиган саҳнани суратга олиш пайтида юз берди.

42 ёшли Галина Хатчинс вертолётда Ню Мексико университети шифохонасига олиб кетилди, у эрда шифокорлар унинг ўлимини эълон қилишди.

48 ёшли Жоел Соуса тез ёрдам машинаси билан Санта Фе шаҳридаги тиббиёт марказига ётқизилди. Ҳозир унинг аҳволи оғир.

Полиция тергов сабаб филмни суратга олишни вақтинча тўхтатди. Ҳозирча актёрга ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган. Қурол қандай ишлатилган ва қандай патронлар юкланган, буни полиция ўрганмоқда.

Полиция Болдуинни сўроқ қилган. New Mexican нашрининг ёзишича, 63 ёшли актёр Санта Фе шерифи идораси ташқарисида телефонда йиғлаб гаплашаётгани акса этган суратларни эълон қилди.

Россия: Рязандаги заводнинг порох цехида содир бўлган портлашда камида 7 киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Рязань вилоятида жойлашган “Эластик” синтетик толалар заводида 22 октябрь куни портлаш содир бўлган ва бунинг ортидан порох ишлаб чиқариладиган цехда ёнғин бошланган. ФВВ маълумотига кўра, ҳодиса чоғида 7 киши нобуд бўлган, 10 киши жабрланган, яна 9 кишининг бедарак кетгани айтилмоқда.

ТАСС агентлиги хабарига мувофиқ, ёнғин чоғида камида 15 киши жабр кўрган. “Интерфакс” агентлигининг ёзишича эса, воқеа жойида 5 киши нобуд бўлган, яна икки киши касалхонага олиб кетилаётган пайтда жон берган, бундан ташқари, 10 киши тан жароҳати олган.

Ёнғинни ўчиришга 170 киши ва 50 та техника воситаси жалб қилинган. ФВВ “аҳоли учун хатар йўқ”лигини билдирган.

Расмийлар ёнғинга технологик жараённинг бузилгани сабаб бўлганини билдирганлар.

Қирғизистон Туркия ва Россиядан ҳарбий дронлар сотиб олмоқчи

Қирғизистон президенти Садир Жапаров, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ва мудофаа вазири Бақтибек Бекболотов Чегара хизматига ҳарбий техникани топшириш маросимида, 2021 йилнинг 21 октябри

Қирғизистон Туркиядан Bayraktar учувчисиз учқичлари, Россиядан эса “Орлан-10Е” дронларини сотиб олади. Бу ҳақда 21 октябрь куни журналистларга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилган.

“Биз бу техникани давлат бюджети ҳисобидан сотиб олмоқдамиз. Яқин орада Туркиядан Bayraktar дронлари етказиб берилади, бунақа қурол дунёнинг бешта мамлакатидагина бор ва биз булардан бири бўламиз. Ҳозир у ёқда мутахассисларимиз учувчисиз учқичларни бошқариш бўйича ўқишяпти. Россиядан эса биз “Орлан-10Е” учувчисиз учқичларини сотиб оляпмиз, бунинг учун ҳам давлат бюджетидан маблағ ажратилган”, дея иқтибос келтирди Озодликнинг қирғиз хизмати Қ. Ташиев сўзларидан.

МХДҚ раиси ўз сўзида хориждан сотиб олинаётган учувчисиз учқичлар сонини ҳам, бунинг учун бюджетдан қанча маблағ ажратилганини ҳам аниқ айтган эмас.

Bayraktar Туркия томонидан ишлаб чиқарилиб, узоқ вақт уча оладиган ва ҳаводан зарба беришга мўлжалланган учувчисиз учқич бўлиб ҳисобланади. “Орлан-10Е” мажмуаси эса, ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, масофадан туриб сув ва ер усти мониторингини олиб боришга мўлжалланган қурилмадир.

Президент Садир Жапаровнинг шу йил июнь ойида Анқара қилган сафари ортидан Туркия Қирғизистонга ҳарбий-техник кўмак кўрсатиши хабар қилинган эди.

НАТО мудофаа вазирлари Россия таҳдидидан ҳимояланиш режасини ўзаро мувофиқлаштиришди

НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари 21 октябрь куни Брюсселда Россия томонидан бир неча жабҳа бўйлаб ҳар қанақа муҳтамал ҳужумдан ҳимояланиш бўйича янги бош режани мувофиқлаштириб олдилар.

Ҳужжатда, Хитойнинг хатти-ҳаракатига борган сари кўпроқ аҳамият қаратилаётган бўлса-да, Шимолий Атлантика альянсининг асосий мақсади Москвани тийиб туриш бўлиб ҳисобланиши урғуланган.

Конфиденциал характерга эга бўлган НАТО стратегияси ядровий қуролдан фойдаланилиши, компьютер тармоқларининг бузиб кирилиши ва коинотдаги ҳужумларни ўз ичига олиши мумкин бўлган Балтика ва Қора денгиз минтақаларидаги ҳар қандай синхрон ҳужумга тайёр туришга қаратилган, деб ёзган Reuters агентлиги.

“Биз энг яхши ва замонавийлаштирилган режалардан фойдаланган ҳолда ўз иттифоқимизни мустаҳкамлашда давом этяпмиз”, дея урғулаган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг вазирлар учрашувидан сўнг. Учрашув иштирокчилари янги рақамли технологияларни ривожлантириш учун бир миллиард доллар ажратиш қарорини ҳам мувофиқлаштиришгани айтилмоқда.

Брюсселдаги учрашув олдидан Столтенберг Москва билан муносабатлар совуқ уруш даврида бери энг паст нуқтага тушганини билдирган.

“Бизда Россия билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун восита ва каналлар ҳали ҳам бор, бироқ биз НАТОнинг Москвадаги икки офисини ёпиш ва НАТОдаги Россия миссияси фаолиятини тўхтатиш ҳақида расмийлар томонидан олинган қарордан афсусдамиз”, дея қайд этган НАТО бош котиби.

Москва Ғарбга нисбатан агрессив режалари борлигини рад этиб, НАТОнинг ўзи ҳозирлик ҳаракатлари билан Европадаги вазиятни беқарорлаштириш учун замин яратаётганини иддао қилиб келади.

Путин “Толибон”ни террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринилаётганини билдирди

Россия президенти Владимир Путин

Россия “Толибон” ҳаракатини тақиқланган террор ташкилотлари рўйхатидан ўчиртиришга уринмоқда. Бу ҳақда президент Владимир Путин 21 октябрь куни “Валдай” клубининг ялпи сессиясида қилган чиқишида билдирди. Айни пайтда Россия президенти бу ишни аввало БМТ Хавфсизлик кенгаши қилиши лозимлигини урғулади.

Дунёдаги кўплаб мамлакатда террор ташкилоти ўлароқ эътироф этилган “Толибон” радикал ҳаракати август ойи ўрталарида Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрини жангсиз эгаллаб олганди. Ўшанда президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган ва бу ишни “йирик гуманитар инқироз келтириб чиқармаслик” истагида қилганини билдирган. Бунинг ортидан Афғонистон қарийб тўлалигича толиблар назорати остига ўтган.

Ғарб мамлакатлари Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятини тан олмаяпти. Уни расман тан олмаган Россия расмийлари эса толиблар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб турибдилар. Ана шундай учрашувлардан бири куни кеча Москвада ўтказилган – “Толибон” делегациясини Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қабул қилган. У толибларнинг халқаро майдондаги мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, “Афғонистоннинг янги расмийлари” билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини қайд этган.

Толиблар Кобулдаги аёллар митингини ёритаётган журналистларга ҳужум қилди

"Толибон" вакили Кобулдаги аёллар акциясини ёритаётган журналистни туртмоқда, 2021 йил 30 сентябри

Толибон жангарилари Кобулда “иш, нон ва таълим” талаб қилаётган аёллар митингини ёритаётган бир неча журналистга ҳужум қилди.

21 октябрь куни йигирмага яқин афғон аёли ўз ҳуқуқларини талаб қилиб кўчага чиққан. Толиблар аралашгунга қадар намойишчилар “Таълимга сиёсатни аралаштирманг” дея қичқирганлар.

Норозилик акцияси давом этаётган вақтда толиблардан бири чет эллик фотографни милтиқ қўндоғи билан урган, кейин эса тепган. Бошқа жангари журналистга мушт туширган, дея хабар қилди “Франс-пресс”. Агентлик маълумотига кўра, намойишни ёритаётган яна камида икки журналист жангарилар ҳужумидан жабрланган.

“Толиблар ҳеч кимни ҳурмат қилмайди: на чет эллик ёки маҳаллий журналистларни, на аёлларни”, деган намойиш ташкилотчиларидан бири бўлмиш Заҳро Муҳаммадий.

Толибон мулозимлари вазият бўйича изоҳ беришганича йўқ.

Август ойи ўрталарида халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматни ағдаришгандан сўнг толиблар қизлар ва аёлларга ўқиш, ишлаш ва спорт билан шуғулланишни тақиқлаб қўйган 1996–2001 йиллардаги биринчи бошқарув давридагидан фарқли ўлароқ, анча мўътадил сиёсат юритишга ваъда беришган эди.

БМТ ва инсон ҳақлари ташкилотлари янги афғон режимини ушбу ваъдаларини кенг кўламда бузаётганликда айблаб келади. Ҳозирга қадар мамлакатнинг 34 вилоятидан атиги бештасида қизларнинг мактабга қатнашига рухсат берилган, ишли аёлларнинг аксарияти эса толиблар буйруғига кўра уйда ўтиришга мажбур бўлмоқда.

ЖССТ “Спутник V” вакцинасини маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини шошилинч қўллаш учун маъқуллаш жараёнини қайтадан бошлаган – ташкилот реестридаги маълумот шундан далолат бермоқда.

“Спутник V”нинг Twitter’даги расмий саҳифасида айтилишича, вакцинанинг қайта квалификация қилиниши жараёни “жадвалга мувофиқ равишда бормоқда ва якуний босқичга кирган”. ЖССТ инспекторлари гуруҳи зарур текширувларни ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун тез орада Россияга келиши кутилмоқда.

“Спутник V”ни чет элдаги харидорларга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди вакцина яқин бир неча ой ичида маъқулланишига умид қиляпти.

Сентябрь ойида ЖССТ “Спутник V”ни маъқуллаш ишини тўхтатиб туришга қарор қилгани очиқланган. Бунга вакцина ишлаб чиқариладиган заводлардан бирида иш тегишли талабларга мувофиқ тарзда ташкил этилмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

“Спутник V” Россияда Гамалея номидаги марказнинг “Медгамал” фабрикасида, шунингдек “Биннофарм”, “Р-Фарм”, “Биокад”, “Генериум”, “Лекко” ва “Фармстандарт-УфаВИТА” фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилади.

“Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу иш билан Jurabek Laboratories қўшма корхонаси шуғулланмоқда.

Прокуратура: Саакашвили Грузияга сут маҳсулотлари ортилган машинада кирган

Михаил Саакашвили

Грузия прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айблашга оид қарор чиқарди.

Идора маълумотига кўра, Саакашвили “Вильнюс” кемаси бортида Украинанинг Черноморск шаҳридан Грузиянинг Поти бандаргоҳига етиб келган. 29 сентябрга ўтар кечаси кема портга кирган, шундан сўнг у ердан сут маҳсулотлари ортилган тиркамали трейлер йўлга чиққан. Саакашвили ана шу трейлерда бўлган.

Прокуратуранинг урғулашича, Саакашвили трейлерда бўлганини унинг телефонида тикланган видеоёзувлар тасдиқлайди.

“РИА Новости” агентлигининг хабар қилишича, Саакашвили томонидан чегара ноқонуний кесиб ўтилиши иши доирасида уч киши – трейлер ҳайдовчиси Элгуже Цомае, шунингдек Поти бандаргоҳининг икки ходими қўлга олинган.

Михаил Саакашвили саккиз йиллик танаффусдан сўнг шу йилнинг 1 октябрида Грузияга қайтган эди. Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари уни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Саакашвили ҳозирда Рустави шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги Любовь Соболни қидирувга берди

Любовь Соболь

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Алексей Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган Любовь Соболга нисбатан қидирув эълон қилди – унинг номи ИИВнинг қидирувдаги шахслар базасига киритилди.

Август ойида Соболь “санитария иши” бўйича бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Суд қарорига кўра, у махсус рухсатномасиз Москвани тарк этиш, кечки соат ўндан эрталаб олтигача уйдан ташқарига чиқиш ва оммавий тадбирларга бориш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аммо кўп ўтмай Соболь Россиядан чиқиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, унинг ўзи бу хусусда изоҳ берган эмас.

“Санитария иши”дан олдин Соболь “турар-жой дахлсизлигини бузиш” моддаси бўйича судланган. Судья унга Навальнийнинг заҳарланишида гумон қилинаётган ФХХ ходими Константин Кудрявцевнинг квартирасига киришга ва у билан гаплашишга урингани учун шартли равишда бир йиллик ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган.

Сентябрь ойи охирида Тергов қўмитаси Навальнийнинг энг яқин сафдошлари, жумладан Соболга қарши “экстремистик ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш” айблови билан жиноят иши очган.

“Санитария иши” Алексей Навальнийни дастаклаш учун 23 ва 31 январь кунлари Россиянинг ўнлаб шаҳарларида ўтказилган норозилик чиқишларидан сўнг очилган. Иш доираси Навальнийнинг бир неча сафдоши, шунингдек сиёсий фаоллар “санитария-эпидемиология қоидаларини бузишга қасд қилиш” айблови билан қамоққа олиниб, аксарияти бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Туркияда ўзбекистонлик дохил олти киши жосуслик айблови билан қўлга олинди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида сиёсий ва ҳарбий жосусликда айбланган олти нафар хорижлик ҳибсга олинди. Улардан бири ўзбекистонлик, яна бири украиналик, тўрт нафари эса Россия фуқаросидир. Терговчилар мулоҳазасича, улар Туркияда яшаган чечен мухолифатчиларига ҳужум уюштиришга ҳозирланишган ва бунинг учун қурол-аслаҳа сотиб олишган.

Хорижликлар ҳибсга олингани ҳақида прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган Hürriyet нашри уларнинг исмларини очиқлаган. Булар россиялик Абдула Абдулаев, Равшан Ахмедов, Беслан Расаев, Асланбек Абдулмуслимов, украиналик Игорь Ефрим ҳамда ўзбекистонлик Амир Юсуповлардир.

Sabah газетаси терговчилар ҳибсга олинган шахсларнинг Россия фойдасига ишлаган, деган фикрда эканини ёзган. Қўйилган айблов бўйича улар 15 йилдан 20 йилгача қамалишлари мумкин. Россия элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

Аввалроқ Кавказ.Реалии таҳририяти маҳаллий чечен диаспораси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда қўлга олинганлар чеченистонлик блогер Ҳасан Халитов ҳамда Суриядаги чечен жиҳодчилари отрядларидан бирининг командири Рустам Ажиевга суиқасд уринишида гумонланаётгани ҳақида хабар қилган.

Алексей Навальний Европа парламенти томонидан Андрей Сахаров мукофотига лойиқ топилди

Европа парламенти Андрей Сахаров номидаги “Фикр эркинлиги учун” мукофотини россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга топширишга қарор қилди. Бу ҳақда Озодликнинг рус хизмати ҳодисадан хабардор икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Ғолиб исмини расман очиқлаш маросими 20 октябрь оқшомида бўлиб ўтади.

Мазкур хабар ортидан мукофот Навальнийга берилиши ҳақида унинг номзодини кўрсатган Европарламент фракцияси ҳам баёнот берди.

Сахаров мукофоти Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий мукофоти бўлиб ҳисобланади. Россиялик мухолифатчининг номзоди бу мукофотга Европарламентнинг энг йирик фракцияси бўлмиш Европа халқ партияси ҳамда “Европани янгилаш” деб номланган либераллар фракцияси томонидан кўрсатилган.

Алексей Навальний йил бошидан буён Россиядаги қамоқхонада ўтирибди. У Германиядан даволаниб қайтиши биланоқ Москва аэропортида қўлга олинган. Мухолифатчининг қамоқ муддати 2023 йил кузида тугаши керак. Бироқ унга қарши яна бир нечта жиноят иши қўзғатилган.

Ўтган йили Сахаров мукофотини Беларусь мухолифати вакиллари олган. 2018 йилда эса мазкур мукофот Россия қамоқхонаси собиқ маҳбуси – украин режиссёри Олег Сенцовга топширилган.

Навальний жорий йилда Нобель тинчлик мукофотига ҳам номзод қилиб кўрсатилган эди, аммо пировардида мукофот икки журналист – филиппинлик Мария Ресса ҳамда россиялик Дмитрий Муратовга топширилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореядаги ракета синовлари ортидан ошиғич мажлис ўтказмоқчи

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея 19 октябрь куни баллистик ракета синовини ўтказгани ортидан ошиғич мажлисга йиғиладиган бўлди. Мажлис Қўшма Штатлар, Буюк Британия ва Франция ташаббуси билан чақирилмоқда. Бу ҳақда Япониянинг NHK телерадиокомпанияси хабар қилди.

Ядровий ва ракетага оид ҳарбий дастурларни ривожлантираётгани учун Шимолий Кореяга қарши БМТ санкциялари жорий қилинган. Шунга қарамай, Пхенян атом қуролини ташувчи янги ракеталарни синовдан ўтказишда давом этмоқда. Давлатга қарашли Марказий телеграф агентлигининг баёнотига мувофиқ, 19 октябрь куни КХДР сувости кемасидан янги баллистик ракета отишни муваффақият билан амалга оширган.

Шимолий Корея дунёда сон жиҳатдан сувости кемалари энг кўп бўлган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг тарассуфида, турли ҳисоб-китобларга кўра, 70 тадан 90 тагача дизель кемаси бор. Бу кемалардан бирини ядровий қурол билан жиҳозлаш имконияти минтақадаги вазиятни сезиларли даражада беқарорлаштириши мумкин.

19 октябрь кунги синов Шимолий Кореянинг бу йил ҳисобидан саккизинчи йирик ракета синови бўлди. 15 ва 28 сентябрда ўтказилган синовлардан кейин БМТ Хавфсизлик кенгаши мазкур синовлар бўйича қўшма баёнот ёйинлашга уринган. Бироқ Россия ва Хитой вакилларининг тутган мавқеи туфайли баёнот матнини мувофиқлаштириш муваффақ бўлинмаган.

Толибон вазири худкушларнинг оилаларига пул ва ер ваъда қилди

Сирожиддин Ҳаққоний худкуш террорчиларнинг яқинлари билан кўришмоқда, Кобул, 2021 йил 18 октябри

Толибон тузган ҳукуматда ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи, энг катта террорчилардан бири сифатида халқаро қидирувга берилган Сирожиддин Ҳаққоний худкушларни алқаб, уларнинг қариндошларига пул ва ер ваъда қилди.

Қўшма Штатлар томонидан террорчилар рўйхатига киритилган “Ҳаққоний тармоғи” гуруҳи етакчиси бўлмиш Сирожиддин Ҳаққонийнинг боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинган.

18 октябрь куни Ҳаққоний Кобулдаги Intercontinental меҳмонхонасида бир неча террорчининг яқинлари билан учрашди, дея хабар қилган ИИВ вакили Саид Хустий.

Хустий ва Толибон тарафдорларининг Twitter’даги аккаунтларида Ҳаққоний дея тахмин қилинаётган кишининг учрашувда одамлар билан қучоқлашиб кўришаётгани акс этмиш фотосуратлар эълон қилинган. Суратларда унинг юзи хиралаштирилган ёки кадрга орқа ўгирган ҳолда тушган.

Баёнотда Ҳаққоний худкуш террорчилар оилаларини олқишлаб, ҳалок бўлганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани айтилган.

Афғонистоннинг RTA давлат телеканали Ҳаққоний ҳар бир оилага 125 доллардан пул ва томорқа беришни ваъда қилгани ҳақида хабар берган.

Толибонга алоқадор “Ҳаққоний тармоғи” жанговар гуруҳи АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучларига ва август ойида толиблар Кобулни эгаллаб олгани ортидан ағдарилган афғон ҳукуматига қарши ҳужумлар уюштириб, кўплаб ҳарбийларни ўлдирганликда айбланади.

Қирғизистон: “Дўстлик” чегара масканида ўзбекистонликлардан пора талаб қилган чегарачилар ушланди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш маскани

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстуқ-автодорожний” назорат-ўтказиш масканида мансабдор шахслар чегарадан ўтаётган фуқаролардан мунтазам равишда пул талаб қилиб келганлар. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан (МХДҚ) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Чегара хизматининг айрим раҳбарлари ҳимоясида ҳаракатланган бу шахсларнинг асосан қурбонлари Ўзбекистон фуқаролари ҳамда юк ташийдиган машиналар ҳайдовчилари бўлган. Мазкур факт Қирғизистон Жиноят кодексининг “Бир гуруҳ шахслар томонидан пора олиниши” моддаси бўйича Жиноят ва қилмишлар ягона реестрида қайдга олинган.

МХДҚ хабарномасида 19 октябрь куни “Дўстуқ-автодорожний” НЎП бошлиғи А.Э., МХДҚ Чегара хизматининг Ўш вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Ч.Н. ҳамда МХДҚ Чегара хизмати бош штаби раҳбари К.Б. қўлга олингани ва қўмитага қарашли Ўшдаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган.

АҚШ: ФТБ россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида тинтув ўтказди

Олег Дерипаска

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) россиялик олигарх Олег Дерипасканинг Вашингтондаги уйида “тергов ҳаракатлари”ни олиб борди. Бу ҳақда ФТБ расмий вакили баёнот берган.

NBC News телеканали ўз мухбирлари ўша пайтда Олег Дерипасканинг уйи яқинида бўлганини, уйни ФТБ агентлари қуршаб олишганини хабар қилган.

ФТБ ходимлари рус олигархининг уйига киришган. Тинтув ўтказилиши сабаби очиқланганича йўқ.

Миллиардер ва нефть қироли Олег Дерипаска президент Владимир Путинга яқинлиги билан танилган. Олигарх 2018 йил апрелида АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкциялар қўлланилган расмий шахслар ва тадбиркорлар рўйхатига киритилган.

Washington Post маълумотига кўра, Дерипасканинг Вашингтондаги уйи майдони 2100 квадрат метрдан ошади. У Россия элчихонасидан тахминан бир ярим чақирим нарида ва АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваторияси ёнида жойлашган. Уйда еттита ётоқхона мавжуд бўлиб, пол итальян мармаридан ишланган, залга осилган катта қандил эса бир пайтлар Париж опера театрини безаб турган.

Аввалроқ “Важние истории” нашри ҳамда мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг қариндошлари Олег Дерипасканинг хусусий учоқлари, уйлари ва меҳмонхоналаридан фойдаланишини, вазир эса бунинг эвазига Дерипасканинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилишини аниқлашган эди.

Эрдўғон дунё II жаҳон урушининг “бир ҳовуч ғолиблари”га қарам бўлиб қолганини танқид қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ангола парламентида сўзлаган нутқида дунёнинг Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари бўлмиш “бир ҳовуч мамлакат”га қарамлигини камайтириш зарурати ҳақида гапирди.

“Башарият тақдири Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиққан бир ҳовуч мамлакатнинг марҳаматига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин эмас”, дея иқтибос келтирган ТАСС агентлиги Эрдўғон сўзларидан.

Туркия президентининг таъкидлашича, жаҳонда дипломатия, тижорат ва халқаро алоқалар ўзгараётган бир пайтда “глобал хавфсизлик архитектураси эски ҳолида қолиши ақлга сиғмайди”.

Эрдўғон глобал тизимда, хусусан БМТ Хавфсизлик кенгашида тенгсизлик мавжудлигини, “дунё беш мамлакат билан чекланмаслигини” айтган. Бу ерда гап БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва вето ҳуқуқига эга беш давлат – АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой ҳақида бормоқда. Улар Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари сифатида кенгашга кирган.

Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш масаласи БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил сентябридаги йиғилишида ҳам кўтарилган эди. Хусусан, Япония бош вазири Ёсихидэ Суга ушбу орган замонавий дунё воқелигини акс эттириши лозимлигини айтган. Кенгашнинг доимий аъзолари сонини кўпайтириш ғоясини Франция ҳам қўлламоқда. Расмий Париж назарида Кенгашга Германия, Ҳиндистон, Япония ва Бразилия ҳам қабул қилиниши керак.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод истеъфо берди

Залмай Халилзод

АҚШнинг Афғонистонда сулҳ тузиш масалалари бўйича махсус элчиси Залмай Халилзод истеъфога чиқди. Халилзод илгари толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига бошчилик қилган. Унинг истеъфоси ҳақида АҚШ ОАВлари Давлат департаментига таянган ҳолда хабар қилди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 18 октябрь куни Залмай Халилзод ўрнига унинг ўринбосари Томас Уэст тайинланишини эълон қилган.

Блинкен Залмай Халилзодга миннатдорлик билдираркан, “Ўнлаб йиллар мобайнида Америка халқига хизмат қилгани учун ундан миннатдорман”, деб айтган.

Халилзод баёнотида ўзининг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларини ҳимоя қилган, шу билан бирга, сўнгги миссиясини тўла-тўкис бажара олмаганини тан олган.

“Афғон ҳукумати билан Толибон ўртасидаги сиёсий битим режадагидек амалга ошмади. Бунинг сабаблари ниҳоятда мураккаб, мен бу борадаги фикрларимни давлат хизматидан кетганимдан сўнг тез орада билдираман”, деб ёзган Халилзод.

Пуштун миллатига мансуб бўлган Залмай Халилзод 71 ёшда бўлиб, у Афғонистонда туғилган, Байрутдаги (Ливан) Америка университетини тамомлаган. Чикаго университетида докторлик илмий даражасини ҳимоя қилганидан сўнг АҚШда қолиб кетган. Қўшма Штатларнинг Афғонистон, Ироқ ва БМТдаги элчиси бўлиб ишлаган.

2018 йилда Халилзод АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланган ва Дохада бўлиб ўтган толиблар билан музокараларда АҚШ делегациясига раҳбарлик қилган. Музокаралар якуни бўйича 2020 йил 29 февраль куни имзоланган битимга кўра, хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этиши, Толибон ва афғон ҳукумати тинчлик музокараларини ўтказиши лозим эди.

Аммо Қўшма Штатлар ўз қўшинини олиб чиқиб кетишни бошлаганидан сўнг вазият ўзгарган. Толиблар билан Ашраф Ғани ҳукумати ўртасидаги музокаралар барбод бўлган ва 15 августга қадар Толибон мамлакатнинг катта қисмини, жумладан пойтахт Кобулни эгаллаб олган.

Афғонистонда ва дунёда кўпчилик Залмай Халилзод фаолиятига танқидий қарайди. Уларнинг фикрича, пуштун миллатига мансуб Халилзоднинг толиблар билан музокаралари ушбу радикал гуруҳга бир қадар сиёсий легитимлик берган, айни чоғда Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига олиб келмаган.

Тожикистонда таниқли ҳуқуқ фаоли 9 йилга қамалди

Иззат Амон

Душанбе суди товламачиликда айбланган таниқли ҳуқуқбон Иззат Амонни 9 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳукм 19 октябрь куни эълон қилинганини билдирган адвокат Сайбурхон Шарифов Озодликнинг тожик хизматига суд ҳукмини “ноқонуний” деб ҳисоблашини айтган. И. Амоннинг адвокати ўз мижози Тожикистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинмиш амнистияга тушиши мумкинлигини қўшимча қилган. Шу билан бирга, адвокат суд ҳукми устидан аппеляция тартибида шикоят аризаси киритилишини маълум қилган.

Иззат Амон кўп йиллар мобайнида Москвадаги тожиклар марказига раҳбарлик қилган. У Россия фуқаролигидан маҳрум қилиниб, шу йил 25 мартида ҳуқуқ фаолини молиявий фирибгарликда айблаётган тожик расмийлари талабига кўра Россиядан бадарға қилинган. И. Амоннинг яқинлари ва тарафдорлари мазкур айбловни рад этишиб, ҳуқуқбон сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини иддао қилишган.

Иззат Амон раҳбар бўлган нотижорат ташкилоти Москвада меҳнат муҳожирларига иш топиш, иш ва яшаш учун рухсатнома олишга кўмаклашиб келган ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан шуғулланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG