Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:53

Марғилонда Президент ташрифи олдидан тиббиётчилар фаррошга айланди


Марғилонлик тиббиётчиларга кўра, улар Ҳунармандлар марказини тозалашган.
Марғилонлик тиббиётчиларга кўра, улар Ҳунармандлар марказини тозалашган.

Марғилондаги тиббиёт муассасалари ходимлари президент бориши режалаштирилган Ҳунармандлар марказидаги тозалаш ишларига жалб қилинди.

Шаҳар ҳокимлиги расмийлари президент ташрифига тайёргарлик ишлари кетаётганини тасдиқлар экан, тиббиёт ходимлари бу ишга мажбуран жалб этилганини инкор этди.

Марғилон шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, президентнинг шаҳарга 29 майда келиши кутилмоқда.

Айни пайтда

Фаррошга айланган тиббиёт ходимлари

Марғилондаги тиббиёт муассасалари ходимлари президент Мирзиёев бориши режаланган Ҳунармандлар савдо марказини тозалаш ишларига 25 май куни жалб қилингани тўғрисида Озодликка хабар қилган марғилонлик тиббиёт ходимлари ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни маъқул кўришди.

“Кеча бизнинг поликлиникадан 5 кишини ТРЗ бозори ёнидаги янги қурилган Ҳунармандлар марказидаги дўконларни тозалашга олиб боришди. Ўзим ҳам бордим. Ойналарни ювдик. Лекин поли роса расво экан. Оқариб ётибди, ювганингиз билан ҳам тоза бўлмайди. Бугун яна 5 кишини олиб кетишди. Эртага яна борасизлар, деб айтишди. Президент келгунча тозалаб бўлиш керак экан”, деди тозалаш ишларига жалб қилинган тиббиёт ходимаси.

Марғилондаги бошқа бир поликлиниканинг ходимасига кўра, Ҳунармандлар марказидаги тозалаш ишларига шаҳардаги деярли барча тиббиёт муассасаларидан “ҳашарчилар” олиб келинган:

“Тиббиёт ходимлари ҳаммамиз фаррошлик қиляпмиз. Ҳар бир поликлиника, ҳар бир шифохонадан одам бор бу ерда. Санитаркалар, ҳамширалар келган. Эрталабдан келдик, на сув беришади, на овқат. Дўконларни тозалаб бўлгунча ҳар куни келар эканмиз”.

Озодлик Марғилондаги иккита поликлиника раҳбари билан боғланди. Улар бир гуруҳ ходимлари Ҳунармандлар марказидаги тозалаш ишларига жалб қилинганини тасдиқлашди.

“Ўзим ҳозиргина Ҳунармандлар марказидан келдим. Бешта ходимимиз ўша жойда. Кеча ҳам 5 кишини жўнатганмиз. Бизга тепадан буюришганини қиламиз. Президент шу марказга келаркан. Марказнинг ҳозирги аҳволи президент кўрадиган даражада эмас. Шунга тиббиётчиларни ҳам ёрдамга чақиришган. Энди бу каби ҳашарлар биринчи марта эмаску, ўрганиб қолганмиз”, деди шаҳардаги поликлиникалардан бирининг раҳбари.

“Биз шифокорларни бунақа ишларга жалб қилмаймиз”

Марғилон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Абдуманноп Мансуров 26 май куни Озодлик билан суҳбатда тиббиётчилар шикоятини изоҳлар экан, дастлаб, буни бир кунлик ҳашар деди, кейин эса ўзиниг гапини ўзи инкор қилди:

“Бир кун ҳашарга борган бўлиши мумкин. Бугун мен ўзим ўша жойда эдим. У ерда бугун фақат мавсумий ишчилар, усталар бор. У ерда ҳашар йўли билан қиладиган ишнинг ўзи йўқ. Ҳунармандлар маркази деярли тайёр ҳолатга келди. 1-2 кунлик иши бўлиши мумкин. Ичидаги қурилиш-таъмирлаш ишларини усталарнинг ўзи қиляпти. Бизда шифокорларни умуман унақа ишларга жалб қилишмайди. Айниқча, бунақа пандемия даврида”.

Президент Марғилондаги 8 та объектни бориб кўради

Марғилон шаҳридаги халқ тилида “ТРЗ бозор” номи билан танилган “Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси” ёнида янгидан қурилган Ҳунармардлар савдо маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги қарорига кўра, ташкил этилган.

Марғилон шаҳар ҳокимлигининг яна бир мулозимига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг Марғилонга ташрифи 29 майга режаланган бўлиб, президент шаҳардаги жами 8 та объектни бориб кўриши кутилмоқда.

“Президентимиз ҳунармандлар марказидан ташқари, Ахборот- технологиялар маркази, Лойиҳалаш марказига ҳам боради. Президентимиз Марғилондаги жами 8 та объектни бориб кўриши режаланган. Ҳозир нафақат Ҳунармандлар марказида, балки бошқа барча ташриф объектларида тайёргарлик ишлари қизғин. Жумага озгина вақт қолди, шунга тайёргарлик авжида ҳозир. Лекин мен ташриф объектларида кимлар ишлаётганидан бехабарман”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми ошкор қилинмаслигини сўраган ҳокимлик ходими.

“Ичида гази йўқ қувурларни сариққа бўяшди”

Марғилонлик бир йигитнинг айтишича, президент ташрифига тайёргарлик доирасида айрим жойларда камчиликларни яшириш мақсадида фақат фасадлар безалмоқда:

“Масалан, Марғилоннинг қоқ марказидан ўтувчи Аҳмад Яссавий йўли атрофида ҳозир ободонлаштириш ишлари қизғин кетяпти. Йўлдаги бордюрлар бўялмоқда. Энг қизиғи шу йўл бўйида ичида гази йўқ трубаларни сариққа бўяб қўйишмоқда. Худди ичида газ тўладай қилиб кўрсатишмоқчида. Кимга керак ўзи бунақа кўзбўямачилик? Президент билмайди, деб ўйлашадими, ҳайронсан буларга”.

Ўтган йилнинг баҳорида ҳам Фарғонада президент Мирзиёев ташрифи олдидан уйларнинг фасади безалиб, томларнинг кўча томони қизғиш рангга бўялганди.

Шунингдек, ўтган йили Фарғона вилоятида Мирзиёев ўтиш эҳтимоли бўлган йўл бўйидаги майдонларга экилган чигит устига целлофан плёнка тортилганди.

Озодлик 2015 йилнинг октябрида ҳам Шавкат Мирзиёев ташрифига Фарғонада қилинган кўзбўямачилик ҳақида ёритганди. Ўша пайтда Фарғонанинг Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди.

Ўша пайтда мамлакат Бош вазири лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлган, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмагани хабар қилинганди.

Ўзбекистонда президентнинг вилоятларга ташрифидан олдин объектларни чиройли кўрсатиш ҳаракатлари марҳум Ислом Каримов давридан қолган "анъана".

Ўша пайтда бу тадбирларга Бош вазир сифатида бош-қош бўлган Мирзиёев ташрифига ҳам айни шундай ҳозирлик кўриш давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG