Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 00:58

Сергелидаги қурилишда ишлатилаётган маҳкумлар маошининг 21%и ушлаб қолинмоқда


Сергелида маҳкумлар қураётган уйлардан бири.

Жорий йил январидан бошлаб, Сергелидаги кўпқаватли уйлар қурилишида ишлаётган маҳкумлар ойлигидан 21 фоизи колония фойдасига ушлаб қолинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Тошкентдаги 51- манзил колонияда сақланаётган маҳкумлар хабар қилди.

​Озодлик суҳбатлашган 51-манзил колония ходимларидан бири маҳкумлар маошидан ушлаб қолинаётганини колония қарзи билан боғлади.

51-манзил колония бошлиғи подполковник Анвар Валиевнинг Озодликка айтишича, "муассаса ривожлантириш фондига пул ушлаш мутлақо қонунийдир".

Ўзбекистон Жиноят-ижроия кодексида маҳбуснинг меҳнат ҳуқуқлари озодликдаги шахсларники билан тенглиги қайд қилинган.

Маҳкумлар Сергелида қураётган уйлардан бири
Маҳкумлар Сергелида қураётган уйлардан бири

​Тошкентнинг Яшнобод туманида жойлашган 51-манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган 60 га яқин маҳкум Сергелидаги кам таъминланган оилаларга мўлжалланган уйлар қурилишида ишлаяпти.

Озодлик билан суҳбатлашган маҳкумлар тазйиққа учраш хавфи боис исмини очиқламасликни сўрашди.

Маҳкумлардан бирининг айтишича, жорий йил январь ойидан бошлаб уларнинг маошидан колония фойдасига ушлаб қолинмоқда.

Ҳеч бир колонияда маҳкумларни бунақа очиқчасига талашмайди

“Ойлигимизнинг 21 фозини мажбурий равишда колония фондига олиб қолишаяпти. Олдин бунақа эмасди. Шу йил январидан бошланди. Ҳеч бир колонияда маҳкумларни бунақа очиқчасига талашмайди”, дейди маҳкум.

Сергелида маҳкумлар яшайдиган вагонлардан бири
Сергелида маҳкумлар яшайдиган вагонлардан бири

Маҳкумлар томонидан Озодликка тақдим қилинган ҳужжатда ҳар ой маҳкумлар ойлигининг 21 фоизи муассаса ривожлантириш фондига ушлаб қолинаётгани акс этган. (Озодлик бу ҳужжатда маҳкумлар исм-фамилияси борлиги сабаб уни эълон қила олмайди)

“Биз қурилишда қилган меҳнатимизга ҳақ оламиз. Прораб ҳар бир маҳкумнинг кундалик қанча ишлаганини ҳисоблаб боради. Ойлигимиз 1 - 2,5 миллион сўм атрофида бўлади. Ҳар ой ҳар хил. Бундан 12 фоизини даромад солиғига ушлашади. Яна 21 фоизи колония фондига

2,5 миллион сўм ойлик ёзилса, шундан қарйиб 500 минг сўмни колония фойдасига ушлашади

ушланади. Масалан, 2,5 миллион сўм ойлик ёзилса, шундан қарйиб 500 минг сўмни колония фойдасига ушлашади”, деди Озодлик 12 август куни суҳбатлашган маҳкум.

Бошқа бир маҳкум маошидан ушлаб қолинаётгани борасида бирорта ҳам маҳкум очиқчасига норозилик билдира олмаслигини айтди.

“Ойлигимиздан колония фондига ушланаётгани бор гап. Лекин биз кичкина одамлармиз, нима ҳам қила олардик. Агар бирор одам шикоят қилгудай бўлса, унга қўшимча нарушение ёзишади. Бу қўшимча жазо дегани. Шу билан озодликка чиқмоқчи бўлиб турган одам ҳам яна маълум муддатга қолиши мумкин”, деди маҳкум.

Сергелида маҳкумлар яшайдиган вагонлардан бири
Сергелида маҳкумлар яшайдиган вагонлардан бири

​Маҳкумларнинг айтишича, Сергелидаги кам таъминланган оилаларга мўлжалланган қурилишларда қатнашаётган маҳкумларни мамлакатнинг турли жойларидаги колониялардан йиғиб келишган.

Маҳкумлар арзон ишчи кучи бўлгани учун икки йилдан бери Сергелидаги қурилишда ишлаяпмиз

“Ўзбекистоннинг қайси манзил колониясида қурилиш соҳаси бўйича мутахасислиги бор маҳкум бўлса, ҳаммасини шу Сергелидаги қурилишга олиб келишган. Маҳкумлар арзон ишчи кучи бўлгани учун икки йилдан бери Сергелидаги қурилишда ишлаяпмиз. Шу ерда вагонда яшаймиз, иккита милиция ходими қоровуллайди бизни”, дейди Озодлик билан суҳбатлашган маҳкум.

​Озодлик суҳбатлашган 51-манзил колония ходимларидан бири маҳкумлар маошидан ушлаб қолинаётганини колония қарзи билан боғлади.

Сергелида маҳкумлар қураётган уйлардан бири.
Сергелида маҳкумлар қураётган уйлардан бири.

“Билишимча, ГУИНдан колонияга катта суммада пул қарзга олинган. Бу пулга мебель ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиш режалаштирилган эди. Бироқ бу режа амалга ошмади. Шунинг учун маҳкумлар ҳисобига қарзни ёпаётган бўлиши мумкин. Мен бухгалтериядан узоқдаги одамман. Бу фақат эшитганим. Аниғини бошлиқлардан сўрайсиз”, деди шахсини очиқламасликни сўраган колония ходимларидан бири.

Озодлик 51-манзил колония бошлиғи подполковник Анвар Валиев билан телефон орқали боғланди.

Подполковник Валиев муассаса ривожлантириш фондига пул ушлаш мутлақо қонунийлигини таъкидлади.

"Фондга ҳар доим пул олинган. Ҳозир ҳам олинаяпти. Хат- ҳужжат, буйруқлар ҳаммаси тахт. Келинг ҳаммасини кўрсатаман. Лекин телефон орқали маълумот бермайман”, дея гўшакни қўйиб қўйди Валиев.

Ўзбекистон Жиноят-ижроия кодексида маҳбуснинг меҳнат ҳуқуқлари озодликдаги шахсларники билан тенглиги қайд қилинган.

Кодекснинг маҳкумлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир 92- моддасида бундай дейилган: “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнатига меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади”.

Меҳнат нормаларини ва меҳнат вазифаларини бажарган маҳкумлар меҳнатига тўланадиган ойлик ҳақ қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.​

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG