Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2019, Тошкент вақти: 05:01

Зангиота тарбия колониясида назоратчилар маҳкумларга қўшиб ишлатилмоқда


Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли Зангиота 24- тарбия колонияси назоратчилари маҳкумлар билан бирга қамоқхона ҳудудидаги эски биноларни бузишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган назоратчиларнинг айтишича, улар белгиланган хизмат соатини ишлаб бўлганидан сўнг олиб қолиниб, мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда.

Қамоқхона маъмурияти бу масалани ўрганиб, жавоб беришини айтди.

Зангиота туманидаги вояга етмаганлар 24-тарбия колонияси назоратчиларидан Озодликка келган мактубда, колония бошлиғи уларни маҳкумлар билан қўшиб ишлатаётгани ҳақида бундай ёзилган:

“Биз ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли Зангиота туманидаги 24-тарбия колониясида (вояга етмаганлар зонасида) назоратчи булиб ишлаймиз. 14 февралдан буён бизни ишдан кейин мажбурлаб зонада ишлатишяпти. Тунги хизматдан кейин кундузги хизматга ҳам қолиб ишлаяпмиз. Кундузги хизматга тушадиганлар эса зонанинг ичида мардикордек ишлатиляпти. 12 соатлик хизмат 24 соат бўляпти. Биз ҳам одаммизку, бизнинг ҳам уйимизда муаммолар, ҳал қилинадиган ишлар борку. Ҳеч қандай моддий ёрдам ҳам берилмаяпти, ҳеч бўлмаса тушлик хам ташкиллаштиришмаяпти. Ходимга бундай қулдек муомала қилишга ким хуқуқ берди бошлиққа? Шундай катта вазирликнинг наҳотки техникаси, ишчи кучи бўлмаса?”

24- тарбия колониясининг ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган назоратчиларидан бирининг Озодликка айтишича, уларнинг иш соатлари икки бараварга чўзилиб кетяпти:

“Масалан, кеча кечқурун соат олтида сменани қабул қилиб олган бўлсам, бугун эрталаб соат 9 да топширишим керак эди. Лекин, соат 9 да менинг ўрнимга келадиган смена ишни қабул қилмайди, уларни ичкарига стройкага ишлагани жўнатади. Менинг ухламасдан юрганимга 26 соатдан ошиб кетди. Ҳозир уйга бораманда эрталаб беш яримда туриб яна ишга келаман, смена қабул қилмайману, ичкарида стройкада ишлайман. Ана шу милиция формасида маҳкумлар билан қўшилиб, чанг-тўзонда ишлаймиз. Учта смена доим алмашиб-алмашиб, қурилишда ишлатиляпти”

Назоратчининг айтишича, қарийб юз ходимнинг учдан бир қисми ҳар куни чангу-тупроққа беланиб ишламоқда:

“Бизни 14-колонкадан (манзил колония демоқчи - таҳр.) келган 15 нафар маҳкумга қўшиб формада итдек сўкиб ишлатишади. Бу маҳкумлар яхши ишламайди. Чой ичиб ўтиришади. Уларга бақиролмайди, чунки улар дарров порталга ёзади. Кучи етгани биз, назоратчилар, уйқудан қолган, уст-бошимиз расво бўлган, хуллас ҳамма ёқ дабдала. Биз ишдан айрилишимиздан қўрқиб тупроққа беланиб ишлаяпмиз. Тағин ИИВ органлари ҳурматини кўтариш тўғрисида ҳар душанба маърифат дарсида сафсатабозлик қилишади”

Озодлик қамоқхона назоратчиларининг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Зангиота туманидаги 24- тарбия колонияси маъмурияти билан боғланди.

Ўзини "навбатчи Ражабов" деб таништирган мулозим назоратчилар шикоятини эшитганидан сўнг Озодлик мухбирининг иш телефонини ёзиб олди ва бу масала раҳбариятга етказилишини ва ўзлари телефон қилиб натижасини айтишини билдирди.

Аммо кун давомида колониядан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Жазони ижро этиш бош бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими назоратчилар шикоятини обдон тинглагач, ёнидаги шеригига Озодликдан қўнғироқ қилинаётганини айтди. Мулозимнинг шериги паст овозда нимадир деганидан сўнг, мулозим гўшакни қўйиб қўйди. Озодликнинг кейинги қўнғироқлари жавобсиз қолди.

14 март куни Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати, мақолада баён этилган ҳолатлар бўйича қуйидаги жавобни Озодликка юборди:

"Бугунги кунда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 24-сон тарбия колониясида жазо муддатини ўтаётган тарбияланувчиларнинг сақлаш шароитларини жаҳон андозаларига мослаштириш, уларни колония ҳудудида ҳаракатланиши, лозим даражада таълим олиши ва яқинлари билан учрашувлар ўтказишлари учун эстетик мақбул шароитларни яратиш орқали, вояга етмаган тарбияланувчилар сақланаётган тарбия колониясини амалда тарбия масканига айлантириш мақсадида маънан экирган, максимал даражада ажратиш (яккалантириш) учун хизмат қиладиган, ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган девор ва панжара тўсиқларни демонтаж қилиш ва колония ҳудудини ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Тарбия колониясида олиб борилаётган ободонлаштириш ишларига Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 42-сон манзил-колониясида жазо ўтаётган 26 нафар маҳкум амалдаги қонун талабларига мувофиқ, белгиланган миқдорда иш ҳақи тўланишини таъминлаган ҳолда, шартнома асосида меҳнатга жалб этиб келинмоқда.

Бундан ташқари, колониядаги ободонлаштириш ишларига ўзларининг хиссаларини қўшиш мақсадида колония ходимларига ихтиёрий равишда навбатчиликдан ташқари пайтларда кўмаклашишлари учун рухсат берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ободонлаштириш давомида оғир меҳнат талаб этиладиган ишлар махсус техника (эксковатор) ёрдамида амалга оширилиб, мақолада кўрсатилганидек маҳкумлар ва ходимлар “қулдек” ишлашларига йўл қўйилмади.

Юқоридагиларга асосан, шикоят тарзида келтирилган мақола ёрдамида, Тарбия колониясида хайрли ниятларда амалга оширилаётган ишларга бошқача тус бериш орқали, ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлмаган жамоатчилик орасида, жазони ижро этиш тизимига нисбатан салбий фикр уйғотиш мақсад қилинганлигини эътироф этиш мумкин".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG