Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 20:50

Ўзбек мигрантлари: Россияга автобусда бориш самолётдан қимматга тушаяпти


Россияга автобус ва енгил автомашиналарда кетаётган ўзбек муҳожирлари ҳайдовчилар юлғичлигидан шикоят қилди. Уларнинг Озодликка айтишича, автобус кираси “самолёт нархи”дан ҳам ошиб кетмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги мулозими қўшни давлатларга йўловчи ташиш билан хусусий ширкатлар ва шахслар шуғулланишини, шунинг учун йўл кира ҳажмини белгилашга вазирликнинг алоқаси йўқлигини билдирди.

"Россияга автобусда самолёт нархида етиб бордик!"

Озодликка мурожаат қилган 38 яшар андижонлик Фарҳоднинг айтишича, унинг чўнтагини Россияга боргунча "автобус мафияси шилган".

Фарҳоднинг айтишича¸ самолëт билети қиммат бўлгани боис, 8 ҳамқишлоғи билан бирга 26 июль куни Москвага автобусда кетишга қарор қилган.

Андижонлик муҳожирларни Қозоғистон орқали олиб кетган микроавтобус
Андижонлик муҳожирларни Қозоғистон орқали олиб кетган микроавтобус

Фарҳод Андижоннинг "ҳар бир симёғочидан топса бўладиган" эълонлардан бирида кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилиб, Ҳусниддин исмли йигит билан боғланган ва йўл кирани келишган:

- Автобус 350 минг сўм, микроавтобус – 450 минг сўм, енгил машина 600 минг сўм деди. Болалар микроавтобусни маъқул дейишди.

Андижонлик йигитлар Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтишдан олдин Ҳусниддин айтган аёл билан учрашади ва унга келишилган пулнинг ярмини беради. Шундан сўнг, пулни олган аёл йигитларни чегарадан олиб ўтиб, Черняевкада бир микроавтобусга ўтирғизади ва йигитларга паспортларини тутқазиб, ортга қайтиб кетади.

Шу пайт бошқа бир қозоқ аёл пайдо бўлади ва андижонлик йигитлардан қўшимча пул талаб қилади.

- Ўша аёл паспортларни йиғиб олиб, яна 1,5 минг рублдан беришимизни айтди.”Хафа бўлманглар – ўзбекистонликларинг сизларни просто олиб ўтаяпти ва сизларни бизга сотяпти, деди. Аёл ҳар биримиздан 1,5 мингдан олди,- деди Фарҳод.

Андижонлик йигитларнинг сарф-ҳаражати шу билан тугамаганини айтаркан, Фарҳод деди:

- Қозоғистон ҳудудида вақтинчалик 5 кунлик “страховка” деб, яна 500 рублдан сўрашди – бу страховка аслида 200 рубль туради! Улар пулни, паспортни олиб қўйиб, мажбурлашаяпти.

"Жора" ўзбек муҳожирларидан қўшимча пул йиғмоқда"
"Жора" ўзбек муҳожирларидан қўшимча пул йиғмоқда"

Йўловчилар Қозоғистон - Россия чегарасига етиб боргач, чиқимнинг яна бир тури чиқади:

- Хуллас, 20 киши қозоқнинг Уральск шаҳрига етиб келдик. Бир кафедан Жора деган одам чиқиб, “Таможняга яна 500 рублдан – Қозоғистонникига 250, Россияникига 250дан берасан”, деди. Бу муаммосиз ўтишимиз, юкларимиз туширилмаслигига кафолат ҳақи экан. Шунга ҳам кўндик!

Шунда ҳам йиғ-йиғлар тугамайди:

- Ҳайдовчи менинг 13 минг рубль қарзимни 16 минг қилиб ёзиб қўйибди. Бермайман десанг – машина ҳеч қаерга юрмайди, мен эгасиман, деб турволди. Пули тугаган болалар Россияга, танишларига телефон қилиб, айтилган суммани картага тушириб берди, деди саргузаштларини ҳикоя қилган Фарҳод. У ҳатто Россияга кириб борганидан кейин ҳам ҳайдовчилар тамаси тугамаганини айтади.

Фарҳоднинг айтишича¸ Москванинг Балашихасига етиб келган микроавтобусдан тушган ўзбекистонликларни “Полиция олиб кетиши мумкин!”, деб қўрқитиб, қиммат нархдаги таксичилар кутиб олган. Фарҳоднинг айтишича¸ ўзларини олиб борган микроавтобус худди шундай схема асосида бошқа йўловчиларни Балашихадан Черняевкага олиб кетган.

Ўзбекистонликларнинг "ўртакаш"лар билан ёзишмасидан
Ўзбекистонликларнинг "ўртакаш"лар билан ёзишмасидан

"Унақа нарсалар бўлмаяпти бизда!"

Озодлик мухбири Москванинг Балашихасида Қозоғистон орқали автобусда Ўзбекистонга кетадиганларни йиғаётган Раҳматулла билан боғланиб, ундан нархларни сўради.

- Черняевкадан Балашихагача автобус 500 минг сўм.Ортиқча ҳеч нарса олинмайди – страховкага 200 рублдан олинади, бўлди. “Спринтер” нархи 700 минг сўм бўлади, ака. Қолган тафсилотларни акам Ҳусниддиндан оласиз, деди Раҳматулла.

Озодлик мақоламиз қаҳрамони - Фарҳод ва унинг ҳамшаҳарларини Ўзбекистондан юборган Ҳусниддин билан ҳам суҳбатлашди.

Ҳусниддин Фарҳод ва андижонлик ҳамшаҳарлари айтганларни асоссиз деб атаб, ортиқча тўловлар бошқа автобусчилар томонидан йиғилган бўлиши мумкинлигини иддао қилди. Бироқ у Озодлик мухбирига таклиф қилган нархлар укаси Раҳматуллар айтганидан фарқ қилди.

- Москвагача автобус 400 минг сўм бўлаяпти. Спринтерлар – 600 минг сўм. Ҳозир суғурта қилиб қўйган – 200-300 рубль страховка олади. Автобус ҳафтанинг фақат сешанба ва жума кунлари қатнайди, 3 сутка юради. Москванинг Балашиха деган жойига етиб келади. Бизга жуда кўпчилик ёрдам беради, ака. Билмадим, унақа нарсалар бўлмаяпти бизда! Бошқа машиналар бўлиши мумкин у – фақат мен бир ўзиммасда, ака, - деди Ҳусниддин.

Москвага қарзга ботиб етиб борган андижонлик йўловчилар Ҳусниддин ва у каби “ўртакашлар” сўзларига ишонмасликка чақирмоқда.

Фарҳод бу муаммога Ўзбекистон ва Қозоғистон мутасадди идоралари ҳам эътибор қаратишини сўраб, деди:

- Иккита давлат келишган ҳолда микроавтобус-автобуслар қатновини йўлга қўйса бўладику! Бунга гувоҳ бўлган одам сифатида ўзимизнинг фуқароларимиздан ёпиштирилган эълонларга ишонмасдан, керак бўлса¸ самолётда келишларини тавсия қиламан.

"Россияга автобус қатнови масаласида музокаралар кетмоқда!"

Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг матбуот маркази раҳбари Наврўз Ашурматов президент қарорига биноан Тошкентдан Россияга ҳозирча икки йўналиш бўйича автобус қатнови йўлга қўйилганини, яна бир неча йўналиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини Озодликка билдирди.

- Ҳозирча Россиянинг Нижний Новгород ва Қозон шаҳрига очилган. Талаб юқори ва йўловчи оқими катта бўлган Россия Федерацияси шаҳарларига яна автобус қатновларини очиш бўйича ҳозир “Ўзавтотранссервис” музокаралар олиб бормоқда.

Транспорт вазирлиги расмийсининг айтишича, янги йўналишларни очиш Қозоғистонга ҳам боғлиқ:

- Гап шундаки, бу битта бизга боғлиқ ҳолат эмас. Биз Қозоғистон орқали транзит ўтишимиз керак. Улар бунга рухсат бериши керак, Россия билан келишиш керак. Халқаро ташувлар паритет асосда амалга оширилади. Лекин сиз айтаётган Санкт-Петербург ва Москва бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда ва тез кунларда бу масала бўйича маълумотлар эълон қилинади, - деди Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари 2000 йил май ойида халқаро автомобиль қатновлари, жумладан автобус қатновларини тартибга солувчи келишувни имзолаган. Йўловчи автотранспорт хизматларини кўрсатишни ривожлантириш режасига кўра, катта сиғимли автобуслар сотиб олиниб, Бухородан Россиянинг Уфа, Ростов-Дон, Санкт-Петербург, Москва ва бошқа шаҳарларига автобус йўналишлари очилиши айтилганди.

Бу қатновлар президент Мирзиёевнинг 2018 йил 5 мартда имзолаган "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан йўлга қўйилиши режалаштириган эди.

Айни пайтда, Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг 2019 йил июнь ойи учун берган ҳисоботига кўра, Ўзбекистондан Россияга вақтинчалик миграция ҳажми ўсишда давом этмоқда.

1 июнь ҳолатига кўра 2,1 миллион ўзбекистонлик Россияда бўлган. Таққослаш учун, 2018 йил 1 декабрда 1,8 миллион киши, ундан бир йил олдин эса, 1,7 миллион киши эди.

Ўзбекистон Россиядаги мигрантлар сони бўйича биринчи ўринда турибди. Украина иккинчи -1,7 миллион, Тожикистон 1,3 миллион мигранти билан учинчи поғонани эгалллаган.

Шарҳларни кўринг (7)

XS
SM
MD
LG