Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 19:13

Москвадаги оммавий муштлашув ортидан 100дан ортиқ марказий осиёлик мигрант ушланди


Москвадаги Миграция маркази олдидаги муҳожирлар - июль, 2021

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари 100дан ортиқ одамнинг сешанбага ўтар кечаси Москванинг "Кузьминки" метро бекати яқинидаги оммавий муштлашувга алоқадорлигини текширмоқда.

Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Агентликка кўра, ҳодисага алоқадорликда гумон қилинаётган 102 киши полиция бўлимига олиб келинган. Оммавий муштлашув факти бўйича текширув бошлангани айтилади.

Айни пайтда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаганига оид расмий маълумот йўқ.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари оммавий муштлашувга нима сабаб бўлгани юзасидан расмий маълумот бермаяпти. Интерфакс агентлиги ўз манбаларига таянган ҳолда жанжал “шахсий адоват негизида” юз бергани ҳақида хабар тарқатди.

Аввалроқ Россия матбуоти муштлашувда Ўзбекистон фуқаролари ҳам қатнашгани ҳақида хабар берганди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги идораси кейинроқ бу хабарларни рад этди. Агентлик Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ходимлари билан бирга ҳодиса тафсилотларини ўргангани ва дастлабки хабарларга кўра, унда ўзбекистонликлар иштирок этмаганини билдирди.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси оммавий муштлашувнинг миллий асосда содир бўлгани ҳақидаги фаразларни рад этган.

Росгвардия матбуот хизмати ўнлаб одам полициянинг ҳудудий бўлимларига олиб келингани ва жамоат тартибини сақлаш юзасидан зарур чоралар кўрилаётганини билдирган.

Росгвардия ушланганлар ва омамвий муштлашувда қатнашганларнинг сони борасида маълумот бермаган.

РИА Новости агентлиги полициядаги манбаларига таяниб ушланганларнинг барчаси марказий осиёлик мигрантлар экани ҳақида хабар тарқатди.

Агентлик манбаси уларни маъмурий жазога тортиш масаласи кўрилаётганини айтган.

Унга кўра, сўз “майда безорилик ва ҳокимият вакилига бўйсунмаслик” ҳақида бормоқда. Бунинг учун Россия маъмурий жазо қонунчилигида 15 суткалик қамоқ ёки 2,5 минг рубль жарима белгиланган.

Аввалроқ Россия матбуоти муштлашувда Қирғизистон ва Тожикистон, шунингдек, Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон фуқаролари қатнашгани ҳақида ёзганди.

Аммо Қирғизистон ИИВнинг Россиядаги вакили Нурлан Жанбаев фақат Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида келиб чиққан муштлашув ҳақида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, Москва полицияси оммавий муштлашувнинг олдини олишга муваффақ бўлган.

«Тунда Россия полицияси билан бирга профилактик тадбирлар ўтказилди. Оммавий муштлашув юз бермаслиги учун Қирғизистон фуқаролари ҳам, Тожикистон фуқаролари ҳам полиция бўлимига олиб келинди. Ҳозир полиция текширмоқда», дея қирғиз ИИВси вакилининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Озодлик радиоси қирғиз хизмати.

Мулозимнинг билдиришича, ҳодисада бир қирғиз фуқароси пичоқдан яраланган, унинг аҳволи қониқарли дея баҳоланмоқда.

Қирғизистон вакили ҳозирда «Безорилик» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, полиция 103 кишини ушлаган, улардан 70 нафардан кўпи қирғизистонликлар. Уч нафар Тожикистон фуқароси полицияга ариза билан мурожаат қилган.

Ижтимоий тармоқларда оммавий муштлашув видеоси ва яраланган қирғизистонликларнинг суратлари тарқалди.

XS
SM
MD
LG