Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2021, Тошкент вақти: 20:24

Мьянмада яна икки намойишчи ҳалок бўлди


Ҳарбий тўнтаришга қарши аҳоли Янгон, Мандалай ва бошқа шаҳарларда намойишга чиққан - 8 март, 2021

8 март, душанба куни Мьянмада намойишчиларга қарши зўравонликлара яна икки одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар берди. Мамлакатда ҳарбийлар ҳукмронлигига қарши намойишлар давом этар экан, Янгон шаҳрида дўкон, фабрика ва банклар ёпилган.

Facebook ижтимоий тармоғида Мьичина шаҳри кўчаларидан бирида ётган икки жасад сурати тарқалди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, норозилик намойиши вақтида полиция шовқинли граната ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Бу орада намойишчилар яқинидаги бинолардан ўқ узилган.

Жасадларни ташишга ёрдам берганини айтган гувоҳларнинг бири Рейтер агентлиги билан суҳбатда бошидан ўқ еган икки кишининг ўша заҳотиёқ жони узилганини сўзлаб берди. Шоҳидларга кўра, яна уч киши жароҳатланган.

Намойишчиларга ким ўқ узгани ҳозирча аниқ эмас. Ўқ узилган пайтда ҳодиса жойида полиция ҳам, ҳарбийлар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Мьянмада 1 февраль куни амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг мамлакат бўйлаб оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди.

БМТнинг Мьянма бўйича махсус элчиси Кристина Шранер-Бургенер маълумотларига кўра, ҳарбий тўнтаришдан сўнг бошланган норозилик намойишларида 50 дан зиёд одам ўлдирилган.

Шунингдек, кўплаб намойишчи ҳибсга олинган. Қамоққа олинганлар орасида ўтган йил ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган “Демократия учун миллий лига” етакчиси Аун Сан Су Чжи ҳам бор.

Ҳарбий тўнтаришга қарши аҳоли Янгон, Мандалай ва бошқа шаҳарларда намойишга чиққан. Тавой шаҳридаги намойишчиларни ҳарбийлар билан тўқнашиб келаётган этник каренлар иттифоқи ҳимоя қилган.

Баъзи ҳудудларда амойишчилар Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёллар саронгларидан (либослари) ясалган байроқлар кўтариб чиққанлар ёки уларни кўчаларга илиб қўйганлар. Мамлакатда аёллар саронглари остидан ўтиш эркакларга омадсизлик келтиради, деган кўҳна қараш мавжуд. Шу сабабдан бу чора айрим ҳудудларда полиция ва ҳарбийларнинг шаштини пасайтирган.

Қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ўнга яқин касаба уюшмалари Мьянма халқини давлат тўнтаришини бекор қилиш ва Аун Сан Су Чжи ҳукуматини тиклаш талаби билан иш ташлашга чорлади.

Сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси гуруҳининг маълумотларига кўра, Мьянмада бугунга қадар 1800 дан зиёд одам ҳибсга олинган.

Душанба куни Global New Light of Myanmar газетасининг бош саҳифасида бошқарувдан четлатилган депутатлар қўмитаси фойдасига ишлаётганларга қарши чора кўрилиши ҳақида мақола эълон қилинди.

Мьянмада намойишчилар ўлдирилаётгани Ғарб мамлакатлари ғазабига сабаб бўлди. Осиёдаги демократик давлатлар ҳам бу ҳолатни қоралади.

Якшанба куни Америка Қўшма Штатлари ва баъзи Ғарб давлатлари ҳарбий хунта аъзоларига қарши санкция жорий қилди. Австралия эса мамлакат билан ҳарбий алоқаларни узди.

Мьянманинг қудратли қўшниси – Хитой инқирозга ечим топиш учун барча томонлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр экани, аммо ҳеч бир тарафга ён босмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG