Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 05:40

Самарқанднинг Найманида 1 ойлик ҳашар. Бюджетчилар ҳашарга мажбурланганидан шикоят қилмоқда


Найман маҳалласини ободонлаштиришда қатнашаётган ҳашарчиларнинг бир гуруҳи.

1 февралдан бошлаб Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманидаги Найман маҳалласида 1 ойлик ҳашар эълон қилинди.

Озодликка боғланган ҳашарчиларга кўра, тумандаги барча идора ва ташкилотлар ушбу маҳаллани ободонлаштиришга мажбуран жалб қилинган.

Бир ой давомида маҳалладаги уйлар фасади янгиланиб, кўчаларга шағал ётқизилиши режаланган.

Ҳокимлик мулозими Найман маҳалласини ободонлаштириш учун бюджетдан пул ажратилганини айтиб, ҳашарчилар ўз хоҳиши билан ёрдамлашаётганини таъкидлади.

Озодликка 11 февраль куни боғланган Тойлоқ туманидаги ташкилотлардан бирининг мулозими Найман маҳалласидаги ҳашарга мажбуран жалб қилинганликларини айтди:

“Ҳамма уйларнинг фақат кўча томони ремонт қилиняпти яъни уйларнинг фасади янгиланмоқда. Бу ишни қилиш тумандаги идора ва ташкилотларга юкланган. Халқ таълими, молия, солиқ, банклар, соғлиқни сақлаш каби ҳамма ташкилот ҳашарда қатнашяпти. Улар ўз ҳисобидан шу ишларни қилиб беряпти. Ҳар бир ташкилотга катта-кичиклигига қараб, 4-5та уйдан бўлиб берилган”.

Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни истаган мулозим ҳисоб-китобича, 1 та уйнинг фасадини янгилаш 2,5 миллион сўмга тушяпти:

“Уйларни девори штукатурка қилиняпти. Кейин қаймоқ рангга бўяляпти. Штукатурка 1 квадрат метри 15 минг сўм бўлса, уйнинг деворини 100 квадрат деб олсак, 1,5 миллион сўм сувоққа кетяпти. Деворни бўяш учун 2 челак бўёққа 500 минг сўм кетяпти. 1 та уйнинг фасади уста ҳақи билан тахминан 2,5 миллион сўмга тушяпти. Битта ташкилотга 4та уй берилган бўлса, 10 миллион сўм сарфлашга мажбур бўляпти. Бу ерни тугатгач Булунғурга ҳашарга бориш керак экан. Ўз ишимиз қолиб, ҳашардан бошимиз чиқмай қолди”.

Тойлоқ молия бошқармасига ҳам Найман маҳалласидаги 5та уйнинг фасадини янгилаш топширилган. Озодлик боғланган молия идораси мулозими улар тадбиркорлар ҳомийлигидан фойдаланаётганини яширмади.

“Бизга бириктирилган уйларнинг эгалари унчалик камбағал эмас экан. Уйларида машиналари бор одамлар. Улар ўзлари ҳам ҳашар ҳаражатларига ёрдамлашмоқда. Етмаганига ҳомийларни жалб қилганмиз. Тумандаги тадбиркорлар ёрдам беряпти. Биз ўзимиз ҳаражат қилмадик”.

Ҳашарга жалб қилинган идоралардан яна бирининг ходими ҳокимлик томонидан ҳашар учун айрим нарсалар берилаётганини ҳам айтди:

“Қум билан оҳакни ҳокимлик беряпти. Кейин цементни ҳам ҳокимлик олиб келиб беряпти. Бошқа ҳамма нарса уйларга бириктирилган идора зиммасида. Кичкина идоралар ўзи ҳаражат қиляпти. Тадбиркорларга буюришга ҳадди сиғадиган идоралар ҳомийлардан фойдаланяпти”.

Наймандаги ҳашарчилар.
Наймандаги ҳашарчилар.

Ҳашарда қатнашаётганлардан яна бирининг исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, камбағал оилалар уйлари шифер билан бепул ёпиб берилмоқда:

“Қайси идорага берилганини билмадим. Лекин бир нечта уйга шифер ҳам қилиняпти. Кейин уйларнинг олдидаги навес эски бўлса, улар ҳам янгиланяпти. Уйларнинг деворини бир хил рангга бўяяпмиз. Лекин шифер ва навесларнинг

Наймандаги ҳашарда қатнашаётган ИИБ ходими
Наймандаги ҳашарда қатнашаётган ИИБ ходими

тунукалари рангининг фарқи йўқ дейишди. Кўчага шағал тўшаш ИИБ идорасига топширилган. Улар юк машиналарини ушлаб, шағал қатнатмоқда”.

Тойлоқлик тадбиркорлардан бири Найман маҳалласидаги ҳашар учун 4 миллион сўмлик қурилиш материаллари олиб берганини айтди:

“Тадбиркорларни текширадиган идоралардан бири Наймандаги ҳашар учун ҳомийлик қилишимни айтди. Эртага ишимдан камчилик топиб, муаммо чиқармасин, деб ҳомийликка рози бўлдим. Бозордан 4 миллион сўмга қурилиш материаллари сотиб олиб, ҳашарчиларга бердим”.

Ҳашар давомида айрим уйларнинг томлари шифер қилинди.
Ҳашар давомида айрим уйларнинг томлари шифер қилинди.

Озодлик суҳбатлашган ҳашарчиларга кўра, улар учун ҳар куни текинга ош пишириляпти:

“Ҳар куни эрталаб соат 8дан иш бошлаймиз. Бир кунда 35 кило гурунчдан ош дамланяпти. Маҳалладаги мактаб ҳовлисида тушлик қиламиз. Овқат учун тадбиркорлар ҳомийлик қилаётганини айтишди”.

Тойлоқ туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими, Найман маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари ҳокимлик бюджетидан ажратилган пул ҳисобига амалга оширилаётганини иддао қилди:

“Бутун туман Найман маҳалласига кўчиб келган. Ҳамма ҳашарда қатнашяпти. Бутун куч шу ерга ташланган. 1 ой ичида ҳаммасини тугатишни режалаганмиз. Ҳаражатлар учун ҳокимликнинг маҳаллий бюджетидан пул ажратиляпти. Қанча сарфланганини аниқ айта олмайман. Лекин ҳеч ким ҳашарга мажбурланмади. Ҳамма ўз хоҳиши билан иштирок этяпти”.

Ҳокимликдан олинган маълумотга кўра, Найман маҳалласи тумандаги “энг қолоқ маҳалла” бўлгани учун у ерни ободонлаштиришга қарор қилинган:

“Бу маҳалла “Обод маҳалла” дастурига кирмай қолган. Лекин бу маҳалла ижтимоий-иқтисодий орқада қолгани учун уни ривожлантиришга қарор қилинди. Ҳашар давомида 4 та трансформаторни таъмирлаш, 1 та янги трансформатор ўрнатиш, 47 та эскирган симёғочларни янги бетон устунларга алмаштириш, ички кўчаларга 4,0 км шағал ва тош ётқизиш, ҳар бир хонадон ва кўчани ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш режаланган. 12 февраль куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев маҳаллага келиб, ҳашар ишлари билан танишиб кетди".

Ҳашар давомида кўчаларга шағал тўшалмоқда
Ҳашар давомида кўчаларга шағал тўшалмоқда

Озодлик уйи ҳашар давомида бепул таъмирланаётган найманликлардан бири билан боғланди. У ҳашар натижасида уйининг фасади янгиланганига хурсандлигини айтди

“Биз жуда орқада қолган маҳалламиз. Биздан олдинда бўлган маҳаллаларни “Обод маҳалла” дастурига киргизиб, янаям обод қилишди. Биз бир гуруҳ найманликлар президентимизга ёзиб, бизнинг маҳаллани ҳам обод қилишни сўрагандик. Арзимиз президентимизга етиб борди шекилли, мана ҳашар бошлашди. Бизнинг уйимизни штукатурка қилиб, сувашди. Кейин бўяб ҳам беришди. Фақат кўча томонини қилишди. Бошқа томонини ўзларинг қилиб олинглар дейишди. Барибир хурсанд бўлдик, ҳеч бўлмаса уйимизнинг кўча томони янгиланди”.

Маҳаллаларни ободонлаштириш дастури доирасида тадбиркорларнинг ҳомийликка мажбурланаётгани ҳақида Озодликка аввал ҳам кўп бора хабар келган.

Жумладан, 11 февраль куни Қашқадарё вилоят Косон тумани “Обод маҳалла” дастури баҳона тадбиркорлар, корхона ва ташкилотларга норасмий солиқ солингани ҳақидаги хабар келди.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани ҳокимининг талаби билан фермерлардан “Обод маҳалла” дастури учун 3 миллион сўмга олинган банк чеклари Озодликда ёритилгач, фермерларга қайтариб берилганди.

XS
SM
MD
LG