Линклар

Шошилинч хабар
11 апрел 2021, Тошкент вақти: 03:41

Нижневартовск талабалари: Бизни пул ва яхши баҳолар эвазига "Единая Россия"ни тарғиб қилишга ундашаяпти


Нижневартовск давлат университетида таҳсил олаётган талабалар.

Россиянинг Нижневартовск давлат университетида таҳсил олаётган бир неча талаба университет ходимлари уларни пул ва имтиёзлар эвазига ҳукмрон “Единая Россия” партиясини тарғиб қилишга ундаганини иддао қилмоқда.

Озодликка исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган талабаларга кўра, улар учун ташкил этилган ёпиқ гуруҳда университет ходимлари талабаларни партияни ижтимоий тармоқларда олдиндан ёзилган постларни улашиш ва бошқа йўллар билан қўллашга чорлаган.

-Бу тўғри эмас. Мен ўз кучимга таянган ҳолда, мустақил ўқийман. Бошқалар эса бир-икки қўнғироқ қилиб, нафақат пул ишлаяпти, балки ижобий тавсияномаларни ҳам оляпти. Бу адолатдан эмас, - деди талабаларнинг бири.

Айни дамда авторитар президент Владимир Путин ҳукумати 19 сентябрга қадар ўтказилиши керак бўлган дума сайловларга ҳозирлик кўрмоқда.

“Единая Россия” партиясининг рейтинги кейинги йилларда коронавирус пандемияси юзага келтирган иқтисодий таназзул оқибатида ва партия 2018 йилда аҳолининг кескин қаршилигига сабаб бўлган пенсия ислоҳотини қўллаб-қувватлагани, партия мухолифат етакчиси Алексей Навальний таъбири билан айтганда “фирибгарлар партияси” ўлароқ кўрила бошлагани учун тушиб кетган эди.

8 февраль куни “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида университет гуруҳлари вакиллари ўртасида ўтказилган виртуал суҳбат чоғида ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Кристина Чернопиская “Единая Россия” талабалар орасида кўнгиллиларни излаётганини айтган.

Қизиққан талабаларга “Единая Россия” фаолияти тўғрисидаги янгиликларни мамлакат бўйлаб тарқатадиган “Агитатор” номли иловани юклаб олиш тўғрисида кўрсатма берилган. Иловага талабалар ижтимоий тармоқда улашишлари мумкин бўлган тайёр матнлар ҳам жойлаштирилиши айтилган.

Партияни тарғиб қилувчи постни улашган талабалар бу ҳақда Чернопискаяга ҳисобот беришга чақирилган.

Бу кўрсатмалар университетнинг чат гуруҳида аудиохабар шаклида улашилган. Озодлик билан суҳбатлашган талабалар Чернопискаянинг овозини таниганликларини айтишди.

-Бу шубҳасиз Кристина Александровнанинг овози. У аввал ҳам аудиохабарларни юборган, - деди талабаларнинг бири.

Университетнинг гуманитар фанлар факультети декани Екатерина Долгина университет ходимлари “Единая Россия” партиясини тарғиб қилиш билан шуғулланаётганини рад этди.

-Ҳаммаси ёлғон. Сиз бу маълумотни қаердан олганингизни билмайман, - деди Долгина Озодлик билан суҳбатда.

Чернопискаядан изоҳ олиш уринишлари самара бермади.

Талабалар билан улашилган кўрсатмага иккита “мисол” илова қилинган. Уларнинг бири “Первий канал”14 декабрь куни ““Единая Россия” партиясининг виртуал ижтимоий форуми давомида Владимир Путин кўнгиллилар билан суҳбатлашди” номи билан ҳозирлаган репортажга йўналтиради.

Иккинчи мисолда Ханти-Манси автоном округи депутати, “Единая Россия” партияси аъзоси Сергей Великий Нижневартовскдаги шифохона ходимларига озиқ-овқат пакетларини тарқатаётгани акс этган.

Озодлик билан суҳбатлашган талабаларнинг айтишича, агар етарлича талаба “Единая Россия” партиясини қўллашга рози бўлмаса, талабаларга босим кучайиши мумкин. Айрим талабалар партияни қўллашдан бош тортганлар ҳатто ўқишдан ҳайдаб юборилиши мумкинлигини айтдилар.

Талабалар, шунингдек, ўқитувчилар уларни оғзаки равишда рухсат берилмаган мухолифат намойишларида қатнашмаслик ҳақида огоҳлантиргани, акс ҳолда улар муаммоларга дучор бўлишлари мумкинлигини сўзлаб бердилар.

XS
SM
MD
LG