Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:31

Муносабат: Путиннинг умрбод президентликда қолиши Мирзиëев учун "яхши намуна" бўлиши мумкин!


Россия президенти Владимир Путин ўз лавозимида умрбод қолиши мумкин.

1 июль куни Россияда ўтказиладиган Умумхалқ овоз беришида сайловчилар мамлакат Конституциясига киритилаётган ўзгартишларга ўз муносабатини билдиради.

Россия Конституциясига киритилаётган ўзгартишлардан бирига биноан Владимир Путиннинг президент сифатида ўтказган тўрт муддати “0”га тенглаштирилади, яъни у яна икки муддат президентликка ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқини олади.

Худди шундай усулдан Ўзбекистоннинг Биринчи президенти ҳам бир неча марта фойдаланган эди.

“1 июль янги Россия учун тарихий кундир ва Конституцияга ўзгартишлар киритилади. Менинг фикримча, одамлар буни тўғри тушунмоқда. Биз ҳозир кўриб турган ва гапираётган ишларни аллақачон қилиш керак эди. Ҳозир бунинг вақти келди. Бу ўзгартишлар Россия халқига хизмат қиладиган ўзгартишлар бўлади, деб ўйлайман. Шунинг учун янги Россия учун бу янги кун муваффақиятли ўтишини хоҳлайман”.

Бу гапни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия раҳбари Владимир Путин билан Кремлда ўтган учрашуви чоғида айтди.

“Тарихий кун”нинг тарихи

Владимир Путин шу йилнинг 15 январида Россия Федерацияси Федерал Мажлисига берган йиллик ҳисоботи давомида, кутилмаганда, мамлакат Конституциясига йирик ўзгартишлар киритишни таклиф қилди.

Президент таклиф қилган ўзгартишлар Россия Федерацияси ҳукумати раиси, унинг ўринбосарлари ва вазирлар номзодларини тасдиқлаш ваколатини Давлат Думасига бериш; минтақалар кучишлатар тизимлари ва прокурорларини Федерация Кенгаши билан муҳокамалардан кейин президент томонидан тайинлаш ва шу каби қатор ташкилий ҳамда баъзи иқтисодий-ижтимоий масалаларга оид ўзгартишлар эди.

Юртдош ўзбекларнинг Москвадаги минтақалараро “Ватандош” жамияти раиси, ҳуқуқшунос Усмон Баратов фикрича, бундай ўзгартишларни амалга ошириш учун Конституцияга тегиниш шарт эмас.

Бу ўзгартишларнинг ҳаммасини амалдаги федерал қонунларга ўзгартиш киритиш билан амалга оширса бўлаверади. Масалан, прокурорларни тайинлаш масаласи. Шу пайтгача минтақалар прокурорларини Бош прокурор тайинлаб келган. Энди бу ваколат президентга ўтказиляпти. “Прокуратура тўғрисида”ги федерал қонун бор. Шу қонунга ўзгартиш киритиш кифоя қилган бўлар эди”.

Владимир Путиннинг 15 январь кунги чиқиши ортидан Россия жамоатчилиги у таклиф қилаётган ўзгартишларнинг мағзини чақишга, асл мақсад нима эканлигини тушунишга уринди, норозилик чиқишлари бошланиб кетди.

Путиннинг таклифи янграган кундан тўрт кун ўтиб, Москва шаҳар Думаси депутати Юля Галямина москваликларни Путин таклиф қилаётган ўзгартишларга қарши норозилик билдиришга чақирди.

17 январь куни Галямина ВКонтакте тармоғидаги саҳифасида Путин 15 январь куни Федерал Мажлис олдида сўзлаган нутқи давомида таклиф қилган ўзгаришларни давлат тўнтаришига тенглаштирди.

Бу каби баҳс-мунозаралар бир неча ҳафта давом этди ва ниҳоят орадан қарийб икки ой ўтгач, масалага ойдинлик кирди.

Энг асосий ўзгартиш

10 март куни Путинни қўллаб-қувватловчи “Единая Россия” партиясининг Давлат Думасидаги депутати, СССРнинг биринчи аëл космонавти Валентина Терешкова Конституциядаги президент ваколатлари муддатига оид чекловларни бекор қилиш таклифини муҳокамага қўйди:

- Ўтган бир ярим ой давомида биз кўплаб сайловчилар билан учрашдик. Уларнинг аксари “Путин ҳокимиятда қолиши керак!, дея таъкидлади. Гапни айлантириш ва ақллилик қилиш, сунъий конструкцияларни ясашга на ҳожат? Ҳаммасини рўй-рост, очиқча, омма олдида кўриб чиқиш керак. Ёки президент сайловига оид Конституциядаги чекловларни мутлақо олиб ташлаш керак!

Валентина Терешкованинг бу таклифи янграши биланоқ Владимир Путин Давлат Думасига келиб, бундай таклифга қарши эмаслигини билдирди.

Ҳуқуқшунос Усмон Баратов фикрича, Путининг мақсади айнан шу ўзгартишни Конституцияга киритиш эди, қолган ўзгартишлар эса, жамоатчиликни чалғитиш учун қилинмоқда:

“Асосий мақсад Путин учун янги сайловга йўл очишдир. Қолган янгиликларнинг барчаси: халқ ҳаётини, тиббий хизматни яхшилаш каби ўзгартишларни федерал қонунлар ёрдамида ҳам амалга оширавериш мумкин”.

Россия Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши бир кунда – 11 мартда маъқуллади ва қонунни Владимир Путин 14 мартда имзолади.

Шундан сўнг Россия президенти 22 апрелга Конституцияга киритилган ўзгартишларни Умумхалқ овоз беришига қўйишга қарор қилди.

Коронавирус туфайли 22 апрелда ўтказилмаган ва мана энди 1 июлда ўтказилиши кутилаётган Умумхалқ овоз беришини россиялик юристлар референдум эмас, мамлакат қонунларида назарда тутилмаган, қонуний оқибатлари тушунарсиз акция сифатида баҳоламоқда. Ҳуқуқшунос Усмон Баратов бундай деди:

“Ўтказилиши кутилаётган Умумхалқ овоз бериши, эҳтимолий қонуний оқибатларига кўра, жамоатчилик фикрини ўрганиш, холос. Биринчидан, Путин ўзгартишлар тўғрисидаги қонунни имзолаб бўлди. Иккинчидан, Конституциянинг дастлабки икки бобини ўзгартириш учунгина референдум ўтказиш талаб қилинади. Бу ҳолатда ўша икки бобга ўзгартиш киритилмаяпти. Қолган бобларини ўзгартириш учун эса, Федерал Мажлис ваколатлари етарли”.

Сайлов комиссиялари аъзолари ишдан бош тортмоқда

Умумхалқ овоз бериш куни арафасида ҳам Россияда ҳар куни қарийб 8 минг киши коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланмоқда. Мана шундай шароитда жойлардаги участка сайлов комиссиялари аъзолари бу тадбирда қатнашишдан бош тортмоқда.

Новосибирскдаги №1967 участка сайлов комиссияси ходими Алексей Нефедов ўтган ҳафтада эълон қилган видеомурожаатида ўз позициясини изоҳлар экан, бундай дейди:

- Мен комиссия ишига қонун талабларига жавоб берадиган ҳалол, шаффоф ва рақобатли сайловлар ўтказиш учун келган эдим. Бизга таклиф қилинаётган иш қонун меъёрларидан узоқдир. Дўстлар, ахир биз ўзимизни чиқиндихонадан топиб олган эмасмиз, биз риоя қиладиган сифат андозалари бор. Агар ўзингизга "лайк" йиғмоқчи бўлаётган бўлсангиз, баринг ана "ВКонтакте"да ўтказаверинг овоз беришни. Бизни эса, илтимос, тинч қўйинг!

Error rendering VK.

Путин – Каримовнинг издоши?

Юртдош ўзбекларнинг Москвадаги минтақалараро “Ватандош” жамияти раиси, ҳуқуқшунос Усмон Баратов фикрича, қаторасига икки мартадан икки марта президентликка сайланган Владимир Путин лавозимида қолишнинг йўлини топишда Ислом Каримовдан ўрнак олганга ўхшайди:

“Каримов худди шундай ишларни қилган. Ўзбекистон Конституцияси бўйича ҳам бир киши президентликка икки муддатгагина сайланиши мумкин. Амалда эса, 25 йил президентлик лавозимини бермади”.

Ислом Каримов дастлаб 1991 йилнинг 29 декабрида президентликнинг биринчи муддатига сайланган эди.

1995 йилнинг 26 мартида ўтказилган референдум орқали Каримовнинг президентлик ваколатлари муддати 2000 йилгача узайтирилган.

2000 йилнинг 9 январида ўтказилган сайловда Каримов иккинчи муддатга сайланган.

2002 йилнинг 27 январида ўтказилган референдумда мамлакат конституциясига ўзгартиш киритилган ва президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Бу ўзгартишлар муносабати билан Марказий сайлов комиссияси Ислом Каримовнинг аввалги президентлик муддатлари инобатга олинмаслигини¸ унинг яна икки муддатга президент этиб сайланишга ҳақли эканини эълон қилган.

2011 йили декабрида Ўзбекистон парламенти президентлик муддатини яна қайта кўриб чиқиб¸ уни 7 йилдан 5 йилга ўзгартиришга қарор қабул қилди ва бу ўзгартиш ҳам Каримовнинг аввалги президентлигини нолга туширган¸ унинг яна икки муддатга сайланишига имкон яратган эди.

Мирзиёев - Путиннинг издоши?

Юртдош ўзбекларнинг Москвадаги минтақалараро “Ватандош” жамияти раиси, ҳуқуқшунос Усмон Баратов Шавкат Мирзиёевнинг 23 июнь куни Кремлда Владимир Путин билан учрашуви чоғида "1 июль янги Россия учун тарихий кундир ва Конституцияга ўзгартишлар киритилади", деган гапига муносабат билдираркан, бундай деди:

"Агар Путин шу усул билан ҳокимиятдаги ҳаётини узайтириб олса, Мирзиёев ҳам бемалол учинчи, тўртинчи ва ҳоказо муддатларга "сайланиб" олаверади. Бу усулни Туркманистон президенти ҳам қўллайди, умуман, минтақа давлатлари раҳбарлари учун "яхши намуна" бўлади".

XS
SM
MD
LG