Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 10:33

Омма сўрови: Россияликларнинг 56 фоизи коронавирус инфекциясини юқтиришдан қўрқмайди


Сўров натижаларидан маълум бўлишича, Россияда «Спутник V»  вакцинаси билан эмланишни хоҳловчилар сони камайган

Россияликларнинг учдан икки қисми COVID-19 инфекциясини келтириб чиқарувчи коронавирус турини лабораторияда яратилган биологик қурол деб ишонади. Сўровда иштирок этган респондентларнинг тўртдан бир қисми эса вирус табиий вужудга келган деб билади. “Левада” ижтимоий сўров маркази февраль ойида ўтказган сўровномаси шундай натижаларни қайд этган.

Социологларнинг таъкидлашича, ўтган йил давомида коронавирус инфекциясини юқтиришдан қўрқмайдиган россияликлар сони анча ортган. Респондентларнинг 56 фоизи инфекцияни юқтириб олишдан қўрқмаслигини айтган. 2020 йил октябрь ойида уларнинг 64 фоизи COVID-19 билан касалланишдан қўрқишини айтган эди.

Бундан ташқари, «Спутник V» вакцинаси билан эмланишни хоҳловчилар сони камайган. Тадқиқот натижаларига кўра, россияликларнинг 30 фоизи эмланишга тайёр, 62 фоизи эса тайёр эмас, 4 фоизи аллақачон эмланган. Декабрь ойида респондентларнинг 38 фоизи эмланишга тайёр, 58 фоизи тайёр эмас эди.

Ёшлар бошқа гуруҳларга қараганда эмланишни камроқ истар экан. 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган респондентларнинг 75 фоизи вакцина олишни истамайди. 55 ёш ва ундан катта бўлган респондентларнинг 40 фоизи эмланишга тайёр, 49 фоизи эса бунга тайёр эмас.

Россияликлар, асосан вакцинанинг ножўя таъсиридан хавфсирамоқда. Бундай ҳадикни респондентларнинг 37 фоизи билдирган. 23 фоиз сўралганлар вакцина синовлари якунини кутиш керак деб ҳисоблайди, 16 фоизи эса эмланишда маъно кўрмайди.

Декабрь ойида эмланишнинг ножўя таъсирларидан камроқ – 29 фоиз респондент ҳадиксираган эди. Сўров иштирокчиларининг ярми пандемия билан боғлиқ чекловлар ўз вақтида бекор қилинмоқда деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 22 фоизи чекловларни бекор қилиш ҳали эрта деб ҳисобласа, 21 фоизи уларни олдинроқ бекор қилиш керак эди, деб билади.

  • Февраль ойи бошида дунёдаги энг нуфузли илмий журналлардан бири – «Lancet” - Россиянинг «Спутник V» вакцинасининг самарадорлиги 91.6 фоизни ташкил этганини билдирган эди.
  • Россияда коронавирусга қарши яна иккита – Новосибирскдаги «Вектор» марказига тегишли «ЭпиВакКорона» ҳамда Москвадаги Чумаков марказига тегишли «КовиВак» вакциналари рўйхатдан ўтказилган. Уларни кенг кўламда ишлаб чиқиш ҳали бошланмаган.
  • «Фармвестник» маълумотига кўра, февраль ойи бошига қадар жами 16,261 миллион доза вакцина ишлатилган, шундан 7,212 миллион дозаси, жумладан «Гам-Ковид-Вак» вакцинасининг 6 231 563 дозаси, «ЭпиВакКорона»нинг 50 240 дозаси қўлланган.

XS
SM
MD
LG