Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2021, Тошкент вақти: 01:14

Рамзан Қодировнинг икки хотини "камида 800 миллион рубллик кўчмас мулкка эгалик қилади"


Рамзан Қодировнинг расмий рафиқаси Медни (ўртада) Грозний шаҳрининг 200 йиллигига бағишланган тантанали концертда

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг икки хотини тахминий қиймати камида 800 миллион рубль бўлган кўчмас мулкка эгалик қилади. Ушбу мулкнинг катта қисми декларация қилинмаган ва оиланинг расмий даромадларига мос келмайди. Россияда кўпхотинлилик расман тақиқланган, аммо Чеченистонда бу қоидага риоя қилинмайди. Бу айбловлар «Проект» нашри ҳисоботида янгради.

Нашр маълумотларига кўра, Қодировнинг расмий рафиқаси Меднидан ташқари, яна камида битта хотини бор бўлиб, унинг исми Фотима Хазуевадир. У 2006 йилда 15 ёшида Чеченистонда ўтказилган ягона гўзаллик танловида иккинчи ўринни эгаллаган. Нашрга кўра, бугунги кунда 30 ёшли Хазуева Қодиров маъмуриятида ишлайди ва Москва ҳамда Грознийда ҳашаматли кўчмас мулкка эгалик қилади.

Росреестр маълумотларига кўра, Хазуева Грознийнинг бой мавзейида саройга эга. Ушбу сарой Грознийнинг энг нуфузли аҳолиси яшайдиган тумандаги энг катта бинодир. Иморат 9 минг квадрат метр участкада жойлашган бўлиб, унда шаҳардаги ягона очиқ бассейн жойлашган. Унинг ёнида Хазуеванинг отаси шарафига номланган масжид қурилган. Хазуеванинг отаси ўлимидан олдин Ростехнадзорнинг Кавказ бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.

«Проект» нашри тўплаган маълумотларга кўра, Хазуева 19 ёшидан бошлаб Москвадаги Шаболовка кўчаси жойлашган қимматбаҳо турар-жой мажмуасида 130 метр квадрат квартирага эгалик қилади. 2013 йилда у айни бинода қарийб 600 квадрат метр майдонга эга бўлган нотурар жойни харид қилган.

Бундан ташқари, шаҳар марказидаги Хамовники туманида 200 метр квадрат майдонга эга квартираси бор. 20 ёшида у Москва ғарбий қисмида жойлашган қўриқхона яқинидаги турар-жой мажмуасида 290 метр квадрат квартирани харид қилган. Ушбу квартира Қодировнинг расмий хотини уйи қаршисида жойлашган.

Хазуева «Мосфильм» яқинидаги осмонўпар бинода автомобиль тўхтаб туриш жойига эга. Айни бинода Меднининг квартираси бор. «Проект» ҳисобларига кўра, Қодировнинг хотинлари номидаги барча аниқланган кўчмас мулкнинг умумий қиймати деярли 800 миллион рублга тенгдир. Медни Қодирова юқорида тилган олинган кўчмас мулкнинг бир қисмига бошқа исм билан эгалик қилади. Айнан шунинг учун бу мулклар оилавий декларацияда кўрсатилмаган. Бундан ташқари, «Проект» нашри тахминларига кўра, иккинчи паспортга эгалик қилиш назарий жиҳатдан Меднига Америка санкцияларини четлаб ўтиш имконини беради.

Қодировнинг турмуш ўртоқлари унинг маъмуриятида ишлайди ва маошлари билан юқорида тилга олинган кўчмас мулкни сотиб ололмаган бўларди. Чеченистон Россиянинг энг қашшоқ минтақаларидан биридир. Аммо республика раҳбари ва унинг оиласи турмуш тарзи кўпинча расмий даромадлар ва декларацияларга мос келмайди, дея қайд этилди суриштирув ҳисоботида.

2020 йил июль ойида «Проект» нашри Қодировлар оиласи бойликларининг бир қисми бир неча миллиард долларлик бизнесга эгалик қиладиган ва ўзини бошқа киши қилиб кўрсатадиган шахслар номида эканини аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG