Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:39

Россия ўзбек муҳожирига 11 йил олдин қийноққа солингани учун 25000 евро тўлайди


Россия ҳукумати 2009 йилда Петербургнинг 47-полиция бўлимида қийноққа солинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига Европа суди қарори билан 25 минг евро товон пули тўлайдиган бўлди.

Бу ҳақдаги қарорни Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 4 февралда​ қабул қилди.

Россия тергов органларида полициячиларни жавобгарликка тортиш талаби билан Мўмин Султонов қилган шикоятларга 4 марта рад жавоби берилган.

“Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимояси тўғрисида”ги Конвенциянинг 3- моддаси моддий-ҳуқуқий томондан бузилган бўлиб, жаноб Султонов....полиция бўлимида ушлаб турилганида қийноқларга солингани, ҳукумат эса уларнинг шикоятлари асосида самарали тергов олиб бормагани асосида қарор қилди”, дейилади суд ҳужжатида.

25 минг евро товон пулини Россия ҳукумати қарор эълон қилинганидан бошлаб уч ой давомида тўлиқ тўлаши керак, деб белгиланди. Кўрсатилган тўлов муҳлати бузилса, суд Россия ҳукумати ўзбекистонликка пеня ҳам тўлаши ҳужжатда қайд этилди.

1977 йилда Самарқандда туғилган Мўмин Султонов 2009 йилнинг 3 сентябрида талон-торожда гумонланиб, петербурглик полиция ходимлари томонидан иш жойида ушланган. Шаҳарнинг Фрунзе тумани Ички ишлар бўлимига қарашли 47-полиция бўлинмасига олиб келинган Султоновдан полициячилар жиноятни содир этганликда иқрор бўлишни талаб қилган.

Рад жавобини олган полиция ходимлари самарқандлик муҳожирни ўлар ҳолатгача калтаклаган ва электр токи билан қийнаган. Кейинроқ Санкт-Петербургнинг 109-шаҳар шифохонасида Мўмин Султоновнинг қўли ва бўйнида, тиззаси ва танасининг бошқа қисмларида жароҳатлар борлиги қайд этилган. Муҳожирнинг чап кўзи калтаклардан шишиб, очилмай қолган.

2010 йилнинг 31 мартидан 2011 йилнинг 24 январигача Мўмин Султоновга уни азоблаган полициячиларга нисбатан жиноят иши очилиши талаби билан қилган арз-шикоятларига тергов органларида тўрт маротаба рад жавоби қайтарилган.

Узоқ йиллик тортишувлардан кейин самарқандлик меҳнат муҳожири иши 2019 йилнинг май ойида Европа судига тушади.

Россия ҳукумати юристлари суд маҳкамасида ўзбекистонлик мигрантни “Россия ичкарисидаги барча ҳуқуқ ҳимояси воситаларидан фойдаланмаганликда ва Инсон ҳақлари тўғрисидаги Конвенция қоидасини бузганликда” айбламоқчи бўлди. Хусусан, Россия ҳукумати ҳимоячиларига кўра, Султонов жиноят иши очилишига берилган рад жавоблари устидан рус судларига мурожаат қилмаган.

Европа Суди ҳимоячиларнинг бу эътирозларини инобатга олмасдан, “жиноят иши очилиши аризасига берилган 4 марталик рад жавоби судга мурожаат қилишга мантиқ қолдирмаган”, дея жавоб қайтарган.

Самарқандлик Мўмин Султонов иши билан бир кунда Страсбург суди Россия ҳукуматидан яна 9 россияликка жами ҳисобда 287,6 минг евро жарима пули ундириб берди. Ундан ташқари, Россия аризачиларнинг адвокатларга кетган сарф-ҳаражатларини қоплаши лозимлиги белгиланди.

Аризачилар воронежлик Константин Ишевский, пензалик Сергей Мешков, нижний тагиллик Дмитрий Михеев, воронежлик Владимир Квасов, орёллик Денис Прудников, оренбурглик Владимир Прутков, новосибирсклик Александр Васильев, татаристонлик Айрат Ситдиков ва Биярслан Акаевлар ҳам Россия полициясида қийноқ-азобларга солингани устидан Страсбургга шикоят йўллаган эди.

2019 йилда Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига юборган шикоятлар бўйича биринчиликни эгаллаб келмоқда - улар жами арзларнинг 25,2 фоизини ташкил этди. Бу рақамларни ўз ҳисоботида келтирган суд раиси Линос-Александр Сицилианос шикоятлар сони ошиб боришини россияликларнинг Страсбург судига бўлган ишончи ошиб бораётгани билан изоҳлади.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG