Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 20:33

Олий Мажлисга сайланмай қолган номзод тарафдорлари натижалар сохталаштирилганини иддао қилмоқда


Ўзбекистонда 22 декабрь куни ўтган сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатликка номзод бўлган Муроджон Зуфаровнинг айрим тарафдорлари овоз бериш натижалари сохталаштирилганини иддао қилмоқда.

Муроджон Зуфаров Ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят кенгаши раисидир. Унинг номзоди “Миллий тикланиш” демократик партиясидан депуталикка кўрсатилган.

97-Қибрай сайлов округидан Олий Мажлис депутатлигига сайланган Дилбар Усмонова эса бу иддаоларни инкор қилди.

Озодлик радиоси Муроджон Зуфаров тарафдорларининг иддаоларини 97- Қибрай округ сайлов комиссияси раиси Абдураҳим Нурмуродовдан тасдиқлатиш ёки инкор этиш имкониятига эга бўлмади.

Муроджон Зуфаровнинг тарафдорларидан бирининг (исми сир сақланишини илтимос қилди) иддао қилишича, 97-Қибрай сайлов округидаги 62 та сайлов участкасида Муроджон Зуфаровга берилган овозлар камида 45 фоизни ташкил қилиш керак эди.

45%?

“Биз Зуфаровнинг кузатувчилари сифатида овозларни санаш пайтида айтилган дастлабки рақамларни ёзиб олганмиз, баённомаларни олганмиз. 62 та сайлов участкасидан 27 тасида баённомаларни ололмадик, бизга баённомаларни беришдан бош тортишди. Бизда мавжуд баённомаларни ва рақамларни солиштирсак, Тошкент туманидаги 26 та сайлов участкасида овоз берган 26059 одамдан 11598 нафари, яъни 44,5 фоизи, Қибрай туманидан 20985 сайловчидан 9685 нафари, яъни 46,2 фоизи Зуфаров учун овоз берган. Умуман ҳисоблаганда 97- сайлов округига кирган Тошкент ва Қибрай туманидаги сайлов участкаларида 47044 одамдан 21283 нафари, яъни 45, 2 фоизи Зуфаровни қўллаган. Аммо округ сайлов комиссияси Муроджон Зуфаров ютқазди, деб маълум қилди. Қизиғи, Зуфаров қанча овоз олгани ҳақида маълумот берилмади. Фақатгина ютқазилди дейиляпти”, деб билдирди Зуфаровнинг тарафдори.

Озодлик радиоси бу иддаони 97- Қибрай сайлов округи раиси Абдураҳим Нурмуродовдан тасдиқлатиш ёки инкор этиш имкониятига эга бўлмади. Сайлов округи раисининг қўл телефонига кун бўйи қилган қўнғироқларимизга жавоб берилмади.

Зуфаров тарафдорларининг иддао қилишларича, уларнинг номзодига берилган овозлар Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан депутатликка номзод, Қибрай туманидаги “Фарҳод мадад шифо” хусусий клиникаси бош шифокори Дилбар Усмоновага олиб берилган.

“Дилбар Усмонова ҳатто сайловолди тарғиботи пайтида аҳоли билан ҳам учрашган эмас. Баённомаларнинг қораламаларида унинг оз овоз олгани кўриниб турибди. Аммо расмий баённомаларда унга берилган овозлар кўпайтириб ёзилган. Масалан, 668-сайлов участкасида бундай баённомалардан бирини суратга олишга муваффақ бўлдим. Ўша баённоманинг бирида Зуфаров 503 та, Усмонова 186 та овоз олгани қайд этилган. Бироқ иккинчи баённомада Зуфаровнинг овозлари 290 та, Усмонованики эса 670 та қилиб тўғриланган”, деди бу баённомалар фотонусхасини Озодликка тақдим этган яна бир тарафдор.

Суҳбатдошларнинг айтишича, Муроджон Зуфаров бу масалада ариза ёзишни ва ишни прокуратурага оширишни истамаяпти. Зуфаровнинг тарафдорлари ҳам ҳуқуқ органларига мурожаат қилишдан тийилмоқдалар.

“Бизнинг мақсадимиз ҳокимият учун курашиш эмас, кимнидир устидан ариза ёзиб қаматиб юбориш эмас, биз фақат сайловда адолатсизлик бўлганини одамларга етказиб қўймоқчимиз. Адолатли сайлов бундай бўлмайди”, деди Зуфаров тарафадорларидан бири.

Ғалаба қилган номзод нима деди?

97-Қибрай сайлов округидан расман ғолиб деб эълон қилинган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган Дилбар Усмонова Озодлик билан суҳбатда Зуфаров тарафдорларининг иддаоларини инкор қилди.

“Мен сайловда овозларнинг 53 фоизини олдим. Қолган рақибларимга озроқ овозлар берилди. Иккита участкада ютқазганимни тан оламан, бироқ бу участкадаги натижалар овоз беришнинг умумий якунларига таъсир кўрсата олмайди. Мен ҳалол ютдим, ҳеч қандай соҳталаштиришлар бўлмади. Участка раислари бир нима қилган бўлса, бунинг учун мен жавоб бермайманку?!” -деди Дилбар Усмонова Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ҳужжатлар фейк эмасми?

Айтиб ўтиш жоизки, Озодликка тақдим этилган бу каби ўнга яқин баённомалар нусхаси, дастлаб, Озодликка фейк ҳужжат бўлиб туюлди. Чунки баённомаларнинг айримлари хатоликлар билан тўлдирилган бўлиб, унда 97-сайлов округи ўрнига, 10-, 4-, 11- округ деб ёзилган.

Аммо бу баённомаларнинг барчасида депутатликка номзодларнинг исм-фамилиялари бир ҳилда келтирилган, баённомаларда муҳр ва сайлов комиссияси аъзоларининг исмлари ва имзоларини кўриш мумкин.

Зуфаровнинг бу ҳужжатларни тақдим этган тарафдорларига кўра, сайлов участкалари мутассадилари баённомаларни мана шундай хатоликлар билан тўлдирганлар.

ЕХҲТ хулосаси

23 декабрь куни ЕХҲТнинг сайловларни кузатиш бўйича миссия раҳбари Тана де Зулуета ҳисоблаш жараёни бўйича хулосанинг 42 фоизи салбий характер касб этганини айтар экан:

"Овозларни ҳисоблаш жараёнларида иштирок этдик. 133 та участкада овоз ҳисоблаш жараёни бизнинг миссиямиз аъзолари томонидан кузатилди. Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди”, деб таъкидлаганди.

23 декабрь куни ҳам Озодлик радиосига сайловда кузатувчи сифатида иштирок этган қатор манбалар мурожаат қилишган ва ўзлари кузатувчилик қилган сайлов участкаларида маҳаллий ҳокимият босими остида овоз бериш натижалари соҳталаштирилганини айтган эдилар.

Бош прокуратура баъзи аралашувлардан хабари борлигини билдирган

Сайлов куни ва унинг эртасига Ўзбекистон Бош прокуратураси Учтепа туман ҳокимлиги масъулларидан бири участка сайлов комиссиялари фаолиятига ноқонуний аралшгани аниқлангани ва Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

Шунингдек, Бош прокуратура Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 10, 23 ва 142-сонли сайлов участкалари, Яшнабод туманидаги 30та сайлов участкаси ва Сергели туманидаги участкалар фаолиятига ноқонуний аралашувлар юзасидан текшириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG