Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:58

Ўзбекистон хабарлари

Сайловнинг дастлабки натижалари душанба тушдан кейин эълон қилинади

Ўзбекистон вакиллик органларига 22 декабрда бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаларини 23 декабрь, соат 14:00 да эълон қилиш бошланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси маълум қилди.

«Марказий сайлов комиссияси эртага, 23 декабрь куни Тошкент вақти билан 14:00 да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловларнинг дастлабки натижаларини эълон қилишни режалаштирмоқда», деган Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамов.

МСК раиси ўринбосари комиссияга айрим сайлов участкаларида маълум бир қонунбузилишларга йўл қўйилаётгани тўғрисида хабарлар келиб тушаётгани ҳақида маълум қилган.

22 декабрда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилди.

Кун янгиликлари

Сенат аъзолари қимматбаҳо металларга оид қонунни рад этишди

Олий Мажлис Сенати биноси.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан рад этилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мажлисда мазкур қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Хусусан, ушбу қонуннинг 12-моддаси бешинчи ва 25-моддаси олтинчи хатбошиларини “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилган.

Сенаторлар давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлаганлар.

Яна бошқа айрим камчиликларни эътиборга олган ҳолда, Сенат аъзолари “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонунни рад этиш ҳақида қарор қабул қилганлар.

Президент: Ўзбек тили деярли 50 миллион киши сўзлашадиган йирик тилга айланмоқда

Ўзбек оқсоқоллари.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.


Президент матбуот хизматида эълон қилинган табрик матнида айтилишича, “ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради”.


Президентнинг билдиришича, бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда.


“Куни кеча Афғонистон Ислом Республикасида Ўзбек тили кунига бағишланган байрам тадбирлари биринчи марта давлат миқёсида нишонланганини мамлакатимиз жамоатчилиги, бутун ўзбек халқи катта мамнуният ва хурсандчилик билан олқишлади”, - дейилади президент табригида.


Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 10 апрель куни «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди.

Қонунга асосан, ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланади.

Янги фармон: Амалдорлар ўзбек тилини билиши шарт

Хорижликларга ўзбек тилини ўргатиш бўйича дарсликлардан бири.

2021 йил 1 апрелдан давлат амалдорларининг ўзбек тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади.


Бу борадаги меъёр президент 20 октябрда имзолаган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгилаб қўйилди.


Фармон билан 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.


Концепциянинг асосий йўналишларига асосан 2025 йилгача давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилгача мактабларда ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш режалаштирилган.


ОТМда ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилгача 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказилади. Бундан ташқари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида «Ўзбекистон миллий қомуси» жилдларини нашр этиш босқичма-босқич кўпайтирилади.


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзбек тилидан жаҳоннинг етакчи хорижий тилларига ва хорижий тиллардан ўзбек тилига таржима қилувчи компьютер дастури яратилади. Шунингдек, 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш назарда тутилган.

Жорий йилнинг 9 ойида аҳоли реал даромадлари камайди

2019 йилда ўзбекистонликларнинг реал даромади 6,5 фоизга ўсганди.

Жорий йилнинг январидан сентябригача бўлган 9 ойи ичида аҳоли даромади 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,3 фоизга пасайган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.


Статистиканинг билдиришича, 2020 йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулот 0,4 фоизга ўсган, 2019 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 5,9 фоизни ташкил қилган. Мана шу ҳолат аҳоли даромадларининг озайишига сабаб бўлган.


Spot нашрининг хабар беришича, 2019 йилда ўзбекистонликларнинг реал даромади 6,5 фоизга ўсганди.


“2020 йилнинг тўққиз ойи давомида аҳоли жон бошига тўғри келадиган энг юқори ўртача номинал даромад Тошкент шаҳрида қайд этилган — 20 миллион сўм. Бу кўрсаткич Навоий вилоятида 16 миллион сўм, Бухоро вилоятида 12 миллион сўм бўлган. Энг паст кўрсаткичлар Қорақалпоғистон (7,7 миллион сўм), Фарғона вилояти (7,9 миллион сўм) ва Наманган вилоятида (8,3 миллион сўм) кузатилган”,-дейилади хабарда.

Наманган солиқ бошқармаси тадбиркорларга “пахта солиғи” солинаётганини рад этди

“Жорий йилги пахта мавсуми учун ҳеч қандай тадбиркордан пул талаб қилинмаган, аксинча юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсатга жавобан вилоятда ишбилармонлик муҳитини кучайтириш ҳамда тадбиркорларнинг бизнесини ривожлантиришда ўз амалий ёрдамини бериб келмоқда”.

Наманган вилоят солиқ бошқармаси Озодлик радиосида 15 октябрь куни ““Пахта солиғи”: Тадбиркорлардан 6 миллион сўмгача пул йиғилмоқда” сарлавҳали мақолага мана шундай жвоб қайтарди.


Солиқ бошқармаси раддиясида вилоятда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши ортидан сўнгги 9 ой ичида бизнес субъектлари сони уч мингга кўпайган. “Хулоса қилиб айтганда бугун солиқ идоралари ходимлари тадбиркорларга кўмакчи сифатида ўз вазифаларини олиб боришмоқда”,-дейилади раддияда.

Озодлик радиосида 15 октябрь куни эълон қилинган мақолада наманганлик тадбиркорлар пахта терими учун 5-6 миллион сўмдан пул йиғилаётганидан шикоят қилишганди.

Тадбиркорларнинг айтишларича, пахта учун пул йиғиш жараёни ИИБ ва солиқ ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.


Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб бюджет ташкилотлари ходимларини пахта теримига мажбуран жалб қилиш ҳолатлари давом этаётгани кузатилади.

Давлат меҳнат инспекцияси Озодлик радиосига пахта мавсумида мажбурий меҳнат давом этаётганини тасдиқлади.

Коронавирусга чалинганлар сони 64 мингга яқинлашди

Даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида 305 кишида коронавирус аниқланди ва 351 нафар бемор соғайди.


20 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 63912 кишига етди. Улардан 61068 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Бир кун ичида 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, жами кўрсаткич расман 534 нафарга етди.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 310 нафар бемордан 292 нафари оғир, 81 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон яна 2 поғона юқорилади

Ўзбекистон Интернет тезлиги бўйича жорий йил сентябрь ойи натижаларига кўра август ойига нисбатан яна 2 поғонага юқорилаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ookla” ширкатининг Speedtest.net хизмати маълумотларига таянган ҳолда билдирган.

Аниқланган Интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон 176 та давлатлар қаторида 96-ўринни эгаллаган. Шу кунда мамлакатда тезлик 30,5 Мбит/секундни ташкил қилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига (112-ўрин – 19,91 Мбит/с) нисбатан 10 Мбит/секундга кўпдир.

Мобил интернет тезлиги бўйича ҳам Ўзбекистон август ойига нисбатан 1 поғонага (125-ўрин), ўтган йил шу даврига (131-ўрин) нисбатан эса 6 та поғонага кўтарилган. Шу кунда мобил Интернет бўйича тезлиги мамлакатда 13,54 Мбит/секундни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси бир ойда 1 миллиард 150 миллион долларга камайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда шу йил 1 октябрь ҳолатига кўра олтин-валюта захирасининг умумий ҳажми 33 миллиард 460 миллион долларни ташкил этди. Ўтган ой мазкур захира ҳажми 34 миллиард 610 миллион долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, захиранинг катта қисми олтин шаклида (18 миллиард 599 миллион доллар) ва хорижий валютада (14 миллиард 487 миллион доллар) сақланади.

МБ қайдига кўра, 19 октябрга келиб олтиннинг бир унцияси нархи 1911,56 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Олтин-валюта захираси, халқ тили билан айтганда, ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойлари оралиғида рекорд даражада – 5 миллиард 800 миллион долларлик олтин сотгани ҳақида хабар қилган эдик.

Россия-Қозоғистон чегарасида 250 чоғли ўзбекистонлик йиғилиб қолди

Россия-Қозоғистон чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири.

Россия билан Қозоғистон чегарасининг Қараўзек назорат-ўтказиш маскани яқинида 130 автомобилда 250 чоғли ўзбекистонлик йиғилиб қолган. Бу ҳақда Астрахань вилояти губернатори Александр Шарикин раислигида 19 октябрь куни маҳаллий расмийлар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида ўтказилган мажлисда билдирилган.

Астрахань вилояти губернатори матбуот хизматининг маълум қилишича, тахминлардан бирига кўра меҳнат муҳожирларига атайлаб Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспортда ватанига ўтиб кетиш имкони борлиги ҳақида ёлғон маълумот беришган. Ваҳоланки, чегарадан қонунга мувофиқ равишда ўтишнинг йўли фақат махсус рейс билан Москва, Ростов ёки Санкт-Петербургдан махсус авиарейс билан учиш ва Волгоград вилоятидаги Волжская станциясидан поездда кетишдир.

Хабарномада Қараўзек орқали Қозоғистонга ўтишга уринаётган муҳожирларнинг кўпи пойтахт Москва ва марказий Россиянинг бошқа шаҳарларидан келишгани айтилади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Астрахань вилоятидаги вакили ТИВнинг Ўзбекистон элчихонасига тегишли нота йўллаш ниятида эканини билдирган. Роспотребнадзор, ички ишлар идоралари ва маҳаллий расмийларга тартиб-интизомни сақлаш ва эпидемиологик вазиятни ёмонлашувига йўл қўймаслик топширилган.

“Бундан ташқари, Астрахань вилояти ҳудудида меҳнат муҳожирларини ноқонуний яшаш пунктини барпо этиш уринишларининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилган”, дейилади хабарномада.

arbuztoday.ru нашрининг ёзишича, россиялик чегарачилар ўзбекистонликлар ва уларнинг автомобилларини ўтказиб юборишга тайёр, бироқ Қозоғистон томони COVID-19 пандемияси туфайли чегарани ёпиб қўйган. Нашр манбаси ўзбекистонлик муҳожирлар Астрахань вилоятига “узунқулоқ” гапларга ишониб келиб олишган.

“Гап шундаки, бир неча кун аввал, суҳбатдошимизнинг айтишича, Қозоғистонга Россия томонидан 5-10 тадан автомобиль ўтказиб турилган. Бу ҳақда чегарадан ўтиб кетганлар ўзларининг дўстларига хабар қилишган. Ўша 5-10 машина чегарадан қандай ўтиб кетганига оид савол очиқ қолмоқда”, дейилади мақолада.

Қозоғистон чегара тартибини юмшатганига оид ёлғон маълумотлар сабабли ўтган ёз Россия ҳудудида юзлаб одам йиғилиб қолганди. Улардан бир қисми поезд ва автобусларда ватанига олиб кетилгунига қадар чодирларга яшашга мажбур бўлишган.

Экспорт ҳажми йил бошидан бери 1,1 миллиард долларга қисқарди

Тошкентдаги Марказий банк биноси.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида Ўзбекистонда экспорт ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 миллиард долларга қисқариб, 11,8 миллиард долларга тенг бўлди (ўтган йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич 12,9 миллиард долларга тенг бўлган). Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки “2020 йилнинг 9 ойи якуни бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари” шарҳида баён қилган.

МБ бу йилги экспорт ҳажми қисқаришини жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархининг тушиши, шунингдек коронавирус пандемияси ортидан жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашишига боғлаган.

Айни пайтда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилнинг шу даврига (19,5 миллиард доллар) нисбатан 3,4 миллиард долларга қисқариб, 16,1 миллиард долларни ташкил этган.

МБ маълумотларига кўра, савдо балансининг манфий сальдоси 2019 йил 9 ойига нисбатан 35 фоизга яхшиланиб, 4,3 миллиард долларни ташкил этган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг 9 ойи учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан 63 %га камайиб, 663 млн. долларни ташкил қилди.

Ушбу ҳолат импорт ҳажмининг экспорт ҳажмига нисбатан юқори суръатларда қисқариши, халқаро пул ўтказмаларининг деярли ўтган йил даражасида сақланиб қолиши ва олтин нархининг жахон бозорида ўсиши каби омиллар билан изоҳланади”, дейилади Марказий банк шарҳида.

“Ўзбек тили байрами куни” дам олиш куни ўлароқ белгиланганига оид хабарлар рад этилди

Ўзбек тили байрами ҳисобланмиш 21 октябрни шу йил апрелида қабул қилинган қонунга мувофиқ дам олиш куни сифатида белгиланганига оид хабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қарашли Antifake.uz Телеграм-канали маълумот тарқатди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур кунни дам олиш куни ўлароқ белгиланганига оид хабарлар тарқалган эди.

Қайд этилишича, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 21 октябрни дам олиш куни деб белгилаш қайд этилмаган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали эса мамлакат Меҳнат кодексида қайд этилган ишланмайдиган кунлар рўйхатини келтиради:

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Конституция куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 10 апрель куни имзоланган. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 24 март куни маъқулланган.

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун 1989 йил 21 октябрида қабул қилинган эди. Мазкур қонунда Ўзбекистонда ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгиланган.

ОАВ: Абхазияда Ўзбекистонга қайта олмаётган юзлаб муҳожир кўчада тунамоқда (ВИДЕО)

Абхазиядаги муҳожирлар: Чегаралар ёпиқ - чиқиб кетолмаяпмиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:53 0:00
Бевосита линк

Абхазия-Россия чегарасида юзлаб ўзбекистонлик муҳожир ватанига қайта олмай, кўчада яшашга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Россиядаги элчихона ватандошларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмоқда. Бу ҳақда “Кун уз” Абхазиядаги ўзбек муҳожирларга таянган ҳолда хабар берди.


“Сурхондарёлик Ренат Юсуповнинг хабар беришича, Абхазияда айни пайтда икки мингга яқин Ўзбекистон фуқароси мавжуд. Улар бу ерга Россия орқали ишлашга келишган. Пандемия туфайли чегаралар ёпилгач, Ўзбекистон фуқаролари шу ерда қолиб кетишган ва умид билан карантин чекловлари бекор қилинишини кутишган”,-дейилади хабарда.


Нашрнинг ёзишича, Ташқи ишлар вазирлиги Абхазияда қолиб кетган 400га яқин ўзбекистонлик октябрь ойи бошида ватанига қайтарилишини билдирган. Аммо орадан 19 кун ўтган бўлса ҳамки бу ваъда бажарилмаяпти.


Абхазия ҳудудида қолиб кетган ватандошлар Ўзбекистоннинг Ростов ва Москва шаҳридаги консулхоналарига мурожаат қилишган. Аммо дипломатик ваколатхоналар муҳожирларнинг мурожаатларига “тайинли жавоб бермаган”.


“Давлат бизни бепул олиб кетсин демаяпмиз, чартер рейс учун қўлимизда пулларимиз бор. Фақат Абхазиядан Россия ҳудудига ўтиб олсак бўлди”,-демоқда мухожирлар.


Маълум бўлишича, муҳожирлар Ўзбекистонга қайтиш учун Россия ҳудудига ўтишлари керак. Айни пайтда эса чегарани кесиб ўтишга фақат Россия ва Абхазия фуқароларига рухсат берилган.


Озодлик радиоси 28 сентябрь куни карантин чекловлари туфайли Абхазияда қолиб кетган ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга транзит йўли очиб беришни сўрашаётгани тўғрисида хабар берган эди.

Крипто-фирибгарга 1,7 миллион долларга алданиб қолганлар пикет ўтказди

Бош прокуратура биноси.

International Consulting Group платформаси фаолиятидан зарар кўрган бир гуруҳ фуқаро 18 октябрь куни Бош прокуратуранинг қабулхонаси олдида пикет уюштирди.


Бош прокуратуранинг 19 октябрда расман билдиришича, пикетга чиққанлардан International Consulting Group раҳбарлари Алексей Менг ва А.Молотягин устидан жами 33 та мурожаат қабул қилинган.


Мурожаатларида улар International Consulting Group платформасига сармоя киритгани ва фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида моддий зарар кўрганликларини билдирганлар.


Бош прокуратура А.Менг ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида эканини ва бу иш Бош прокуратура назоратига олинганини маълум қилган.


Аввалроқ World Crypto Capital ширкати раҳбари бўлган ўзбекистонлик 29 ёшли Алексей Менг International Consulting Group платформасини ташкил қилиб, фирибгарлик йўли билан 2 мингдан ортиқ фуқародан жами 1 миллион 700 минг долларни сармоя сифатида жалб қилгани хабар қилинган эди.


Алексей Менг ва А.Молотягин халқаро қидирувга берилган. Жалб қилинган пул маблағларини ўзлаштириш учун Алексей Менг ва унинг шериклари 2019 йилнинг декабрь ойида компания фаолиятини тўхтатган ва Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Алишер Навоий ордени ва ижод мактаби таъсис этилади

Алишер Навоийга Беларус пойтахти Минскда ўрнатилган ёдгорлик.

Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади ва унинг номидаги орден таъсис этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни 19 октябрда имзолади.


Қарорга асосан, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади.


Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади.


Қарорда Алишер Навоийнинг хорижий давлатларда сақланаётган қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш ҳам белгилаб қўйилди.


Тошкент шаҳрида 2021 йилда Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади. 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади.


2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Коронавирусдан ўлганлар сони 530дан ошди

19 октябрь куни мамлакатда 304 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 316 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар кўрсаткичи расман 531 нафарга етди.


Бундан ташқари 19 октябрь куни мамлакатда 304 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 316 нафар бемор тузалди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 63607 нафар бемордан 60717 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 359 нафар бемордан 308 нафари оғир, 91 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Кейинги йили Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун 3 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда 2021 йили соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм (ёки 1,9 миллиард доллардан кўпроқ), шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм (тақрибан 290 миллион доллар) ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм (тақрибан 174 миллион доллар) ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда 19 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилишда келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, кейинги йилда илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.

Йиғилишда пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилаётгани урғуланган. Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилиши, мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилган.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши белгиланган. Шунингдек, 2021 йилда чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм (тақрибан 2,9 миллион доллар) ажратилиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада янги тартиб ва рўйхатлар ишлаб чиқиш топширилган.

Чегараолди ҳудудида тўнғиз отган мулозимлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 16 октябрь куни ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган Экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро Хоразм вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош Тупроққалъа туманининг чегара олди ҳудудида тунги соат 02.00 ларда чегараолди ҳудудида юриш тартибини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, бир дона ёввойи тўнғизни отиб ўлдирганлари ва ов қилиш мақсадида юрганлари аниқланган. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарлардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд идораларига тақдим этилиши билдирилган.

Sof.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, ҳуқуқбузарлардан бири туман ҳокимининг ўринбосари, яна бири ИИБ масъул ходими, қолганлари тадбиркорлар бўлганини ёзган.

АҚШ долларининг расмий курси 12 ҳафтадан буён кўтарилишда давом этмоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 20 октябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 7 сўм 28 тийинга қимматлаб, 10 минг 371 сўм 76 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 24 сўм 80 тийинга ошиб, 10 минг 364 сўм 48 тийин бўлган эди). Бу Ўзбекистонда АҚШ валютаси расмий курсининг кетма-кетига 12-ҳафта ошишидир.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 101 сўм 33 тийинга пасайиб, 12 минг 153 сўм 63 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 144 сўм 9 тийинга ошиб, 12 минг 254 сўм 96 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов вафот этди

Аъзамхон Баҳромов.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 60 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Расмийлар Газета.uz нашрига ўлим сабаби ССВ томонидан текширилганидан сўнг аниқланишини айтганлар.

Аъзамхон Баҳромов 1960 йил 12 январида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. У 1986 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатган.

А. Баҳромов Каттақўрғон туманини 2017 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Бунгача у Қўшработ туманини бошқарган, шунингдек, Тошкентдаги “Элит Фаворит” хусусий корхонасида директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Маълумотларга кўра, у бир муддат Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини ҳам бажариб турган.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида дафн этилади.

Ангорда автоавария оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлди

Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодисалари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида Нексия-3 автомашинаси аварияга учраши оқибатида бир оиланинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди.


Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг (ЙҲХББ) маълум қилишича, 18 октябрь куни соат 23:00да Ангор тумани “Қорабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433 километрида 1993 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида Нексия-3 русумли автомашина йўл ёқасидаги каналга тушиб кетган.


ЙҲХББнинг билдиришича, каналга тушиб кетган машинада ёнғин келиб чиққан. Оқибатда ҳайдовчи И.И., унинг 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ф.А., ҳамда вояга етмаган фарзандлари 2016 йилда туғилган С.Ў., ва 2017 йилда туғилган С.И., лар оғир даражадаги тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.


“Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 19 октябрь куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади хабарда.


Ўзбекистон йўл-транспорт ҳодислари кўрсаткичи юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1293 та ўлим ҳолати қайд этилган.


Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, мазкур нохуш ҳодисалар натижасида жами 3886 нафар киши тан жароҳати олган. Ўтган 9 ой ичида 4294 та ЙТҲ содир бўлган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев президент Тошкентда унга уй ҳадя қилганини билдирди (ВИДЕО)

Бобомурод Абдуллаевни шу йилнинг 8 август куни Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда ушлаган эди.

Журналист Бобомурод Абдуллаевга Тошкент шаҳрида уч хонали квартира ҳадя қилинди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи 18 октябрь куни Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Бобомурод Абдуллаевнинг ёзишича, квартира унга президент Шавкат Мирзиёев номидан топширилган.


«Шу йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев менга Тошкентдаги Green Park турар жой мажмуасидан янги уч хонали квартирани ичидаги барча жиҳоз ва маиший техникаси билан бирга ҳадя қилдилар. Бу уйга 5 октябрь куни кўчиб ўтдик. Бугун Хоразмдан онам келдилар ва Президент ҳадя қилган янги уйни ўз кўзлари билан кўрдилар. Алҳамдулиллаҳ! Президент Шавкат Мирзиёевга катта раҳмат! Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!» деб ёзди журналист.


Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бобомурод Абдуллаевни шу йилнинг 8 август куни Ўзбекистон томонининг расмий сўровига биноан Бишкекда ушлаган ва 22 август куни Ўзбекистонга топширганди.


22 август куни Тошкентда ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан Абдуллаев қўйиб юборилди.


Аммо унга қарши иш ҳали ёпилмаган. Ўзбекистон шу пайтгача журналистнинг нимада айбланаётгани тафсилотларига расман ойдинлик киритмаган.

Абдуллаевга қўйилган айбловларнинг мазмун-моҳияти мавҳум қолмоқда.


Журналистнинг ўзи ҳали Бишкекда қўлга олинган пайт, уни "Қора Мерган" тахаллуси остида ҳукуматга қарши танқидий мақолалар ёзаётганликда айблаётганликларини таъкидлаганди.


Бобомурод Абдуллаев бу айловларни кескин рад этган.


Бобомурод Абдуллаев 2017 йилда ҳам Ўзбекистонда конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш жиноятида гумон қилиниб, қамоққа олинган эди, 2018 йил май ойида эса суд залидан озод этилган эди.

Ижтимоий тармоқ: Зангиота касалхонасида коронавирусдан ўлганлар жасадини олиб кетиш муаммога айланди (ВИДЕО)

Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов Зангиота туманидаги махсус шифохонани президентга тақдим қилмоқда, 29 май, 2020

Зангиотадаги коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси ўликхонасидан вафот этган қариндошларини олиб кетиш учун одамлар бир неча кунлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Маҳаллий нашрлар бу борада ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеога таянган ҳолда 18 октябрь куни хабар берди.


“Видеода фуқаролар улар билан мулоқотга чиққан шифохона масъулига қарата «майит ювувчиларни кўпайтириш»ни талаб қилаётгани, масъул ходим эса «қўлида бўлганида, ювувчиларни кўпайтириб қўйган бўлиши»ни айтаётганини кўриш мумкин. Айни вақтда дарвоза олдидаги масъуллардан бири фуқароларга «юқорироқ жойга мурожаат қилиш»ни тавсия этган”,-деб изоҳлаган видеони “Дарё”нашри.


“Хабар” нашри эса: “Бундай манзаралар ковиддан вафот этаётганларга оид расмий статистикага нисбатан асосли шубҳа туғдириши аниқ”,-деб ёзди.


Хабарларда айтилишича, ушбу видеоёзув юзасидан ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки бошқа мутасадди ташкилотлар муносабат билдирмади.


Озодлик радиоси 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хожибоев Зангиотадаги шифохонада ўтказган йиғилиш аудиоси ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берган эди.


Аудиоёзувда вазир ўринбосари “Кислород давлениеси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти”,- деб айтган ва “Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз",-деб таҳдид қилган эди.

Коронавирусга чалинганлар сони 63 мингдан ошди

18 октябрь куни мамлакатда 308 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 19 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган уч нафар бемор вафот этди. Бу билан ўлганлар сони расман 527 нафарга етди.


Вазирлик 18 октябрь куни мамлакатда 308 ҳолатда касаллик қайд этилгани ва 321 нафар бемор тузалгани ҳақида маълум қилди.


Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 63303 нафар бемордан 60401нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.


Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 375 нафар бемордан 312 нафари оғир, 92 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди

"Korean & Migrations" фирмасидан алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Ўзбекистонда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50тасининг лицензияси бекор қилинди.


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг билдиришича, 13-14 октябрь кунлари “Adiba travel and work” ва “Good Work” хусусий бандлик агентликларига берилган лицензия ҳам бекор қилинган. Бу билан 18 октябрь ҳолатига кўра, сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50тага етди.


Вазирликнинг маълум қилишича, бугунги кунда хусусий бандлик агентликлари реестрига киритилган 103та агентликдан фақат 25таси лицензияга эга.


Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди. Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.


Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 6 октябрь куни Озодлик мухбири билан гаплашган мулозимига кўра, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта ташкил этиш режаланмоқда.


Бир ой ичида эълон қилиниши кутилаётган янги қонунга мувофиқ, эндиликда бандлик агентликлари фақат консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.


Хорижга ишга жўнатиш билан эса, бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши режаланган.

Транспорт вазирлиги 19 октябрдан йўловчиларга бепул қўлқоп тарқатилишини маълум қилди

COVID-19 касаллигидан ҳимояланиш учун қўлқоп кийиб олганлар, Украина (иллюстратив сурат)

Траспорт вазрилиги Тошкент шаҳар жамоат транспортида йўловчиларга қўлқоп бепул тақдим этилишини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, 19 октябрдан Тошкент шаҳар жамоат транспорти - автобус, метро, йўналишли такси хизматидан фойдаланганда йўловчилар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиш шарт қилинган.

"Бунда ташувчилар томонидан жамоат транспорти йўловчиларига қўлқоплар бепул тақдим этилади. Йўловчилар метро станцияларига киришда, автобус ҳамда микроавтобусга чиқиш вақтида касса ходимлари, кондуктор ва ҳайдовчилардан қўлқопларни олишлари мумкин", деб хабар қилди вазирлик.

Транспорт вазирлиги шу йилнинг 17 октябрь кунги баёнотида, транспортда қўлқопсиз юрганларни аниқлаш учун рейдлар ташкил қилинишидан огоҳлантирган.

Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳри аҳолиси учун жамоат траспортида тақдим қилинадиган бепул қўлқоплар қайси манбадан, неча пулга олиниши ва "ташувчилар"га жами қанчага тушиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

Тошкент дорихоналари ва бозорларида полиэтилеэн ва резина қўлқоплар бир донасининг нархи 1000 сўмдан 5000 сўмгача сотилмоқда.

Ҳозирча, Транспорт вазирлиги жорий этган бу тартиб борасида Ўзбекистонда COVID-19 касаллиги билан боғлиқ вазиятни бошқариб келаётган Махсус коммисия қарори жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG