Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 21:06

“Сатторий сабаб кечиккан” ташриф: Мирзиёев Сурхондарёга боради


Президент ташрифи олдидан "ҳашар"га чиққан жарқўрғонлик ишчилар.

Блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ва унга халқаро ташкилотларнинг танқидий муносабатлари давом этаётган бир пайтда президент Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифи кутилмоқда.

Жорий ой охирига режаланган президент ташрифи олдидан Мирзиёев бориши эҳтимоли бўлган жойларда кечаю кундуз ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Сурхонликларга кўра, ўнқир-чўнқир йўллар асфальтланиб, президент вертолёти қўниши учун тайёрланган йўл бўйларидаги қуриган арчалар яшил рангга бўяб чиқилмоқда.

Айни пайтда Тошкентдан борган махсус ишчи гуруҳ Сурхондарёдаги тайёргарликни ўрганмоқда.

Президент ташрифини ташкиллаштираётган ишчи гуруҳ

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов имзолаган ҳужжатга кўра, Мирзиёевнинг Сурхондарёга ташрифини ташкиллаштириш учун мутасадди вазирлар ва раҳбарлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, улар 18 май куни Сурхондарёга етиб борган.

Бу ҳужжатнинг нусхаси Озодликда мавжуд бўлиб, унда айтилишича, ишчи гуруҳ 20 май куни Президент администрациясига ҳисобот бериши лозим.

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги манбанинг Озодликка айтишича, президент ташрифига тайёргарлик 4 ойдан бери давом этяпти:

“Бошида президентимизнинг вилоятимизга ташрифи март ойининг биринчи ўн кунлигига режаланганди. Шунга тайёргарлик февраль ойидаёқ бошланганди. Кейин президент ташрифи қолдирилди ва май охирига белгиланди. Икки ойдан бери ҳокимлик қаттиқ тайёргарлик кўрмоқда. Ишчи гуруҳ келгач, деярли уйқу ҳам йўқ ҳокимлик ходимларида”.

Исмини очиқламаётганимиз манбага кўра, ушбу ишчи гуруҳ президентга кўрсатиш мумкин бўлган жойлар ва айтиш лозим кўриладиган маълумотларни саралайди.

Айни пайтда Сурхондарё бўйлаб ушбу ишчи гуруҳга етказиладиган маълумотларни маҳаллий раҳбарлар ҳам дастлабки “элак”дан ўтказмоқда.

Матбуотга ошкор бўлган шундай ҳолатлардан бири Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлган.

Институт раҳбарларидан бири томонидан Телеграм орқали ёзилган постда президент ташрифига тайёргарликни текшириш учун келган ишчи гуруҳ олдида талабаларнинг ўзини қандай тутиши уқдирилган:

“Учрашувга эс-ҳуши жойида талабаларни тайёрлаб, огоҳлантириб қўйинг. Умуман, қайси гуруҳга кирилса ҳам, талабаларимиз Президентимиз томонидан олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар учун миннатдорчилик кайфиятини намоён қилиши керак...Ҳамма шароит етарли, фақат биз ёшлар яхши таълим ва тарбия олишимиз лозим, деган ғояни гапиришсин, телевизорда ҳам зўр чиқади”.

“Президент ташрифи деб, рўзадорларни жазирама иссиқда ишлатишди”

Айни пайтда Сурхондарёда президент ташрифига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган.

Ўзини Термиз Нефтбаза МЧЖнинг Жарқўрғон филиали ходими деб таништирган муштарий, президент ташрифи учун бир ойдан бери “ҳашар”га чиқарилаётганини ёзди:

“Сурхондарёга президент ташрифи арафасида, ҳатто рўза пайти ҳам рўзадор ишчи- ходимларни куннинг иссиқ палласида кўча тозалашга мажбурлашди. Суратда ишлаётган ходимлар Термиз нефтбаза МЧЖ Жарқўрғон филиали ходимлари”.

“Шавкат Миромонович, сиз учун кўзбўямачилик қилинмоқда”

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласининг маълум бир қисми ҳам президент ташрифи учун бўяб-безалди.

Воқеа жойдан Озодликка йўлланган видеода йўлларнинг асфальт қилингани, йўл бўйларига арча ниҳоллари экилгани, симёғочлар оқлангани кўринади.

Президент ташрифига асфальт қилинган йўл ва қаровсиз қўшни қишлоқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00

Видеони йўллаган шерободлик йигит президент ташрифига қилинаётган ишларни “кўзбўямачилик” дея атади:

"Кўзбўямачилик, иккиюзламачилик ва халқни аҳмоқ қилиш давом етмоқда. Мана 1 ойдирки, вилоятимизга президентимизнинг ташрифи кутилаётгани боис туманимизда ғалати ишлар содир бўлмоқда. "Ўзбекистон" маҳалласида собиқ иттифоқ давридан бери асфальт таъмири ўтказилмаган К6 626 йўлини гўёки Германия йўлларидек қилиб таъмирламоқда. Йўлнинг бир неча километр жойига президент вертолёти қўнишига махсус белгилар ҳам қўйишган. Аввалроқ вертолёт қўндириб, репетиция қилиб кўришди. Асфальт чўкиб кетганди, қайтадан қилишди. 3 кунча аввал йўлнинг шу асфальтланган қисмидаги йўл бўйига арчалар экилди. Арчаларнинг қуриган ва чанг босган жойларига яшил краска сепиб чиқишди. Далаларга яқинда анор экиб, томчилаб суғориладигандай қилиб қўйишди”.

Аноним қолишни истаган шерободлик йигит ушбу бежалган маҳалла яқинидаги ўзининг қаровсиз маҳалласига Мирзиёевни таклиф қилади:

"Бойқишлоқ"қа борадиган газ қувури кесиб ташланган
"Бойқишлоқ"қа борадиган газ қувури кесиб ташланган

“Илтимос, муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович, шу вертолётингиз қўнган жойдан кунботар томонга юрсангиз, бизнинг маҳаллалар чиқади. "Бойқишлоқ" ва "Боғиобод" маҳалласи.

Сиз учун тайёрланган сунъий йўллардан кейин, агар бизнинг қаровсиз йўлларимиздан юра олсангиз, бизнинг маҳаллага ҳам бир келинг. Узоқ эмас, 5 километрча чиқади.

Маҳалламизда йўл йўқ, сув йўқ, газ йўқ, ҚВП йўқ, битта свет бор. Маҳалламизга келсангиз, Сурхондарёдаги ҳақиқий аҳволнинг гувоҳи бўласиз”.

"Бойқишлоқ"даги қаровсиз бинолардан бири
"Бойқишлоқ"даги қаровсиз бинолардан бири

Термиз туманининг Учқизил қўрғони “Янгиҳаёт” маҳалласида тадбиркорлик билан шуғулланувчи 37 яшар Анвар Менглиев ҳам президентнинг Сурхондарёга ташрифи натижасида ўз муаммолари ҳал бўлишидан умидвор:

“Ҳурматли президент, Сурхондарёга келсангиз, бир меҳмон бўлиб кетинг. Чорва молларимни кўрардингиз. 15 йилдан бери тарбиркорлик қиламан. 45та молим бор, яна олиб келишим керак. Лекин ем-ҳашак экиш учун ерим йўқ. Ўт-ҳашак сотиб олишга қийналяпман, туман ҳокими ер бермаяпти”.

“Сатторий иши сабаб кечиккан ташриф”

Сурхондарё вилоят ҳокимлигидаги манба иддаосича, президентнинг март ойига режаланган ташрифининг қолдирилишига блогер Отабек Сатторий ҳибсга олингач, халқаро танқидлар кўп бўлгани сабаб бўлган:

“Бу блогерни январда ушлашганидан кейин жуда кўп халқаро ташкилотлар ёзиб чиқди. Уни озод қилишга чақиришди. Эшитишимча, шунақа гап-сўзлар фонида президентимизнинг Сурхондарёга келишини маъқул эмас деб топишган. Шунинг учун мартдаги ташрифини қолдиришган”.

Президент ташрифи арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Сурхондарё ҳокимини Сатторий ишига алоқадор дея “айблади”.

Президент ташрифи олдидан Сурхондарёга ишчи гуруҳ келган куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги депутат айбловига ўз муносабатини билдирди.

Хабарномада вилоят ҳокимлиги томонидан блогер Отабек Сатторийга қарши ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмагани, вилоят ҳокимлигининг ушбу ишга алоқаси йўқлиги боис суд жараёнида ҳокимлик ҳатто гувоҳ сифатида ҳам чақирилмагани иддао қилинган.

Маҳаллий расмийларни ўзининг “Халқ фикри” видеоблогида танқид қилгани билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди ҳукми билан шу йил 10 майида олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

Ҳукм ортидан Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ), Чегара билмас мухбирлар ва Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийни зудлик билан озод қилишга чақирган. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида жазоланган.

Каримов давридан қолган анъана

Ўзбекистонда президент ташрифига кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча марта қоралаган.

Аммо бу танқидларга қарамай, президент борадиган ҳудудлар йўлларини шоша-пиша асфальт қилиш, томларни бўяш, бюджет ходими ишчиларини кўча тозалашга чиқариш, йўл бўйига хўжакўрсинга иссиқхоналар қуриш, кўчатлар экиш ёки очилган пахтани тердирмай туриш каби ўнлаб кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида Озодликка хабарлар келган.

Президентнинг кутилмаган ташрифидан қўрққан мулозимлар “қолоқ маҳалла”ларни обод қилишни бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG