Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 06:20

Свобода радиоси Россия ҳукумати устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилди


Озод Европа/Озодлик Радиосининг "Настояшчее Время" телеканали журналистлари Москвадаги Борий Немцов мемориалида - 25 февраль, 2018

Озод Европа/Озодлик Радиоси рус хизмати медиакорпорациянинг Россиядаги вакили бўлмиш "РСЕ/РС" МЧЖ медиаташкилотига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲБЕС) мурожаат қилди.

Озодлик Европа маҳкамасидан Россия суди қарорларининг ижросига мораторий белгилашни назарда тутувчи тезкор таъминий чоралар кўришни сўрамоқда.

Россия ҳукумати «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айблаб "РСЕ/РС" МЧЖ ҳамда унинг бош директори Андрей Шарийга нисбатан ўнлаб маъмурий баённомалар тузган.

ИҲБЕСга мурожаатида "РСЕ/РС" МЧЖ Россия ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 10-моддаси билан мустаҳкамланган фикр билдириш ва сўз эркинлигига хилофлиги таъкидланади.

Суддан таъминий чораларни жорий этиш талаб қилинмоқда, зеро, агар бу иш амалга оширилмаса "РСЕ/РС" МЧЖ ва унинг бош директори ўрнини тўлдириб бўлмас даражада зарар кўриши мумкин. Қолаверса, РСЕ/РС корпорациясига тегишли Свобода Радиоси ва бошқа лойиҳаларнинг таъқиб қилиниши Россиядаги бошқа мустақил ОАВлар тақдирига салбий таъсир этиб, Кремлнинг уларга қарши янада эркин ҳаракат қилишига кенг йўл очиб бериши мумкин.

ИҲБЕС тарихида, ҳукуматлар ОАВ эркинлигига дахл қилганида таъминий чораларни қўллаш ҳолатлари бўлган.

2017 йилда РСЕ/РС медиакорпорациясининг Свобода Радиоси ва бошқа лойиҳалари Россия ҳукумати томонидан «ОАВ — хорижий агент» деб тан олинганди. Медиаташкилот ўзини бирон хорижий давлатнинг «агенти» деб ҳисобламаслигини, чунки унинг таркибидаги ОАВлар тамомила мустақил таҳририят сиёсати юритишини бир неча бор урғулаган.

Ўтган йилнинг кузида «Роскомнадзор» «ОАВ-хорижий агентлар»га барча мақола ва материалларига махсус белги қўйиш мажбуриятини юклаганди. Россия қонунчилигининг барча нормаларини бажариб келган РСЕ/РС ушбу талабни таҳририят сиёсатига аралашишга уриниш деб баҳолаб, уни бажаришдан бош тортди.

«Роскомнадзор» РСЕ/РС нинг Россиядаги лойиҳаларига нисбатан 12 январдан 15 январгача 390 та баённома тузиб, уларга жами 80 миллион рублдан ортиқ миқдорда жарима солган.

Мазкур идора эндиликда яна 130 та баённома тузиб, ҳар бири бўйича жарима миқдорини икки баравар оширишини эълон қилди. "РСЕ/РС" МЧЖ тайинланган барча жарималар устидан Россия қонунчилигида белгиланган тартибда судга даъво киритди, бироқ суд шу пайтга қадар ҳеч бир апелляция шикоятини қаноатлантиргани йўқ.

Сўнгги йилларда РСЕ/РС корпорациясининг Свобода Радиоси ва бошқа лойиҳалари Россияда муттасил оммалашмоқда. РСЕ/РСнинг мамлакатдаги ҳафталик аудиторияси 7 миллион кишига етган. Рус тилидаги Свобода радиоси сайтига 2021 йилнинг ҳар ойида 16 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кириши қайд этилган.

Корпорация президенти Жейми Флай ИҲБЕСга илтимоснома киритилиши муносабати билан шундай баёнот берди: «Россия ҳукумати РСЕ/РСни сўз эркинлиги ва ростгўй журналистикадан воз кечишга мажбурлай олмайди. Биз Россиядаги аудиториямиз билан қай тариқа мулоқот қилишимизни «Роскомнадзор» ва Кремль ҳал қилиб беришига йўл қўймаймиз».

Жейми Флай Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳукуматининг хатти-ҳаракатларига ҳаққоний баҳо беришига умид билдиришини таъкидлади. У Кремлнинг ҳаракатларини «сўз эркинлиги ва Россия халқининг ахборот олиш ҳуқуқини бўғишга уриниш» деб атади. Флайга кўра, Россия ҳукуматининг қадамлари “бутун дунёда мустақил ОАВлар хавф остида турган ҳозирги пайтда уларнинг аҳволини бадтар оғирлаштириши мумкин бўлган хатарли прецедентдир".

XS
SM
MD
LG