Линклар

Шошилинч хабар
09 апрел 2020, Тошкент вақти: 23:03

Тиббиётчилар аҳоли орасида "соғломлаштириш тадбирларини" ўз чўнтагидан ўтказмоқда


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик шифокорларга ҳафтасига уч кун жамоатчилик билан учрашиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш вазифаси юкланди.

Тарғиботга жалб қилинган ёш шифокорлар бу тадбир икки ойдан бери давом этаётгани, шу давр мобайнида йўлкирани ва бошқа сарф-ҳаражатларни ўз ёнларидан қилаётганлари уларга оғир тушаётганидан шикоят қилмоқда.

Аммо Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳар бир шифокорнинг бурчи эканини таъкидлаган ҳолда, бунинг учун қўшимча ҳақ тўлаш назарда тутилмаганини билдирди.

"Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бизга қимматга тушаяпти"

Озодликка боғланган марғилонлик ёш шифокорлардан бири соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар учун ҳар бир шифокорга 37 соатлик норма белгиланганини айтди:

- Авваллари ҳафтасига уч кун участкаларга чиқар эдик. Энди эса ёш шифокорларга ҳафтасига уч кун участкага чиқиш билан бир қаторда участкадан ташқаридаги маҳаллалар, мактаблар, корхона ва ташкилотларга боришга мажбур қилишмоқда. Бу ерда камида 25-30 одамни йиғиб тарғибот ўтказишимиз керак. Бундан ташқари оммавий ахборот воситаларида чиқишимиз, ижтимоий тармоқларда махсус каналлар очишимиз, видеолар қилишимизни талаб этишмоқда. Икки ойдан бери аҳвол шу. Ойлигимиз ўзи шундоқ ҳам оз. Бунинг устига бундай тадбирлар учун ҳафтасига 150-200 минг сўм йўлкира қилаяпмиз.

Озодлик суҳбатлашган олтиариқлик ёш шифокор ҳам бу гапларни тасдиқлади. Унга кўра, бу тадбирларни иш вақтида амалга ошириш буюрилган:

- Масалан, мен беморларни қабул қилиш ўрнига маҳаллага ёки мактабга боришим керак. “Беморларни ким қабул қилади?”, деб сўрасам, раҳбарлар “Бошқа бир шифокор кўриб қўяр”, деб жавоб беришди. Бунинг устига битта ўшандай тадбирни ўтказиш учун йўлкира, кўргазмали воситалар учун яна 15-20 минг сўм ҳаражат қиламан. Мен-ку, шифокорман, ойлигимга эпласам бўлади. Аммо энди ишга келган ёш ҳамширалар 500-600 минг ойлик олади. Улар жуда қийналиб кетишди.

Ёш шифокорлар ўз сўзларининг тасдиғи ўлароқ қуйидаги суратда кўриб турганингиз - тадбирлар режаси акс этган жадвални тақдим этишди.

"Тарғибот ишлари учун тиббиёт ходимларига ҳақ тўланмайди"

Озодлик мавзуни ўрганиш доирасида бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. Вазирликнинг ўз исмини айтишни истамаган ходими соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш тадбирлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида режали тарзда ўтказилаётганини тасдиқлади:

- Бу тадбир президентимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш зарурлиги тўғрисидаги ташаббуслари ортидан бошланган. Бир неча ойдан бери давом этмоқда. Лекин бу тадбирни ўтказиш шифокорлар учун мажбурият эмас, ихтиёрийдир, - деган расмий Озодликка мазкур тадбирни ўтказиш учун масъул шахс билан боғланишни тавсия қилди.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга масъул бўлган вазирлик расмийси Барнохон Одилова мазкур тадбирда қатнашган шифокорларга қўшимча ҳақ тўлаш назарда тутилмаганини айтди:

- Шифокорлар ҳар ҳафта ўз участкаларига чиқади. Биз ўша участкага чиққан пайтда беш-ўн одамни тўплаб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни тавсия қилганмиз. Бу тадбирнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, ҳозир мақсадли аудитория, яъни соғлом турмуш тарзига муҳтож одамларни аниқлаб, ўшалар орасида тарғибот ўтказиш режалаштирилган. Ҳар бир шифокор буни ўз участкасида ўтказаётгани учун қўшимча ҳақ ёки йўлкира тўланмайди. Ҳеч ким бир шифокорни ўз участкасидан ташқаридаги бошқа бир участкага, узоқ ҳудудга жўнатишга ҳақли эмас. Бунга мажбур қилишга раҳбарларнинг ҳеч бирига ваколат берилмаган.

Ўзбекистон расмийлари бундан аввал ҳам бюджетдан маош олиб ишлайдиган ташкилотлар ходимларини турли тадбирларга мажбурий равишда жалб қилинмаслиги тўғрисида баёнотларни берган.

Аммо шунга қарамай, жой-жойлардан Озодликка бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлари ёки бирон бир тадбирга мажбурий жалб қилинганлари ҳақида билдириб келадилар.

Жумладан, Озодлик ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ва бошқа бюджетдан маош олувчи ташкилотлар ходимлари кўчаларни ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш каби ишларга мажбуран жалб қилинаётгани тўғрисида қатор мақолаларни эълон қилганди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG