Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2021, Тошкент вақти: 10:45

Тихановская: Лукашенко журналистларга “Ё биз билан бўл, ё қамоқда ўл!” демоқда


Светлана Тихановская

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Лукашенко маъмурияти журналистларни таъқиб қилиш билан “Ким биз билан бўлмас экан, демак, бизга қаршидир” деган мужда йўлламоқда деб ҳисоблайди.

Тихановская “Настояшчее время” телеканали мухбирига 18 февралда берган суҳбатида аксилҳукумат намойишларни жонли эфирда ёритган журналистлар маҳкамага тортилганини оқлаб бўлмас ҳол ўлароқ баҳолади.

“Белсат” сунъий йўлдош телеканалининг икки журналисти Катерина Андреева ва Дарья Чульцова 2020 йил 15 ноябрь куни Минскда Роман Бондаренко хотирасига бағишланган тадбирни ёритаётганда ҳибсга олинган эди. 18 февраль куни Минск шаҳри Фрунзе тумани суди журналистларни “жамоат тартибини бузишга қаратилган оммавий тадбирларни уюштириш”да айбдор деб топди ва уларни икки йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Айблов сиёсий руҳда бўлганини айтган Андреева ва Чульцова маҳкама ҳукмини тан олмаган.

Катерина Андреева (Бахвалова) ва Дарья Чульцова
Катерина Андреева (Бахвалова) ва Дарья Чульцова

“Буни на одил тергов, на одил судлов деб бўлади. Нафақат Дарья ва Катеринага, умуман, барча сиёсий маҳбусларга кескин жазолар тайинланаётгани афсусланарли ҳолатдир. Бундай чоралар билан ҳукумат журналистларга “Ё биз билан бўл, ё қамоқда ўтир!” дея пўписа қилмоқда”, – дейди Тихановская.

Европа Иттифоқи ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Андреева ва Чульцоваларга берилган жазони мустақил матбуотга қарши давом этаётган тазйиқларнинг бир қисми деб баҳолади.

Таъқибу тазйиқлар ўтган йили президентлик сайлови кампанияси давридан бошланган, ўн минглаб киши норозилик билдириб кўчага чиққач эса янада кучайган эди.

Журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, президентнинг мухолифлари ҳамда минглаб намойишчиларнинг калтакланиб ҳибсга олиниши ҳам ҳуррият тарафдорлари руҳини бука олмади. Лукашенкодан истеъфо талаб этилаётган намойишлар ҳамон давом этмоқда.

Светлана Тихановская
Светлана Тихановская

“Катта кўламдаги давлат қатағонларига гувоҳ бўлганимиздан сўнг “оч қорним – тинч қулоғим” деб яшаб кетиш имконсизлигини барчамиз яхши тушуниб турибмиз. Лукашенкони бундай жиноятлари учун ҳеч ким кечирмайди. Халқ уни ортиқ президент деб тан олмайди, одамлар унга ишонмай қўйди”, – дейди Тихановская.

Суҳбат давомида собиқ банкир Виктор Бабарико устидан бўлиб ўтаётган маҳкама мавзуси ҳам муҳокама этилган.

Виктор Бабарико
Виктор Бабарико

Лукашенкога муқобил энг кучли номзод ҳисобланган Виктор Бабарико 2020 йил июль ойида ҳибсга олинган ва уйдирма айбловлар билан сайловга қўйилмаган эди. Катта маблағ ўзлаштирилиши борасидаги даъво Бабарико “Белгазпромбанк”ни бошқарган ўн йил олдинги даврга бориб тақалади. Айбловларни “уйдирма” ва “сиёсий буюртма” деб атаган Тихановская жиноят иши Бабарико президентликка сайланиш ниятини ошкор қилгандан кейин, 2020 йилда қўзғатилганига эътибор қаратган.

Мухолиф сиёсатчига кўра, Лукашенконинг рақибларига бўлган ғирром муносабати ҳамда ғайриқонуний ҳибсларни кўпроқ ёритиш орқали бедодликка барҳам бериш мумкин.

“Беларусларга муаммоларни ҳал қилишда ёрдам йўли бу – бутун дунёнинг далдаси ва халқаро ҳамжамиятнинг режимга босими ўтказишидир”, – дейди у.

Ўз ҳасби ҳолини ҳам баён этган Тихановскаяга турмуш ўртоғи Сергей билан 2020 йил октябрь – Лукашенко тергов изоляторида рақиблари билан кўришгандан бери гаплашмаганини маълум қилган.

Сергей Тихановский сўнгги йилларда Александр Лукашенкога мухолифатда бўлган YouTube блогер сифатида шуҳрат қозонди. У Беларусь президенти лавозимига номзодини кўрсатмоқчи бўлган, бироқ маъмурият уни рўйхатга олишдан бош тортган эди.

“Сергей 9 ойдан бери қамоқда. Аммо аминманки, у таслим бўлмайди, эътиқодидан асло воз кечмайди”, – дея ишонч билдиради Тихановская.

Ватанини тарк этишга мажбур бўлган сиёсатчининг айтишича, ўғли отаси ҳибсда эканини тушунадиган ёшда бўлиб, бундан ўксинади. Қизи эса отаси хизмат сафарига кетган деб ўйлайди.

“Коронавирус пандемияси важидан Беларусга қайта олмаяпмиз! Ҳозирча мурғак ёшдаги қизим ушбу баҳонамизга ишонмоқда. Отасини эсдан чиқариб юбормаслиги учун у билан Сергейнинг видеолавҳаларини тез-тез томоша қилиб турамиз”, – дейди Беларусь мухолифати рамзига айланиб улгурган сиёсатчи аёл.

XS
SM
MD
LG