Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

Туркман президентининг “ҳамёни” Александр Дадаевнинг кейинги лақаби “маҳбус” бўлиши мумкин


Александр Дадаев.
Александр Дадаев.

Туркманистон президентининг энг ишончли ёрдамчиларидан бири бўлган Александр Дадаев орадан 12 йил ўтиб, қўққисдан лавозимидан кетгач, турли гап-сўзлар болалаб кетди.

Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасини бошқариб келган Дадаев Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яхши кўрган кишиси ва молия масалаларида ишонган ёрдамчиси бўлган эди. Ишонч шу даражада бўлганки, у Туркманистони президентининг “ҳамёни” деган лақаб ҳам орттирган.

Гарчи Дадаевнинг Орқадоғ билан иттифоқи Туркманистоннинг табиий газ ва нефтини сотишга қадар бориб етмаган бўлса-да, ушбу мамлакатдан экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг ярмидан кўпи унинг қўлидан ўтган.

Одатда Туркманистонда юқори лавозимли амалдорнинг қўққисдан ишдан кетишидан олдин унинг ҳибсга олингани ёки оғир жиноятлар содир этганликда айбланаётгани ҳақида хабар тарқалади.

72 яшар Дадаев эса 1 апрелда истеъфога чиққанини хабар қилди, лекин у 2 ҳафта олдин номи зикр этилган уюшма раҳбарлигига қайта сайланган эди.

Бердимуҳамедов 2006 йилда Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурад Ниёзов ўлимидан сўнг раҳбар бўлган эди. У 2008 йилда Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасини ташкил этган, унга Дадаевни раҳбар этиб тайинлаган эди.

Дадаевнинг танланиши ғалати бўлган.

Ниёзов 2002 йили Дадаевни коррупцияда айблаб, Ашхобод шаҳри мэри ўринбосари лавозимидан бўшатган эди.

Ниёзовнинг ўлимидан сўнг Дадаевнинг омади чопиб қолди.

Қочқиндаги туркман фаоллари юритадиган “Хроника Туркменистана” сайтида 2008 йилда чоп қилинган ҳисоботга кўра, Дадаев “Гуш тўплуму” паррандачилик фермасини кенгайтириш учун 2007 йилда Марказий банкдан тўловни 2 йил кечиктирилган ҳолда тўлаш шарти билан 5 фоизлик ақл бовар қилмайдиган (10 миллион доллар) кредит олади.

Орадан кўп ўтмай, Қишлоқ хўжалик вазирлигининг ер ресурслари хизмати паррандачилик фермаси учун 30 гектар жой ва Ахал вилоятидан 1500 гектар суғориладиган ерни – ва Дашўғиз вилоятидан яна 500 гектар ерни – паррандаларни боқиш учун экин ўстиришга ажратиб беради.

Энергетика ва саноат вазирлиги кейинчалик паррандачилик комплекси учун электр қуввати ва иситиш тизимини қуриб беради.

Шундан сўнг “Гуш тўплуму” Туркманистон шаҳарларидаги кўплаб дўконларни парранда гўшти билан таъминлай бошлади ва Дадаев жуда бойиб кетди.

Яна Дадаевнинг омади юришиб, 2008 йилда Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасига раҳбар этиб тайинланди.

2010 йил октябрида уюшма номига хусусий бўлган “Рисгал” тижорат банкини ташкил қилди. Мамлакатдаги иш одамларининг аксарияти “Рисгал” банкидан қарз ва кредит олиб келгани айтилади.

Уюшманинг “Рисгал” газетаси ва ҳатто Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси ҳам бор. Шу кунларда унга 24 180 киши аъзо. Уюшма давлатнинг асосий пудратчиси экани айтилмоқда.

Жорий йил февралида Бердимуҳамедов уюшмага Ахал вилояти марказини барпо қилиш учун 1,5 миллиард доллар ажратди. Президентнинг ўғли Сардор Ахал вилояти ҳокимидир.

Яна бир ёрқин мисол: уюшмага Ашхобод билан мамлакат шарқидаги Туркманобод (олдинги Чоржў) шаҳри ўртасида 600 километрлик кўп қаторли автомобиль магистрал йўли қурилиши учун 2,3 миллард доллар ажратилган эди.

Дадаев бошлиқ уюшма кўпқаватли уйлар, мол бозорлари, автомобиллар учун туроқлар, шаҳар чеккасидаги коттежлар ва ҳатто Болқон вилоятида балиқчилик фермаси ҳам қурмоқда.

Уюшма 2017 йил сентябрида Туркманистон мезбонлик қилган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларига маблағ йиғишда кўп ёрдам берди. Ўша пайтда Туркманистоннинг асосий экспорт товари – табиий газ баҳоси тушиб кетгани сабабли ҳукумат қийин аҳволга тушиб қолган эди.

Дадаевнинг оиласи ҳам бойиб кетди, ўғли Виталий билан укаси Алексей Туркманистондаги йирик корхоналарни бошқаради.

Унинг ўзини 2020 йил мартида 600 та корхона раҳбарлари яна 4 йилга уюшмага раис этиб сайлади.

Шунинг учун Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасида 1 апрелда мажлис ўтказилиб, Дадаевнинг пенсигя чиқиш тўғрисидаги илтимоси қондирилгани эълон қилингани ғалати бўлди.

Агар Дадаев пенсияга чиқишни режалаштираётган бўлса, нега 17 мартдан олдин буни айтиб, вакиллар бошқа бировни сайлашига имкон бермади?

Истеъфога чиқиши ортидан у тез орада турли жиноятларда айбланиши ва бутун бойлиги тортиб олиниши ҳақидаги миш-мишлар урчиб кетди.

Бундай гумонлар урчиб кетишига 2009 йилдан бери ички ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2019 йил октябрида жамоатчилик кўз ўнгида камситилиб, ишдан бўшатиб юборилган Исгендер Муликов тақдири сабаб бўлди.

Брус Панниер,

Озод Европа/Озодлик радиоси шарҳловчиси, инглиз тилидаги "Қишлоқ овози" блоги муаллифи.

XS
SM
MD
LG