Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:46

Туркман президенти дискотека уюштириб, дижейлик қилди (ВИДЕО)


Туркман нашрлари президент ўтказган Янги йил базмини «эркин ижод тантанаси” деб алқади.
Туркман нашрлари президент ўтказган Янги йил базмини «эркин ижод тантанаси” деб алқади.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Янги йил тадбирларидан бирида ижрочи, дижей ва лектор сифатидаги «маҳоратини намойиш қилди».

Озодлик радиоси туркман хизматининг ёзишича, 27 декабрь куни Ашхободдаги «Мизан» марказида Туркманистон раҳбари бир соат давомида қўшиқ айтган, дижейлик қилган ва йиғилганларга мусиқа асбобларининг турлилиги борасида лекция ўқиган. Бу концерт давлат телевидениеси орқали кўрсатилган.

Ҳукумат нашрлари бу тадбирни «эркин ижод тантанаси” деб алқади. Тадбирда ҳукумат аъзолари, депутатлар ва таниқли санъат намояндалари иштирок этдилар. Улар президент айтаётган қўшиқларга жўр бўлишди ва рақсларга тушишди.

Бош вазир ўринбосари Чори Гилижов, парламент раиси Гулшат Мамедова ва бошқа мансабдор шахслар қизиқчилар Тикги, Шемка, Подтиш билан бир қаторда Гурбангули Бердимуҳамедов чиқишини ўринларидан туриб, гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.

Тадбир давомида президент ўзи ёзган бир нечта қўшиқни ҳам ижро этган. Улар орасида “Ровач” лақабли отга бағишланган рэп услубидаги қўшиқ ҳам бор эди.

Бу тадбирдан ташқари, Янги йил арафасида Гурбангули Бердимуҳаммедов Савдо-саноат палатасида ўтказилган Янги йил базмида ҳам иштирок этган. Лекин бу тадбирда у “ўз маҳоратини кўрсатмаган”, яъни қўшиқ айтиб, мусиқа чалмаган эди. Унинг ўрнига ҳукумат аъзолари “санъатларини намойиш” қилганлар.

Ўша тадбирда парламент раиси Гулшат Мамедова иштирокида тўй саҳнаси, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Гурбанмурод Мезилов иштирокида кураш саҳнаси, Ашхабод хокими Шомуҳаммед Дурдилиев иштирокида лезгинка рақси ижро этилди.

Ҳукумат нашрлари бу тадбирларни ёритар экан «2020 йил ўзгача бир ёрқин тарзда мамлакатимиз ҳаётига кириб келди”, деб ёзди.

Туркманистонда Янги йил тадбирлари давом этмоқда. Туркман матбуотининг билдиришича, 1 январь куни Савдо-саноат палатасида шахсан Гурбангули Бердимуҳамедов ўз оталиғига олган болалар уйи тарбияланувчилари учун базм ўтказилган. Унда тарбияланувчиларга президент совғалари топширилган.

XS
SM
MD
LG