Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:43

Самарқандда Ҳукумат қарори бажарилмаётгани ортидан 168 ёш оила уйсиз қолиши мумкин (ВИДЕО)


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Самарқанд шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил, 11 сентябрдаги 760-сонли қарори бажарилмаётгани ортидан 168 ёш оила «имтиёзли асосда бериладиган» уйларга кўчиб ўтишдан маҳрум бўлиши мумкин.

«Имтиёзли асосда бериладиган» уйларни қурган Agromir Buildings ширкати бу ҳақда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини 17 февраль куни расман огоҳлантирди.

Ширкат мазкур уйлар учун ташкилотдан 42 миллиард сўмдан кўпроқ қарздорликни ёпишни талаб қилмоқда. “Акс ҳолда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг аъзолари билан тузилган шартномалар бекор қилинади”, дейилади огоҳлантирув хатида.

Айни пайтда Ёшлар иттифоқи расмийси Озодлик билан суҳбатда имтиёзли кредит ажратиш ваколатига эга эмаслигини билдирди. Имтиёзли кредит ажратиш ваколатига эга бўлган банк расмийси эса, “бу борада кўрсатма берилмаганини" айтди.

"Имтиёзли" имтиёзсизлик

Имтиёзли уй-жой олиш учун навбати келган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши аъзоси Зикрулло Ясаков Озодлик радиосига ёшлар кўчиб ўтиши керак бўлган уйлар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги 760-сонли қарорида белгиланган имтиёзли кредит берилмаётганини маълум қилди:

"Бизга арзон уй-жой деб бир квадрат метри 4 миллион сўм бўлган уйларни беришмоқда. Банк кредит фоизи эса 16-18 фоиз. Ўтган йили вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ўроқов имтиёзли кредит асосида уй олиш ҳуқуқига эга бўлган ёшларни бир жойга йиғиб, "16 фоизлик кредит олишга розимиз", деган мазмундаги тилхатларимизни ҳам мажбуран олиб қолган эди. Бундай шартлардаги кредитни умуман қайтара олмайман".

Янги уйлардан бирига кўчиб ўтган ёшлардан бири Озодлик билан суҳбатда катта миқдордаги кредитни қандай тўлашга бошқи қотиб турганини айтди:

"Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан бизга 7 фоиз устама билан имтиёзли кредит берилиши лозим эди. Аммо Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Самарқанд вилоят филиали имтиёзли кредит беришдан бош тортиб келаяпти. Кейин Ёшлар Иттифоқи қурилиш ширкатига бошланғич бадалнинг тўланишини ҳам таъминламаган экан. Эндигина кўчиб кирган уйимиздан ҳайдаб чиқаришса, қаерга борамиз?"

Қурилиш ширкатига шу кунгача 42 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ тўланмаган

Ёшлар ўзлари учун қурилган “имтиёзли” уйлардан ажралиб қолишлари мумкинлигидан ташвишланиб турган бир пайтда, мазкур уйларни қурган Agromir Buildings ширкати 17 февраль куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси вазифасини вақтинча бажарувчи З.Эргашев номига расмий мактуб жўнатди.

Фотонусхаси Озодликка ширкат томонидан тақдим этилган мактубда қайд этилишича, Самарқанд шаҳри, Қорасув массивида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг аъзолари билан 168 та хонадонни сотиб олиш тўғрисида дастлабки шартномалар тузилган. Мактубда Ёшлар иттифоқи шакллантириши лозим бўлган бошланғич бадалнинг 2 миллиард 312 миллион 852 сўми шу кунгача тўлаб берилмагани қайд этилади.

Бундан ташқари “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзоларига ипотека кредити маблағи йўқлиги сабабли, уларга мўлжалланган хонадонлар тайёр бўлсада, хонадонларни қолган 39 миллиард 829 миллион 600 минг сўм миқдори бир неча ойлардан бери тўланмасдан қолиб кетмоқда”, дейилади расмий мактубда.

Шундан келиб чиққан ҳолда ширкат Ёшлар иттифоқидан тез орада кредит ажратилишини таъминлашни талаб қилган ва ташкилотни “акс ҳолда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг аъзолари билан тузилган шартномалар бекор қилинади”, деб огоҳлантирган.

Ёшлар иттифоқи ва банк нима дейди?

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ахборот хизматининг ўзини Жахонгир деб таништирган ходими Озодлик билан суҳбатда бу масалага изоҳ берар экан:

“Иттифоқ фақатгина имтиёзли уй-жойларга муносиб номзодларни танлаб олиш ва ипотека кредитларининг дастлабки бадалини шакллантиришга ёрдам беради. Имтиёзли кредит ажратиш билан боглиқ масалалар эса иттифоқ ваколатига кирмайди”, деб билдирди.

Ёшлар иттифоқи Самарқандда ёшлар учун қурилаётган уйлар бошланғич бадалнинг 2 миллиард 312 миллион 852 сўми шу кунгача нега тўлаб берилмагани тўғрисидаги саволни Иттифоқ вакили изоҳсиз қолдирди.

Кредит ажратишга масъул Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Самарқанд вилоят филиали кредит бўлими ходимининг шахси очиқланмаслик шарти билан берган маълумотига кўра, Ёшлар иттифоқи вакиллари учун имтиёзли кредит ажратиш бўйича банкнинг Тошкентдаги бош идораси топшириқ бериши лозим эди.

“Бироқ шу кунгача Бош банк томонидан тегишли топшириқ берилган эмас. Ёшлар иттифоқи вакилларига банкнинг бошқа мижозлар каби умумий талаблар асосида имтиёзсиз кредит ажрата оламиз холос”, деб маълум қилди.

Президент имтиёзли кредитларни бекор қилган, лекин ёшлар учун сақлаб қолган эди

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 1 январидан имтиёзли равишда кредитлар бериш амалиёти бекор қилиниши белгиланган қарорни 2019 йил, 19 ноябрда имзолаган эди.

Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонда фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланиши таъкидланган. Лекин ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда қайта молиялашнинг устама ставкаси 16 фоизни ташкил қилади. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредитлар 8 фоиз, “Ёшлар- бизнинг келажагимиз” дастури асосидаги кредитлар 7 фоиз устама билан берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида нималар дейилган?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 сентябрдаги 760-сонли қарори “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Қарорда 2019 йилда ёш оилалар учун 2116та турар-жой қурилиши бошлангани айтилган.

Қарорга асосан ёш оилаларга “уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобига 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг бўлган фоизли ставкада ссуда тариқасида ажратилади”.

Бундан ташқари “ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдордаги фоизларнинг 25 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобига тўланади”.

Шундан келиб чиққан ҳолда Молия вазирлигига ёш оилалар учун қурилиши тугалланган 1064 та уй-жой қийматининг дастлабки бадал маблағлари учун талаб этилаётган 60 млрд сўм маблағ 2019 йилнинг II чораги якуни бўйича божхона тўловларининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобига, 2116 та уй-жой учун ёш оилаларга тўланадиган 72 млрд сўм маблағ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг асосланган ҳисоб-китобига мувофиқ 2019 йилнинг III чораги якуни бўйича республика бюджетининг прогноз кўрсаткичларидан ортиқча бажарилган қисми ҳисобига ажратилиши ҳақида кўрсатма берилган эди.

***

2018 йилнинг ноябрида бухоролик бир гуруҳ ёшлар президентга "арзон" уйларни янада арзонлатиб бериш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Озодлик эълон қилган ушбу видеони қуйида кўришингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG