Линклар

Шошилинч хабар
19 январ 2022, Тошкент вақти: 16:31

Халқаро хабарлар

Швейцарияда бурқани тақиқлаш масаласида референдум ўтказилмоқда

Швейцариядаги тарғибот баннерларидан бири.

7 март куни Швейцарияда жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпишни тақиқлаш масаласида умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.

Референдумдан олдин ўтказилган сўровномалар бундай чорага қаршилар ва уни қўлловчилар сони деярли тенг эканини кўрсатган.

Бундай қонун кучга кирса, норозилик намойишлари давомида ҳам юзни тўлиқ ёпиш тақиқланади. Бунга қарамасдан, тақиқни қўлловчи кампания асосий масала ўта консерватив мусулмон аёллар киядиган ниқоб ёки паранжи эканини очиқ-ойдин айтиб келади.

Агар сайловчилар тақиқни қўллаб овоз берса, эркакларнинг аёлларни юзларини ёпишга мажбурлаши ҳам тақиқланади.

Ибодат жойларида, соғлиқ билан боғлиқ ҳолатларда ҳамда анъанавий карнавал байрамларида юзни ёпишга рухсат берилади.

Швейцария ҳукумати бундай чора сайёҳлар сонини чеклашини айтиб, унга қарши чиқиб келади. Бундан ташқари, танқидчилар паранжи тақиқи диний эркинликларга зид эканини айтмоқдалар.

Кун янгиликлари

ЖССТ раҳбари: COVID-19 пандемияси ҳали бери якунланмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус 18 январь куни Женевада ўтган матбуот анжуманида “коронавирус пандемияси ҳали бери якунига етмайди”, деб баёнот берди. Унга кўра, коронавируснинг “омикрон” штаммидан сўнг CОVID-19нинг янги мутациялари пайдо бўлиши мумкин.

“Тўғри, ўлим ҳолатлари динамикаси у қадар тез ўсаётгани йўқ. Ҳафта давомида бу борадаги кўрсаткич 4 фоизга ошиб, 45 минг бемор коронавирусдан вафот этди. Аммо шунинг ўзи ҳам жуда катта йўқотишдир”- деди Тедрос Гебрейесус.

Маълумотларга қарганада сўнгги бир ҳафта ичида жаҳонда 18 миллиондан кўпроқ кишида коронавирус аниқланди.

ЖССТ раҳбари фикрича, “омикрон” аввалги мутацияларга қараганда оғир асоратларни нисбатан кам келтириб чиқараётган бўлса-да, уни енгил касаллик, дея хотиржамликка берилмаслик керак.

Коронавируснинг бошқа штаммларига нисбатан тез тарқаладиган “омикрон” айни пайтда жаҳон мамлакатларининг асосий қисмида авж олмоқда. Айни пайтда мажуд бўлган вакциналар эса “омикрон”нинг олдини олишга ожилик қилаётгани айтилмоқда.

Афғонистоннинг амалдаги бош вазири Толибон ҳукуматини тан олишга чақирди

Толибон ҳукуматидаги бош вазир Муҳаммад Ҳасан Оҳунд.

Афғонистон бош вазири вазифасини бажараётган Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 19 январь куни халқаро ҳамжамиятни Толибон ҳукуматини тан олишга чақирди. Толибон асосчиларидан бири бўлган Оҳунднинг Кобулда ўтган матбуот анжуманида билдиришича, Толибон халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш бўйича барча талабларини бажарган.

"Мен барча ҳукуматларни, айниқса ислом давлатларини тан олиш жаранини бошлашга чақираман”,- деди Оҳунд.

У ўз сўзида Афғонистоннинг хориж давлатларидаги музлатилган активларини қайтаришни ва жиддий иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган мамлакатга гуманитар ёрдамни кўпайтиришни ҳам талаб қилди.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келган эди. Шу кунгача жаҳондаги бирорта мамлакат Толибон ҳукуматини тан олган эмас.

Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция Яманга зарба берди

Яман пойтахти Санага берилган зарбада камида 20 киши ҳалок бўлгани билдирилди.

Хусий исёнчиларига қарши курашаётган Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция 1 январь куни Яманга ҳаводан зарба берди. Хусийлар назоратидаги нашрлар Яман пойтахти Санага берилган зарбада камида 20 киши, жумладан, шифокорлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди.

Яманга ҳаво зарбаси Бирлашган Араб Амирликларига 17 январь куни учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлар ва ракеталардан ҳужум уюштирилганига жавоб бўлди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳри атрофига қилинган ҳужум учун масъулиятни Эрон томонидан қўллаб қувватланаётган Хусий исёнчилари ўз зиммасига олган эди. Мазкур ҳужумда икки киши ҳалок бўлган.

Хусийлар бунга қадар Саудия Арабистонига бир қатор ҳужумларни амалга оширган эди. Абу-Дабига хусийлар биринчи марта ҳужум қилди. Ҳужумдан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари БМТдан зудликда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишни талаб қилди.

Саудия Арабистони Хусий исёнчилари Яман ҳукуматини эгаллаб олган 2015 йилдан бери бу мамлакатга ҳаводан камида 23 минг марта зарба берди. Уларда камида 18 минг киши ҳалок бўлди.

2015 йилда Эрон томонидан дастакланадиган Хусий шиа исёнчилари Яманнинг жаҳон ҳамжамияти тан олган лидери Абд Раббу Мансур Ҳодийни ҳокимиятдан ағдариб, ҳукуматни босиб олган. Ҳодий Саудия Арабистонига қочган.

АҚШ Россия билан зиддиятни дипломатик йўл билан ҳал этишдан умидвор

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирадиган бўлса, Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Москвага қатъий жавоб қайтаришга тайёр. Бу ҳақда Foreign Policy нашрига АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди. У Москва билан ҳар қандай зилддиятни дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкинлигидан умидвор эканини ҳам айтди.

Салливан ўтган йилнинг ёзида АҚШ ва Россия президентлари учрашувидан сўнг Америка инфраструктурасига киберҳужумлар камайганини қайд этди. Ўша учрашувда Жо Байден Владимир Путин билан бу маслани муҳокама қилган ва ҳужумлар тўхтатилмаса, жиддий жавоб қайтарилишидан огоҳлантирган эди.

Салливан Россияда яқинда Қўшма Штатларга киберҳужумлар уюштиришда гумонланаётган хакерлар гуруҳи қўлга олинганини олқишлади.

Аввалроқ Федерал хавфсизлик хизмати Revil хакерлик гуруҳи аъзолари қўлга олинганини билдирган эди. Жаҳондаги йирик хакерлик гуруҳларидан бири бўлган Revil тижорат ширкатларига киберҳужум қилиб, қўлга киритилган маълумотларни йўқ қилмаслик эвазига ҳақ талаб қилиб келган.

Ленинград вилоятидаги қишлоққа ўзбек мигрантларининг жойлаштирилиши маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Ленинград вилояти Кингисепп туманидаги Караваево қишлоғи аҳолиси қишлоққа ўзбекистонлик мигрантлар жойлаштирилгани сабабли 22 январь куни халқ йиғинини чақириш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда 47news.ru сайти хабар берган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар “Газпром” ширкатининг Усть-Луга яқинидаги газ-кимё мажмуасида ишлашади.

Караваевликларга кўра, улар қишлоқда мигрантларга нисбатан камчилик бўлиб қолишдан қўрқишмоқда. Қишда бу ерда кўпи билан 20 киши яшайди, ёзда қишлоқ аҳли 70 нафаргача етади. Мигрантлар учун эса ҳар бири 100 кишига мўлжалланган иккита ётоқхона қурилгани айтилмоқда.

Маҳаллий аҳоли муҳожирларнинг рус тилини билмаслигидан, “қишлоқда назоратсиз юришганидан” ва танбеҳларга парвосизликларидан шикоят қилмоқда.

“У ерда пулсиз ва озиқ-овқатсиз қолган кўп сонли мигрантларнинг пайдо бўлиши маҳаллий аҳолига нисбатан жиноятлар содир этилишига шароит яратиши мумкин. Одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолади. Қишлоқда катталар билан бирга болалар ҳам яшайди, кексалар эса ўз ҳовлисидан ташқарига чиқишга қўрқадиган бўлиб қолди. Буларнинг бари жиноятчиликнинг ўсишига ва халқ ғалаёнига сабаб бўлиши мумкин”, дейилган қишлоқ аҳолисининг маҳаллий ҳокимият идорасига ёзган аризасида.

Қишлоқликлар шикоятидан сўнг полиция текширув ўтказиб, баракларда 47 нафар ўзбекистонлик истиқомат қилиши ва уларнинг ҳужжатларида камчилик йўқлигини билдирган.

Қозоғистон: Барча ҳудудларда фавқулодда ҳолат тартиби бекор қилинди

Норозилик чиқишлари иштирокчилари Олмаотадаги майдонда, 2022 йил 6 январи

Қозоғистоннинг Нур-Султон ва Олмаота шаҳарлари, шунингдек Олмаота, Атирау, Жамбил, Қизилўрда ва Манғистау вилоятларида 19 январь ярим тундан эътиборан фавқулодда ҳолат тартиби амал қилмайдиган бўлди. Аввалроқ фавқулодда ҳолат мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бекор қилинганди.

“Фавқулодда ҳолат вақтида жорий этилган муваққат чекловлар ва комендантлик соати бекор қилинди”, дея маълум қилган Қозоғистон президентининг матбуот котиби Берик Қурмангали Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали.

Олмаота шаҳри транспорт бошқармаси ФҲ тартиби тугагани муносабати жамоат транспорти ҳаракати одатдаги режимга қайтганини билдирган.

Айни пайтда Олмаота комендатураси шаҳарда террорчилик хавфининг “қизил” даражаси сақланишини айтган.

“Аксилтеррор тадбирлари доирасида шаҳарда полиция департаменти, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларининг кеча-кундуз навбатчилик қилиши таъминланади. Блок-постлар сақланиб туради”, дейилган комендатура хабарномасида.

Террорчилик хавфининг “қизил” даражасида полицияга фуқароларни шахсий тинтув қилиш ва транспорт воситаларини кўздан кечиришга, ҳаракатни вақтинча чеклаш ёки тақиқлашга рухсат этилади. Намойиш ва митинглар ўтказиш ман қилинади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси 15 январдаги хабарномасида террорчилик хавфи “қизил” даражаси Жамбил ва Олмаота вилоятларида ҳам сақланиши ва мазкур ҳудудларда “аксилтеррор амалиёти” давом эттирилишини маълум қилган эди.

Шаҳар комендатурасининг баёноти 19 январь куни мамлакатда тинч фуқаролар ва сиёсий тутқунларни озод этиш, террор ва қийноқларни тўхтатиш талаби билан митинглар ўтказилиши кутилаётган пайтда эълон қилинган.

Россия: Дума педофилларга умрбод қамоқ жазоси тайинлашга оид қонунни қабул қилди

Россия Давлат думаси биноси

Россия Давлат думаси депутатлари иккинчи ва учинчи ўқишда вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосини тайинлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди.

Қонун Жиноят кодексининг жинсий тажовуз ва жинсий тусдаги зўравонликка доир моддаларига ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Мазкур моддаларнинг ҳозирги таҳририда умрбод қамоқ 14 ёшгача болага нисбатан жинсий характердаги зўравонлиги учун муқаддам судланган шахс ушбу жиноятни такроран содир этган ҳоллардагина тайинланиши белгиланган.

Янги қонун умрбод қамоқ жазосини қўллаш доирасини кенгайтиради. Қабул қилинган ўзгартишларга мувофиқ, педофил-рецидивистлардан ташқари, икки ва ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий жиноятлар содир этилган ёки ушбу жиноятлар шахсга қарши бошқа оғир жиноят билан боғлиқ тарзда амалга оширилган ҳолатларда ҳам 15 йилдан 20 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Қонун лойиҳаси Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси павел Крашенинников, ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн ҳамда сенатор Андрей Турчак томонидан тайёрланган.

2021 йил сентябрида Киселёвск шаҳрида ўн ёшли икки қизча ўлдирилиб кетилган эди. Муқаддам вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги жиноят содир этгани учун судланган 41 ёшли Виктор Пестерников уларни аввал зўрлаб, кейин ўлдирганига иқрор бўлган.

Депутатлар ушбу воқеадан сўнг қонун лойиҳасини яратишга киришганлар. Уларнинг ташаббусини Давлат думаси раиси Вячеслав Володин дастаклаган.

Оқ уй мулозими: АҚШ давлат котиби ва Россия ташқи ишлар вазири Женевада учрашишади

Блинкен (ч) ва Лавровнинг (ў) 2020 йил декабрида Швеция ўтказилган учрашувидан лавҳа

Швейцариянинг Женева шаҳрида 21 январь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашуви ўтказилади. Бу ҳақда қатор агентликлар Оқ уйнинг юқори мартабали, аммо исми очиқланмаган мулозимига таянган ҳолда хабар қилишган.

Мазкур учрашув ўтказилиши ҳақида илгари айтилган эмас. АҚШ маъмурияти вакилига кўра, Блинкен Украина теварагидаги кескинлик мумкин қадар тезроқ юмшатилишига эришмоқчи. Унинг айтишича, Россия Украинага қарши тажовузга ҳозирлик кўрмаётганини кўрсатиш учун ҳали-ҳануз ҳеч нарса қилгани йўқ, балки ҳамиша бунинг аксини қилган. Натижада Вашингтон Россия “исталган вақтда” Украина ҳудудига кенг кўламда бостириб кириши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Тажовуз “исталган вақтда” бўлиши мумкинлигини Вашингтондаги брифингда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки ҳам қайд этган. У АҚШ ва иттифоқчиларининг Россияга жавоби турли шаклда бўлиши мумкинлиги, хусусан, уни SWIFT банк тизимидан узиб қўйиш масаласи ҳам кўрилаётганини урғулаган. Аввалроқ немис матбуоти Ғарб айни чорадан воз кечгани ҳақида ёзган.

Россия ТИВ “Интерфакс” агентлигига берган изоҳида Женевада учрашув ўтказиш масаласи “ўрганилаётгани”ни билдирган.

Аввалроқ Блинкен 18 январь куни Лавров билан телефон орқали сўзлашгани очиқланган. Давлат департаменти хабарномасига мувофиқ, Блинкен Украина теварагидаги кескинликни бартараф этишда дипломатиянинг муҳимлигини таъкидлаган.

19 январь куни АҚШ давлат котиби Киевга ташриф буюриши кутилмоқда. Давлат департаменти қайдича, Энтони Блинкен у ерда Украина раҳбариятидан ташқари, АҚШ элчихонаси ходимлари билан ҳам учрашиб, вазият кескинлашган тақдирда Вашингтон қандай йўл тутишни режалагани ҳақида уларга сўзлаб беради.

Блинкен Киевдан Берлин шаҳрига ўтиб, Россиянинг Украинага таҳдидига қарши муҳтамал жавоб чоралари хусусида Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари билан фикр алмашади.

АҚШ авиаширкатлари 5G стандартининг жорий этилишидан юзага келажак хатарлардан баҳс этмоқда

American Airlines авиаширкати учоқлари

АҚШ авиаширкатлари жорий этилиши кутилаётган 5G алоқа стандарти навигация тизимлари ишида носозликларни юзага келтириши мумкинлигини очиқлашди. Мутахассисларга кўра, ишга туширилажак янги частоталарнинг айниқса об-ҳаво шароити ноқулай бўлган пайтда хатари янада ортади.

Авиаширкатларнинг бу огоҳлантируви АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) раҳбариятига йўлланган.

American Airlines, Delta Air Lines ва United Airlines каби ширкатлар директорларининг аризаси остига бошқа авиаширкатларнинг раҳбарлари ҳам имзо чекишган. Улар йўловчи ва юк ташишда, вакциналар дохил тиббий воситаларни етказиб беришда узилишларнинг олдини олиш учун тезкор чоралар кўрилиши зарурлигини таъкидлашмоқда.

FAA 5G диапазонида узатилаётган сигналлар учоқнинг ердан қанча баландликда учаётганини аниқловчи радиоўлчагичлар ишига халақит бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Би-би-си сайтида эълон қилинган мақола муаллифларига кўра, мазкур жиҳозлар 4,2-4,4 ГГц диапазонида ишлайди. Бу ерда хатарли жиҳат шундаки, ҳозирда кимошди савдосига қўйилган 5G частоталари (3,7-3,8 ГГц) ўлчагичлар ишлайдиган частоталарга жуда яқин бўлиб қолган.

"Мен нафақахўрман". Назарбоев ҳеч қаёққа кетмагани ва элита орасида бўлиниш йўқлигини айтди (ВИДЕО)

Қозоғистонда 2 январда бошланган норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлардан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган собиқ президент Нурсултон Назарбоев 18 январь куни видеомурожат билан чиқди.

У ўз мурожаатида Нур-Султонда эканини ва мамлакат элитаси ўртасида ҳеч қандай конфликт мавжуд эмаслигини айтди.

-Мен 2019 йилда президентлик ваколатини Қасим-Жомарт Тоқаевга ўтказиб бердим. Ўшандан бери пенсионерман. Айни пайтда мамлакат пойтахти Нур-Султондаман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳокимиятнинг тўлиқ ваколатларига эга. У Хавфсизлик кенгаши раисидир. Тез орада у “Нур Отан” партияси раислигига сайланади. Шунинг учун мамлакат элитаси орасида ҳеч қандай конфликт ёки қарама-қаршилик мавжуд эмас. Бу борадаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир,-деди Назарбоев.

Ўз нутқида собиқ президент Қасим-Жомарт Тоқаев сиёсатини қўллаб-қувватлаш лозимлиги тўғрисида ҳам гапирди.

Президентликдан кетганидан сўнг Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини сақлаб қолган эди. Қозоғистондаги норозиликлар ортидан у бу лавозимни тарк этганини билдирган.

Айрим таҳлилчилар Қозоғистондаги воқеаларни Тоқаев билан Назарбоевга яқин одамлар ўртасидаги элиталараро кураш сифатида баҳолаган эди.

Шимолий Корея йил бошидан бери тўрт марта ракета синовини ўтказди

Сўнгги ракеталар Шимолий Корея пойтахти Пхеньян яқинидаги Сунан халқаро аэропорти ҳудудидан отилган.

Шимолий Корея яна иккита бошқарилувчи тактик ракета синовини ўтказди. Бу ҳақда Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди. Хабарда айтилишича, ракеталар Корея ярим ороли шарқида жойлашган денгиздаги мўлжалга аниқ бориб урилган.

Жанубий Корея ва Япония 17 январь куни Шимолий Корея бу билан йил бошидан бери тўртинчи марта ракета синовини ўтказгани тўғрисида маълум қилди. Жанубий Корея ҳарбийларининг билдиришича, сўнгги ракеталар Шимолий Корея пойтахти Пхеньян яқинидаги Сунан халқаро аэропорти ҳудудидан отилган.

14 январда Шимолий Корея поезддан туриб ракета синовини амалга оширган эди. 5 ва 11 январь кунлари товушдан гипертез ракеталар синалган.

Шимолий Корея ракета ва ядровий дастурлари туфайли АҚШ ва БМТ санкциялари остида қолмоқда. Январь ойининг бошида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин “мамлакат ўз ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этади”, деб баёнот берган.

Олмаотада митинглар бошланганидан то шу кунгача уч мингга яқин норози қўлга олинди

Олмаота манзараси.

Олмаотада митинглар бошланганидан то шу кунгача ўтган 16 кун мобайнида 2748 киши қўлга олинди. Уларнинг барчаси ноқонуний намойишларда иштирок этиш ва мародёрликда айбланмоқда. Бу ҳақда Новости агентлиги шаҳар комендатураси тезкор штабига таянган ҳолда хабар берди.

Билдирилишича, қўлга олинганлардан 131 қурол ва 4179 та ўқ-дори мусодара қилинди.

18 январь ҳолатига кўра, мамлакатда қанча одам қўлга олингани тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Тахминан ўн мингдан ортиқ норози ушлангани айтилмоқда.

Оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича 695 та жиноят иши қўзғатилди, мазкур ишлар бўйича 695 кишига айблов билдирилди, яна 85 киши жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинди.

Бош прокурор катта ёрдамчиси Азамат Саргазин жиноят ишларидан 44 таси террорчилик, 15 таси қотиллик, 6 таси ҳокимиятни куч билан босиб олишга чақириқ моддалари асосида қўзғатилган.

The New York Times: Россия Киев ва Львовдан дипломатлар оиласини эвакуация қила бошлади

Россиянинг Киевдаги элчихонаси.

Россиянинг Киева ва Львовдаги консулхонаси дипломатларининг оилалари Украина ҳудудидан эвакуация қилина бошланди. Бу ҳақда The New York Times Украина Хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли расмийсига таянган ҳолда хабар берди.

Манба Россия дипломатларининг хотинлари ва болаларидан иборат 18 кишилик гуруҳ Украинани 5 январда тарк этганини айтган. Унга кўра, кейинги кунларда яна 30 киши Россиянинг Киевдаги элчихонаси ва Львовдаги консулхонасидан чиқиб кетган.

АҚШ ҳукумати расмийси нашрга Вашингтон эвакуация тўғрисидаги маълумотга олдиндан эга бўлгани тўғрисида айтди.

Украина расмийси эса Россия элчихонасидаги одамлар сонининг қисқартирилиши “қисман пропоганда, қисман яқинлашиб келаётган конфликтга тайёргарлик ёки қисман ҳийла, ёки бирданига ҳар учала сценарий бўлиши эҳтимол”,-деб билдирган.

Айни пайтда Вашингтон Россия президенти Владимир Путин Украинага бстириб кириш тўғрисида аниқ қарорга келмаган деб ҳисоблайди, дейилади мақолада.

Қирғизистонда коррупцияда гумонланган Давлат божхона хизмати раиси ҳибсга олинди

Адилет Қубаничбеков

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) 17 январь куни Давлат божхона хизмати (ДБХ) раиси Адилет Қубаничбеков коррупцияга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олинганини очиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.

Қўмита қайдича, “божхона идораларида раҳбарият ва бўлим бошлиқлари алоқадор кенг кўламли коррупция мавжудлиги ҳақида маълумот олинган”.

МХДҚ Давлат божхона хизмати раҳбарлари импорт билан шуғулланувчи хусусий ширкатлар манфаатини ҳимоя қилгани, улар учун имтиёли шароит яратгани ва пора эвазига уларнинг молларини божхона назоратидан яширганини урғулаган.

“Бундан ташқари, божхона хизмати раҳбарлари аффилланган ширкатлар томонидан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кўрсатиладиган хизматлар нархларини асоссиз равишда ошириб келмоқда”, дейилган қўмита хабарномасида.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, 17 январь куни “Коррупция” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, иш доирасида ДБХ раиси Адилет Кубаничбеков ҳибсга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган.

40 ёшли тадбиркор Адилет Қубаничбеков 2021 йил октябрида Давлат божхона қўмитасига раҳбар этиб тайинланган эди.

Қирғизистонда божхона хизмати энг коррупциялашган тузилмалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Туркманистонда карантин чоралари кескинлашди: бозорлар ёпилди, ҳаракат чекланди

Ашхободдаги бекатда автобус кутаётган қизлар, 2021 йил декабри (иллюстратив сурат)

Расмийлари мамлакатда коронавирус йўқлигини иддао қилиб келаётган Туркманистонда яна кучайтирилган карантин тартиби жорий этилди.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, чекловлар жорий қилинганидан биринчи бўлиб Ашхобод аҳолиси хабардор бўлган. 15 январдан эътиборан пойтахтдаги буюм бозорлари, савдо марказлари, театрлар, концерт заллари, ресторанлар, сартарошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш муассасалари ёпилган. Фақат озиқ-овқат дўконлари ишлаб турибди.

Айни чеклов чоралари мамлакатнинг бошқа ҳудудлари, хусусан, Балқан, Лебап ва Марв вилоятларида ҳам амал қилмоқда.

Озодликнинг марвлик суҳбатдоши вилоятга кириш ва чиқиш чеклаб қўйилганини айтган. Унга кўра, “карантин бир баҳона, холос, расмийлар одамларнинг ғалаён кўтаришидан хавфсирашиб, шунақа қилишяпти”.

Turkmen.news сайти 15 январь куни Касалликлар тарқалишига қарши фавқулодда комиссия қарори деб ишонилаётган ҳужжат нусхасини эълон қилган. Унда 23 банддан иборат чеклов қоидалари келтирилган. Бундан ташқари, чегараолди ҳудудлар аҳолисининг вилоят марказларига, бошқа туман ва вилоятларга бориши 1 февралгача чекланган. 15 январдан 1 февралгача Ашхободдан вилоят марказларига фақат битта авиақатнов амалга оширилиши белгиланган.

Мустақил нашрлар Туркманистонда COVID-19 анчадан бери мавжудлиги ва кўп одамларнинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида ёзмоқда. Октябрь ойида Озодлик мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда, пандемия бошланганидан бери мамлакатда коронавирус туфайли 25 мингдан зиёд киши вафот этганини хабар қилган эди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов аввалроқ ЖССТнинг Европа шуъбаси мудири Ҳанс Клюге билан учрашувда мамлакатда коронавирус мутлақо йўқлигини яна бир карра таъкидлаган. Айни пайтда у 70 фоиздан ортиқ аҳоли эмланганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG