Линклар

Шошилинч хабар
29 феврал 2020, Тошкент вақти: 00:52

2 февралдан ўзбекистонликлар бир марталик Шенген визаси учун 80 евро тўлайди


2020 йилнинг 2 февралидан бошлаб Шенген (Schengen) визасига мурожаат қиладиган ўзбекистонликлар ҳозирги 60 ўрнига 80 евро ҳақ тўлайди.

Бу ҳақда SchengenVisaInfo.com сайти хабар қилди. Шенген визасини сўраб мурожаат қилган болалар учун ҳақ ҳозирги 35 ўрнига¸ 40 евро этиб белгиланди.

Февралнинг биринчи душанбасидан бошлаб ўзбекистонликларга Шенген визаси беришга оид тартибда яна бир қатор қоидалар ўзгаради.

Янги қоидалардан бирига кўра¸ ўзбекистонликлар Шенген визаси учун ҳозирги уч ой ўрнига¸ олти ой олдиндан ҳужжат топширишлари мумкин бўлади. Шунингдек¸ бир неча марта Шенген давлатларига бориб келган ўзбекистонликларнинг узоқроқ муддатга бериладиган кўп мартали виза олишлари осонлашади.

SchengenVisaInfo.com сайтининг ëзишича¸ Ўзбекистонда дипломатик ваколатхонаси ва консуллик хизмати бўлмаган Шенген келишувига аъзо давлатлар ўз ҳудудига саëҳат қилмоқчи бўлган ўзбекистонликларга виза беришда ташқи провайдерлар хизматидан фойдаланиши мумкин.

Бундай вазиятда¸ ўзбекистонликларга Шенген визаси олишда кўмаклашадиган гуруҳлар ўз хизмати учун виза нархидан ошмаган ҳақ олиши мумкин. Бу эса¸ бундай провайдерлар қўядиган хизмат ҳақи 80 евродан¸ Шенген визаси учун ўзбекистонликлар тўлайдиган максимум ҳақ эса¸ 160 евродан ошмайди¸ деганидир.

Европа Иттифоқи кенгаши 2019 йил июнида Шенген визаси бериш қоидаларига ўзгартиш киритишни маъқуллаган эди. 2 февралдан кучга кирадиган янги қоидалар ана шу ҳужжат асосида амалга оширилади.

Янгиланган Шенген визаси кодекси деб аталган бу ҳужжат виза учун олинадиган ҳақни ҳар уч йил ичида қайта кўриб чиқишга ҳам изн беради.

SchengenVisaInfo.com нашрининг Шенген келишувига аъзо давлат расмийларига таяниб хабар беришича¸ виза нархи¸ ЕИнинг у ëки бу давлат билан ҳамкорлик даражасига қараб чиқарадиган хулосасига қараб¸ 160 еврогача кўтарилиши мумкин.

ЕИ “етарли ҳамкорлик қилмаëтган” деб топган давлат фуқаролари учун нафақат виза нархи оширилиши¸ айни пайтда¸ виза учун мурожаатни кўриб чиқиш муҳлати узайиши¸ бериладиган виза муддати эса кескин қисқартирилиши мумкин.

Statistics by SchengenVisaInfo.com сайти келтирган рақамларга кўра¸ 2018 йили Ўзбекистондаги Шенген келишувига аъзо давлат элчихона ва консулликлари 30 798 та виза мурожаатини кўриб чиққан ва улардан 4067 тасини рад қилган. Бу Шенген визаси сўраган жами ўзбекистонликдан 13.2 фоизига виза берилмаганини англатади.

2018 йили ўзбекистонликлар Шенген визаси беришни сўраб энг кўп Германия элчихонасига мурожаат қилган. Германия консуллиги йил давомида 10 302 ¸ Франция консуллиги 5 382¸ Латвия элчихонаси эса 4 946 та виза мурожаатини кўриб чиққан.

2018 йили ўзбекистонликлар Шенген визаси олиш учун жами 1 847 880 евро ҳақ тўлаган¸ виза сўрови рад қилинганлар тўлаган хизмат ҳақи эса¸ 244 020 еврони ташкил этган.

1985 йили Люксембургнинг Шенген (Schengen) шаҳрида Европанинг 10 давлати ўзаро чегара назоратини олиб ташлашга оид келишувга қўл қўйган эди.

Бугунга келиб 30 га яқин давлат қўшилган бу келишув натижасида Европанинг аксар давлатини ўз ичига олган чегара ва паспорт текширувлари олиб ташланган дунëдаги энг йирик чегараларсиз эркин ҳудуд пайдо бўлди.

Бу давлатлардан бири консуллиги томонидан виза олишга муваффақ бўлганлар¸ Шенген келишувига қўшилган қолган барча давлатларга ҳам эркин саëҳат қилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG