Линклар

Шошилинч хабар
30 июл 2021, Тошкент вақти: 03:16

Ўзбекистон хабарлари

Шикоятлар ортидан “Ўзгидромет” ходимлари ойлиги икки баравар ошириладиган бўлди

Газ ва электр таъминотида узилишлар кузатилаётган шу кунларда об-ҳаво шароитига оид ҳар қанақа маълумот ўзбекистонликлар учун муҳим бўлиб турибди.

Кейинги йил бошидан Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ходимларининг ойлик маоши икки баравар оширилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси (Метеоинфоком) ташкил этилади.

Қарорда қайд этилишича, 2021 йил 1 январидан Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланилади.

Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўланади [белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда]:

2 йилдан 5 йилгача — 0,2; 5 йилдан 10 йилгача — 0,3; 10 йилдан 15 йилгача — 0,4; 15 йилдан 20 йилгача — 0,5; 20 йилдан 25 йилгача — 0,6; 25 йилдан ортиқ — 0,7.

Ўзгидромет мутасаддилари маош камлиги туфайли малакали ходимлар ишдан бўшаб кетаётганидан шикоят қилгани ҳақида Озодлик жорий ой бошида хабар қилганди.

Хизмат мутасаддилари маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзгидромет ходимларининг ўртача иш ҳақи 1,3 млн сўм, ҳудудий бошқармаларда 1,2 млн сўм, туман ва шаҳарлардаги кузатув бўлинмаларда 800 минг сўмни ташкил этади. Бу эса республикадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кам.

Мазкур шикоят ортидан президент Шавкат Мирзиёев гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказган. Мазкур йиғилишда соҳа ходимларининг ойлик маошини ошириш ва узоқ муддатли хизмат учун устама тўлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Кун янгиликлари

Бош прокуратура Деновда профилактика инспектори фуқарони уриб ўлдирганини тасдиқлади

Бош прокуратура 29 июнь куни кечга яқин Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспектори ва унинг икки ёрдамчиси фуқарони уриб ўлдирганини тасдиқлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Денов тумани Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари қийнаб ўлдиргани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, 10 июль куни Ҳасан Хушматов маст ҳолда ўз уйида жанжал кўтаргани тўғрисида маълумот олган профилактика инспектори икки ёрдамчиси билан воқеа жойига келади. Улар Хушматовни автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган.

“Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хушматовни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ҳ.Хушматов 11 июль куни шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104 - ва 206-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган,”-дейилади хабарда.

Бош прокуратура хабарида қўлга олинган 2 шахс ким экани тўғрисида аниқ маълумот берилмади.

“Абитуриент рухсатномаси”ни бериш 1 августдан бошланади

Тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг бакалавриатига кириш учун тест синовларида иштирок этадиган абитуриентларга рухсатнома бериш 1 августдан бошланади.

Давлат тест марказининг 29 июлда билдиришича, бунинг учун онлайн рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. Янги ўқув йили учун онлайн тарзда ҳужжат қабул қилиш 20 июндан бошланган эди.

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 5 августдан бошланиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 27 июль куни маълум қилди. Тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Тест синовлари икки сменада уюштирилиб, биринчи смена соат 7дан, иккинчи смена соат 19дан бошланади. Тест саволлари қисқартирилиб, мажбурий фанлардан улар 10 тадан бўлади.

Абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 70 та тест топшириғи берилади. Максимал балл — 189 баллни ташкил этади.

Олмалиқда қиймати деярли 5 миллиард долларлик мис кони ва фабрикасининг тамал тоши қўйилди

Президент Мирзиёев Олмалиқда 3-мис фабрикасининг тамал тошини қўймоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишининг тамал тошини қўйди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, 2024 йилда ишга тушириладиган мазкур мажмуада жами 6 мингта иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 894 миллион долларни ташкил қилади. 3-Мис бойитиш фабрикаси 60 миллион тонна мис-молибден рудасини қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Мис бойитиш фабрикасини “Ёшлик-1” кони хом ашё билан таъминлайди. Ҳудуди 11 минг гектар бўлган мазкур кондан йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олинади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати очиқ ва ерости конлари, металлургия ва цемент заводлари, кенг қамровли инфратузилма объектларини бирлаштирган улкан саноат мажмуасидир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади.

Қашқадарё вилоятида кучли шамол оқибатида аҳоли электрсиз қолди

Шамол Қарши шаҳар “Гунгон” маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг томни учириб кетди. Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси олган фотосурат.

Қашқадарё вилоятида 26—27 июль кунлари юз берган кучли шамол оқибатида юзлаб турар-жой бинолари электр таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси 29 июль куни маълум қилди.

Билдирилишича, Косон Чироқчи туманларида ва Қарши шаҳрида электр тармоқларининг 5—10 фоизига жиддий шикаст етган. Электр таъминотидаги узилишни бартараф этиш мақсадида 60 дан ортиқ гуруҳ таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси шамол Қарши шаҳар “Гунгон” маҳалласидаги кўп қаватли 3-уйнинг 80 квадрат метрли тунука томини учириб кетганини ҳам маълум қилди. Айни пайтда томни қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистондаги қатор аэропортлар, музей ва метро бекати архитектори вафот этди

Серго Сутягин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор унвонига сазовор бўлган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор Серго Сутягин 29 июль куни Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн этилди.

Facebook`даги “Шаҳарсозлик Тўлқини” саҳифасида билдирилишича,таниқли архитектор коронавирус оқибатида 28 июль куни вафот этди. У 84 ёшда эди.

Серго Сутягин Совет даврида “Панорама”, мустақиллик йилларида Алишер Навоий номи билан атала бошланган Тошкентдаги киносарой, “Космонавтлар” метро бекати, “Аркада” савдо маркази, Чирчиқ шаҳрига киришдаги Кранлар ёдгорлиги архитектори эди.

Бундан ташқари у Термиз, Урганч, Қарши ва Бухородаги аэропортлар, Нукусдаги Игорь Савицкий музейи биноларини лойиҳалаштирган.

Шунингдек, унинг лойиҳаси асосида Москвадаги “Хотира дарвозаси” барпо этилган.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 127 мингдан, пневмонияга чалинганлар сони эса 9 мингдан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 28 июль ҳолатига кўра, 127 минг 506 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 879 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа пандемия бошидан бери кунлик касалланиш бўйича аксилрекорд янгиланган.

Сешанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 573 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 121 минг 718 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 859 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 28 июль куни яна 529 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 9 минг 252 киши пневмонияга чалинган. Булардан 3 минг 26 нафари соғайиб чиққан, 63 нафари эса вафот этган.

"Ўзгидромет" 31 июлгача водий вилоятларида сел келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

Фарғона водийси вилоятларида икки ҳафта муқаддам кузатилган сел туфайли пачоқланган автомобиль

Фарғона водийсининг тоғли ва Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида кутилаётган ёғин-сочин ҳисобига 29-31 июль кунлари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида сел келиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.

Мазкур эълонга эътибор қаратган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғолди ҳудудларида яшовчи аҳолини эҳтиёт чораларини кўриш лозимлиги ҳақида огоҳлантириб, нохуш вазият вужудга келган тақдирда, “1050” қисқа рақами орқали вазирликка мурожаат қилишга чақирган.

Жорий йил 13 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида кучли сел келиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлган, 6 киши жароҳатланган эди. Ўшандаги табиий офатга Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ёққан кучли ёмғир сабаб бўлгани айтилганди.

Қозоғистонда рўй берган автоаварияда 8 нафар ўзбекистонлик жабрланди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 28 июль куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида 8 нафар ўзбекистонлик жабрланган.

Nur.kz нашрининг Ақтўбе вилоят полиция департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса чоршанба куни эрталабки соат 07.10 да Самара-Чимкент йўлининг 996 километрида (Қарабутақ қишлоғи яқинида) содир бўлган.

Полиция маълумотига кўра, Атирау вилоятидан бўлган 36 ёшли ҳайдовчи Toyota Previa бошқаролмай қолган, натижада автомашина йўл четидаги қияликка қулаган.

ЙТҲ натижасида ҳайдовчи ва машинада бўлган 8 нафар ўзбекистонлик йўловчига турли даражада тан жароҳати етган, улар маҳаллий касалхонага етказилганлар.

Автоаварияга йўлиққан ўзбекистонлик муҳожирларнинг Атирауга ишлаш учун кетаётгани очиқланган.

Қозоғистонлик тартиб посбонлари маълумотига мувофиқ, ҳодиса юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 345-моддаси 2-қисми бўйича (Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш орқали эҳтиётсизлик оқибатида инсон саломатлигига оғир шикаст етказиш) судгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Озодлик 2018 йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетгани ҳақида хабар қилганди. Ёнаётган автобусдан фақат 5 киши – автобуснинг уч ҳайдовчиси ва ўзбекистонлик икки нафар йўловчи қочиб чиқишга улгуролган, холос.

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди

Жорий йилнинг 28 июлидан Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси кучга кирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

2008 йилдан бери амалда бўлган мазкур конвенция Ўзбекистон томонидан 2009 йилнинг 27 февралида имзоланган ҳамда 2021 йил 7 июнида ратификация қилинган эди.

184 та давлат аъзо бўлган ушбу халқаро шартнома 50 та моддадан иборат бўлиб, унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, жумладан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш, етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

ТИВ хабарномасида конвенцияда иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга ҳамда уларни халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилиши айтилган.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Ўзбекистонда 30 йил ичида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаб қабул қилинган қонунларнинг 90 фоизи амалда ишламагани ҳақида ёзиб чиққанди.

Мирзиёев яна бир бор ўзбекистонликларни эмланишга даъват этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда эмлов жараёнини жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратган.

Ўзбекистонликлар ўз соғлиғи учун ўзлари жавобгар эканини таъкидлаган президент “вакцинация, вакцинация ва яна бир марта вакцинация” дея такрорлаган.

Мирзиёев вакцина олганлар шифохонадан тўрт кунда чиқаётгани, эмланмаганларга эса жуда оғир бўлаётгани, вакцина олгандан кейин касалланиш мумкинлиги, лекин эмловдан ўтганларда касаллик енгил кечаётганини қайд этган.

Таҳлиллар коронавирус пандемияси яна 10 йил давом этиши мумкинлигини кўрсатаётганини айтган президент эндиликда жамият бу вирус билан яшашни ўрганини зарурлигини қўшимча қилган.

Мирзиёевга кўра, мамлакатдаги эпидемиологик вазият мураккаблашиб бормоқда, бундай вазиятда эса асосий чора вакцинацияни кучайтиришдир.

АҚШдан “3 миллион доза вакцина 4 август куни эмас, эртага (29 июль куни – таҳр.)” келаётганини билдирган президент ҳар бир вилоят ҳокимига вакцинация жараёнини “қаттиққўллик билан” тизимли назоратга олиш ҳақида топшириқ берганини урғулаган.

Президентнинг айтишича, тез орада Ўзбекистонда Россия (Спутник V) ва Хитой (ZF-UZ-VAC2001) вакциналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, кейин эса бу вакциналардан ҳар бир вилоятга “қанча керак бўлса, шунча” етказиб берилади.

Мирзиёев йиғилиш давомида мамлакатда олимлар, зиёлилар ҳам одамларни вакцина олишдан қайтаришаётганидан ёзғирган.

Аввалроқ Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида профессор Зариф Ибодуллаев ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яратилишида Ўзбекистондан вирусологлар эмас, ғўзашунос олимлар иштирок этганини айтиб, ўзбек-хитой вакцинаси самарадорлигига шубҳа билдирган эди. Бунга жавобан Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари вакциналарни ишлаб чиқаришда молекуляр генетика билан шуғулланган мутахассислардан фойдаланиш жуда муҳимлигини таъкидлаган эдилар.

Япония "аёллар бизнесини ривожлантириш" учун Ўзбекистонга деярли 3 миллион доллар беради

Жиззахдаги корхоналардан бири.

Япония Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 2 миллион 728 минг доллар миқдорида маблағ ажратди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг билдиришича, “Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида Япония ажратган маблағ ҳисобидан 3500 аёл тадбиркорликка ўқитилади, 350 та бизнес лойиҳа молиялаштирилади.

Мазкур лойиҳа 2021-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Фурқат, Сўх, Ёзёвон, Қўштепа ва Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал, Фориш, Зомин туманларида амалга оширилади.

“Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар билан ишлашда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик янада мустаҳкамланади”,-дейилади расмий хабарда.

Президент Меҳрибонлик уйларини Миллий гвардия “масъуллигига ўтказиш”ни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Шавкат Мирзиёев бу таклифни Тошкент шаҳридаги 21-Меҳрибонлик уйига қилган ташрфи чоғида билдирди. Президентга кўра, Миллий гвардия тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаёти, олий маълумот олиши ва бандлигига кўмаклашувчи масъул идора бўлиши лозим.

– Бу муассасаларнинг моддий ҳомийси бор, маънавий ҳомий керак. Бу ҳам савоб, ҳам керакли иш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Ўзбекистонда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда.

Токио-2020: Давлат Бобонов бронза медални қўлга киритди

90 кило вазн тоифасида Бобонов туркиялик Михаэл Зганкни мағлуб этиб, учинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси сайтидан олинган сурат.

Дзюдочи Давлат Бобонов Токио-2020 Олимпиядасида бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда хабар берган Миллий Олимпия қўмитасининг билдиришича, Бобонов 2020 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси сифатида эътироф этилган эди.

90 кило вазн тоифасида Бобонов туркиялик Михаэл Зганкни мағлуб этиб, учинчи ўринни эгаллади.

Бу билан Ўзбекистон Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иккинчи медални қўлга киритди. 25 июль куни таэквондо мусобақаларида Улуғбек Рашитов олтин медалга сазовор бўлган эди.

Улуғбек Рашитов Ўзбекистон тарихида таэквондо бўйича бўйича биринчи Олимпиада чемпионига айланди.

АҚШ Ўзбекистондаги 645 та болалар боғчасини озиқ-овқат билан таъминлайди

Ўзбекистон боғчаларидан бирида тарбияланувчиларга бериладиган ош.

АҚШнинг “Меҳр-шафқат корпуси” Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан мактабгача таълим муассасаларида овқатланишини яхшилаш дастури бўйича меморандумни имзолади. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси бу ҳақда 27 июль куни маълум қилди.

Билдирилишича, “Меҳр-шафқат корпуси” 400 дан ортиқ боғчада тарбияланаётган болаларни озиқ-овқат билан таъминлаш ва Қорақалпоғистон ҳамда Сурхондарёдаги 245 та қишлоқ боғчаларида тарбияланаётган 90 минг боланинг овқатланиш шароитини яхшилаш учун 21,5 миллион доллар маблағ ажратади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мактабгача таълим олишни кенгайтириш назарда тутилган.

Фарғона вилояти ҳокими пора олгани тўғрисидаги хабарлар рад этилди

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Сўх-Риштон йўлининг очилиш маросимида қирғизистонлик ҳамкасби билан.

Фарғона вилояти ҳокими тадбиркордан “пора олгани ортидан қўлга тушиб, жамоатчиликка кўриниш бермай қўйгани” иддао қилинган хабарларни ҳоким матбуот котиби Дилмурод Жумабоев 28 июль куни рад этди.

Унга кўра, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 27 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида даволанмоқда. У бел умуртқа чурраси диагнози билан жарроҳлик амалиётидан ўтказилди.

“Яқин кунларда вилоят ҳокими одатий иш фаолиятига қайтишини маълум қиламиз”,-деб ёзди Дилмурод Жумабоев.

Матбуот котиби “ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими билан боғлиқ тарқалаётган миш мишларга ишонмаслик”ни илтимос қилиб, “ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд эканини” эслатиб ўтган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хайрулло Бозоров пора билан қўлга тушгани ортидан бир ойдан бери жамоатчиликка кўриниш бермаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Айрим хабарларда ҳоким табдиркордан 400 доллар, айрим хабарларда эса 400 минг доллар пора олгани иддао қилинган.

Сурхондарёда газли автобаллон портлаши оқибатида УАЗ автомобили ва АЁҚШ томига шикаст етди

Музработдаги АЁҚШда портлаган УАЗ автомобили (ФВВ фотоси)

Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани “Юртим жамоли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Автомобилларга газ қуйиш шохобчасида 28 июль тонгида “УАЗ” русумли автомобилга ўрнатилган газ баллони портлаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, портлаш натижасида автомобиль ва шохобчанинг том қисми зарарланган.

УАЗ автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида шикастланган АЁҚШ томи (ФВВ фотоси)
УАЗ автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида шикастланган АЁҚШ томи (ФВВ фотоси)

Вазирлик рўй берган ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмагани ва қурбон бўлмагани, айни пайтда портлаш сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланаётганини билдирган.

Хабарномада воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли идоралар воситалари жалб қилиниб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари бажарилгани қўшимча қилинган.

Янги аксилрекорд: кунлик касалланиш ҳолатлари 850 тага яқинлашди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 27 июль ҳолатига кўра, 126 минг 627 нафарни ташкил қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кеча мамлакат бўйлаб 843 киши коронавирусга чалингани, бунинг пандемия бошидан бери кунлик касалланиш бўйича кузатилган янги аксилрекорд эканини урғулаган.

Ўтган кеча-кундузда яна 556 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 8 минг 723 киши пневмонияга чалинган. CCВ булардан 2770 нафари соғайиб чиққани, 60 нафари эса вафот этганини билдирган.

Вазирлик маълумотига кўра, сешанба куни Андижон вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 825 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 121 минг 145 нафарга етган.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна 8 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 853 нафарга етганини қўшимча қилган.

Қаршидан Санкт-Петербургга амалга оширилиши лозим парвоз учоқ юки оғирлиги боис қолдирилди

"Azur Air" авиаширкати учоқларидан бири

Жорий йилнинг 27 июль куни Қарши-Санкт-Петербург йўналиши бўйлаб амалга оширилиши чартер қатнови қолдирилган. Бунга “Azur Air” авиакомпаниясининг ZF-5044-сонли Боинг-739 учоғи экипажи командирининг олган қарори сабаб бўлган.

Экипаж командири учоқ юки оғирлиги боис қатнов бажарилмаслигини билдирган, бу эса ўз навбатида йўловчилар эътирозига сабаб бўлган.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати ҳолат юзасидан “Қарши” аэропортининг масъул ходимлари ҳамда “Azur Air” авиакомпанияси учоғи экипажи томонидан тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилган.

“Ҳозирда аэропорт ходимлари томонидан ушбу 214 йўловчига керакли ёрдам, жумладан нонушта тарқатилиб, улар меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда ва иссиқ овқат билан таьминлаш каби масалалар тезкорлик билан ҳал қилинмоқда”, дейилган хабарномада парвоз муаммоси қачон ечилиши хусусида маълумот берилган эмас.

Бекободда балоғатга етмаганларга диний сабоқ берган уч киши жавобгарликка тортилди

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди вояга етмаган болаларга қонунга зид равишда диний сабоқ берган уч кишининг ишини кўриб чиқиб, мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ, уларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-8 баравари миқдорида жаримага тортган. Улардан бирига эса 10 суткалик қамоқ жазоси ҳам тайин этилган.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшаган ва балоғатга етмаган 25 нафар болага диний сабоқ бериб келган ака-укалар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган. Хабарда мазкур тадбир санасига аниқлик киритилган эмас.

Қўлга олинганлардан бири Бекобод туманидаги масжидлардан бирининг имом-хатиби, яна бири унинг акаси, учинчиси эса жияни экани, бу шахслар ўқитилаётган ҳар бир бола учун 800 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача ойлик тўлов олиб келгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, 2005–2015 йиллар оралиғида туғилган ва Бекободда диний сабоқ олиб келган болалар орасида бекободликлардан ташқари бўкалик, тошкентлик, сирдарёлик ва жиззахликлар ҳам бўлган.

Иддаога кўра, имом-хатибнинг акаси сабоқ бериш жараёнида вазифаларни ўзлаштирмаган болаларни калтаклаб, уларни оч қолдириш билан жазолаб келган.

Жорий ҳафтадан “Нукус-Ақтўбе” авиақатнови йўлга қўйилади

Жорий йилнинг 29 июлидан Қорақалпоғистоннинг Нукус ҳамда Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳарлари ўртасида янги авиақатнов йўл қўйилади.

Мазкур масала Қозоғистонга сафар қилган Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан қўшни давлат бош вазири Асқар Мамин ўртасида 27 июль куни муҳокама қилинган.

Икки мамлакат расмийлари келишувига мувофиқ, “Нукус-Ақтўбе” рейси ҳафтасига икки марта амалга оширилади.

Шу кунда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ҳафтасига 32 та рейс йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, сешанба кунги учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири Қозоғистон бош вазири билан “Дарбаза – Мақтаарал” янги темир йўл линиясини қуриш, “Туркистон - Чимкент – Тошкент” тезюрар магистрал йўлини қуриш ва бошқа режаларни ҳам муҳокама қилган.

Қонунчилик палатаси мажбурий эмлашга асос бўлувчи қонунни маъқуллади

Иллюстратив сурат.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакцина олишдан бош тортганларни ишдан четлатишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда спикер ўринбосари Алишер Қодиров 27 июль куни маълум қилди.

“Меҳнат кодексининг 113-моддаси ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилиниб Сенатга юборилди. Бундан буён, шифокор рухсатига қарамасдан эмланишни рад этган ходим иш берувчи томонидан маошини сақламасдан ишдан четлатилиши мумкин бўлади”,-деб ёзди Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Алишер Қодиров "ҳукумат эмланмаганларнинг эркини чеклаши керак", деган фикрни олға суриб келаётган депутатлардан бири эди.

Палата спикери Нурдинжон Исмоилов Қонунчилик палатасининг 16 июль кунги ялпи мажлисида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишлари муҳокама қилингани, муҳокамаларда аҳолини "мажбурий эмлаш" масаласи баҳс бўлгани ҳақида билдирган.

Ўшанда Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон қонунчилиги аҳолини “мажбурий эмлашга йўл бермайди”, деб айтганди.

Ўзбекистонда олийгоҳларга кириш имтиҳонлари 5 августдан бошланади

Олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлардан очиқ майдонларда тест олиш тажрибаси Ўзбекистонда ўтган йили қўлланилган

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 5 августдан бошланиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 27 июль куни маълум қилди.

Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 26 июлдаги 2-сон баёнига асосан, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Тест синовлари икки сменада уюштирилиб, биринчи смена соат 7дан, иккинчи смена соат 19дан бошланади.

Билдирилишича, “пандемия шароитида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест топшириқлари сони мақбуллаштирилиб, кириш тест синовларига жами 3 соат вақт ажратиладиган бўлди”.

Олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлардан очиқ майдонларда тест олиш тажрибаси Ўзбекистонда ўтган йили қўлланилган.

Бу йилги тест синовларида 1 миллион 600 минг чоғли абитуриент иштирок этиши кутиляпти.

АҚШ Ўзбекистонга 3 миллион доза вакцина жўнатади

Moderna вакцинаси COVAX дастури доирасида олиб келинмоқда.

АҚШ COVAX дастури доирасида 29 июль куни Ўзбекистонга 3 миллион доза Moderna вакцинасини жўнатади. Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги бу ҳақда 27 июль куни хабар берди.

АҚШ назорат идораларининг билдиришича, Moderna вакцинаси COVID-19га қарши 94 фоиздан юқори самара кўрсатган. Moderna вакцинаси билан 18 ёшдан катталар эмланмоқда. Эмлаш курси бир ой оралиғида қўлланиладиган 2 дозадан иборат.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июль ўтказилган видеоселекторда 4 август куни Америкадан яна 3 миллион доза вакцина олиб келинишини билдирган эди.

Академик Нусрат Парпиев вафот этди

Нусрат Парпиев 70 йил давомида илм-фан билан шуғулланди.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Нусрат Парпиев 90 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева ва бошқа ҳукумат расмийлари таъзия билдирди.

Нусрат Парпиев 1931 йилнинг 14 октябрида Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йилда Ўрта Осиё давлат университетини, 1956 йилда Москва давлат университетининг аспирантурасини тамомлаган.

Парпиев 70 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистондаги кўплаб олийгоҳларда турли лавозимларда меҳнат қилган.

“ Нусрат Парпиевнинг муаллифлигида комплекс бирикмалар кимёси йўналишига бағишланган 750 дан зиёд илмий мақолалар, 7 та монография, 22 та муаллифлик гувоҳномаси ва 3 та патент юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассислари томонидан юксак эътироф этилган. Унинг раҳбарлигида 50 дан ортиқ фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган”, -дейилган расмий таъзияда.

Сўнгги 22 кунда 8 мингга яқин ўзбекистонликда пневмония аниқланди

Пневмония бўйича вилоятлар кесимидаги вазият. ССВ инфографикаси.

Июль ойининг сўнгги 22 кунида Ўзбекистонда 7 996 кишида пневмония аниқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 июль куни маълум қилди.

Расман билдиришича, беморлардан 2 503 нафари соғайиб чиқди, 5493 бемор даволанмоқда.

Пневмония анқиланганлар сони бўйича Тошкент олдинда бормоқда. Тошкентда 3028 кишиида пневмония аниқланган. Иккинчи ўринда Тошкент вилояти -1159 бемор, учинчи ўринда Жиззах вилояти – 941 бемор. Қолган вилоятларда ҳам 100-600 нафардан беморлар мавжуд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июлидан бошлаб коронавирусдан касалланиш ҳолатлари билан бирга пневмония аниқланган беморлар ҳақида ҳам маълумот бериб бормоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 26 июль ҳолатига кўра, 125 минг 784 нафарни ташкил этган. Соғайганларнинг умумий сони 120 минг 320 нафарга етган.

Вазирлик 26 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан яна 6 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 845 нафарга етганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG