Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 02:06

Эронда ошқозон-ичак коронавируси инфекцияси ҳолатлари кўпаймоқда


Теҳронлик врачлар коронавирус юқтириб олган беморни Тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетмоқда.

Эронлик шифокорлар мамлакатда коронавирусга чалинганлар орасида нафақат нафас олиш, балки ошқозон-ичак йўллари инфекцияси кузатилаётганини маълум қилишди.

Хитой ва АҚШда тўпланган маълумотлар ҳам коронавирус айрим беморларда нафас олиш йўллари эмас, балки ошқозон-ичак инфекциясини келтириб чиқаришини кўрсатди.

Айни дамда олимлар ушбу ҳолатни ўрганмоқда.

Эронлик эпидемиолог Муҳаммад Ризо Маҳбубфар пандемия бошида беморларда асосан йўтал, нафас қисиши ва баланд тана ҳарорати каби аломатлар кузатилган бўлса, эндиликда ошқозон-ичак йўллари касалланиши кўпроқ кузатилаётганини айтди.

Маҳбубфарнинг сўзларига кўра, ошқозон-ичак коронавирус инфекцияси аломатлари ич кетиш, қорин спазмалари, ич оғриши, кўнгил айниши, қайт қилиш ва иштаҳа ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолишидан иборатдир.

Маҳбубфар Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморлар ҳақида эълон қилаётган статистика нафас йўллари эмас, ошқозон-ичак тракти касалланган беморларни ҳисобга олмаслигини тахмин қилди.

Бабол тиббиёт университети гастроэнтерологи Сайид Ҳасан Обидий Бабол шаҳрида коронавирусга чалинган беморларнинг чорак қисмида фақат ошқозон-ичак инфекцияси аломатлари кузатилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай беморларда нафас олиш билан боғлиқ муаммолар кузатилмагани учун, улар коронавирусга кеч анализ топширмоқда ва бу вирус кенг тарқалишига йўл очиб бермоқда.

Теҳрондаги Шоҳид Беҳешти университети гастроэнтерологи Сайид Ризо Фотимий коронавирус юқтирган беморларнинг ярмида ошқозон-ичак инфекцияси аломатлари кузатилаётганини айтди. Фотимий бундай аломатлар юзага келган беморларнинг жигари шикастланиб, ошқозон ости бези яллиғланаётганини қўшимча қилди.

Тиббиёт мутахассисларига коронавирус келтириб чиқарадиган ошқозон-ичак инфекцияси ҳақида вирус ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида илк маротаба қайд этилганидан бери маълум.

АҚШда коронавирусга чалингани тасдиқланган илк беморда ҳам нафас олиш қийинчиликлари билан бир қаторда қусиш ва ич кетиши кузатилган эди.

Эндиликда коронавирусга чалинган беморларда ошқозон-ичак касаллиги симптомлари аввал ишонилгандан кўпроқ учраши маълум бўлди.

Дастлабки тадқиқотлар беморларнинг атиги 4 фоизида ошқозон-ичак аломатлари кузатилишини кўрсатган эди. Аммо янги тадқиқотлар ортидан аслида бу кўрсаткич 10 фоиздан 60 фоизгача эканлиги маълум бўлди.

Йорк университети ходими доктор Мартин Вейсей коронавирус нафақат ўпка, балки ошқозон ва ичакларга ҳужум қилиши шубҳасиз эканлигини айтди.

Gut журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишча, коронавирусга чалинган беморлар нажаси анализи уларнинг ярмида ошқозон-ичак трактида ҳам вирус борлигини кўрсатган.

Шу сабаб тиббиёт ходимлари вирус ошқозон-ичак йўли орқали ҳам тарқалиши мумкинлигини хулоса қилишди.

Аммо айни дамда коронавирус нажасда қанча пайт нобуд бўлмай сақланиши номаълум.

XS
SM
MD
LG