Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:40

Илк мустақил "Халқ бирлиги" касаба уюшмаси раҳбари: Бизга босим бўлмоқда


Таъсис қурултойи 39 яшар Роза Агайдаровани Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси раислигига сайлаган
Таъсис қурултойи 39 яшар Роза Агайдаровани Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси раислигига сайлаган

Мустақил Ўзбекистоннинг қарийб 30 йиллик тарихида ташкил этилган илк мустақил “Халқ бирлиги” касаба уюшмаси фаоллари расмийлар томонидан босимга учраётганини иддао қилмоқда.

Ташкилот раиси Роза Агайдарованинг айтишича, уюшмага аъзо бўлган ишчилар – собиқ фермерларга Оқ олтин туман ҳокими ишдан бўшатиш, уларда қолган бир қисм ерни олиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда, Сирдарё вилоят касаба уюшмаларии бирлашмаси раҳбарлари эса, “Халқ бирлиги”ни бирлашма таркибига киришга даъват қилган.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 24 март куни баёнот тарқатиб, “Indorama Agro” ва ҳукуматни мустақил касаба уюшмаси ишига аралашишни тўхтатиб, уни тан олишга чақирди.

Сирдарё вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси бошлиғи мустақил ташкилотга босим эмас, балки Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қўшилишга таклиф қилганини айтди.

19 март куни таъсис этилган “Халқ бирлиги” касаба уюшмаси раиси Роза Агайдарова, ташкилот ҳали Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинмай турибоқ турли хил босимларга дучор бўлаётганини Озодликка айтди:

- Оқ олтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов менинг бир неча ёрдамчиларимга қўнғироқ қилиб, таҳдид қилган. Ёрдамчилар деганим, булар собиқ фермерлар, ҳозир кластерда ишчи мақомида. Уларнинг баъзиларининг ҳозир ҳам қанчадир ери борлиги учун исмларини ошкор қилмайман. Ҳоким уларга, нега сизлар бу уюшмага аъзо бўлдинглар, нега таъсис қурултойида қатнашдинглар, бу ноқонуний ташкилот, жавоб берасизлар деб босим ўтказган. Мен улар билан суҳбатда ҳокимнинг бу таҳдиди одамларга салбий таъсир қилганини сездим. Уларни шу даражада қўрқитиб қўйишибдики, уларнинг овозида иккиланишни ҳис қилдим.

Роза Агайдаровага кўра, унинг ўзига Сирдарё вилоятикасаба уюшмалари бирлашмаси бошлиғи ва ўринбосари қўнғироқ қилган:

- Менга бирлашма бошлиғи Рустам ва унинг ўринбосари Шуҳрат акалар телефон қилишди. Уларнинг айтишича, республика федерацияси бизнинг ишимиздан норози, "Роза опа нега бундай қиляпсиз, бизда мустақил касаба уюшмаси бўлиши мумкин эмас, сизлар бизга қўшилишларинг керак", деган гапларни айтишди. Мен уларга 2019 йил чиққан қонунга биноан мустақил ташкилотлар сизларга қўшилишга мажбурий эмас, дедим. Бу менинг хоҳишим эмас, балки мингдан ортиқ оддий ишчиларнинг позицияси, дедим.

Бундан ташқари, дейди Роза Айдагарова, Сардоба туман ҳокими ҳам Озодликка интервью берган аёлларни чақириб, босим ўтказган.

Оқ олтин туман ҳокими Дилмурод Фозилов Озодлик қўнғироқларига жавоб бермагани боис, у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Сирдарё вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси бошлиғи Рустамбек Турсунмурадов Роза Агайдаровага қўнғироқ қилганини тасдиқлар экан, мустақил касаба уюшмаси тузилганини ёмон ҳолат деб баҳолади:

“Бизга аъзо бўлганда, биз уларни полностью зашишчать қилишга ҳаққимиз бор эди. Чунки бизнинг аъзомиз, деб айтар эдик”.

Озодликнинг, "Cобиқ фермерлар мустақил уюшмага аъзо бўлишдан олдин сизларнинг аъзонгиз бўлганку, нега ўша пайт ҳимоя қилмадинглар” деган саволига Рустамбек Турсунмурадов:

“Улар олдин аъзо бўлган, “Индорама” олганидан кейин улар чиқиб кетдику. Уларнинг раҳбари нима фикрда, билмадим энди”, деб жавоб берди.

Берлиндаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова​ фикрича, мустақил ташкилотни рўйхатга олиш, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг жиддийлигини намоён қилган бўларди:

“Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши курашда ва ўз иқтисодини очиқлашда сиёсий ирода намоён қилди, аммо фуқаролик жамиятининг мустақил ташкилотлари ҳаракатига йўл бера олмади. Мамлакатда биринчи мустақил касаба уюшмаси “Халқ бирлиги” ташкилотининг рўйхатга олиниши ислоҳотларнинг қанчалик жиддий эканлигини кўрсатган бўларди, чунки буни бутун дунё кузатмоқда. Ҳукумат “Халқ бирлиги” тезда рўйхатга олинишига имкон бериши керак”.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 24 март куни тарқатган пресс-релизида “Indorama Agro” ва ҳукумат мустақил касаба уюшмасининг ишига аралашишни тўхтатиб, уни тан олишга чақирди.

Коалиция баёнотида Америка Кийим-кеча ва пойафзал ассоциацияси вице-президенти Нейт Херманнинг бу борада билдирган фикри ҳам келтирилган:

“Мустақил иттифоқнинг ташкил этилиши - бу Ўзбекистондаги муҳим воқеа ва бу масъулиятли манбалар учун зарур бўлган қулай муҳитнинг аниқ далилларини намойиш этиш орқали брендлар ва чакана сотувчиларнинг ишончини оширишда ёрдам беради".

Сирдарë вилоят, Сардоба туманидаги Indorama Agro МЧЖ ишчи-хизматчилари 19 март куни мустақил касаба уюшмаси Таъсис қурултойини ўтказган эди.

Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси таъсис этилганини қурултой очилишида сўзга чиққан ташкилот раиси Роза Агайдарова эълон қилган эди.

Ўзбекистонда 1991 йилдан буён ягона Касаба уюшмалари федерацияси фаолият олиб боради. Бу ташкилот Совет давридаги касаба уюшмаси вориси ҳисобланади. Аммо 19 март куни тузилган «халқ бирлиги» касаба уюшмаси бу ташкилот тартибига кирмоқчи эмас. Indorama Agro МЧЖ ишчи-хизматчилари меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмай қолганини айтишган.

Ўзбекистондаги илк мустақил касаба уюшма раиси Роза Агайдаровага кўра, янги ташкилот мамлакатдаги рақобат муҳитини яратади.

XS
SM
MD
LG