Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2020, Тошкент вақти: 03:48

2019 йил якунлари: Газ ва электр бу йил ҳам тақчил. Лекин аҳоли норозилигини билдира бошлади


Андижон Одамлар газ йўқ пайтида вақтинчалик печкаларда овқат пиширишади

Ўзбекистонда бу йилги қишки мавсум ҳам кўп йиллардан бери кузатиб келинадиган энергетик бўҳрон билан бошланди.

Аммо, аввалги йиллардан фарқли бу йил газ, электр йўқлигидан чарчаган аҳоли ўз норозилигини очиқроқ билдира бошлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ой бошидаги ҳукумат мажлисида ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этиб, одамлар газ ва электр тизимидаги узилишларга ҳақли равишда норозилик билдираётганини таъкидлади. ​

Сўнгги 1 1,5 ой ичида ижтимоий тармоқларда газ ва свет йўқлигидан шикоят қилган одамларнинг ўнлаб видеолари пайдо бўлди.

Ноябрь ва декабрнинг бошларида мамлакатнинг бир қанча вилоятлари туманларида аҳоли газ ва свет йўқлигига норозилик билдириб автомагистрал йўлларини тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик хабар қилди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли ва Элликқалъа туманларида аҳоли ноябрь ўрталарида газ талаб қилиб кўчага чиқди.

27 ноябрда эса Қорақалпоғистоннинг Нукус тумани Шўртанбой қишлоғида яшовчи 70га яқин одам табиий газ берилмай қўйилганига норозилик билдириб, автомобиль йўлини бир неча соат тўсиб қўйди.

Ноябрнинг охирларида Фарғона, Сирдарё, Хоразм ва Андижон вилоятларида ҳам аҳоли свет ва газ ўчишига қарши автомагистраль йўлларини тўсиб қўйиш билан норозилик билдирди.

Андижондаги норозиликларда қатнашган йигит Озодликка:

- Пичоқ суякка бориб тақалди, ака. Ўша куни ҳокимиятдагилар келиб ваъдалар бериб кетишди. Агар ваъда бажарилмаса яна чиқамиз дейишяпти. Чидаб бўлмаяпти буёғига, - деган эди.

Наманганлик блогер Аббос Асад аҳоли норозилик чиқишлар билан газ ва свет муаммосига қисман бўлса-да ҳукумат эътиборини қаратишга муваффақ бўлганини айтади.

Аслида, аҳолининг бу чиқишлари Каримовнинг ёвузлик даври тугаб ёруғлик кунлари келгани белгиси. Каримов даврида йўл тўсганнинг уруғини йўқ қилиб юборар эди. Одамлар дадилроқ норозилик билдирди. Ҳозир ҳокимлар келиб учрашяпти, ҳукумат эътибор қаратяпти. Демак одамларда ишонч ҳосил бўляпти.

- Аслида, аҳолининг бу чиқишлари Каримовнинг ёвузлик даври тугаб ёруғлик кунлари келгани белгиси. Каримов даврида йўл тўсганнинг уруғини йўқ қилиб юборар эди. Одамлар дадилроқ норозилик билдирди. Ҳозир ҳокимлар келиб учрашяпти, ҳукумат эътибор қаратяпти. Демак одамларда ишонч ҳосил бўляпти ҳукумат уларни овозини эшитишига. Президент Мирзиёев ҳам ўз чиқишида норозилик чиқишларига муносабат билдирди, одамлар ҳақли эътироз билдираётганини айтди. Мана мен яшаётган жойда ҳал бўлди муаммо, билишимча Андижонда ҳам халқни чиқишларидан сўнг газ ва свет берилган, - дейди Аббос Асад.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ой бошида ўтказилган ҳукумат мажлисида энергетика соҳасидаги ислоҳотлар реал ҳаётда ўз аксини топмаётганини эътироф этиб, одамлар газ ва электр тизимидаги узилишларга ҳақли равишда норозилик билдираётганини таъкидлади. ​

Мирзиёев ўз чиқишида табиий газни қазиб олиш, транспортировка қилиш ва тақсимлашда ҳаққоний ҳисобга олиш тизими мавжуд эмаслигини айтиб ўтди.

"Айниқса, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда", - деган Мирзиёев.

Сайлов арафасида газ ҳам бўлди, электр ҳам

Исми очиқланмаслигини истаган андижонликлардан бири газ ва светдан декабрнинг икки ҳафтаси баҳраманд бўлганликлари, 22 декабрь кунги сайловдан сўнг яна свет ўчиш бошлангани ва газ босими пасайганини Озодликка айтди.

- Сайлов арафаси икки ҳафтача яхши бўлиб турди. Сайлов ўтганидан сўнг яна аввалги холига қайтди. Ҳозир одамлар яна кўчага чиқамиз деб туришибди, чунки маҳаллий ҳокимият ваъдасини бажармади.

Айрим вилоятларда эса йирик корхоналар, ошхона ва новвойхоналар газ йўқлигидан ишламай қолди.

Шу ой бошида Ўзбекистоннинг минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи энг йирик "Фарғонаазот" корхонасида газ йўқлигидан ишлаб чиқариш вақтинча тўхтагани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

2016 йилда президент Ислом Каримовнинг вафоти ортидан ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев президент лавозимидаги биринчи кунларданоқ мамлакат энергетика соҳасини такомиллаштиришга қаратилган дастурни қабул қилган, аммо уч йил ўтиб ҳам мамлакат газ ва электр таъминотида кўп нарса ўзгармаган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Нодир Юсупов мамлакат иқтисодиётидаги тизимли муаммолар бу соҳада одамлар кутган натижани бермаётганини айтади.

Газ, электр истеъмоли олдинги йилларга солиштирганда яна ҳам ортди. Мамлакат бу талабни қондиролмаяпти. Катта корхоналарга газ, электр берса халққа етмай қоляпти, халққа берса заводлар тўхтаб қоляпти.

- Газ, электр истеъмоли олдинги йилларга солиштирганда яна ҳам ортди. Мамлакат бу талабни қондиролмаяпти. Катта корхоналарга газ, электр берса халққа етмай қоляпти, халққа берса заводлар тўхтаб қоляпти. Электр энергиясини, газни, электрни тежаш механизмлари йўқ, айрим жойларда ҳаддан зиёд кўп исроф бўлмоқда. Бу соҳада тизимли ислоҳотлар ўтказилиши керак, - дейди Юсупов.

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11 ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади ва 2016 йили Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида шартнома имзолаган.

Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжига оид рақамлар эса жамоатчиликка эълон қилинмай келинади.

Электр қуввати ишлаб чиқариш эса Ўзбекистоннинг давлат-акционерлик компанияси - "Ўзбекэнерго" тасарруфидадир.

"Ўзбекэнерго"га кўра, ҳар йили мамлакатда 56 миллиард кВт/соат миқдорда электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Бунинг 90 фоизи иссиқлик электр станцияларидан олинади.

Ўзбекистонда табиий газда ишловчи ўнта иссиқлик Электр станцияси ва ўттиздан ортиқ ГЭС бор.

"Ўзбекэнерго" мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондираётганини айтиб келади.

Ундай бўлса ўзбекистонликлар ўзларининг кундалик турмушида электр ва газ тақчиллигига нега дуч келади?

Бу саволга Озодлик "Ўзбекэнерго" дан ҳам “Ўзбекнефтегаз” дан ҳам изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG