Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:09

Фарғона вилоятида уйи бузилишга тушган аёл аризасини ўрганишга борган Effect.uz журналисти ҳужумга учради


"Effect" нашри тасвирчиси Ғиёсбек Эшов.
"Effect" нашри тасвирчиси Ғиёсбек Эшов.

Ўзбекистондаги Effect.uz нашри таҳририяти ўзининг Фарғона вилоят, Қува туманидаги тасвирчиси 13 май, кеч соат 7 атрофида номаълум шахслар ҳужумига учраганини маълум қилди.

Нашр баёнотида журналистлар уйи бузилишга тушган ногирон аёл арзи юзасидан Қува тумани ҳокимлигида бўлиб, аризачининг уйига кетаётган пайтда тасвирчи Ғиёсбек Эшов ҳужумга учрагани айтилади.

Номаълум шахслар операторнинг кўзларига газ сепгани, машинасининг ойналарини синдиргани, видеокамерасини олиб қочгани айтилган баёнотда.

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмалхон Эшонхонов Озодликка ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси суриштирув олиб бораётганини айтди.

Қува туман ҳокимлигининг расмий сайтида эълон қилинган телефонни кўтарган шахс Озодлик саволини эшитиши билан "бошқа жойга тушдингиз" деб алоқани узди.

Effect.uz таҳририяти ўз журналистининг Қува туман ҳокимияти биносидан чиққанидан сўнг ҳужумга учраганини маълум қилди.

Таҳририят Инстаграм саҳифасидаги баёнотида журналист Элёр Тожибоев ва тасвирчи Ғиёсбек Эшов Қува туманида уйи бузилишга тушиб, товон пули ололмаётган 4 фарзанднинг онаси бўлган ногирон аёлнинг арзи юзасидан ҳокимиятга борганликлари айтилади.

Журналистлар ҳокимият биносидан чиққанларидан сўнг тасвирчи Ғиёсбек Эшов машинада кетаётганида номаълум одамлар уни қувиб етиб, ҳужум қилгани, "Матиз" автомашинаси ойнасини синдириб, камерасини олиб қочгани ҳақида ҳамкасби Элёр Тожибоевга телефон қилиб айтган.

"Ҳокимият биносидан чиқилгач, мухбир мурожаатчи билан бирга йўлга чиқади. Улар билан бирга бўлган оператор Ғиёсбек Эшов ўз машинасида олдинлаб кетгандан бир оз вақт ўтиб, қўғироқ қилади ва унга йўлда ҳужум бўлганлигини айтади. Операторнинг кўзларига газ сепишган, машинасининг ойналарини синдиришган, операторнинг видеокамерасини олиб қочишган", - дейилади таҳририят баёнотида.

Озодлик ҳужумга учраган Ғиёсбек Эшовнинг ўзига боғлана олмади.

Effect.uz сайти бош муҳаррири Акмалхон Эшонхонов Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокуратураси суриштирув ишлари олиб бораётганини айтар экан, бундай деди:

- Суриштирув жараёнларига халақит бермаслик, суриштирув жараёнлари холислигига таъсир ва босим ўтказмаслик мақсадида Effect.uz таҳририяти ушбу мавзуда ҳозирча ҳеч нарса айтолмайди. Ҳуқуқ тизимлари бу холат бўйича адолатли қарор чиқаришига умид қиламиз, - деди Эшонхонов.

Озодлик мазкур ҳодиса юзасидан Қува туман ҳокимидан ҳам изоҳ олиш учун унинг ҳокимлик расмий сайтида келтирилган уяли телефонига қўнғироқ қилди.

Телефонни кўтарган шахс Озодлик саволини эшитиши билан "бошқа жойга тушдингиз" деб алоқани узди.

14 май кунннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бош прокуратураси Қува туман ИИБ ва прокуратураси билан ҳамкорликда дастлабки тергов ҳаракатлари бошлангани, вазият назоратга олинганини билдирди

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ўзининг Телеграм каналида сайт ходимининг ҳужумга учрагани юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) бўйича жиноят иши қўзғатилгани, 4 нафар шахс гумонланувчи сифатида жалб қилинганини маълум қилди.

Қува тумани ҳокимлиги эса ушбу ҳолатга "ҳеч қандай алоқаси йўқлиги"ни таъкидлаб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

"Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.

XS
SM
MD
LG