Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2020, Тошкент вақти: 15:23

Андижон туғруқхонасида кўзи ëриган 21 яшар аëл осилган ҳолда топилди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳар 100 минг кишига - 5.2 тадан тўғри келади.

2 июнь куни Андижон шаҳридаги вилоят Перинатал марказида ўғил туққан 21 яшар аëл 7 июнь куни туғруқхона ертўласида осилган ҳолда топилди.

Асли Жалақудуқ туманидан бўлган аёлнинг ўзини осгани гумон қилинмоқда.

Ўтган йили турмуш қуриб¸ биринчи фарзандли бўлган ëш аёлнинг нега ўз жонига қасд қилганига оид тахминлар Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Марҳуманинг Озодлик боғланган яқинлари бу ҳақда гапиришни истамади.

Перинатал марказ врачлари эса туққандан сўнг ëш аëл руҳиятида ўзгариш кузатилганини айтиш билан чекланди.

Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси мулозимининг Озодликка айтишича, ëш онанинг ўлими юзасидан вилоят прокуратураси терговгача суриштирув олиб бормоқда. Суриштирув жараëнида қандай тахминлар ўрганилаëтгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Андижон вилоят Перинатал маркази врачининг Озодликка айтишича, О.А. (аёлнинг исми Озодликка маълум, аммо яқинлари сўровига кўра шахси очиқланмаяпти-таҳр.) 2 июнь куни кесарево амалиёти билан соғлом бола туққан.

- Қорнидаги ҳомиласи бўғилиб қолмасин, деб кесарево қилинди. Чунки бола боши билан келмаганди. Аёлнинг ўзи реанимация бўлимида бир кун сақлангач, оддий палатага олиб ўтилди.​ 7 июнга ўтар кечаси ҳожатга чиқаман, деб кетиб, ювиниб келган, кийимларини алмаштирган ва ётган. Кейин ётган жойида ғойиб бўлган. 7 июнь саҳарда пастдаги ертўлага кираверишдаги тўсинга арқон боғлаб ўзини осган.

Биринчи фарзандини қўлига олган ëш аëлнинг ўз жонига қасд қилишга мажбур қилган омиллар ҳақидаги саволга тўхталган туғруқхона врачи¸ туғруқдан сўнг аёлнинг руҳий холатида ўзгариш кузатилгани ва буни палатадошлари ҳам пайқаганини таъкидлади.

- Ҳеч ким хафа қилган ҳам эмас, боласи соппа-соғ, эри ўзида йўқ ҳурсанд эди, ота бўлдим деб. Ўзи ҳам хурсанд эди ўғил туғдим, деб. Лекин палатада у билан бирга бўлган аёллар руҳий аҳволи ўзгарганини айтишди. Ғалати ҳолатда бир жойга тикилиб қараб ўтираверар экан. Жуда пастфеъл аёл эди, ҳайронмиз нимага бунақа бўлганига.

Аёлнинг Озодлик боғланган қариндошлари ва маҳалладошлари кўзи ëригунга қадар келинчак хулқ-атворида ўзгариш кузатилмагани¸ унинг руҳий саломатлигида муаммо бўлмаганини билдирди.

Марҳуманинг турмуш ўртоғи эса бу фожиа ва унинг эҳтимолий сабаблари ҳақида гапиришни истамади.

Жалақудуқ тумани Ойим қишлоқ фуқаролар йиғинидан бўлган ëш аëлни билган маҳалладошларига кўра¸ у ўтган йили турмуш қурган.

- Ўрта оила. Эри фермер, ўзи ишламас эди. Турмушида муаммо бўлмаган. Туппа-тузук келин эди. Ўтган йил ёзда тўй қилишган. Бу ҳолатдан ҳаммамиз ҳайрон бўлиб турибмиз. Ўзини осишидан олдин, таҳорат қилган, оқ либос кийган¸ яъни шунга тайёрланган. Яқинларимизга, атрофимиздагиларга асло эътиборсиз бўлмаслигимиз керак экан. Палатада шунақа ҳолатни кўрган аёллар айтишмабдида вақтида. ​Ўйлаймизки, бу ҳолатни ички ишлар холис текширади, - деди марҳуманинг Озодлик гаплашган маҳалладоши.

Қариндошларига кўра¸ онасиз қолган чақалоқ ҳозирда отаси ва унинг оиласи қаровига берилган.

Ўзбекистонлик гинеколог врач Гулбаҳор Собирова туққан аёлларда туғруқдан кейинги депрессия кўп учрашини айтади.

- Мен Андижондаги ҳолат бўйича бирон нарса айтолмайман. Лекин, янги туққан аёлларда "послеродовая хандра" ҳолати кўп учрайди. Туққандан икки-уч кун ўтиб баъзи аёллар руҳий, эмоционал ўзгаришларга дучор бўлади. Айнан мана шу даврда аёл доимий кузатувда бўлиши керак, умуман янги туққан аёллар мунтазам кузатиб борилиши керак, - дейди Собирова.

Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси мулозими аёлнинг туғруқхонадаги шубҳали ўлими юзасидан вилоят прокуратураси терговга қадар суриштирув ишлари олиб бораётганини айтди.

Андижон вилоят прокуратурасидан изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётгани ҳақида бир неча марта гапирган.

Хусусан¸ 2017 йилги мажлислардан бирида Мирзиёев ўз қабулхонасига келиб тушган шикоят ва мурожаатларнинг 70 фоизи аёлларга тегишли эканлигини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган сўнгги рақамларга кўра, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳар 100 минг кишига - 5.2 тадан тўғри келади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG