Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Зўрланган қиз ва жонига қасд қилган она воқеасига Бош прокуратура баҳсли жавоб берди (3-қисм)


Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги 6-умумтаълим мактабининг собиқ ўқитувчиси қизининг номусига 14 яшарлигида тажовуз қилган шахс жазосиз қолаётгани учун ўз жонига икки марта қасд қилганлиги ҳақидаги Озодлик мақолаларидан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси бу воқеага ўз муносабатини билдирди.

Озодлик ўз мақолаларида қиз ўқиган мактабнинг рақами, қиз ва унинг онасининг номларини сир тутган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати жавобида эса булар ҳаммаси очиқланган.

Бош прокуратура ўз жавобида Жиноят процессуал кодексини Жиноят кодекси билан адаштирган.

Ўзбекистонлик адвокатнинг айтишича, бу жиноят ишининг ёпилишида Ўзбекистон жиноят кодексининг 64-моддаси нотўғри қўлланилган.

Озодлик Бош прокуратура қизни зўрлаган деб иддао қилган икки шахсдан бирини топиб, у билан гаплашди.

1 ноябрь куни туман прокурори қиз ва унинг онасини прокуратурага чақиртириб, уларни Ўзбекистонни шарманда қилганликда айблагани хабар қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддиновнинг “Дарё” сайтига берган маълумоти қуйидагича:

“2019 йил март ойида Косон туман 6-сонли мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари туман прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилган. Шикоятда ўқитувчилар мактаб директори О.Д.нинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини, 2018 йил май ойида 9-синф ўқувчиси, 2003 йилда туғилган Н.Б.нинг ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрганлиги айтилган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан фуқаро Б.Б.га нисбатан Жиноят Кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши терговга тегишлилигига кўра Косон туман ИИБга юборилган.

Тергов жараёнида Н.Б. 2017 йил август ойида Б. Б. билан жинсий алоқада бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолганлиги, 2018 йил 11 май куни Косон туман туғруқ комплексида қиз фарзандни дунёга келтирганлиги аниқланган. Қизнинг онаси Н.Р. туғилган қиз неварасини шифохонада қолдириб, қизини уйига олиб кетган. Туғруқхона бошлиғи васийлик ва ҳомийлик органига бу ҳақда хабар берганидан сўнг, бошқа бир оила Н.Б.дан туғилган қиз фарзандни асраб олган. ДНК биология экспертизасининг хулосасига кўра, қиз фарзанднинг биологик отаси А.Ж. бўлиб чиққан. Б.Б. эса чақалоқнинг биологик отаси эмаслиги аниқланган.

Жиноят процессуал кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» банди, яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс жиноят содир этган кундан бошлаб икки йил муддат ўтган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши принципига асосан айблилик масаласини ҳал қилинмай туриб жиноят иши тугатилган.

2019 йил 7 октябрда Б.Б. ва А.Ж. Жиноят Кодексининг 128-моддаси 1-қисмида кўрсатилан жиноятни содир қилганлиги ўз тасдиғини топиб, улар Н.Б. билан 2017 йил август ойида жинсий алоқада бўлганлиги аниқланган. Бироқ Жиноят процессуал кодексининг 64-моддаси 1-қисми (Жиноят процессуал кодекси эмас, балки Жиноят кодекси - таҳририят) «а» банди, яъни ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс жиноят содир этган кундан бошлаб икки йил муддат ўтган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши принципига асосан айблилик масаласини ҳал қилинмай туриб жиноят иши тугатилган.

Бош прокуратуранинг Daryo.uz босган баёноти.
Бош прокуратуранинг Daryo.uz босган баёноти.

Бош прокуратура томонидан маълум қилинишича, Н.Б.нинг онаси Н.Р.нинг 2018 йилда ва 2019 йил сентябрь ойида ўз жонига қасд қилганлиги ҳолатлари юзасидан туман ИИБ ва прокуратурасига хабар келиб тушмаган.

Н.Р.нинг ўз жонига суиқасд қилганлик ҳолатлари ижтимоий тармоқларда тарқалганлиги сабабли, 2019 йил 31 октябрда Косон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши бошланган”.

Бош прокуратуранинг бу хабарини Озодлик ўзи олиб борган суриштирув синчиклаб ўқиб чиқди.

Ва бу жавобда прокуратуранинг хатти-ҳаракати қанчалик қонуний бўлганини ўзбекистонлик адвокатдан сўради.

Лицензиясидан маҳрум бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган тошкентлик адвокатлардан бири Озодликнинг бу мавзудаги мақолалари ва Бош прокуратура жавобини солиштириб кўриб, қуйидагича хулоса берди:

“Биринчидан, воқеа 2018 йилда аниқланган бўлса, нега бир йил давомида жиноят иши очилмади. Воқеа ҳақида хабар бермаган мактаб директори, туғруқхона бош врачи, ҳоким, маҳалла раиси нега жавобгарликка тортилмади? Нега участка нозири бутун маҳалла билган воқеадан бехабар қолди?

Бу ҳолат Ўзбекистон Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» бандига тўғри келмайди.


Иккинчидан, вилоят прокурори ўринбосари бу воқеа юзасидан жиноят иши 2019 йилнинг 1 майида очилганини ўз хатида ёзган. Демак, бу ҳолат Ўзбекистон Жиноят кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» бандига тўғри келмайди. Масалан, мана жиноят содир қилинди, лекин орадан икки йил ўтиб кетганидан кейин бу ҳақда шикоят қилинди ёки давлат органига маълум бўлиб қолди. Бу ҳолатда, тўғри, жавобгарликка тортиб бўлмайди. Лекин икки йиллик муддат ўтмасдан туриб жиноят иши қўзғатилган бўлса, мумкин қидирувга берар, мумкин тергов давом этар, бу пайтда жиноий жазога тортилади. Агар 2019 йилнинг май ойида жиноят иши очилган бўлса, бу ҳолатда тугатилиши мумкин эмас, охиригача тергов олиб борилиб, судга оширилиши керак.

Адвокатнинг тахмин қилишича, бу жиноят ишини ҳеч кимга зарар тегмайдиган қилиб ёпиш учун атайлаб тергов вақти орқага суриб келинган ва Бош прокуратура матбуот хизматининг жавоби ҳам Косон тумани прокуратурасининг маълумотига таянилган.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, “ДНК биология экспертизасининг хулосасига кўра, қиз фарзанднинг биологик отаси А.Ж. бўлиб чиққан. Б.Б. эса чақалоқнинг биологик отаси эмаслиги аниқланган”

Озодлик 1 ноябрь куни Косон туманида яшайдиган, чақалоқнинг “биологик отаси” деб айтилган А.Ж.ни қидириб топди.

А.Ж. Озодлик билан суҳбатда унга бу айблов бошқа гумонланувчиларни жазодан олиб қочиш мақсадида, туҳмат қилинганини айтди:

Кимлардир бу ишни қилиб, пул билан ёпиб, бир камбағалнинг бўйнига иламан дейди.


“Йўқ, йўқ, йўқ! Бу менга нисбатан ғирт туҳмат бўлди. Мен тўғрисини айтаман, менинг эркаклигимда проблема бор. Агар мен шу ишни қила олганимда эди, янги уйланган гулдай хотиним қиз ҳолида уйдан чиқиб кетмасди. Соғлиғим бу ишга бўлмагани учун кетди. Нега булар мени бунча қийнайди, экспертизасига ҳам бордим, бошқасига ҳам бордим. Ўшанда айтганман ҳамма нарсани, мен қилмаганман бу ишни, деб. Ўша ишни қилган холалари мени бўйнимга қўясан деб айтишган экан. ДНК ҳам олди, бошқа анализ ҳам олди, кимлардир бу ишни қилиб, пул билан ёпиб, бир камбағалнинг бўйнига иламан дейди. Етимни қовурғасини синдирмаслик керак туҳмат билан”

Озодлик 1 ноябрь куни олган маълумотига кўра, шу куни ўқувчи қиз ва унинг онаси туман прокурорига олиб борилган.

Бу ҳақда оиланинг яқин одамларидан бири Озодликка айтди:

Бечора аёл шунчалик қўрқибдики, яна стресс ҳолатига тушиб қолибди.


“Туман прокурорининг Дилшод деган шофёри бугун опамнинг уйига келиб, эру-хотин ва қизингиз билан бирга беш минутга прокурорнинг олдига олиб бораман, кейин ўзим олиб келиб қўяман дебди. Эри бормайман, прокурорнинг гапи бўлса ўзи келсин, дебди. Хотини эса мени прокурорга айтадиган гапим бор, деб қизини олиб борибди. Борса, прокурор сен қизингни Ўзбекистонга шарманда қилдинг, мен ёпиб юборгандим бу ишни деб, роса бақирибди. Бечора аёл шунчалик қўрқибдики, яна стресс ҳолатига тушиб қолибди. Кейин, ўзлари пиёда ёмғирда қайтиб келишди. Опамнинг рангида қон йўқ, касал бўлиб қолди. Эртага дўхтирга олиб борамиз, энди”

Озодлик бу воқеа юзасидан ўз суриштирувини давом эттиради.

Бу воқеа ҳақида Озодликнинг аввалги мақолаларини қуйидаги ишоралар орқали очишингиз мумкин.:

https://www.ozodlik.org/a/suiqasd-nomusga-tajovuz/30244555.html

https://www.ozodlik.org/a/suiqasd-nomusga-tajovuz/30246441.html

XS
SM
MD
LG