Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

"Сўконғич ҳокимларга" орден берилишини танқид қилган блогер 10 кунга қамалди


29 ёшли Нодирбек Ҳожиматов Андижон вилоят ҳокими "Меҳнат шуҳрати" ордени, Шаҳрихон тумани ҳокими "Содиқ хизматлари учун" медали билан мукофотланишини танқид қилиб чиққан.
29 ёшли Нодирбек Ҳожиматов Андижон вилоят ҳокими "Меҳнат шуҳрати" ордени, Шаҳрихон тумани ҳокими "Содиқ хизматлари учун" медали билан мукофотланишини танқид қилиб чиққан.

Ўзбекистонда сўконғичлиги билан танилган ва президентнинг ўзи ҳиёнатда айблаган ҳокимларга орден берилишини танқид қилиб чиққан 29 ёшли блогер Нодирбек Ҳожиматов 10 суткага қамалди.

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи блогернинг отаси Нурмуҳаммад Ҳожиматовнинг Озодликка айтишича, 12 сентябрь куни унинг ўғлини ИИБнинг икки ходими олиб кетган.

Шу куни Шаҳрихон туман маъмурий ишлар суди Нодирбекни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси - Ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситишда айблаб, 10 кунга қамаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Нурмуҳаммад Ҳожиматовнинг айтишича, ўғли Андижон вилоят ҳокимига "Меҳнат шуҳрати" ордени, Шаҳрихон тумани ҳокимига "Содиқ хизматлари учун" медали берилишини танқид қилиб чиққани учун жазоланганини айтди.

- Судья ўрнидан туриб, "сен нега президент фармонидан норози бўлиб шунақа нарсаларни ёздинг?" деди.

- Судья ўрнидан туриб, "Сен нега президент фармонидан норози бўлиб шунақа нарсаларни ёздинг?" деди. Шундан сўнг, туман ҳокимлигидан келган 10 та амалдорни турғизиб, ҳар биттасидан "даъвойим бор, қонуний жазо беринг" дегиздириб, 10 сутка берди, - деди блогернинг отаси Ҳожиматов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами арафасида, 29 август куни бир қанча ўзбекистонликларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлаган эди.

Президент фармонига кўра, Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Шаҳрихон туман ҳокими Ҳикматулло Дадахонов "Содиқ хизматлари учун" медали билан мукофотланганди.

Нодирбек Ҳожиматов шу ой бошида ўзининг Facebook саҳифасида "сўконғичлиги ва қўли остидагиларга қўпол муомаласи ҳамда кўзбўямачилиги билан танилган ҳокимлар мукофотга лойиқ эмас", деб ёзиб чиққан эди.

Аммо, Ҳожиматовнинг бу ҳақдаги пости Facebookда ғойиб бўлган.

Отаси Нурмуҳаммад Ҳожиматовнинг Озодликка айтишича, ўғли устидан суд адвокатсиз ўтган, айбланувчи томон гапини суд эътиборсиз қолдирган.

Судда Нодирбек "қани мени сўз эркинлигим", деган эди, суд унга жавоб бермади. "Мени эркинлигим пой-мол бўляптику", деганди, унга ҳам жавоб бермади.

- Судда Нодирбек "қани менинг сўз эркинлигим?", деган эди, суд унга жавоб бермади. "Менинг эркинлигим поймол бўляптику?!", деганди, унга ҳам жавоб бермади. Ўғлимнинг биргина айтган гапи "бу ҳокимлар орденга нолойиқ". Судьянинг айтишича, президент фармонини ҳеч ким савол остига олишга ҳаққи йўқ экан. Ахир президентимизнинг ўзлари ҳам орден бермасидан олдин бу ҳокимларни кўзбўямачилиги учун танқид қилган эдику?! - дейди Нурмуҳаммад Ҳожиматов.

Июль ойидаги ҳукумат мажлисида Шавкат Мирзиёев Андижон ҳокими Абдураҳмоновни “кўзбўямачилик” ҳолатлари учун танқид қилган, "Интернетда тарқалган хабарларни кузатганини" айтганди.​

Нодирбек Ҳожиматов қамалишидан олдин унга босимлар бўлаётгани ҳақида Озодликка Telegram орқали маълум қилган эди.

"Мен вилоят хокимига мукофот берилишига қаршиман. Лекин, Шаҳрихон туман прокурори мендан ҳар-хил усуллар билан шахсий фикримни эркин баён этишимни тўсқинлайдиган тушунтириш хати ёздириб олди. Хатда "қайтиб ёзмасликка ваъда бераман" деб ёздирилди", - деб ёзган эди Ҳожиматов 6 сентябрь куни Озодлик таҳририятига йўллаган мактубида.

Озодлик Нодирбек Ҳожиматовнинг 10 кунга қамалиши юзасидан Шаҳрихон тумани прокуратурасидан ҳам, Маъмурий ишлар бўйича туман судидан ҳам изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда блогерлар фаолиятига тўсқинликлар қилингани ва қамалгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган.

Ўтган ой Самарқандда фирибгарлар ишини фош қилган блогерга номаълум эркак болта билан ҳужум қилган эди.

Ўтган йилнинг август ойида эса тўртта блогер "ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик" айби билан қўлга олинган ва 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосига тортилган эди.

Ўзбекистонда турли мавзудаги интернет блоглар пайдо бўлаётгани одамларнинг эркин фикрлашга, атроф-муҳитдаги ҳодисаларга муносабатини билдиришга иштиёқи кучлилигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Alter Ego лойиҳаси доирасида видеоблогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида блогерлар чиқишларини яқиндан кузатиб боришини айтган ва улар долзарб масалаларни кўтариб чиқаётганликларидан мамнун эканини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG