Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

Алламжонов Лондон конференциясини ўзбек матбуоти 4-ҳокимиятга айланишига ишонтиришга уринди (ВИДЕО)


Комил Алламжонов ва унинг жамоаси Лондонга келган бўлса-да¸ анжуман иштирокчиларига унинг Тошкентда ëзиб олинган видеомурожаати тақдим этилди.
Комил Алламжонов ва унинг жамоаси Лондонга келган бўлса-да¸ анжуман иштирокчиларига унинг Тошкентда ëзиб олинган видеомурожаати тақдим этилди.

Матбуот эркинлиги бўйича Лондон глобал конференциясида қатнашаëтган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов 10 июль куни анжуман қатнашчиларига мурожаат қилди.

Ўз мурожаатида Тошкент ҳукуматининг матбуот бўйича юқори даражали амалдори Мирзиëев ҳукуматининг матбуотни 4-ҳокимиятга айлантириш йўлидан ортга қайтмаслиги¸ фақат "олға бориши"га ишонтиришга уринди.

Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин ўзбек матбуотида айрим ижобий ўзгаришлар бўлганини эътироф этган халқаро ташкилотлар¸ хусусан¸ Чегара билмас мухбирлар ташкилоти¸ Ўзбекистонни матбуот эркинлиги бўғилаëтган йигирмаликда қолдирди.

Ўзбек матбуотининг поэтик тасвири?

Ўзбек тилида ўқилиб¸ остида инглизча субтитр берилган 4 минутлик чиқишининг бир мунутини Комил Алламжонов ўзини таништириш¸ қилган ишларини санаб ўтишга бағишлади.

Шундан сўнг ўзбекистонлик медиа мутасаддиси мамлакатда кейинги “уч йил ичида бошланган жадал ислоҳотлар ахборот майдонининг ҳам бирданига жонланишига олиб келгани” ҳақида гапиришга ўтди.

Матбуот учун ëпиқ эшиклар очилиб¸ журналистлар ҳам гўëки узоқ қишки уйқудан сесканиб уйғонгандек бўлди”¸ дея мажоз қилди Ўзбекистон расмийси.

Йиллар давомида қотиб қолган тизимни қайта модернизация қилган ҳолда юргазиб юбориш учун¸ авваламбор президент Шавкат Мирзиëевнинг сиëсий иродаси ва катта куч керак бўлди”¸ деди матбуот эркинлиги глобал конференцияси қатнашчиларига тақдим этилган видеомурожаатида Алламжонов.

Алламжонов тилга олган қарор қачон қабул қилинган?

Алламжонов Матбуот ва ахборот агентлигининг президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилиб¸ унга катта ваколатлар берилганини айнан шу жараëнни тезлатиш мақсадида қилинган иш сифатида тақдим этди.

Алламжонов иддаосича¸ ўзи ва президентнинг тўнғич қизи раҳбарлик қилаëтган бу агентлик “оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш¸ журналистларни ҳимоя қилиш ва улар саводхонлигини ошириш механизмларини яратишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйган”.

Бу мақсадга етиш учун махсус йўл харитаси ишлаб чиқилганини айта туриб Алламжонов¸ "президент қарори билан давлат органлари ахборот хизматлари¸ шунингдек¸ матбуот котибларининг мавқеи идора раҳбарининг ўринбосари даражасига тенглаштирилди”¸ дея баëнот берди.

Бироқ Алламжонов халқаро жамоатчиликка қабул қилингани ҳақида 10 июль куни баëнот берган бу қарорнинг қабул қилинганига оид бирор расмий маълумот 11 июль куни очиқ манбалардан топилмади.

Жорий йил 29 май куни Тошкентда ўтказилган “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуида конференцияда президентнинг тўнғич қизи¸ Алламжоновнинг ўринбосари Саида Мирзиëева:

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатланмоқда“¸ деган эди.

Муаллифи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлган бу қарор лойиҳаси 24 майдан 10 июнгача regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилган эди.

На президент қарорларини эълон қилувчи Ўзбекистон миллий агентлиги сайти ва на қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида бу қарорнинг қабул қилингани ëки кучга киргани ҳақидаги маълумотни 11 июль куни топишнинг имкони бўлмади.

"Эски тўсиқлар олиб ташланди". Янгилари ҳақида гапирилмади

Матбуот эркинлиги бўйича Лондон глобал анжумани қатнашчиларига аталган видоемурожаатида Алламжонов “Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлган бир қатор хорижий ахборот ресурслари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари веб-сайтларига тўлиқ кириш имконияти тикланди”¸ дея баëнот берди.

Алламжонов жорий йилнинг 10 май куни Amerika ovozi, BBC Uzbek, Deutsche Welle, Amnesty International, Human Rights Watch, Fergana Agency каби бир қатор веб-ресурслар ҳамда сайтлар тўлиқ очила бошлагани ҳақида хабар тарқатган эди.

Айни пайтда¸ ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир бу хабар ортидан Алламжоновга Twitter орқали мурожаат қилиб¸ бу рўйхатда Озодлик радиоси йўқлигига ишора қилиб¸ "Озодлик сайти ҳам тез орада тўсиқдан чиқарилишига умид билдирган" эди.

Бу расмий твитга жавоб қайтарган Алламжонов¸ Озодлик таҳририятининг “нохолис ва асосан ишончсиз материалларни нашр этишга қаратилган бир ёқлама ва янглиш сиёсати жамоатчилик, умуман глобал аудиториянинг чалғишига сабаб бўлаëтгани”ни иддао қилган эди.

Ҳали лойиҳаси ҳам йўқ қонун кўз-кўз қилиндими?

Лондон анжуманида тақдим этилган видеомурожаатида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқий ҳимояси кучайиб бораëтганини иддао қилишда давом этган Комил Алламжонов “блогерлар ҳуқуқини журналистларга тенглаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаëтгани”ни ҳам ўз сўзига тасдиқ сифатида келтирди.

Мутассадилар томонидан журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш ва айни вақтда журналистлар учун қонунда белгиланган жазоларни ҳамда “ҳақорат” ва “туҳмат” моддалари бўйича жазони енгиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳам тайёрланмоқда”¸ деди жумладан.

Ҳозирча бу лойиҳанинг қачон тайëр бўлиб муҳокамага қўйилиши¸ унинг қачон қабул қилиниши ҳақида маълумот йўқ.

"Биз тажрибасиз эмасмиз!"

Мирзиëев ҳукуматининг Ўзбекистонда демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти қуриш мақсадидан чекинмаслигини таъкидлаган Алламжонов¸ халқаро ҳамжамиятдан жорий Тошкент ҳукуматига “қандайдир “кўмакка эҳтиёжи баланд ва тажрибасиз” сифатида эмас, балки ўз имкониятларини яхши биладиган ва ўзгаришларга интилаётган тўла ҳуқуқли ҳамкор сифатида қараш”ни сўради.

Мен бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жамоасининг аъзоси сифатида ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини амалда “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш учун аниқ ва қатъий йўл белгилаб олинган. Бу йўлимиздан қайтмаймиз ва фақат олға борамиз!”¸ дея якунлади Тошкентда ëзиб олинган видеомурожаатини Комил Алламжонов.

10-12 июль кунлари Лондонда ўтаëтган матбуот эркинлиги бўйича глобал конференцияда қатнашаëтган Ўзбекистон делегациясига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлик қилмоқда.

Лондонда бўлинадиган "ширинкулча" - 125 миллион долларлик ëрдам

Буюк Британия ва Канада ҳукуматлари томонидан уюштирилган конференция ишига матбуот тўлиғича ҳукумат қўлида қолаëтган Шимолий Корея¸ Сурия ва Венесуэладан бошқа барча давлат расмийлари таклиф этилган. Айни пайтда¸ глобал майдонда дезинформация тарқатаëтганликда айбланган Кремль томонидан молияланадиган Russia Today (RT) ва Спутник агентликлари вакилларининг Лондон конференциясида қатнашишига рухсат берилмади.

Анжуман якунида дунë бўйлаб матбуот эркинлигини кучайтириш дастурига 100 миллион фунт стерлинг (125 миллион АҚШ доллари) маблағ ажратилиши кутилмоқда.

Бу дастурда Марказий Осиëдаги матбуот эркинлигини қўллаб-қувватлаш учун бир неча миллион долларлик махсус маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги кенгайиб бораëтгани ҳақида ҳисоб бериб¸ бу йўлдан фақат "олға бориш" ҳақида гапирган Тошкент расмийларига мазкур дастур доирасида қанча маблағ ажратилиши ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ҳақида мустақил кузатувчилар нима дейди?

Дунë мамлакатларидаги матбуот вазиятини кузатиб келаëтган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти (RSF )нинг 2019 йилги матбуот эркинлиги ҳисоботида Ўзбекистон матбуот эркинлиги энг кўп бўғилаëтган давлатлар йигирмалигида қолди ва 180 давлат киритилган рўйхатнинг 160-поғонасига қўйилди.

2018 йили Ўзбекистон бош қароргоҳи Парижда жойлашган RSF ташкилоти йиллик рўйхатининг 165-поғонасига қўйилган эди. Ҳисобот муаллифлари¸ мамлакат матбуот иқлимидаги айрим ўзгаришларни ижобий баҳолагани ҳолда¸ мустақил хориж агентликлари сайтларининг тўсилганича қолаëтгани¸ мустақил блоггер ва журналистларнинг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлаëтганини танқид қилди.

Freedom House ташкилотининг 2019 йилги эркинликлар вазияти ҳақидаги глобал ҳисоботида ҳам Ўзбекистон "эркин бўлмаган" давлатлар қаторида қолдирилди.

Мамлакатдаги матбуот эркинлигига баҳо берган Freedom House таҳлилчилари¸ Каримов ўлимидан сўнг маҳаллий матбуот ëритаëтган мавзулар кўлами нисбатан кенгайганини тан олди.

Айни пайтда ҳисоботда¸ маҳаллий матбуотнинг Мирзиëев ва янги ҳукумат фаолияти ҳақида танқидий ëзишга қўрқиши¸ Ўзбекистонда Youtube видеопортали, Facebook тармоғининг тез-тез ëпилишини танқид қилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG