Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2019, Тошкент вақти: 17:13

Cобиқ инспектор: ИИБ биноси таъмирига ҳомий тополмаганим учун ишдан бўшатишди (ВИДЕО)


Фурқат Қурбонов (ўнгдан биринчи) Бухоро туманида хизмат вазифасини бажараётган пайтда олинган сурат.

Бухоролик собиқ профилактика инспектори, ички ишлар тизимида 6 йил ишлаган 31 ёшли Фурқат Қурбонов, 15 август куни Озодлик билан боғланиб, ИИБ қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳомий топа олмагани учун шу йилнинг июнида ишдан бўшатилганини иддао қилди.

Бухоро туман Ички ишлар бўлими мулозими собиқ инспекторнинг иддаоларини рад этди.

Бухоро ИИБ раҳбари ёрдамчисига кўра, профилактика инспектори Фурқат Қурбоновнинг ишдан бўшатилишига унинг май ойида аттестациядан ўта олмагани сабаб бўлган.

Собиқ инспектор аттестациядан ўтказилмаганини тан олди, лекин унинг фикрича, бунинг асл сабаби қурилиш-таъмир ишларига ҳомий топа олмаганидир.

Фурқат Қурбоновнинг айтишича, Бухоро туман Ички ишлар бўлими биноси 2018 йилнинг август-октябрь ойларида таъмирланиб, AKFA дераза ва эшиклари ўрнатилган эди.

Ўша пайтда профилактика инспектори бўлиб ишлаган собиқ милиция лейтенанти Фурқат Қурбонов 15 август куни Озодлик билан суҳбатда ИИБ биносини таъмирлаш юз фоиз ҳомийлар пули эвазига амалга оширилгани, ҳомийларни топишга эса ўзи ва ўнлаб ҳамкасби мажбурланганини айтди:

- Дераза ва эшикларнинг ҳар бирини 850 минг сўмдан шахсан ўзимиз ўрнатганмиз. Бино олдидаги кечаси ёниб турадиган таблони ҳам 2 миллион сўмга ўрнатганмиз. Бунинг учун Ички ишлардан ҳам, давлат ҳисобидан ҳам бир тийин пул ажратилмаган. Ҳаммаси биз топган ҳомийлар ҳисобига қилинган.

Бухоролик собиқ профилактика инспектори Фурқат Қурбонов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00

Собиқ профилактика инспекторининг иддаосича, Бухоро туманида ўзи ва ҳамкасблари жамоатчилик назорати масканлари ва кичик ички ишлар бўлинмалари қурилишига ҳам ҳомий қидиришга мажбурланган.

- Ҳомийларни қандай топамиз, деб сўрасангиз мана айтай сизга: қайсидир ҳусусий фирмада қурилиш ёки ремонт бўляпти. Биз шу ерга бориб, цементи борми, ғишти борми, сўраймиз. Бошида улар погонимизга қараб туриб йўқ дейишмас эди. Кейин тинимсиз сўраб бораверганимиздан кейин уларнинг ҳам жонига тегди. Мен ва шеригим кейин фермер хўжаликлари раҳбарларидан, тадбиркорлардан илтимос қилиб, қурилиш дўконларидан қарз қилиб ва ўзимизнинг ҳисобимиздан қурилишларни​ базўр амалга оширар эдик, - дейди Фурқат Қурбонов.

Бухоролик собиқ профилактика инспектори Фурқат Қурбонов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:05 0:00

Фурқат Қурбоновнинг айтишича, у ИИБ раҳбариятининг ҳомий топиш бўйича тўхтовсиз топшириқларини тўлиқ бажармагани учун шу йилнинг июнида ишдан бўшатилган:

- Мен уларга қолган қурилишга қурбим етмаслигини, бажара олмаслигимни билдирдим. Раҳбариятга​ эса уларнинг бу каби топшириғини бажармайдиган ходим керак эмас экан. Шу сабаб, улар мени тизимдан йўқотиш пайига тушишди ва ишга нолойиқ деб мени бўшатишди, - дейди Қурбонов.

Бир фарзанднинг отаси Фурқат Қурбонов ҳозирда ишсиз қолганини айтди.

- Имтиёзли кредитга олинган "Матиз" машинамни пулини ҳам тўлай олмаяпман, - дейди Қурбонов.

Фурқат Қурбонов бу ҳақда Ўзбекистон президенти порталига ҳам шикоят қилганини айтди.

Қурбоновнинг Ўзбекистон президенти қабулхонасига ёзган мурожаати.
Қурбоновнинг Ўзбекистон президенти қабулхонасига ёзган мурожаати.

Ўзини Бухоро туман Ички ишлар бўлими раҳбари Азим Холиқовнинг ёрдамчиси деб таништирган ИИБ мулозими ҳам таъмир учун ҳомий ташкилотлар қисман ёрдам қилганини тасдиқлади, аммо унинг айтишича, "профилактика инспекторларини ҳеч ким ҳомий топишга мажбурламаган":

- Фурқат ишдан бўшатилгани учун аччиқ устида шундай деяётгандир, лекин бизда ҳеч кимни ҳомий топишга мажбурлашмаган, ҳомийлар ёрдам қилган бўлса уларни ўзлари ўз ихтиёри билан қилган буни.

Бухоро ИИБ раҳбари ёрдамчисининг Озодликка айтишича, профилактика инспектори Фурқат Қурбоновнинг ишдан бўшатилишига унинг май ойида аттестациядан ўта олмагани сабаб бўлган.

Фурқат Қурбонов эса "аттестациядан ўтмади", деб атайлаб бўшатишганини иддао қилади:

- Мен қарайдиган "Работиқалмоқ" маҳалассида жиноятчилик кўпайди деб аттестациядан ўтказишмади. Лекин, бўлмаган жиноятларни менинг маҳалламга тиқиштириб, атайлаб шу ишни қилишди. Мен 2013 йилдан буён органда ишласаму, ҳозир ишга яроқсиз бўлиб қолдимми?, - дейди Қурбонов.

Ўзбекистонда давлат қарамоғида бўлган идоралар, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таъмирлаш ишлари шу муассасада ишлайдиган ёки ўқийдиганлар, ишчи-ходимлар ҳисобидан амалга оширилиши кўп кузатилади.

Лекин, Ўзбекистонда Ички ишлар бинолари ремонти ёки қурилиши ҳомийлар ҳисобига бўлаётганига оид хабар Озодликка маълум бўлган илк ҳолатдир.

XS
SM
MD
LG