Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 17:37

"Малика" бозорида соқоллиларга қарши рейд. Ўнлаб одамнинг соқоли олинди


Жамолиддин Муҳаммад соқоли мажбурлаб олингани юзасидан президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган “Малика” маиший техника ва электроника бозорида 23 август куни милиция ходимлари ўнлаб соқолли эркакни ушлаб ички ишлар бўлимига олиб кетган.

У ерда уларнинг соқоли мажбурлаб олиниб, кейин қўйиб юборилган.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси матбуот хизмати Малика бозорида одамлар ушланиб, соқоли мажбурлаб олингани юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

“Малика” бозорида электрон моллари билан савдо қилувчи тадбиркор 23 август кунги рейд пайти ўзини ҳам милиция ушлаб, соқолини олишга мажбурлагани ҳақда Озодликка маълум қилди.

- Кеча туш пайти формали ва формасиз милиция ходимлари дуч келган соқоллини ушлаб, Тошкент шаҳар 4-милиция бўлимига олиб кетди. Мени ҳам ўша ерга олиб боришди. Қамаш ҳақида таҳдидлар қилишди. "Cоқолингни олдирмасдан биронтанг бу ердан чиқмайсан", дейишди. Соқоли олинганлар қўйиб юборилди, қаршилик қилганларни олиб қолишди, - деди исми очиқланмаслигини истаган тошкентлик савдогар.

“Малика” бозорида 23 август куни соқоллиларга қарши рейд ўтказилгани ҳақида Жамолиддин Маҳаммаджон исмли Facebook фойдаланувчиси ҳам ёзди.

"Малика" бозоридан чиқишимда формалик ҳодимлар ўзларини таништирмасдан "4-гом" деган ерга олиб боришди. Киришда узун навбат, ҳамма соқолли. Демак, соқол бўйича гаплашамиз, деб ўйладим. Ичкарида яна навбат. Бу ерда маълумот олиниб суратга олишяпти. Мен ҳам тушдим. Кейинги хона "суҳбат". У ерда соқолимни ўша ерда олдиришга МАЖБУР!!! эканимни айтишди, табиийки бунга кўнмадим. Ўзини таништиришдан бош тортган навбатдаги (бу оддий ҳолатга айланиб бўлди) киши соқолимни олдирмасдан бу ердан чиқиб кетолмаслигимни айтди. Қонунларда "соқол ўстириш мумкин эмас", деган ери бўлса кўрсатинг, унга сўзсиз итоат қиламан, дедим. Лекин улар бундай қонун ё ҳужжат кўрсатишмади”.

Жамолиддин Маҳаммаджон ва соқоли мажбурлаб олинган бошқа ўзбек ватандошлари бўлиб ўтган ҳолатга Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси ойдинлик киритишини талаб қилмоқда.

Озодлик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматига Малика бозорида одамлар ушланиб, соқоли мажбурлаб олингани юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Матбуот хизмати ходими Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Шундан сўнг унга қайта боғланиб бўлмади.

Ички ишлар органлари ходимларининг бу хатти-ҳаракати инсон ҳуқуқларининг бузилиши ўлароқ кўрилмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасидагилар ҳам мусулмонларга бу каби талабларни қўйишга ҳеч кимнинг қонунан ҳаққи йўқлигини айтмоқда.

- Соқол қўйиш мусулмонлар учун суннат ҳисобланади. Соқолига қараб одамни ажратиш қонунга хилофдир, - деди Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда талаба йигитларнинг соқоли озгина ўсган бўлса-да, дарсдан чиқариб юбориш, кўча ва бозорларда соқол қўйган ёш йигитларни милиция бўлимларига олиб бориб, сўроққа тутиш ҳоллари учраб туради.

Ўтган ҳафта инвестиция ётқизмоқчи бўлиб келган тадбиркор соқоли борлиги учун Фарғона шаҳар ҳокимлигига киритилмаган эди.

2017 йилда Қўқон шаҳри бозорида ҳижоблилар ва оқ дўппи кийганларнинг кириши тақиқлаб қўйилгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ундан олдин Бухорода стадионга футбол ўйинини томоша қилгани борган футбол ишқибозларининг соқол қўйганлари стадионга киритилмаган эди.

Стадион олдида турган посбонлар уларга соқолларини олдириб келишни айтиб, ортга қайтаргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўринг (34)

XS
SM
MD
LG