Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:10

Инвестиция ётқизмоқчи бўлиб келган тадбиркор соқоли борлиги учун ҳокимликка киритилмади


Тадбиркор Тоҳир Абдусаматов
Тадбиркор Тоҳир Абдусаматов

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшайдиган тадбиркор Тоҳир Абдусаматов 15 август куни соқоли борлиги учун Фарғона шаҳар ҳокими қабулига киритилмади.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган тадбиркорнинг айтишича, у Фарғона шаҳар ҳокимининг қабулига аввалдан ёзилиб, инвестицион лойиҳалар юзасидан гаплашгани келган эди.

Аммо, ҳокимлик биноси эшигига қўйилган қўриқлаш хизматининг ходимлари, соқоллиларни ҳокимлик биносига киритмаслик ҳақида “ҳокимнинг ички буйруғи” борлигини айтиб, уни ичкарига киритмаган.

Шаҳар ҳокимлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Зоҳиджон Мансуров Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қиладиган тадбиркор, 36 яшар Тоҳир Абдусаматовнинг айтишича, у 15 август куни Фарғона шаҳар ҳокимининг қабулига аввалдан ёзилган бўлса-да, лекин соқоли борлиги учун ҳокимлик биносига киритилмаган:

- Фарғона шаҳрига инвестиция проекти билан ҳокимнинг қабулига келган эдим. Қозоғистон ва Қирғизистондаги яхши дўстларимиз Ўзбекистонга инвестиция олиб киришмоқчи, яъни теплица қуриш бўйича катта бир проектимиз бор эди. Шунинг учун, Фарғона шаҳрида ноль қийматда берилаётган биноларни ҳоким билан гаплашмоқчи эдим. Телефон орқали ҳоким қабулига ёзилиб келган эдик. Лекин Фаррух деган қўриқлаш хизмати ходими бетимга шундай қараб, “соқоллилар ҳокимлик биносига кириши мумкин эмас, бу ҳокимнинг ички буйруғи”, деди.

Тадбиркорнинг айтишича, у конституциявий ҳуқуқи поймол бўлаётганини таъкидласа ҳам, қоровуллар уни ичкарига киритишмаган:

- Мен ҳаққимни талаб қила бошлаганимдан кейин, қоровулларнинг бошлиғи чиқиб келди, оқсоч киши. У ҳам, ҳокимнинг ички буйруғини пеш қилди. У қандай буйруқ эканки, Конституцияга зид бўлса, кўрсатинг десам ҳам, барибир киритишмади. Шу заҳоти прокуратура ва президент виртуал қабулхонасига телефон орқали шикоят қилдим”.

Бу воқеадаги сўзлашувларни телефонига ёзиб олган тадбиркор аудиоёзувни Озодликка тақдим этди.

Аудиода ҳокимлик қоровуллари бошлиғи деб айтилаётган шахс, соқоллиларни ичкарига киритмаслик ҳақида ҳокимнинг ички буйруғи борлигини таъкидлайди:

“Ҳоким бинога спорт кийимидагиларни, соқоллиларни қўймайсан деб буйруқ чиқарган. Ҳоким ўзининг ички буйруғини чиқаришга ҳақли”.

15 август куни ўзининг иши билан Фарғона шаҳар ҳокимининг қабулига борган фарғоналик Зулфия Юрсинова ҳам бу воқеага гувоҳ бўлганини айтди:

- Биз ҳам ўша ерда эдик. Охрана бу одамни киргизмади. У нега киргизмайсизлар, деб сўраган эди, охрана, ҳоким соқоллиларни киргизмагин деб айтган, деди. Соқолли одам конституцион ҳуқуқларини талаб қилган эди, улар, чиқиб кетинг бу ердан, деб ҳайдаб чиқаришди.

Озодлик Фарғона шаҳар ҳокимининг қабулхонаси билан боғланиб, бу масалага муносабат олмоқчи бўлди. Ўзини таништирмаган мулозим, соқолли одамларни ҳокимлик биносига қўймаслик ҳақида ҳокимнинг ички буйруғи бор-йўқлигидан хабари йўқлигини айтар экан, кадрлар бўлимига боғланишимизни маслаҳат берди.

Ҳокимлик кадрлар бўлими бошлиғи Зоҳиджон Мансуров Озодликдан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг “ало, ало, овозингиз узилиб қоляпти”, деди-да алоқани узди.

Мулозим Озодлик қилган бошқа қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.

Фарғона вилоятида раҳбарларнинг соқолли одамларни ёқтирмаслиги ҳақида Озодлик илгари ҳам мақола ёзган эди.

2017 йилнинг 1 апрель куни иш сўраб борган, Фарғона вилоят, Риштон туманида яшайдиган 37 яшар халқаро тоифадаги ошпаз Шерзод Мадаминовни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқол қўйгани учун уни кўпчиликнинг олдида камситган ва ҳақорат қилган эди:

- Сизга кредит берсак, ўзингиз ресторан очсангиз, дейишди. Хурсанд бўлдим, майли жоним билан, дедим. Лекин шу пайт вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўрнидан туриб келди-да, бу нима деб қўли билан иягимни кўрсатди. Мен соқолимни айтаётганини тушундимда, бу “эспаньолка” дедим. Ҳоким яна ғазаб билан яна сўради, мен яна буни номи “эспаньолка” дедим. Шунда ҳоким, соқолни олсангиз ва қачонки бизга ўхшаб одам шаклида бўлиб келсангиз ўшанда кредит оласиз, деди. Жаҳлим чиқиб, шартта у ердан чиқиб кетдим, деган эди Шерзод Мадаминов.

XS
SM
MD
LG