Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:59

Форишда брадзот касаллигига қарши эмланган қўйлар ҳаром ўлаяпти


Гарашалик чўпон Абдураҳим Қличевнинг ҳаром ўлган қўйлари.

Жиззах вилояти Фориш туманининг Гараша қишлоғилик чўпон Абдураҳим Қличевнинг брадзот касалига қарши 15 октябрда эмланган 90 бош қўйидан 37 таси орадан бир ой ўтиб ҳаром ўлди.

Чўпоннинг Озодликка айтишича, қўйларни Фориш тумани Ветеринария бўлими ходимлари эмлаган, тумандаги бошқа хўжликларида ҳам брадзот касалига қарши эмланган қўйлар ўлмоқда.

Абдураҳим Қличевнинг айтганларини тасдиқлаган форишлик бошқа фермерлар уларнинг қўйлари мамлакатга ноқонуний йўл билан олиб келинган шубҳали дорилар билан эмланган бўлиши мумкин, деган гумонда эканликларини айтишди.

Фориш туман Ветеринария бўлими мудири ўлган қўйлар ва эмлаш дориларидан намуналар олиниб Тошкентдаги Илмий текшириш институти лабораториясига жўнатилгани, жавоб ҳали олинмаганини айтди.

Форишда қўйлар брадзотга қарши эмланиши ортидан ўлган.
Форишда қўйлар брадзотга қарши эмланиши ортидан ўлган.

Гараша қишлоғилик чўпон Абдураҳим Қличевга кўра, қўйлар ҳозир ҳам ўлишда давом этяпти:

Эмланганидан икки кун ўтиб қўйлар оёқлари шишиб ўлишни бошлади. Ҳозиргача 37та қўйни ўлган бўлса, яна 17таси чалажон ётибди.

- Эмланганидан икки кун ўтиб қўйлар оёқлари шишиб ўлишни бошлади. Ҳозиргача 37 та қўйим ўлган бўлса, яна 17 таси чалажон ётибди. Билмаймиз қандай дори билан эмлашди. Лаборатория натижаси йўқ, ҳеч қандай натижа йўқ.

Озодлик билан суҳбатда бўлган, лекин исми очиқланмаслигини истаган форишлик бошқа бир чўпон унинг ўттизта қўйидан ўнтаси брадзотга қарши эмлаш ортидан ўлганини айтди:

- Арзонга фальшивка дориларни олиб келишганми ёки нотўғри дори уришганми, қўйлар шишиб ўлиб қоляпти. Вақтида эмламаганликларинг учун ўляпти, дейишяпти. Лекин, эмланишидан олдин қўйлар соппа-соғ эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:18 0:00
Бевосита линк


Фориш туман Ветеринария бўлими раҳбари Бахтиёр Нурмуродов қўйлар ўлиши билан боғлиқ холатдан хабари борлиги, вазият назоратга олинганини айтди:

- Ходимларимиз бориб текширди. Бизда Гарашада 27 та қўй ўлгани ҳақида маълумот бор. Мен ўзим бориб текширганман. Ўлган қўйлардан намуналар олиб Тошкентдаги Илмий текшириш институти лабораториясига, Жиззах вилоят Ветеринария бўлимига жўнатилди. Ҳозир ўлиш тўхтаган. Ҳамма чора-тадбирларни қўллаяпмиз.

Қўйларнинг ўлимига нима сабаб бўлган? Улар қандай дорилар билан эмланган ва дорилар қаердан олиб келинган?

Фориш Ветеринария бўлими раҳбари Озодликнинг бу саволларига жавоб бермолмаслигини айтди.

- Бу ҳақда сизга информация беролмайман, ҳозир текширув кетяпти, натижаси маълум эмас, - деди Бахтиёр Нурмуродов.

Айни пайтда брадзотга қарши эмланиб ўлган қўйларнинг гўшти сотувга чиқиб кетиши борасида ҳам хавотирлар бор.

Лекин, Фориш тумани Ветеринария бўлими раҳбари Бахтиёр Нурмуродов ҳам гарашалик чўпон Абдураҳим Қличев ва бошқа фермерлар ўлган қўйларнинг барчаси ёқилаётганини айтди.

- Ўлиши билан ўлганини расмийлаштириб, ёқяпмиз, чунки гўшти хавфли, одамни ҳам ўлдириши мумкин, - дейди гарашалик чўпон.

Абдураҳим Қличевнинг айтишича, қўйлари ўлими юзасидан туман прокуратурасига арз қилган.

- Ўлган қўйлар она қўйлар, бозорда ҳар бири бир ярим миллион сўм турадиган қўйлар. Мен бу қўйларнинг ўлимига сабабчи бўлганларни аниқлаб, кўрган зараримизни қоплаб беришни сўраб, Фориш тумани прокуратурасига ариза топширганман. Улар ҳам ҳозир лаборатория натижаларини кутмоқда, - дейди Қличев.

Брадзот чорва моллари ва қўйларда учрайдиган ва ўткир кечадиган юқумли касаллик бўлиб, ширдон ва ўн икки бармоқли ичакнинг геморрагик яллиғланиши, паренхиматоз органлар тўқималарининг жароҳатланиши ва ичак ҳамда ошқозонда газ тўпланиши билан кечади.

Ўзбекистонда брадзот туриб боқиладиган ёш ҳайвонлар, қўй ва моллар орасида йилнинг ҳар қандай фаслида учрайди.

Чўпонлардан ҳар йил кузда ҳайвонларни брадзотга қарши эмлатиш талаб этилади.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG